язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Март, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.02.2019 й. 182-сон "Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.02.2019 й.

N 182



ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

"ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ ВА ТАБИИЙ ГАЗДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА"

2018 ЙИЛ 12 ЯНВАРДАГИ 22-СОН ҚАРОРИГА

ЎЗГАРТИРИШЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА



Вазирлар Маҳкамасининг "Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида" 2018 йил 1 ноябрдаги 897-сон қарорига мувофиқ ҳамда истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китоблар тизимини янада такомиллаштириш, электр ва газ таъминоти шартномаларида белгиланган лимитлардан ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси ва табиий газ учун тарифлар кескин ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 1-сон, 10-модда) иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.


2. Белгилансинки, ушбу қарор кучга киришидан олдин тўлов аванс тариқасида амалга оширилган тақдирда электр энергияси (шу жумладан, актив ва реактив энергия) ва табиий газ ҳажми учун истемолчи тўлов кунидан бошлаб кейинги 12 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда тариф ўзгарганда қўшимча тўловлар тўлашдан озод қилинади.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, "Ўзбекэнерго" АЖ ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ билан биргаликда 2019 йил 15 майгача ушбу қарорда назарда тутилган электр энергияси ва табиий газдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби келгусида сақланиб қолишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Иктисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистои Республикаси Бош вазирининг Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                       А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 28 февралдаги

182-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг

"Электр энергияси ва табиий газдан

фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга

доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"

2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


1. 1-иловада:


а) 67-банддаги "бир ярим баравари" сўзлари "1,15 баравари" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 70-банднинг тўртинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш, маиший истеъмолчилар бундан мустасно, 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилади. Бунда, ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириш хоҳишини билдирган истеъмолчилар ҳисоб-китоб амалга ошириладиган даврни кўрсатиб ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин билдирги тартибида Бюрога мурожаат қилганлари тақдирда электр энергияси истеъмолчиларга, маиший истеъмолчилар бундан мустасно, 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида етказиб берилишига йўл қўйилади. Олдиндан ҳақ тўланмаган ҳамда 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаётган истеъмолчилар томонидан ойнинг охиригача якуний ҳисоб-китоб амалга оширилмаган ҳолларда мазкур истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узишгача бўлган чоралар кўрилади.";


в) 83-банднинг учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Тариф ўзгарган тақдирда, маиший истеъмолчилардан ташқари, истеъмолчилар электр энергияси (шу жумладан, актив ва реактив энергия)нинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кейинги 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда, маиший истеъмолчилар эса - кейинги 6 ойдан ортиқ бўлмаган муддатда қўшимча тўлов тўлашдан озод этилади";


г) 116-банддаги "12 ойдан" сўзлари "6 ойдан" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. 2-иловада:


а) 102-банддаги "ўн икки ойдан" сўзлари "олти ойдан" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 105-банддаги "2 коэффициент" сўзлари "1,4 коэффициент" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 111-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"111. Ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин етказиб бериш юзасидан тузилган шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 100 фоизи миқдорида газ таъминоти ташкилотининг ҳисоб рақамига тўловларни олдиндан амалга оширишлари шарт.

Ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин ҳисоб-китобни 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга ошириш хоҳишини билдирган истеъмолчилар ҳисоб-китоб амалга ошириладиган даврни кўрсатиб етказиб берилган табиий газ учун 50 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш асосида ҳисоб-китоб қилиш тўғрисида Бюрога билдирги тартибида мурожаат қилишга ҳақлидир. Бундай ҳолатларда истеъмолчилар ҳисоб-китоб даври бошланишидан камида 5 кун олдин газ таъминоти ташкилотининг ҳисоб рақамига табиий газ етказиб беришга тузилган шартномада кўрсатилган ойлик табиий газ ҳажми қиймати суммасининг 50 фоизи миқдорида олдиндан ҳақ тўлашлари шарт. Амалда истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун якуний ҳисоб-китоб хисобот ойининг охиригача амалга оширилади.";


г) 122-1-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"122-1. Тарифлар ўзгарганда истеъмол қилинган табиий газ учун ҳақ тўлаш ушбу Қоидаларнинг 100 - 101-бандларида белгиланган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади. Бунда истеъмолчи табиий газнинг аванс тариқасида тўланган ҳажми учун тўлов кунидан бошлаб кўпи билан кейинги 2 ой қўшимча тўлов тўлашдан озод қилинади".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 март