язык интерфейса

Ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида узатишни таъминловчи онлайн назорат-касса машиналарида фойдаланиладиган фискал модулга қўйиладиган Техник талаблар (ЎзР ВМ 21.02.2019 й. 150-сон қарорига 2-илова)

Ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида узатишни таъминловчи онлайн назорат-касса машиналарида фойдаланиладиган фискал модулга қўйиладиган Техник талаблар (ЎзР ВМ 21.02.2019 й. 150-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 21 февралдаги

150-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларни

реал вақт режимида узатишни таъминловчи онлайн

назорат-касса машиналарида фойдаланиладиган

фискал модулга қўйиладиган

ТЕХНИК ТАЛАБЛАР


1-БОБ. УМУМИЙ ТУШУНЧАЛАР


1. Фискал модул заводда ишлаб чиқарилган ҳолатда харид қилинади, яъни бунда идентификация қилинадиган маълумотларнинг ҳам ички, ҳам визуал кўринишда бўлмаслигини англатади. Тегишли келишувларга кўра қурилмага дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар томонидан ёзилган бўлиши ёки фискал модул оператори (кейинги ўринларда ФМО деб аталади) томонидан фискал модулни ишга тайёрлаш жараёнида ўрнатилиши мумкин.


2. Фискал модулларни ишлаб чиқариш жараёни мос инфратузилмадан фойдаланган ҳолда қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишни кўзда тутади:

а) фискал маълумотларни қайта ишлаш ва узатиш ишларини амалга оширувчи ихтисослаштирилган дастурий таъминот (апплет)ни ёзиш;

б) уникал рақам бериш, очиқ ва ёпиқ калитларни яратиш ва очиқ калитни маълумот ташувчига узатиш (тажриба лойиҳаси вақтида - маълумотлар базасига, тўлиқ лойиҳа вақтида - НSM хавфсизлиги модулига). Ёпиқ калит фақат фискал модулда сақланади;

в) визуал маълумотларни ёзиш - модул идентификация рақами, мос штрих коди, логотиплар ва бошқа зарур визуал маълумотлар.


3. Қайта ишланган фискал модул ўзининг уникал идентификаторига эга бўлади, бу ҳақдаги маълумотлар ФМО тизимида ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасида (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) сақланади.



2-БОБ. ФИСКАЛ МОДУЛНИНГ

ФИЗИК ПАРАМЕТРЛАРИ.


4. Фискал модул сифатида смарт-карта ёки USB-калити кўринишидаги қурилмалардан фойдаланиш мумкин.


5. Фискал модул Infineon SLE77CLFX2400PM контроллери билан таъминланган бўлиши ёки нисбатан янги версияси билан мос келиши лозим. Бундан ташқари, карта T=0 ва T=1 алоқа протоколларини ҳамда ГОСТ 28147-89, UZDST1106-2009, UZDST1092-2009, 3DES, AES, RSA, SНA-1, SНA-224, SНA-256, ECC over GF(p) ва Random number generation криптографик алгоритмлар ва шифрлаш функцияларини қўллаб-қувватлаши лозим.

Тажриба лойиҳасини амалга ошириш даврида Java Card 2.2.2 ва Global Platform 2.1.1 саноат стандартларини ёки унинг нисбатан янги талқинларидан фойдаланиш назарда тутилган.



3-БОБ. ФИСКАЛ МОДУЛ ДАСТУРИЙ

ТАЪМИНОТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ФУНКЦИОНАЛ ТАЛАБЛАР


6. Буйруқлар.

Фискал модулнинг дастурий таъминоти қуйидаги буйруқларнинг бажарилишини таъминлаши лозим:

N

Буйруқ

Изоҳ

1.

REQUEST CARD ACTIVATE

Бу буйруқ фискал модулни фаоллаштиришнинг биринчи босқичи бўлиб, криптограммалар ҳосил қилишни назарда тутади. Мазкур криптограмма назорат-касса машинасига (НКМга) узатилиши, у эса, ўз навбатида, ФМО ахборот тизимига юбориши лозим.

2.

ACTIVATE CARD

Фискал модулни фаоллаштиришнинг иккинчи босқичи НКМга ФМО ахборот тизимидан жавоб олиш ва уни ACTIVATE CARD буйруғи параметрларидан бири сифатида фойдаланиш учун фискал модул апплетига узатиш. Буйруқ бажарилиши натижасида сервердан олинган калитлар ва фискал модулда сақланган калитлар солиштирилади ҳамда бир-бирига мос келган тақдирда фискал модул фаол ҳолатга ўтади.

3.

DEACTIVATE CARD

Ушбу буйруқ фискал модулни бекор қилишда фойдаланилади. Бекор қилиш жараёни қатор чекловларга эга, улардан бири апплетда сақланадиган барча мажбурий жўнатма ва ФМОга юборилмаган "Z-ҳисобот"лар ҳисобланади.

4.

GET MODULE INFO

Буйруқ сўров амалга оширилганда барча ўзгарувчилар ҳолатини қайтаради.

5.

GET BATCН

Буйруқ аниқ бир "Z-ҳисобот" мазмунини қайтаради.

6.

REGISTER

TRANSACTION

НКМ қурилмасининг дастурий таъминоти умумий нархни олади. Мазкур параметр ўзгарувчан бўлиб, солиқ қонунчилиги талабларига боғлиқ.

НКМ фискал модулда REGISTER TRANSACTION функциясини чақиради ва қуйидагиларни узатади: ўтказма тури, суммаси ва санаси/вақти. Фискал модул ўтказма муваффақиятли ўтган тақдирда қуйидагиларни қайтаради: ўзининг (модулнинг) уникал рақами, ўтказманинг ошувчи уникал рақами (фискал модул ҳолати ўзгаришига олиб келадиган ихтиёрий ўтказмада рақам ошиб боради), мазкур ўтказма турининг ошиб борувчи рақами, ўтказма ўтадиган "Z-ҳисобот" рақами, бошқа қўшимча ахборотлар  ва рақамли имзо.

Солиқ тўловчининг хўжаликни бошқариш шаклига кўра, рўйхат тузилмаси имкониятлари ва параметрлар заруриятидан келиб чиқиб амалга оширилиши керак.

7.

GEТ LAST

TRANSACTION

Буйруқ ФМО ахборот тизимида охирги рўйхатга олинган ўтказма маълумотларини қайтаради.

Ушбу буйруқдан техник сабабларга кўра ўтказма муваффақиятли амалга ошганлиги ҳақидаги жавоб бўлмаган тақдирда фойдаланилади.

8.

CLOSE BATCН

Буйруқ фискал модул апплетида "Z-ҳисобот" ёпилишини таъминлайди.

"Z-ҳисобот" ёпилиши вақтида фискал модулга тегишли давр мобайнида амалга оширилган барча амаллар ҳақидаги маълумотлар ёзилади. Ахборотлар рақамли имзо билан тасдиқланади.

9.

GET BATCН

Қўмитага кейинги жўнатмалар учун фискал модул апплетида "Z-ҳисобот" маълумотларини тасдиқланган калит билан олиш учун НКМга жўнатиладиган буйруқ.

10

BATCН REGISTERED

ФМОга "Z-ҳисобот" жўнатилгандан сўнг НКМга рўйхатга олинганлик ҳақидаги хабар қайтарилади. Бу хабар кўриб чиқилаётган буйруқ параметри сифатида "Z-ҳисобот" муваффақиятли рўйхатга олинганлигини текшириш учун НКМдан фискал модул апплетига узатилади. Фискал модул рақамли имзонинг ҳақиқийлигини текширишни таъминлайди, натижада марказий хавфсизлик модулида муваффақиятли юборилганликни қайд этади, бу ҳисоботни ўз хотирасидан ўчиради ва юборилмаган ҳисоботларнинг сонини камайтиради.

7. Сақланадиган маълумотлар.

Фойдаланиш муддати мобайнида (фискал модулнинг фаол ҳолати сақлаб турилганда) фискал модулда қуйидаги ахборотлар сақланиши лозим:

а) глобал миқёсда фискал модулнинг барча фаол даврларида ўтказманинг ҳар бир тури бўйича жами қанча ўтказма амалга оширилганлиги ва бу ўтказмалар бўйича тегишли миқдорлар.

б) ҳар бир аниқ "Z-ҳисобот" бўйича қанча ўтказма, қандай турдаги ва қанча сумма ҳисобига амалга оширилганлиги.

в) узатилмаган "Z-ҳисобот"ларнинг чекланган сони. Бу параметр мос талаблардан келиб чиқиб шаклланади.

Ҳар бир ўтказма ҳақидаги батафсил маълумот фискал модулда, ФМОдан ўтказма қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабар олингунга қадар сақланиши лозим.


8. Ўтказмаларни рақамлаш механизми.

Фискал модул апплетида ўтказмаларнинг қайта ишланиши натижасида ўтказманинг иккита рақами берилиши лозим:

а) унинг туридан қатъи назар ўтказманинг доимий ошувчи рақами;

б) аниқ турдаги (дебет, кредит, нақдсиз дебет, нақдсиз кредит) ўтказманинг доимий ошувчи рақами.

Ўтказмани рақамлаш механизми, барча ўтказмалар назорати Қўмита томонидан амалга оширилади. Қўмита марказий хавфсизлик модулига узатиладиган ўтказмалар сони ўзгарган тақдирда, бундай рухсат этилмаган ҳаракатларни рақамлаш механизмидан фойдаланган ҳолда осонгина аниқлаш мумкин. Серверда "Z-ҳисобот" маълумотларига мос келувчи рақамланган ўтказмалар, жами миқдор ва сумма сақланади.


9. "Z-ҳисобот" бўйича чекловлар.

ФМО ҳар бир солиқ тўловчи учун битта "Z-ҳисобот"даги ўтказмаларнинг максимал сони ва умумий суммаси бўйича чекловларни белгилайди. Максимал сон ва умумий суммага етганда фискал модул "Z-ҳисобот"ни ёпиш талабига биноан кейинги ўтказмаларни рўйхатга олишни рад этиши ва навбатдаги амалларни бажармаслиги лозим. Бироқ "Z-ҳисобот"нинг ёпилиши унинг марказий хавфсизлик модулига дарҳол жўнатилишини англатмайди.

Юборилмаган "Z-ҳисобот"лар сони ФМО томонидан ҳам тартибга солинади. Максимал миқдорга эришилганда солиқ тўловчи барча тўпланган ҳисоботларни марказий хавфсизлик модулига жўнатиши лозим, фискал модул ўтказмани рўйхатга олишни ва имзолашни ҳисоботлар юборилгунга қадар ҳамда кун ёпилишигача тўхтатиши лозим.


10. Дастурий таъминотга қўйиладиган операцион талаблар.

Битта "Z-ҳисобот"да ўтказмалар сони, ФМО жўнатиладиган "Z-ҳисобот"лар сони ва даврийлиги, қайта ишлананадиган ўтказмалар ва шу кабилар бўйича талаблар Қўмита талабларига биноан шакллантирилиши ва уларга мувофиқ бўлиши лозим.


11. Хавфсизлик тизимига қўйиладиган талаблар.

Фискал модулни ишлаб чиқариш жараёни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тасдиқланган Oz DSt ISO/IEC 27001:2009 стандартига мос келувчи ахборот хавфсизлиги сиёсатини ишлаб чиқишни талаб этади.



4-БОБ. ФИСКАЛ МОДУЛНИ

ИШГА ТУШИРИШ


12. Фискал модулни ишга тушириш жараёнининг умумий тавсифи.

Фискал модулни ишга туширишнинг зарурий шарти мос амалларни бажаришни таъминловчи ихтисослаштирилган дастурий таъминот - апплет ўрнатилган бўлишидир.

Ишга тушириш жараёни қуйидагиларни назарда тутади:

а) рақамли имзо калитларини яратиш ва очиқ калитни CSMга узатиш;

б) сўровларга қабул қилинган жавоблар кейинги идентификация учун калитларни CSM серверига ёзиш;

в) ишга туширилган фискал модуллар ҳисоби ва солиқ тўловчининг шахсий кабинети билан маълумотларни алмашиш.


13. Хавфсизлик тизимига қўйиладиган талаблар.

Фискал модулни ишга тушириш жараёни хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикасида тасдиқланган маълумотларни ҳимоялаш усул ва воситалари қўлланилиши ёрдамида амалга оширилиши, шунингдек, физик ҳимояни тартибга соладиган воситалар (видеокузатув камераси, физик рухсатнинг чекланганлиги ва шу кабилар) қўлланилиши керак.

Хавфсизликни таъминлаш бўйича воситалар ва ҳаракатларни қўллаш қуйидагиларнинг олдини олиш учун зарур:

а) фискал модул дастурий таъминотининг (апплетининг) сохталаштирилишига олиб келиши мумкин бўлган шахсий калитларнинг тарқалиши;

б) фискал модулни активлаштириш жараёнининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган фискал модул ҳақидаги маълумотларнинг йўқотилиши.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 февраль