язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ижтимоий ва хусусий шериклик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.05.2018 й. ПҚ-3701-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказлари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилишини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.05.2018 й.

N ПҚ-3701



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ТУМАН (ШАҲАР)ЛАРДАГИ

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ ҲУЗУРИДАГИ ДАВЛАТ

ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИ БИНОЛАРИНИНГ

ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ШАРТЛАРИ

АСОСИДА ҚУРИЛИШИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5278-сон Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб юритилади) ташкил этилди, бу билан тадбиркорлик субъектларига ҳам, аҳолининг кенг қатламларига ҳам давлат хизматларини кўрсатишнинг янги тизимини яратиш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.

Ушбу тизимнинг принципиал жиҳатдан янгилиги барча даражалардаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналари ва Давлат хизматлари марказлари "Халқ қабулхонаси" (кейинги ўринларда - Халқ қабулхонаси) ягона бренди остида биргаликда фаолият олиб бориши, жумладан фуқароларга қулайлик яратиш учун уларнинг бир бинога жойлаштирилиши ҳисобланади.

Халқ қабулхоналарини жойлаштириш мақсадида қуриладиган янги бинолар замонавий архитектура-қурилиш ечимлари, юқори энергия самарадорлиги, энг асосийси, ташриф буюрувчиларга сифатли ва тезкорлик билан хизмат кўрсатиш учун энг қулай шарт-шароитларни кўзда тутиши лозим.

Тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига комплекс давлат хизматларини кўрсатувчи яхлит инфратузилманинг жадаллик билан яратилишини, шунингдек, туман (шаҳар)ларда Халқ қабулхоналари бинолари қурилишида инвесторларнинг кенг иштирокини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг туман (шаҳар)ларда тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларни (кейинги ўринларда - инвесторлар) фаол жалб қилиш ҳисобига Халқ қабулхоналари биноларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар Халқ қабулхоналарининг биноларини қуриш учун давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартлари этиб белгилансин:

Халқ қабулхоналари биноларининг қурилиши учун инвесторларга маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ Халқ қабулхоналарини барпо этиш, шунингдек, тегишли инфратузилма (транспорт боғламалари, автостанциялар, автомобиллар тўхтаб туриш жойлари мавжудлиги ва ҳ.к) қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри шартномалар асосида ҳақ ундирилмасдан ажратилади;

Халқ қабулхоналари биноларини қуриш учун ер участкаларини танлаб олиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Агентлик билан келишилган холда амалга оширилади;

инвесторларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун (келишув бўйича ёки Халқ қабулхоналари билан бир бинода ёхуд бошқа жойда) жойнинг ташқи меъморий қиёфасига мос келадиган, қурилиш учун ажратилган Халқ қабулхоналари биноларидан кичик бўлмаган майдонга эга бўлган Халқ қабулхоналари биноларига туташ қўшимча шунга ўхшаш объектлар ҳам ажратилади. Бунда мазкур объектларнинг фаолият кўрсатиши Халқ қабулхоналарининг иши учун ноқулайликлар яратмаслиги ёки давлат хизматларининг сифатли ва тезкорлик билан кўрсатилишига бирор-бир шаклда тўсқинлик қилмаслиги керак;

инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Халқ қабулхоналари биноларига туташ объектларда амалга оширилиши мумкин бўлган фаолият турлари ва йўналишлари, шунингдек, Халқ қабулхоналари биноларининг қурилиши бўйича давлат-хусусий шерикликнинг бошқа шартлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган намунавий шакллар бўйича инвестор ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўртасида тузиладиган келишувларда (кейинги ўринларда - намунавий келишув) акс эттирилади;

Халқ қабулхоналари бинолари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда қатъий белгиланган муддатларда ва белгиланган тартибда маъқулланган лойиҳалар асосида, туташ ҳудуд обод қилиниши, жумладан автомототранспорт воситаларининг замонавий бепул тўхтаб туриш жойининг барпо этилишини назарда тутган ҳолда қурилади;

қурилиши тугалланган Халқ қабулхоналари биноларидан кейинчалик фойдаланиш тартиби давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишув билан белгиланади;

инвестор ушбу банднинг тўртинчи хатбошисига мувофиқ қурилган қўшимча объектлар фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 5 йил муддатга (Нукус шаҳри, Тошкент шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказларида Халқ қабулхоналари биноларини қураётган инвесторлар 2 йил муддатга) тегишли равишда ушбу қарор доирасида тақдим этиладиган ер участкасига ва унда қурилган кўчмас мулкка нисбатан ер солиғи ва мол-мулк солиғи, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан, шунингдек, мазкур объектларда амалга ошириладиган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган фойда ёки тушумларга нисбатан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилади;

инвесторларга Халқ қабулхоналари бинолари фойдаланишга топширилган санадан бошлаб 3 йил давомида мазкур биноларда фойдаланилмаётган хоналарни ижарага беришдан тушадиган маблағлар йўналтирилади.

Агентликка Халқ қабулхоналари биноларидаги фойдаланилмаётган хоналарни ижарага бериш тўғрисида икки томонлама шартномаларни мустақил равишда келиб тушаётган маблағларни кейинчалик Агентликнинг бюджетдан ташқари ҳисобварағига ўтказган ҳолда тузиш ҳуқуқи берилсин.


3. Тижорат банкларига инвесторларга Халқ қабулхоналари бинолари ва ажратилган ер участкаси доирасида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида қўшимча объектлар қуриш учун 10 йил муддатга, жумладан 5 йиллик имтиёзли давр билан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкаси миқдоридан ошмайдиган ставка бўйича кредитлар бериш тавсия этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

Агентлик томонидан тақдим этиладиган техник топшириқлар асосида Халқ қабулхоналари бинолари лойиҳалари ва лойиҳа-смета ҳужжатларининг тезкорлик билан тасдиқланишини;

қурилиш-монтаж ишлари сифатига риоя этилиши устидан таъсирчан назоратнинг амалга оширилишини таъминласин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

инвесторларни танлаб олишнинг асосий мезонлари Халқ қабулхоналари биноларини қуриш муддати, шунингдек, таклиф этиладиган капитал қўйилмалар ва инвестициялар ҳисобланади;

инвесторнинг ташаббуси бўйича келишув бекор қилинганда, унинг Халқ қабулхоналари бинолари қурилишига сарфлаган харажатлари қопланмайди, қурилиши тугалланмаган объект давлат мулкига ўтказилади ва ушбу қарорга мувофиқ инвесторларни қидириб топиш қайтадан ўтказилади;

қурилаётган Халқ қабулхоналари биноларининг зарур ташқи муҳандислик-транспорт коммуникацияларини олиб келиш Халқ қабулхоналари бинолари қурилиши учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги келишувда белгиланган муддатларни ҳисобга олган ҳолда электр таъминоти, газ таъминоти ва алоқа қисми бўйича "Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбектелеком" АК маблағлари ҳисобидан, автомобиль йўллари қуриш қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан, шунингдек, сув таъминоти, канализация ва автостанциялар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

Халқ қабулхоналари бинолари фойдаланишга топширилганидан кейин маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қулай транспорт йўналишлари ва жамоат транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этади;

Халқ қабулхоналари биноларини мебель, техника, бошқа ускуна ва инвентарь билан жиҳозлаш Агентликнинг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, грантлар, кредитлар, маҳаллий бюджетлар маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар, шунингдек, инвесторлар рози бўлган тақдирда, уларнинг ўз қўйилмалари ҳисобидан амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида 5 та замонавий Халқ қабулхоналари биноларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида "Ташгипрогор" АЖ томонидан ишлаб чиқиладиган махсус лойиҳа бўйича қуриш, талаб ошганда, уларнинг сонини Қорақалпоғистон Республикаси, республика ҳудудларида ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан босқичма-босқич кўпайтириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Халқ қабулхоналарининг 5 та замонавий биноларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида махсус лойиҳа бўйича мазкур биноларнинг 2018 йил 3 ва 4-чоракларида фойдаланишга топширилишини таъминлаган ҳолда қуриш учун жойларни ва инвесторларни аниқласин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ой муддатда потенциал инвесторларни танлаб олишни ҳамда улар билан Халқ қабулхоналари биноларини ушбу қарорда ва намунавий келишувда белгиланган давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш тўғрисидаги келишувларни тузишни таъминласин;

инвесторлар бўлмаган тақдирда, ҳар бир туман (шаҳар)да Халқ қабулхоналари бинолари қурилишини Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан ташкил этсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

бир ой муддатда Халқ қабулхоналари биноларининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилиши тўғрисидаги намунавий келишув лойиҳаси ишлаб чиқилишини;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилишини ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига давлат-хусусий шериклик асосида адлия органлари ва муассасаларининг бошқа биноларини қуришда ушбу қарор ва намунавий келишув шартларини қўллашга рухсат этилсин.


9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари Т.А. Худайбергенов, Р.Р. Иноятов ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2018 йил 14 май