язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.02.2019 й. ПҚ-4204-сон "Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

22.02.2019 й.

N ПҚ-4204



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ЧЎЛЛАНИШ ВА ҚУРҒОҚЧИЛИККА ҚАРШИ

КУРАШИШ БЎЙИЧА ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ҳозирги вақтда республика ҳудудининг 70 фоизи ёки 31,4 млн га табиий шўрланишга, қум кўчкилари, чангли бўронлар ва гармселлар тарқалиши таъсирига учраган қурғоқчил ва ярим қурғоқчил майдонлардан иборат. Орол фожиаси оқибатида 5,5 млн гектардан ортиқ майдонли Оролқум чўли вужудга келган.

Ерлар чўлланишининг олдини олиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш соҳасида амалдаги давлат бошқаруви тизими ушбу йўналишдаги ишларни самарали мувофиқлаштиришни таъминлаш имконини бермаяпти.

Чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш бўйича ишларни олиб бориш самарадорлигини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларини самарали бажаришни таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 31 августдаги 125-I-сон қарори билан Қаттиқ қурғоқчиликни бошдан кечираётган ва (ёки) чўлга айланиб бораётган мамлакатларда, айниқса Африкада чўлга айланиб боришларга қарши кураш бўйича БМТ Конвенцияси (кейинги ўринларда - Конвенция) ратификация қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига қуйидаги қўшимча функциялар юклансин:

республикада чўлланишнинг олдини олиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш;

чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этадиган вазирлик, идора ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ишларини мувофиқлаштириш;

Конвенция талабларини бажариш доирасида Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи вазифаларини амалга ошириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратининг тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати марказининг Конвенция доирасида халқаро мажбуриятлар бажарилиши учун масъул бўлган штат бирликларини керакли миқдорда тугатиш ҳисобига бошқарув ходимларининг штат сони 4 нафардан иборат бўлган Чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бошқармаси ташкил этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

доимий равишда Конвенция доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятлари ўз вақтида ва зарур даражада бажарилишини таъминлаб борсин;

чўлланишнинг олдини олиш, қурғоқчиликка қарши курашиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича юкланган вазифаларни самарали бажариш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда хорижий ихтисослаштирилган ташкилотлар мутахассисларини зарур ҳолларда жалб қилсин;

ҳар чоракда чўлланишнинг олдини олиш, қурғоқчиликка қарши курашиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш борасида бажарилган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб борсин.


5. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг миллий ваколатли органи функциялари Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига юклатилгани тўғрисида белгиланган тартибда Конвенция Котибиятига хабарнома юборсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасида чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича 2019-2023 йилларга мўлжалланган "Йўл харитаси"ни;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 февраль, 8-сон, 138-модда