язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Февраль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.02.2019 й. 155-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 22 февралдаги

155-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги

ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, ушбу Низомга амал қилади.


3. Жамғарма давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, мустақил балансга, ғазначилик шахсий ғазна ҳисобварақларига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан, хорижий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозит банк ҳисоб рақамига эга бўлади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ


4. Жамғарманинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимига кирувчи таълим муассасаларини, шу жумладан, Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчаларини (кейинги ўринларда умумтаълим муассасалари деб аталади) қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) учун маблағларни жамлаш;

тасдиқланган манзилли дастурларга мувофиқ умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шу жумладан, зарур ҳолатларда ўқув корпусларини ўқув устахоналари ва лабораториялар билан кенгайтириш, спорт заллари ва майдончаларини ҳамда бошқа инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича ишларни молиялаштириш;

замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ва тасдиқланган нормативлардан келиб чиқиб, умумтаълим муассасаларини ўқув-лаборатория, илмий ва ишлаб чиқариш ускуналари, мусиқа асбоблари, спорт ускуналари ва анжомлари, компьютер техникаси ҳамда ўқув ахборот-коммуникация технологияларининг бошқа элементлари, шунингдек, ўқув-тарбия жараёни учун керакли мебель ва анжомлар билан жиҳозлашни (қўшимча жиҳозлашни) молиялаштириш.

Жамғарма ижро этувчи дирекцияси Жамғарма Бошқарув кенгаши раисининг розилиги билан вақтинчалик бўш маблағларини Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкларида депозитларга жойлаштириши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5. Жамғарма ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Жамғарма Бошқарув кенгашининг қарорлари асосида мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларидан Жамғарма ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ғазначилик ҳисоб рақамларида, шунингдек, тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларида ушбу Низомда белгиланган манбалардан келиб тушадиган маблағларни жамғариш;

Жамғарма томонидан ажратиладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда молиялаштиришни тўхтатиш;

вақтинчалик бўш маблағларни ликвидли молиявий воситаларга (депозитлар ва шу кабиларга) жойлаштириш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган фаолиятни таъминлаш учун Жамғарма Бошқарув кенгашининг қарорларига мувофиқ мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.

Жамғарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


6. Жамғарма:

қонун ҳужжатларида ва мазкур Низомда белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишини назорат қилиш;

умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун бюджетдан талаб этиладиган маблағлар бўйича сўровни шакллантириш;

Жамғарма Бошқарув кенгаши қарорларини тўлиқ ва ўз вақтида ижро этиш.

Жамғарма қонунчиликда белгиланган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


7. Жамғарма Бошқарув кенгаши Жамғарманинг юқори бошқарув органи ҳисобланади.

Жамғарма Бошқарув кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


8. Жамғарма Бошқарув кенгаши:

Жамғарма фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Жамғармага юкланган вазифаларнинг бажарилишини ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар йиллик параметрларини тасдиқлайди;

Жамғарма даромадларининг барқарор шакллантирилиши, ўз вақтида молиялаштирилиши ва Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши таъминланишини доимий назорат қилади;

умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базаси ҳолати мунтазам равишда ўрганилишини ва ўрганиш натижаларига кўра қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли умумтаълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг ҳар йиллик дастурлари шакллантирилишини ташкил этади;

умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг ҳар йиллик дастурларини Ўзбекистон Республикаси ривожланиш давлат дастурлари ва Жамғарма даромадлари параметрлари доирасида тасдиқлайди;

умумий тасдиқланган параметрлар доирасида, зарурат бўлганда, Жамғарма даромадлари (манбалар бўйича) ва харажатларининг прогноз параметрларига ўзгартиришлар киритади;

Жамғарманинг ижро этувчи дирекциясини сақлаш харажатлари сметаси, штатлар жадвали, ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш шартларини белгилайди, унинг фаолиятини назорат қилади, лозим бўлган тақдирда тасдиқланган бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони доирасида Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси таркибий тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

бюджетдан Жамғармани молиялаштирилиши назарда тутилган маблағларни Дирекциянинг буюртманомасига асосан олдиндан Жамғарманинг ғазна ҳисоб рақамига ўтказиш бўйича таклифларни маъқуллайди;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар, бошқа ташкилотларни жалб қилади, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайрияларини жалб этишда Жамғармага кўмаклашади.


9. Жамғарма Бошқарув кенгаши мажлислари заруратга кўра ўтказилади.

Жамғарма Бошқарув кенгаши қарорлари мажлисда қатнашаётган унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


10. Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) Жамғарманинг ижро органи ҳисобланади. Жамғарманинг ижро этувчи директори Жамғарма Бошқарув кенгаши қарори билан лавозимга тайинланади (Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири тавсиясига кўра) ва лавозимдан озод этилади.


11. Дирекция:

Жамғарма маблағларини бошқаради;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнозини ҳамда уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлайди;

Жамғарма Бошқарув кенгашига даромадлар манбалари билан боғлаган ҳолда Жамғарма маблағларидан асосий йўналишлар (умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича фойдаланиш юзасидан таклифлар киритади;

умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг аниқ манзилли рўйхатларининг бажарилишини таҳлил қилади, унинг мониторингини олиб боради ва тегишли материалларни Жамғарма Бошқарув кенгашига киритади;

зарурат бўлганда, жойларга чиққан ҳолда, умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг ҳар йиллик дастурларини шакллантиришда иштирок этади;

умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг ҳар йилги дастурларини молиялаштириш назарда тутилган Жамғарма маблағларининг ҳисобга олинишини таъминлайди.



5-БОБ. ЖАМҒАРМАНИНГ КЕЛГУСИ ЙИЛ

УЧУН ДАРОМАД ВА ХАРАЖАТЛАРИНИ

ТАЙЁРЛАШ, КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ТАСДИҚЛАШ


13. Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнозини тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ келгуси йил учун Ўзбекистон Республикаси ривожланиш давлат дастурлари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ ҳолда амалга оширилади.

Дирекция ҳар йили навбатдаги йил учун Жамғарманинг даромадлари прогноз режасини:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан ажратиладиган маблағлар бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари таклифларига кўра;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ёки бошқа ваколатли вазирлик ва идоралар билан биргаликда шакллантиради.


14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

ҳар йили 15 июнгача кейинги йил учун Дирекцияга барча йўналишлар бўйича Жамғарма харажатлари прогнозларини, Жамғарма харажатлари бўйича бюджет сўровини ҳамда кейинги йил учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туманлар (шаҳарлар) бўйича умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг дастурларини;

ҳар йили 1 августгача Дирекция билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни шакллантириш учун уч йиллик даврга маблағлар ажратиш прогноз ҳажмларини тақдим этади.


15. Дирекция Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган тартибда Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнози бўйича бюджет сўровини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳар йилги параметрлари тасдиқланиб, Жамғарма учун ажратилган маблағлар миқдори ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига етказилгандан сўнг 15 кун муддат ичида Жамғарма Бошқарув кенгаши вазирлик ва Дирекциянинг таклифига кўра:

Жамғарманинг қонунчиликда белгиланган йўналишлар бўйича йиллик даромадлари ва харажатлари параметрларини;

халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) манзилли дастурларининг параметрларини;

Дирекцияни сақлаш харажатлари йиллик сметасини тасдиқлайди.


17. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг йиллик параметрлари тасдиқлангандан кейин Дирекция 10 кун муддат мобайнида:

Жамғарма маблағларини олувчиларга улар учун белгиланган харажатлар ҳажмларини;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликларига тегишли бюджетлардан Жамғармага ажратиладиган маблағлар миқдорини маълум қилади.


18. Дирекция ҳар йили:

15 январгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Жамғарма харажатларини молиялаштириш учун ушбу мақсадга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида мўлжалланган маблағларни;

30 январгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари билан биргаликда тегишли бюджетлардан Жамғармага маблағлар ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ, ЖАМЛАШ ВА

УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


19. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасини молиялаштириш учун ҳар йили назарда тутиладиган маблағларнинг камида 6 фоизи;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари;

жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатларнинг грантлари ва техник кўмаклашиш учун ажратилган маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


20. Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ахборот тизимида очиладиган ғазначилик ҳисоб рақамларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида қонун ҳужжатларига мувофиқ очилган бошқа ҳисоб рақамларда жамланади.


21. Жамғарма маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ғазначилик бошқармаларидаги (кейинги ўринларда ғазначиликнинг ҳудудий бошқармалари деб аталади) хизмат кўрсатиладиган шахсий ғазна ҳисобварақлари орқали умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) харажатларига сарфланади.


22. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш Дирекцияда рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметалари асосида:

а) умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича:

тендер (танлов) савдолари асосида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари томонидан;

2020 йилдан бошлаб эса "Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда "Халқ таълими соҳасида инжиниринг компанияси" ДУК деб аталади) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича филиаллари томонидан;

б) умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган тендер (танлов) савдолари асосида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари томонидан амалга оширилади.


23. Умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) нинг миқдори, сифати ва етказиб бериш муддатлари бўйича шартнома мажбуриятлари бажарилиши мониторинги юзасидан жавобгарлик тегишли тендер (танлов) савдолари буюртмачиси - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига юкланади.


24. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ва унинг ҳудудий бошқармалари умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича шартномаларни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар бўйича қатъиян харажатлар сметаларида назарда тутилган маблағлар доирасида ҳамда умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг белгиланган тартибда Жамғарма Бошқарув кенгаши тасдиқлаган аниқ манзилли рўйхатларига мувофиқ харажатларни амалга оширадилар.


25. Жамғарманинг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳисоб рақамига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Дирекциянинг асосланган буюртманомасига кўра ҳар ойнинг 15 санасигача ўтказиб борилади.

Ушбу буюртманомани тайёрлаш ва кўриб чиқишда Жамғарма харажатларининг ҳар бир йўналиши бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ олдиндан тўлов суммалари, ҳақиқий бажарилган қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича юзага келган мажбуриятлар, етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловлар, Дирекцияни сақлаш харажатлари ва жорий ойда молиялаштириш зарур бўлган бошқа мажбуриятлар ҳисобга олиниши керак.


26. Умумтаълим муассасаларини:

қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича харажатларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияларининг, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса "Халқ таълими соҳасида инжиниринг компанияси" ДУКнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича филиаллари тўлов топшириқномалари асосида;

жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича харажатларни тўлаш Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларининг умумтаълим муассасаларини ўқув асбоб-ускуналари, мусиқа асбоблари, спорт ускуналари ва анжомлари, ўқув мебели ва анжомлари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича тўлов топшириқномалари асосида Ғазначиликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


27. Умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича тузилган шартномаларда:

қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг дастлабки икки ойи мобайнида тенг улушлар билан, ушбу ишлар бажариладиган йил учун тендер (танлов) савдолари натижалари бўйича аниқланган ишлар суммасининг 30 фоизигача миқдорда аванс тўловларини амалга ошириш;

ҳар ойда, ажратилган авансни мутаносиб равишда ушлаб қолишни ҳисобга олган ҳолда, бажарилган ишлар қийматининг 95 фоизи миқдорида жорий молиялаштиришни амалга ошириш;

шартномада кўрсатилган кафолат муддати тугагач қолган 5 фоизни пудратчига тўлаш мажбурий шартлари назарда тутилади.


28. Умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) бўйича шартномаларда:

шартнома умумий суммасининг 30 фоизи миқдорида ёки Жамғарма Бошқарув кенгаши қарори билан белгиланган миқдорларда аванс тўловини амалга ошириш;

ҳар ойда, ажратилган аванс тўловларини ушлаб қолган ҳолда, етказиб берилган товарларнинг амалдаги ҳажмидан келиб чиқиб, жорий молиялаштиришни амалга оширишнинг мажбурий шартлари назарда тутилади.


29. Маблағларни (шу жумладан, товарларни етказиб берувчилар, ишлар бажарувчилар ва хизматлар кўрсатувчилар томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги учун жарима санкцияларини қўллашдан олинган маблағларни) харажатларнинг тасдиқланмаган сметасисиз, шунингдек, Жамғарма харажатлари прогнозида назарда тутилмаган тадбирларга, уларни харажатлар сметалари бўйича ва харажатларнинг алоҳида турлари бўйича сметаларда белгиланганидан ортиқча сарфлаш тақиқланади.


30. Пудрат ташкилотлари, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун жарима санкцияларини қўллашдан тушган маблағлар Жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Жорий молия йили якунлари бўйича, шу жумладан, олдинги йилларда Жамғарма маблағлари олувчиларининг мажбуриятлари бўйича қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг аниқ манзилли рўйхатларида ҳамда умумтаълим муассасаларини жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) учун харажатлар сметаларида назарда тутилган, лекин молиялаштирилмаган маблағлар Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари балансланганлиги таъминланишини ҳисобга олган ҳолда келгуси молия йилида тўланади.


31. Жамғарманинг ҳисоб рақамларидан маблағларни ушбу Низомда назарда тутилмаган мақсадларга ўтказиш ва вақтинчалик олиб қўйиш тақиқланади.



7-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ,

ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Дирекция Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тузади ва ҳисобини қонунчиликда белгиланган тартибда юритади.

Дирекция ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-кунидан кечикмай Жамғарма Бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланган шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


33. Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши бўйича ҳисоботлар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари ҳамда "Халқ таълими соҳасида инжиниринг компанияси" ДУК (ҳудудий филиаллари ҳисоботларини жамлаган ҳолда) томонидан - умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга ажратилган маблағлар бўйича (2021 йилдан бошлаб);

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари томонидан - таълим муассасаларини ўқув асбоб-ускуналари, мусиқа асбоблари, спорт ускуналари ва анжомлари, ўқув мебели ва анжомлари билан жиҳозлаш (қўшимча жиҳозлаш) га ажратилган маблағлар бўйича ҳар ойда, ҳисобот давридан кейинги ойнинг 5-кунидан кечикмай Дирекцияга тақдим этилади.


34. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилиши юзасидан назорат Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


35. Дирекция:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари, "Халқ таълими соҳасида инжиниринг компанияси" ДУКнинг умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар ҳамда тўланган маблағлар тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари асосида;

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларининг умумтаълим муассасаларига ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, мебеллар ва бошқа анжомларнинг амалда етказиб берилганлиги ҳамда тўланган маблағлар, шунингдек уларнинг бошланғич ҳужжатларга (счёт-фактураларга) ва амалда бажарилган ишларга (хизматларга) мувофиқлиги тўғрисидаги ҳисобот маълумотлари асосида Жамғарма маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланилганлиги юзасидан мониторингни амалга оширади.


36. Жамғарма маблағларидан тасдиқланган харажатлар сметаларига мувофиқ қатъиян мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан жавобгарлик Жамғарма маблағларини тегишли олувчилар - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниялари, "Халқ таълими соҳасида инжиниринг компанияси" ДУК ва унинг ҳудудий филиаллари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари раҳбарлари зиммасига юкланади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


37. Жамғармани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


38. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Жамғарманинг даромад ва харажатларини

тайёрлаш, кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари




1-босқич

Халқ таълими вазирлиги

Кейинги йил учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар)лар бўйича умумтаълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш манзилли ҳар йилги дастурини, харажатлар прогнози ҳажмларини ва бюджет сўровини Жамғарма ижро этувчи дирекциясига тақдим этади

келгуси йил учун жорий йилнинг

15 июнигача


2-босқич

Халқ таълими вазирлиги,

Ижро этувчи дирекция

Ривожланиш давлат дастурларига киритилган лойиҳаларни шакллантириш учун уч йиллик даврга маблағлар ажратиш прогноз ҳажмлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлигига тақдим этади

ҳар йили

1 августга қадар


3-босқич

Ижро этувчи дирекция

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексида белгиланган тартибда Жамғарма даромадлари ва харажатлари прогнози бўйича бюджет сўровномасини Молия вазирлигига тақдим этилади

Бюджет кодексида белгиланган муддатларда


4-босқич

Жамғарма Бошқарув Кенгаши

Ижро этувчи дирекция ва Халқ таълими вазирлиги таклифига кўра кейинги йил учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари параметрларини, шу жумладан, Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси сақлаш харажатлари прогнозини тасдиқлайди

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари тасдиқланган кейин 15 кун муддатда

5-босқич

Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси

Жамғарма маблағларини тегишли олувчиларга улар учун белгиланган харажатлар прогнози ҳажмларини юборади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли бюджетлардан Жамғармага ажратиладиган маблағлар миқдорини маълум қилади

Жамғарма Бошқарув Кенгаши томонидан Жамғарма параметрлари тасдиқлангандан кейин 10 кун муддатда



6-босқич

Жамғарма Ижро этувчи дирекцияси

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда Жамғарма харажатларини молиялаштириш учун ушбу мақсадга Давлат бюджети параметрлари доирасида ўтказиладиган маблағлар бўйича режа-жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

ҳар йили

15 январга қадар

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тегишли бюджетлардан Жамғармага маблағлар ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

ҳар йили

30 январга қадар

  


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 22 февраль