язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банкротлик/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1054-XII-сон "Банкротлик тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири) (ЎзР 28.08.1998 й. 668-I-сон Қонуни таҳририда)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1054-XII



БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Юридик ва жисмоний шахсларнинг банкрот бўлиши жараёнида юзага келадиган муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ушбу Қонун ўз фаолиятини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилмоқда:


банкротлик (иқтисодий ночорлик) - хўжалик суди томонидан эътироф этилган ёки қарздор ихтиёрий равишда тугатилаётганида унинг ўзи эълон қилган қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга қодир эмаслиги, шу жумладан, бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловларни таъминлашга қодир эмаслиги;


қарздор - пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловларни ушбу Қонунда белгиланган муддат ичида тўлаш бўйича мажбуриятларни бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошираётган жисмоний шахс;


пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар (бундан буён матнда кредиторлар деб юритилади) - шундай юридик ёки жисмоний шахсларни, қарздор уларнинг олдида мажбуриятлар бўйича жавобгар бўлади, ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказганлик учун қарздор жавобгар бўлган фуқаролар, шунингдек ўз иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича қарздор-юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) бундан мустасно;


пул мажбуриятлари - қарздорнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кредиторга муайян пул суммасини тўлаш мажбуриятлари;


мажбурий тўловлар - бюджетга ҳамда бюджетдан ташқари фондларга тўланадиган солиқлар, йиғимлар ва бошқа мажбурий тўловлар;


судгача санация қилиш - қарздорнинг мол-мулки эгалари, қарздор-юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари), қарздорнинг кредиторлари ва бошқа шахслар томонидан банкротликнинг олдини олиш мақсадида, қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар;


ташқи бошқарув - хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш чоғида тайинланадиган ҳамда қарздорнинг мол-мулкини бошқариш ваколатларини ташқи бошқарувчига ўтказган ҳолда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш мақсадида қўлланиладиган банкротлик таомили;


мораторий - қарздор томонидан пул мажбуриятлари ижросини ҳамда мажбурий тўловлар тўланишини тўхтатиб қўйиш;


ташқи бошқарувчи - ташқи бошқарувни ҳамда ушбу Қонунда белгиланган бошқа ваколатларни амалга ошириш мақсадида хўжалик суди томонидан тайинланадиган шахс;


тугатишга доир иш юритиш - кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қондириш ҳамда қарздорни қарзлардан қутулган деб эълон қилиш, тарафларни бир-бирига муносабатда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан ҳимоялаш мақсадида банкрот деб топилган қарздорга нисбатан қўлланиладиган банкротлик таомили;


ишончли шахс - тугатишга доир иш юритиш ҳамда ушбу Қонунда белгиланган бошқа ваколатларни амалга ошириш учун хўжалик суди томонидан тасдиқланадиган шахс;


келишув битими - тарафлар ўртасида суд низосини ўзаро ён бериш йўли билан тугатишга асос бўладиган битим;


қарздорнинг ходимлари вакили - банкротлик таомили ўтказилаётганда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарздорнинг ходимлари ваколат берган шахс;


шаҳарни ташкил этувчи корхона - ходимлари уларнинг оила аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ташкил этувчи юридик шахс;


қишлоқ хўжалиги корхоналари - қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва фермер хўжаликлари.



3-модда. Банкротлик аломатлари


Юридик шахснинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбурияти юзага келган кундан эътиборан олти ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, унинг банкротлик аломати деб эътироф этилади.

Жисмоний шахснинг (тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошираётган шахснинг) пул маблағлари бўйича кредиторлар талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги, агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбурияти уларни бажариш санаси бошланган пайтдан эътиборан уч ой давомида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, агар мажбуриятларнинг суммаси унга тегишли мол-мулкнинг қийматидан ошиб кетган бўлса, унинг банкротлик аломати деб эътироф этилади.



4-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш


Банкротлик тўғрисидаги ишлар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади.

Банкротлик тўғрисидаги иш ушбу Қонуннинг 3-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда хўжалик суди томонидан қўзғатилади.

Банкротлик тўғрисидаги иш кўрилаётганда қарздор-юридик шахсга тегишли мол-мулкнинг қиймати ундирилишини умид қилиб бўлмайдиган дебиторлик қарзига айланган айланма маблағларни қайтармай бошқа мақсадларга ишлатиш ҳисобга олинмаган ҳолда белгиланади.



5-модда. Хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи


Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор, прокурор эга.

Мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар эга.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ҳамда ўзга шахслар томонидан ҳам берилиши мумкин.



6-модда. Қарздорнинг хўжалик судига мурожаат этиши асослари


Қарздор пул мажбуриятларини бажариш ва (ёки) мажбурий тўловларни тўлаш мажбуриятини белгиланган муддатда бажаришга қодир бўлмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этишга ҳақли.

Агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздор-юридик шахс қарздор мол-мулки эгасининг (эгаларининг) юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарори ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси томонидан вакил қилинган органнинг юридик шахсни тугатиш тўғрисидаги қарори асосида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этади.

Қарздор ўзининг мол-мулки суд харажатларини қоплашга етарли даражада бўлган тақдирда, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида хўжалик судига ариза бериши мумкин.



7-модда. Кредиторлар йиғилиши


Банкротлик таомили қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини ушбу Қонунга мувофиқ ташкил этиладиган Кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) ҳимоя қилади. Хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани иш юритиш учун қабул қилиб олган пайтдан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини қондириш мақсадида якка тартибда мурожаат этишга ҳақли эмас.

Қарздорга нисбатан барча хатти-ҳаракатлар ҳамма кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан амалга оширилади.

Кредиторлар, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда эса, мажбурий тўловлар талаблари қисми бўйича - солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар кредиторлар йиғилишининг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қатнашчиларидир. Кредиторлар йиғилишида қарздорнинг ходимлари вакили иштирок этади.

Қуйидагиларни қабул қилиш кредиторлар йиғилиши ваколати доирасига киради:

келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор;

кредиторлар қўмитаси аъзоларини сайлаш, унинг сон таркибини белгилаш ва аъзоларнинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарор;

ташқи бошқарувни жорий этиш ва унинг муддатини узайтириш ҳамда тегишли илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш тўғрисидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа масалаларга доир қарор.

Кредиторлар йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахс томонидан амалга оширилади, кредиторларнинг биринчи йиғилиши бундан мустасно.

Кредитор ёки солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар кредиторлар йиғилишида кредитор, солиқ органи ёки бошқа ваколатли органнинг пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича қарздорга нисбатан кредиторлар йиғилишини ўтказиш санасида белгиланган талаблари жами суммасига мутаносиб тарздаги қоғозларга эга бўладилар.

Агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, кредиторлар йиғилишида қарздор мажбуриятлари умумий суммасининг камида учдан икки қисми миқдорида талабномалар билдираётган, овоз бериш ҳуқуқи бор кредиторлар ҳозир бўлган тақдирда, йиғилиш ваколатли ҳисобланади. Кредиторларнинг манфаатларини йиғилишда ишончли шахс ифодалаши мумкин. Кредиторлар йиғилишида кворум бўлмаса, ўн кунлик муддат ичида кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, бу йиғилиш ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида кредиторлар тегишли равишда хабардор этилган тақдирда, ҳозир бўлган кредиторлар овозидан қатъи назар, йиғилиш ваколатли ҳисобланади.

Агар кредитор қарздорнинг эътироф этилган талабларига эга бўлса ва мазкур ишда унинг бошқа манфаатлари бўлмаса, бундай кредитор кредиторлар йиғилишида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади.



8-модда. Кредиторлар йиғилишини чақириш тартиби


Ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисида хўжалик суди томонидан ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан уч кун ичида кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган жой ва вақт ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинади. Кредиторларнинг биринчи йиғилиши ариза кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисидаги ажрим асосида хўжалик суди томонидан чақирилади ҳамда кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган жой ва вақт ҳақидаги хабар матбуотда эълон қилинган пайтдан эътиборан бир ҳафта ичида бўлиб ўтиши керак. Эълон қилиш харажатлари қарздор ҳисобидан қопланади.

Кредиторларнинг кейинги йиғилишлари ташқи бошқарувчи, ишончли шахс ташаббуси билан, пул мажбуриятлари ва (ёки) қарздорнинг мажбурий тўловлари бўйича талаблари Кредиторларнинг талаблари реестрига киритилган талаблар умумий суммасининг камида учдан бир қисмини ташкил этадиган кредиторлар қўмитасининг, кредиторнинг (кредиторларнинг) ва (ёки) солиқ органлари ҳамда бошқа ваколатли органларнинг талабларига биноан ёхуд кредиторларнинг учдан бир қисми ташаббуси билан чақирилади.

Кредиторлар йиғилиши кредиторлар қўмитасининг ёки кредиторнинг (кредиторларнинг) ташаббуси билан ташқи бошқарувчи, ишончли шахс томонидан ташқи бошқарувчига, ишончли шахсга тегишли ариза билан мурожаат этилган пайтдан бошлаб икки ҳафталик муддат ичида чақирилади.

Агар кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан бошқача қоида белгиланган бўлмаса, кредиторлар йиғилиши қарздор жойлашган манзилда ўтказилади.



9-модда. Кредиторлар йиғилиши томонидан

қарор қабул қилиш тартиби


Овозга қўйилган масалалар юзасидан кредиторлар йиғилиши қарори, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаган, йиғилишда ҳозир бўлган кредиторларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ҳар бир кредитор умумий кредиторлик қарзидаги ўз улушига мутаносиб овоз сонига эга бўлади.

Кредиторлар йиғилиши томонидан барча кредиторлар умумий сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қуйидагилар қабул қилинади:

ташқи бошқарувни жорий этиш ва (ёки) унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир ишни юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

ташқи бошқарувчининг, ишончли шахснинг ўзгартирилиши ёки ваколатларини бекор қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор.

Агар кредиторларнинг йиғилишида ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган қарорларни қабул қилиш учун зарур кредиторлар овози сони етарлича ҳозир бўлмаган бўлса, кредиторларнинг такрорий йиғилиши чақирилади, бу йиғилиш ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида кредиторлар тегишли равишда хабардор этилган тақдирда бундай қарорларни йиғилиш ҳозир бўлган кредиторлар овози сонига нисбатан кўпчилик овоз билан қабул қилишга ваколатлидир.


10-модда. Кредиторларнинг талаблари реестри


Кредиторларнинг талаблари реестрини ташқи бошқарувчи, ишончли шахс юритади.

Кредиторларнинг талаблари реестрида ҳар бир кредитор, пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича кредитор талабларининг миқдори, ҳар бир талабнинг қондирилиш навбати тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади.

Кредиторларга талаблар реестри билан танишиш имконияти таъминланиши лозим.



11-модда. Кредиторлар қўмитаси


Кредиторлар қўмитаси кредиторларнинг манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда ташқи бошқарувчи ва ишончли шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда назорат олиб боради.

Кредиторлар қўмитаси таркибига Кредиторлар вакиллари Кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланадиган миқдорда киритилади.

Агар қарздорнинг кредиторлари сони йигирматадан кам бўлса, кредиторлар йиғилишининг қарорига биноан Кредиторлар қўмитасининг вазифалари Кредиторлар йиғилиши зиммасига юкланиши мумкин.

Кредиторлар қўмитаси ўз зиммасига юкланган вазифаларни амалга оширишда қуйидагиларга ҳақлидир:

ташқи бошқарувчидан қарздорнинг молиявий аҳволи ва ташқи бошқарувнинг бориши тўғрисидаги ахборотни тақдим этишни талаб қилиш ишончли шахсдан тугатишга доир иш юритишнинг бориши тўғрисидаги ахборотни тақдим этишни талаб қилиш;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ташқи бошқарувчи ва ишончли шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан хўжалик судига шикоят қилиш.

Кредиторлар қўмитаси қуйидагиларни қабул қилишга ҳақлидир:

Кредиторлар йиғилишини чақириш тўғрисидаги қарор;

Кредиторлар йиғилишининг ташқи бошқарувчини вазифасидан озод этиш ҳақидаги тавсияси тўғрисидаги қарор;

қарздорнинг йирик битимларини ҳамда амалга оширилишидан қарздор манфаатдор бўлган битимларни тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш тўғрисидаги қарор.

Кредиторлар қўмитасининг қарори кредиторлар қўмитаси аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.



12-модда. Кредиторлар қўмитасини сайлаш


Кредиторлар қўмитасининг аъзолари кредиторлар йиғилиши томонидан ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш амалга ошириладиган давр учун сайланади. Кредиторлар йиғилишининг қарорига биноан кредиторлар қўмитаси барча аъзоларининг ваколатлари муддатидан илгари бекор қилиниши мумкин. Бундай қарор кредиторлар қўмитаси барча аъзоларига нисбатан фақат бир пайтнинг ўзида қабул қилиниши мумкин. Кредиторлар қўмитаси сайлови кредиторлар йиғилишида овоз бериш орқали амалга оширилади.

Энг кўп овоз олган номзодлар кредиторлар қўмитаси таркибига сайланган деб ҳисобланади.

Кредиторлар қўмитасининг аъзолари ўз таркибидан кредиторлар қўмитасининг раисини сайлаши мумкин.

Агар кредиторлар қўмитаси аъзоси беш кишидан ортиқ бўлса, албатта кредиторлар қўмитасининг раиси сайланади.



13-модда. Манфаатдор шахслар


Қуйидагилар қарздорга нисбатан манфаатдор шахслар деб эътироф этилади:

қонун ҳужжатларига мувофиқ қарздорга нисбатан бош ёки тобе ҳисобланмиш юридик шахс;

қарздорнинг раҳбари, шунингдек кузатувчи кенгаш таркибига кирувчи шахслар, коллегиал ижроия органи, бош бухгалтер (бухгалтер), шу жумладан, банкротлик тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилгунга қадар бир йил давомида ўз вазифасидан озод этилган шундай шахслар;

юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари).

Ушбу Қонунда жисмоний шахсга нисбатан манфаатдор шахс дейилганда унинг хотини (эри), ота-онаси, бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари ҳамда боласи, невараси, чевараси, эвараси, опа-сингил ва ака-укаларининг боласи, невараси, чевараси, эвараси, хотинининг (эрининг) опа-сингиллари ва ака-укалари тушунилади.

Ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ташқи бошқарувчи, ишончли шахс, кредиторларга нисбатан манфаатдор шахслар ушбу моддада назарда тутилган тартибда белгиланади.



14-модда. Ташқи бошқарувчи, ишончли шахснинг жавобгарлиги


Ушбу Қонунга мувофиқ ташқи бошқарувчи, ишончли шахс зиммасига юкланган мажбуриятларнинг қарздорга ёки кредиторларга зарар етказилишига олиб келган тарзда бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги ташқи бошқарувчини, ишончли шахсни ўз вазифаларини бажаришдан четлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Қарздор ва унинг кредиторлари ташқи бошқарувчидан, ишончли шахсдан ташқи бошқарувчи, ишончли шахснинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Бошқа шахсларнинг ишларини бошқариш ва (ёки) мол-мулкини бошқаришга доир фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи чекланган шахслар (дисквалификация қилинган шахслар), шунингдек ушбу Қонуннинг 13-моддасида кўрсатилган манфаатдор шахслар ташқи бошқарувчи, ишончли шахс бўлиши мумкин эмас.



15-модда. Ташқи бошқарувчига, ишончли шахсга ҳақ тўлаш


Ўз вазифасини бажарганлиги учун ташқи бошқарувчига, ишончли шахсга тўланадиган ойлик ҳақ миқдори кредиторлар йиғилиши томонидан белгиланади ҳамда хўжалик суди томонидан тасдиқланади.

Ташқи бошқарувчига, ишончли шахсга, шунингдек улар фаолият кўрсата олишини таъминлаш учун жалб этиладиган шахсларга ҳақ, агар кредитор билан келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қарздор мол-мулки ҳисобидан тўланади.



16-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи


Мол-мулкининг таркибида давлат мулки улуши бўлган қарздорнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилаётганда давлат манфаатларини корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги тўғрисидаги ишлар бўйича ваколатли орган (бундан буён матнда банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи деб юритилади) ҳимоя қилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи:

ушбу Қонунга мувофиқ банкротлик таомилларининг амалга оширилишини таъминлайди;

тўловга қобилиятсиз ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар ҳисобини юритади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг (кичик ва ўрта корхоналар, микрофирмалар бундан мустасно) раҳбарларига ёки бошқа мансабдор шахсларга корхонанинг молия-хўжалик фаолияти тўғрисидаги материалларни тақдим этмаганлик ёхуд ўз вақтида тақдим этмаганлик учун жарима солади;

ташқи бошқарувчилар ва ишончли шахслар тариқасида фаолият олиб бораётган жисмоний шахсларга нисбатан малака ва касбга оид талабларни белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа ваколатларни амалга оширади.


17-модда. Корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги тўғрисидаги

маълумотларни тақдим этиш мажбурияти


Банкротлик аломатлари аниқланган тақдирда солиқ органлари, иқтисодиёт ва статистика органлари банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига мол-мулкида давлат мулки улуши бўлган корхоналар тўғрисида маълумотлар тақдим этишлари, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг сўровига биноан корхоналарнинг иқтисодий қодирлиги тўғрисидаги бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.



18-модда. Банкротлик таомиллари


Қарздор-юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади:

келишув битими;

ташқи бошқарув;

тугатишга доир иш юритиш;

банкротликнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таомиллари.

Қарздор-жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади:

келишув битими;

тугатишга доир иш юритиш;

банкротликнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таомиллари.



19-модда. Суддан ташқари бажариладиган таомиллар


Суддан ташқари бажариладиган таомиллар судгача санация қилиш ёки ихтиёрий тугатилиш бўлиши мумкин.



II БОБ. СУДГАЧА САНАЦИЯ ҚИЛИШ


20-модда. Судгача санация қилиш асоси


Судгача санация қилиш қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилгунга қадар амалга оширилади ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини, иқтисодий жиҳатдан қодирлигини тиклаш ҳамда келгусида самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиб беришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Банкротликнинг олдини олиш мақсадида қарздорнинг муассислари (қатнашчилари), мол-мулк эгаси банкрот деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига тақдим этилгунга қадар қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўради. Қарздорни молиявий жиҳатдан соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қарздор билан тузилган келишувга асосан кредиторлар ёки бошқа шахслар томонидан ҳам кўрилиши мумкин.



21-модда. Судгача санация қилишнинг объекти ва субъектлари


Судгача санация қилишнинг объекти қарздор шахсдир.

Судгача санация қилишнинг субъектлари қарздор-юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари), қарздорнинг мол-мулки эгаси, давлат органлари ва бошқа шахслар бўлиши мумкин.



22-модда. Судгача санация қилишнинг асосий чора-тадбирлари


Судгача санация қилишнинг асосий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

қарздорликни ўзаро ҳисобга олишни ташкил этиш;

тўлаш муддати ўтказиб юборилган қарзларни тўлиқ ёки қисман сотиб олиш;

ишлаб чиқаришни рақобатбардош маҳсулот чиқаришга мослаб қайта ихтисослаштириш;

четдан юқори малакали мутахассисларни жалб этиш;

ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланиши ва фаолиятини давом эттиришидан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан молиявий ёрдам кўрсатиш;

қарздорнинг фаолиятни давом эттириши учун қарздор билан кредитор  (кредиторлар) ўртасида кредиторларга тўланадиган тўловлар муддатини кечиктириш ва (ёки) уни бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қарзлардан сийлов бериш тўғрисидаги аҳдлашувга эришишга қаратилган келишув;

мажбурий тўловларни тўлаш ва давлат кредитларини қайтаришни санация муддатига кечиктириш;

қарздор-юридик шахсни қайта ташкил этиш.

Судгача санация қилиш таомили бошқа чора-тадбирларни ҳам қамраб олиши мумкин.

Судгача санация қилишни давлат маблағларини жалб этган ҳолда ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган орган амалга оширади.

Судгача санация қилиш чоғида давлат томонидан ёрдам кўрсатиш қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



23-модда. Судгача санация қилишни ўтказиш муддати


Қарздорни судгача санация қилиш ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади.



24-модда. Судгача санация қилишни бекор қилиш


Судгача санация қилиш уни ўтказишнинг белгиланган муддати тугаганлиги ёки унинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.



III БОБ. ҚАРЗДОРНИ ИХТИЁРИЙ РАВИШДА

БАНКРОТ ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ


25-модда. Қарздорни ихтиёрий равишда банкрот деб

эълон қилиш асослари ва шартлари


Қарздорнинг банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс кредиторлар ҳамда қарздорнинг мол-мулки эгаси розилиги билан, шунингдек қарздорнинг мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган ҳолларда эса банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг рухсати билан қарздорни банкрот деб эълон қилиши ва унинг тугатилишини маълум қилиши мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг ёки мазкур қарздорнинг кредиторларидан бирортасининг қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарорга рози бўлмаганлиги хўжалик судида банкротлик тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилишига олиб келади. Қарздорни ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарорни қарздорнинг мол-мулки эгаси, қарздор мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган ҳолларда эса, шунингдек банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи тасдиқлаган пайтдан бошлаб қарздор тугатилиш жараёнида деб ҳисобланади.



26-модда. Банкрот деб эълон қилиш ҳамда қарздорнинг

ихтиёрий равишда тугатилиш тартиби


Ушбу Қонун 25-моддасининг биринчи қисмида белгиланган шартларга риоя этган ҳолда қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс матбуотда қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ёки унинг ихтиёрий равишда тугатилиши ҳақидаги эълонни чоп этади.

Эълонда кредиторлар томонидан талаблар тақдим этиш ҳамда қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилишига қарши кредиторларнинг эътирозларини билдириш муддати кўрсатилади, бу муддат эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак.

Қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс кредиторларнинг талабларини кўриб чиқиши, уларни кредиторлар талабларининг реестрига киритиши ҳамда ушбу Қонуннинг VI бобида назарда тутилган тартибда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга киришиши шарт, ушбу бобнинг хўжалик судларининг тугатишга доир иш юритишдаги фаолиятини тартибга солиб турувчи қоидалари бундан мустасно.

Қарздор ихтиёрий равишда тугатилаётганда ишончли шахснинг мажбуриятларини қарздорнинг мол-мулки эгаси (эгалари) томонидан тайинланадиган тугатиш комиссиясининг раиси (тугатувчи) бажаради.



27-модда. Қарздорнинг тугатилишига қарши кредиторлар

томонидан эътироз билдирилиши


Қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилишига қарши ақалли битта кредиторнинг ёзма эътирози мавжуд бўлган тақдирда ҳам қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс кредиторлар талабларини ҳамда қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилишига қарши кредиторлар эътирозларини билдириш муддати тугаган пайтдан бошлаб икки ҳафталик муддат ичида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиши шарт.

Кредиторларнинг ҳар бири қарздорнинг ихтиёрий равишда тугатилиши якунлангунга қадар қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат этиши мумкин.

Хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда тугатиш жараёни тўхтатилиши керак.



28-модда. Ихтиёрий равишда тугатиш қоидаларини

бузганлик учун жавобгарлик


Ушбу Қонуннинг 25 - 27-моддаларида назарда тутилган талаблар бузилган ҳолларда, қарздор ўз мол-мулкини яширганда, учинчи шахсларга ноқонуний тарзда ўтказганда қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс, қарздорнинг муассислари (иштирокчилари), қарздорнинг мол-мулки эгаси қондирилмаган талаблар миқдорида кредиторлар олдида жавобгар бўладилар. Бундай талаблар қарздор тугатилган пайтдан бошлаб уч йил давомида тақдим этилиши мумкин.



IV БОБ. БАНКРОТЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ

ХЎЖАЛИК СУДИДА КЎРИШ


29-модда. Банкротлик тўғрисидаги иш

юритишни қўзғатиш асослари


Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш ушбу Қонуннинг 5-моддасига мувофиқ хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг аризаси асосида хўжалик суди томонидан қўзғатилади.



30-модда. Қарздорнинг аризаси


Қарздорнинг аризаси хўжалик судига ёзма равишда берилади ва тегишинча қарздор-юридик шахснинг раҳбари ёки унинг ўрнини босувчи шахс ёхуд қарздор-жисмоний шахс томонидан имзоланади.

Қарздорнинг аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларининг қарздор томонидан эътироз билдирилмаётган миқдордаги суммаси;

қарздорнинг ходимларига тўланиши керак бўлган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаш, меҳнатига ҳақ тўлаш ва ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш бўйича қарз суммаси;

муаллифлик шартномаси бўйича тўланиши керак бўлган ҳақ суммаси;

мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик миқдори;

кредиторларнинг талабларини тўла ҳажмда қондириш имконияти йўқлигининг асослари;

умумий судлар, хўжалик судлари кўриш учун қабул қилган қарздорга нисбатан даъво аризалари тўғрисидаги, шунингдек сўзсиз (акцептсиз) ҳисобдан чиқариш учун тақдим этилган ижро ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар;

қарздордаги бор мол-мулк, шу жумладан, дебиторлик қарзининг пул маблағлари тўғрисидаги маълумотлар;

қарздорнинг банкдаги ҳисобварағи рақамлари, банкнинг почта манзили;

банкротлик тўғрисидаги иш бўйича суд харажатларини тўлаш учун етарли мол-мулк борлиги тўғрисидаги маълумотлар;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Қарздорнинг аризасида банкротлик тўғрисидаги ишни тўғри ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар, шунингдек қарздорда илтимосномалар бўлса, улар ҳам кўрсатилади.

Қарздор-жисмоний шахснинг аризасида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган унинг мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади.

Кредиторларга ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга қарздор ўз аризасидан нусхалар юбориши шарт.



31-модда. Қарздорнинг аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар


Қарздорнинг ўзини банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар ҳам илова қилинади:

қарз борлигини, шунингдек кредиторларнинг талабини қарздор тўла ҳажмда қондиришга қодир эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

қарздорнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Қарздорнинг аризасига қуйидагилар ҳам илова қилинади:

кредиторлик ва дебиторлик қарзларини изоҳлаган ҳамда кредиторлар ва аризачининг қарздорлари почта манзилини кўрсатган ҳолда тузилган кредиторлар ва аризачи қарздорларининг рўйхати;

сўнгги ҳисобот санасигача бўлган даврга тааллуқли бухгалтерлик баланси ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатлар;

қарздор-жисмоний шахснинг мол-мулки таркиби ва қиймати тўғрисидаги ҳужжатлар;

қарздорнинг мол-мулки эгаси ёки қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига мурожаат қилиш ҳақидаги қарори;

агар йиғилиш қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза берилгунга қадар ўтказилган бўлса, банкротлик тўғрисидаги ишни кўришда иштирок этиш учун қарздорнинг ходимлари вакили сайланган йиғилиш баённомаси.



32-модда. Кредиторнинг аризаси


Кредиторнинг аризаси хўжалик судига ёзма шаклда берилади. Кредитор-юридик шахснинг аризаси унинг раҳбари ёки вакили томонидан, кредитор-жисмоний шахснинг аризаси эса шу жисмоний шахснинг ўзи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Кредиторнинг аризасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

аризачининг номи (фамилияси, исм-шарифи) ва унинг почта манзили;

қарздорнинг номи (фамилияси, исм-шарифи) ва унинг почта манзили;

тўланиши керак бўлган фоизлар ва неустойкалар (жарималар, пенялар) миқдори кўрсатилган ҳолда қарздорга аризачи қўяётган талабларнинг миқдори;

қарздорнинг талаб келиб чиқишига сабаб бўлган кредитор олдидаги пул мажбурияти, шунингдек уни бажариш муддати;

кредитор талабларининг асослилигини тасдиқловчи далиллар, шу жумладан, суднинг қонуний кучга кирган қарори, кўрсатилган талаблар қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар, нотариуснинг ижро хати;

илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати.

Кредиторнинг аризасида банкротлик тўғрисидаги ишни тўғри ҳал қилиш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилади, шунингдек кредиторда илтимосномалар бўлса, улар ҳам акс эттирилиши мумкин.

Кредитор аризанинг нусхасини қарздорга юбориши шарт.



33-модда. Кредиторлар талабларини бирлаштириш


Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги Кредиторнинг аризаси турли мажбуриятлар бўйича бирлаштирилган қарздорликка асосланган бўлиши мумкин.

Кредиторлар қарздорга нисбатан ўз талабларини бирлаштиришга ҳамда судга битта ариза билан мурожаат этишга ҳақлидирлар. Бундай ариза ўз талабларини бирлаштирган Кредиторлар томонидан имзоланади.



34-модда. Кредиторнинг аризасига илова қилинадиган ҳужжатлар


Кредиторнинг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қуйидагилар ҳам илова қилинади:

қарздорнинг кредитор олдидаги пул мажбуриятлари, шунингдек бу мажбуриятлар бўйича қарз мавжудлигини ва унинг миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар;

Кредиторнинг аризасига асос бўлган бошқа ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар.

Кредиторнинг вакили томонидан имзоланган аризага аризани имзолаган шахснинг ариза беришга ваколати борлигини тасдиқловчи ишончнома ҳам илова қилинади.

Кредиторнинг аризасига, агар бор бўлса, қуйидагилар ҳам илова қилинади:

Кредиторнинг қарздорга нисбатан талабларини кўрган умумий суд ёки хўжалик судининг қарори;

ижро ҳужжати (ижро варақаси, қарздор томонидан акцептланган тўлов талаблари, нотариуснинг ижро хати ва бошқалар) ёки Кредиторнинг талаблари қарздор томонидан тан олинганлигини тасдиқловчи далиллар.



35-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг аризаси


Мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш юритишни қўзғатиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан ёзма шаклда, ушбу қарздор-субъектнинг иқтисодий ночорлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатлар илова этилган ҳолда берилади.



36-модда. Солиқ органининг ва бошқа ваколатли органларнинг аризаси


Солиқ органи ва бошқа ваколатли органлар қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида хўжалик судига берадиган ариза кредиторнинг аризаси учун назарда тутилган талабларга жавоб бериши керак.

Солиқ органи ва бошқа ваколатли органларнинг қарздор-юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тўловлар бўйича қарзни олишга доир чора-тадбирлар кўрилганлиги далиллари илова қилиниши керак.



37-модда. Прокурорнинг аризаси


Прокурор қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига қуйидаги ҳолларда мурожаат этишга ҳақлидир:

у банкротлик яширилган ҳолатларни аниқлаганда;

мажбурий тўловлар бўйича қарздорнинг қарзи бўлганда ёки айланма маблағлари қайтарилмай бошқа мақсадларга ишлатилганда;

Ўзбекистон Республикаси олдидаги пул мажбуриятлари бўйича кредитор манфаатларини кўзлаб;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўзга ҳолларда.

Прокурорнинг аризаси хўжалик судига, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Қонунда кредиторнинг аризасига нисбатан назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилади.



38-модда. Кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар


Хўжалик суди банкротлик, тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахснинг аризасига биноан Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига мувофиқ Кредиторларнинг талабларини қондириш чора-тадбирларини кўришга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган чора-тадбирлардан ташқари хўжалик суди ташқи бошқарувчи, ишончли шахс розилигисиз битимларни амалга оширишни тақиқлаб қўйиши, қарздорга қимматли қоғозларни, валюта қимматликларини ва бошқа мол-мулкни учинчи шахсларга сақлаш учун топширишни юклаши ҳамда қарздорнинг мол-мулки сақланишини таъминлашга қаратилган бошқа чора-тадбирларни кўриши мумкин.

Кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирлар тегишинча ташқи бошқарув жорий этилгунга ва ташқи бошқарувчи тайинлангунга қадар ёки хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида, тугатишга доир иш юритишни бошлаш ва ишончли шахс тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар ёки хўжалик суди томонидан келишув битими тасдиқлангунга қадар ёхуд хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар амал қилади.

Хўжалик суди ушбу модда учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар юзага келгунга қадар кредиторларнинг талабларини таъминлашга доир чора-тадбирларни бекор қилишга ҳақлидир.



39-модда. Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза

юзасидан қарздор томонидан билдирилган ёзма фикр


Кредитор, прокурор, солиқ органи ёки бошқа ваколатли органнинг аризаси қабул қилинганлиги тўғрисидаги ажримни олган кундан эътиборан қарздор беш кунлик муддат ичида хўжалик судига, аризачига, ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга ариза юзасидан ёзма фикрини йўллаши, шунингдек аризада кўрсатилмаган барча кредиторларни ўзига нисбатан уни банкрот деб топиш тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилганлигидан хабардор қилиши шарт. Қарздорнинг хўжалик судига юборилаётган ёзма фикрига ариза юзасидан билдирилаётган ёзма фикрнинг нусхаси, кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар аризачига ҳамда ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар илова қилиниши керак.

Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган маълумотлардан ташқари қуйидагилар ҳам қарздорнинг ёзма фикрида кўрсатилади:

аризачининг талабига қарши қарздордаги мавжуд эътирозлар;

пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар олдидаги, қарздорнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича, мажбурий тўловлар бўйича қарзнинг умумий суммаси;

қарздордаги бор мол-мулк, шу жумладан, унинг банк ҳисобварағида турган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотлар, банкдаги ҳисобварақларининг тартиб рақамлари ва банкнинг почта манзили;

аризачининг қарздор тан олган талабларини қондириш далиллари.

қарздорнинг ёзма фикри йўқлиги банкротлик тўғрисидаги иш кўрилишига монелик қилмайди.



40-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишни судда кўришга тайёрлаш


Банкротлик тўғрисидаги ишни судда кўришга тайёрлаш судья томонидан, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида, шунингдек банкротлик тўғрисидаги иш кўрилаётганда хўжалик суди қарздорнинг молиявий аҳволини аниқлаш учун экспертиза тайинлашга ҳақли.


40-1-модда. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш муддати

Хўжалик судининг мажлисида банкротлик тўғрисидаги иш ариза кўриб чиқишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим.



41-модда. Қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш

юритишни бошлаш тўғрисидаги ёки Кредиторларнинг талабларини

рад этиш тўғрисидаги қарор


Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ушбу Қонуннинг 3-моддасида назарда тутилган банкротлик аломатлари аниқланган ҳолларда қабул қилинади. Қарздор-юридик шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги хўжалик судининг қарорида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш ҳақидаги кўрсатма акс эттирилиши лозим.

Хўжалик судининг қарздор-жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорида қарздорнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлиги ўз кучини йўқотганлиги кўрсатилади.

Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори, агар хўжалик суди томонидан бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, дарҳол ижро этилиши керак.

Кредиторларнинг қарздорга нисбатан тақдим этган талаблари рад этилган тақдирда хўжалик суди маънавий зиён ва моддий зарар компенсацияси миқдорини белгилашга ҳамда уни қарздорнинг фойдасига ундириб олишга ҳақли.



42-модда. Қарздор банкрот деб топилганлиги тўғрисидаги

хабарнинг хўжалик суди томонидан эълон қилиниши


Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги хабар қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилган хўжалик суди томонидан ўн кунлик муддат ичида матбуотда эълон қилинади.

Эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

банкрот деб топилган қарздорнинг номи ва бошқа реквизитлари;

қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ишни юритаётган хўжалик судининг номи;

хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган сана;

Кредиторларнинг талаблари билдирилиши учун белгиланган муддат, бу муддат эълон берилган санадан эътиборан икки ойдан кам бўлмаслиги керак;

ишончли шахс тўғрисидаги маълумотлар.

Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарори бекор қилинганлиги ҳақидаги хабар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда эълон қилинади.



43-модда. Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топишни рад

этиш тўғрисидаги қарори


Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисидаги қарори қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

банкротлик аломатлари аниқланмаганда;

хўжалик суди банкротлик тўғрисидаги иш бўйича қарор қабул қилгунга қадар кредиторларнинг арз қилган талаблари қаноатлантирилганда;

сохта банкротлик аниқланганда;

ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Қарздорда етарли миқдорда ликвид мол-мулк борлигидан шоҳидлик берувчи далиллар бўлган тақдирда хўжалик суди қарздорнинг илтимосномасига биноан банкротлик тўғрисидаги ишни кўришни кейинга қолдиришга, қарздорга кредиторларнинг талабларини суд томонидан белгиланган муддатда қондиришни таклиф этишга ҳақли, бу муддат ўттиз кундан ошмаслиги керак.



44-модда. Қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида

қарор қабул қилиш оқибатлари


Хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиниши қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризанинг қабул қилиниши оқибати бўлган ҳаракатларнинг тугатилиши учун асос бўлади.



45-модда. Банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш асослари


Қарздорнинг тўлов қобилияти тикланган ёки келишув битими тузилган ҳолларда хўжалик суди банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатади.



46-модда. Мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган қарздорнинг

банкротлиги тўғрисидаги иш юритишнинг хусусиятлари


Қарздорнинг мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган тақдирда хўжалик суди иш юритиш қўзғатилганлиги ҳақида банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органини белгиланган муддатда хабардор қилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи хабарни олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида хўжалик судига санацияни ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги ёки мувофиқ эмаслиги хусусидаги ўз қарорини маълум қилади.

Кредиторлар санация қилишга рози бўлган тақдирда банкротлик тўғрисидаги иш тугатилади.

Кредиторлар санация қилишга рози бўлмаган тақдирда ишни кўриш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


V БОБ. ТАШҚИ БОШҚАРУВ


47-модда. Ташқи бошқарувни жорий этиш тартиби


Ташқи бошқарув хўжалик суди томонидан кредиторлар йиғилишининг қарори, қарздорнинг мол-мулки эгаси ёки банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг аризаси асосида жорий этилади, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хўжалик судининг ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши керак ҳамда унинг устидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Ташқи бошқарув, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача муддатга жорий этилади.

Кредиторлар йиғилишининг илтимосномасига, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг қарорига ёки ташқи бошқарувчининг аризасига биноан ташқи бошқарув учун белгиланган муддат хўжалик суди томонидан ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида қисқартирилиши ёки узайтирилиши мумкин.



48-модда. Ташқи бошқарувни жорий этиш оқибатлари


Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан:

қарздорнинг раҳбари ўз вазифаларини бажаришдан четлаштирилади, қарздорнинг ишларини бошқариш ташқи бошқарувчи зиммасига юкланади;

қарздорнинг бошқарув органлари ваколатлари бекор қилинади. Қарздорнинг раҳбари ва қарздорнинг бошқа бошқарув органлари ваколатлари ташқи бошқарувчига ўтади, ушбу Қонунга мувофиқ бошқа шахсларга (органларга) ўтадиган ваколатлар бундан мустасно. Қарздорнинг бошқарув органлари ташқи бошқарувчи тайинланган пайтдан эътиборан уч кунлик муддат ичида юридик шахснинг бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлари, муҳр ва штамплари, моддий ва бошқа қимматли ашёлари ташқи бошқарувчига топширилишини таъминлаши шарт;

кредиторларнинг талабларини таъминлаш юзасидан илгари кўрилган чора-тадбирлар бекор қилинади;

қарздорнинг мол-мулкини хатлаш ва ўзига тегишли мол-мулкни тасарруф этиш юзасидан қарздорга нисбатан барча чеклашлар фақат банкротлик жараёни доирасида қўлланилиши мумкин;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, пул мажбуриятлари ва қарздорнинг мажбурий тўловлари бўйича кредиторлар талаблари қондирилишига нисбатан мораторий жорий этилади.

Ташқи бошқарув тугаганидан кейин қарздор пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича кредиторларга тўлаши шарт бўлган неустойкалар (жарималар, пенялар), шунингдек етказилган зарар суммаларини ташқи бошқарувни жорий этиш пайтидаги миқдорларда тўлаш талаб қилиниши мумкин.



49-модда. Кредиторларнинг талабларини қондиришга

нисбатан мораторий жорий этиш


Кредиторларнинг талабларини қондиришга нисбатан мораторий ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар бажарилиш муддати келган пул мажбуриятларига ва мажбурий тўловларга татбиқ этилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар юзасидан мораторийнинг амал қилиш муддати мобайнида:

ундирув сўзсиз (акцептсиз) тарзда содир этиладиган ижро ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар бўйича ундирувни амалга оширишга йўл қўйилмайди;

пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун, шунингдек тўланиши лозим бўлган фоизлар учун неустойкалар (жарималар, пенялар) ва бошқа молиявий (иқтисодий) санкциялар қўлланилмайди.

Ташқи бошқарув жорий этилган пайтдаги пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар талабларининг суммасига қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва миқдорда фоизлар ҳисоблаб қўшилади.

Ташқи бошқарувчи шартномани бажаришдан ушбу Қонуннинг 56-моддасига мувофиқ бош тортганлиги натижасида етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги Кредиторларнинг талабларига ҳам мораторий татбиқ этилади.

Ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар бажарилиш муддати ташқи бошқарув жорий этилганидан кейин келган пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловларга нисбатан қўлланилмайди.

Мораторийнинг амал қилиши фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, алиментлар ундириш ҳамда муаллифлик шартномалари асосида ҳақ тўлаш бўйича талабларига, шунингдек ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздор жавобгар бўлган фуқароларнинг талабларига татбиқ этилмайди.



50-модда. Ташқи бошқарувчи номзодини тақдим этиш тартиби


Ташқи бошқарувчининг номзоди ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилган кредиторлар йиғилиши томонидан маъқулланади.

Ташқи бошқарувчининг номзоди кредиторлар йиғилишига Кредиторларнинг ҳар бири томонидан, солиқ органи ёки бошқа ваколатли орган, қарздор ёки қарздорнинг мол-мулки эгаси томонидан таклиф этилиши мумкин.

Кредиторлар йиғилиши томонидан қарор қабул қилишнинг ушбу Қонуннинг 9-моддасида назарда тутилган тартибига мувофиқ Кредиторлар овозини энг кўп олган шахснинг номзоди хўжалик судига таклиф этилади.

Ташқи бошқарув хўжалик суди томонидан Кредиторлар йиғилишининг қарори бўлмаган ҳолда жорий этилаётган бўлса, хўжалик суди ташқи бошқарувни жорий этиш тўғрисида ажрим чиқарган пайтдан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида Кредиторлар йиғилиши ташқи бошқарувчи номзодини кўриб чиқиш, маъқуллаш ва уни хўжалик судига тақдим этишга ҳақлидир.

Ташқи бошқарувчининг номзоди тақдим этилмаган тақдирда, хўжалик суди ташқи бошқарувчини банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан таклиф этилган номзодлар орасидан тайинлайди.



51-модда. Ташқи бошқарувчини тайинлаш


Ташқи бошқарувчи хўжалик суди томонидан ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда тайинланади.

Ташқи бошқарувчини ташқи бошқарувни жорий этиш билан бир пайтда тайинлашнинг имкони бўлмаса, хўжалик суди ташқи бошқарувчини ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тайинлайди.

Ташқи бошқарувчини тайинлаш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради.

Ташқи бошқарувчини тайинлаш тўғрисидаги ажрим дарҳол ижро этилиши керак ва унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



52-модда. Ташқи бошқарувчини ваколатларидан озод этиш


Ташқи бошқарувчини ваколатларидан хўжалик суди қуйидаги ҳолларда озод этиши мумкин:

зиммасига юкланган вазифаларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда Кредиторлар йиғилишининг қарори асосида. Бундай ҳолда Кредиторлар йиғилишининг қарорида янги ташқи бошқарувчи номзоди тўғрисида маълумотлар бўлиши керак;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг қарори асосида;

унинг ўз аризасига биноан;

унинг ташқи бошқарувчи этиб тайинланишига монелик қиладиган ҳолатлар аниқланган тақдирда;

ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Ташқи бошқарувчини ваколатларидан озод этиш тўғрисидаги ажрим дарҳол ижро этилиши керак ва унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



53-модда. Ташқи бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Ташқи бошқарувчи раҳбар ваколатларини амалга оширади. Ташқи бошқарувчи қуйидагиларга ҳақли:

кредиторлар йиғилишини ҳамда кредиторлар қўмитасини чақириш;

ушбу Қонунда назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш;

қарздор номидан келишув битими тузиш;

ушбу Қонунда назарда тутилган миқдорда ва тартибда ҳақ олиш;

агар ушбу Қонунда ёки кредиторлар билан келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ўз вазифаларини амалга оширишни таъминлаш учун бошқа шахсларни уларнинг фаолиятига қарздор маблағларидан ҳақ тўлаган ҳолда шартнома асосида ишга жалб этиш;

ўз мажбуриятларини бажаришни муддатидан илгари тугатиш тўғрисида хўжалик судига ариза тақдим этиш;

ушбу Қонуннинг 56-моддасида белгиланган тартибда қарздорнинг шартномаларини бажаришдан бош тортганлигини билдириш.

Ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида ташқи бошқарувчи қарздорни банкротликка олиб борганлиги муносабати билан унинг пул мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ субсидиар жавобгар бўлган учинчи шахсларга нисбатан талаблар қўйишга ҳақлидир.

Ташқи бошқарувчи:

қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши ва уни инвентаризация қилиши;

қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидиришга, аниқлашга ва қайтариб олишга қаратилган чора-тадбирлар кўриши;

ташқи бошқарувни юритиш ҳамда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш учун махсус ҳисобварақ очиши;

ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиши ва уни тасдиқ учун кредиторлар йиғилишига (қўмитасига) тақдим этиши;

бухгалтерлик, статистика ҳисобини ва ҳисоботини юритиши;

қарздорга кредиторлар қўйган талаблар юзасидан белгиланган тартибда эътирозлар билдириши;

қарздорнинг қарзини ундириш бўйича чора-тадбирлар кўриши;

кредиторлар талабларининг реестрини юритиши;

ташқи бошқарув режасини амалга ошириш якунлари бўйича кредиторлар йиғилишига ҳисобот тақдим этиши;

ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириши шарт.

Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириш чоғида ташқи бошқарувчи қарздор ҳамда унинг кредиторлари манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилиши шарт.



54-модда. Кредиторларнинг талаблари


Кредиторлар қарздорга нисбатан ўз талабларини ташқи бошқарув амал қилаётган муддатнинг исталган вақтида тақдим этишга ҳақлидир. Мазкур талаблар ташқи бошқарувчига қарздорнинг почта манзили бўйича юборилади. Кредиторларнинг ушбу модда тўртинчи қисмига мувофиқ белгиланган деб эътироф этиладиган талаблари бу талабларни белгиланган деб билиш имконини берувчи ҳужжатлар илова этилган ҳолда ташқи бошқарувчига юборилади.

Ташқи бошқарувчи Кредиторларнинг тақдим этилган талабларини кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли талаб олинганидан кейин узоғи билан икки ҳафта ичида кредиторлар талабларининг реестрига тегишли ёзув киритади. Кўриб чиқиш натижаларини ташқи бошқарувчи тегишли кредиторга кредитор талаби олинган пайтдан эътиборан узоғи билан бир ойлик муддат ичида маълум қилади.

Ташқи бошқарувчининг кредиторлар талабларини кўриб чиқиши натижалари юзасидан эътирозлар бу эътирозлар олинган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида кредитор томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўраётган хўжалик судига билдирилиши мумкин.

Кредиторларнинг ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган муддатда эътирозлар билдирилмаган талаблари қондирилиш миқдори, таркиби ва навбати ташқи бошқарувчи томонидан аниқланадиган белгиланган талаблар деб ҳисобланади.



55-модда. Қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш


Қарздорнинг мол-мулки эгаси ёки таъсис ҳужжатларида ваколат берилган органлар қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш бўйича қарор қабул қилишга ёки ташқи бошқарувчининг ваколатларини бошқача тарзда чеклашга ҳақли эмас, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар ушбу Қонунда ёки ташқи бошқарув режасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, йирик битимлар ва манфаатдорлик назарда тутилган битимлар ташқи бошқарувчи томонидан фақат кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) розилиги билан амалга оширилади.

Йирик битимлар жумласига баланс қиймати қарздорнинг кўчмас мол-мулкини ёки битим тузиш пайтидаги активлари баланс қийматининг 10 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи бошқа мол-мулкини тасарруф этишга олиб келувчи битимлар киради.

Ташқи бошқарувчига ёки кредиторга нисбатан манфаатдор шахслар тараф бўлган битимлар манфаатдорлик назарда тутилган битимлар деб эътироф этилади.



56-модда. Қарздорнинг шартномаларини бажаришдан бош тортиш


Ташқи бошқарувчи ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан уч ойлик муддат ичида қарздорнинг ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар тузилган шартномаларини бажаришдан бош тортишга ҳақлидир.

Қарздорнинг шартномаларини бажаришдан бош тортиш фақат барча тарафлар томонидан тўлиқ ёки қисман бажарилмаган шартномаларга нисбатан, қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда билдирилиши мумкин:

қарздорнинг шартномасини бажариш ўхшаш ҳолатларда тузиладиган айни шундай шартномаларга солиштирганда қарздор учун зарар келтирадиган бўлса;

шартнома узоқ муддатли (бир йилдан ортиқ муддатга тузилган) ёки фақат узоқ истиқболда қарздор учун ижобий натижалар олишга мўлжалланган бўлса;

қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга монелик қилувчи бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса.

Қарздорнинг контрагенти қарздордан шартномаларни бажаришдан бош тортганлик оқибатида келиб чиққан реал зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.



57-модда. Қарздор тузган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги


Қарздор тузган битим, шу жумладан, қарздор томонидан ташқи бошқарув жорий этилгунга қадар тузилган битим қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар бўйича ташқи бошқарувчининг аризасига биноан хўжалик суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қарздор билан манфаатдор шахс ўртасида тузилган битим, агар мазкур битимнинг бажарилиши натижасида кредиторларга зарар етказилган ёки етказиладиган бўлса, ташқи бошқарувчининг аризасига биноан хўжалик суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинганидан кейин қарздор билан муайян кредитор ёки ўзга шахс ўртасида тузилган битим, агар мазкур битим қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича айрим кредиторларнинг талабларини бошқаларникига нисбатан афзалроқ қондирилишига олиб келса, ташқи бошқарувчининг ёки кредиторнинг аризасига биноан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилгандан кейин ёки қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида ариза беришдан олдин, қарздорнинг иштирокчиси қарздорнинг иштирокчилари таркибидан чиққанлиги муносабати билан унга мол-мулкдаги улушини тўлаш (ажратиб бериш) билан боғлиқ бўлган олти ойлик муддат ичида қарздор-юридик шахс томонидан тузилган битим ташқи бошқарувчининг ёки кредиторнинг аризасига биноан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, шундай битим бўйича олинган барча нарсалар қарздорга қайтарилади. Бундай ҳолда ушбу Кодексининг 83-моддасига мувофиқ иштирокчи олтинчи навбатдаги кредитор деб эътироф этилади.



58-модда. Қарздорнинг ташқи бошқарув чоғида

юзага келган пул мажбуриятлари


Қарздорнинг ташқи бошқарув жорий этилганидан кейин юзага келган пул мажбуриятлари миқдори кредиторлар талабларининг реестрига мувофиқ кредиторлар талаблари суммасининг 20 фоизидан ортиқроқни ташкил этган ҳолларда қарздорнинг янги пул мажбуриятларини келтириб чиқарувчи битимлар, ташқи бошқарув режасида назарда тутилган битимларни истисно этганда, ташқи бошқарувчи томонидан фақат қарздорнинг мол-мулки эгаси ва кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) розилиги бўлганда тузилиши мумкин.



59-модда. Қарздорнинг харажатларини тартибга солиш


Қарздорнинг истеъмолга, шу жумладан, қарздор ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашга сарфланадиган харажатларининг кўпайишига олиб келувчи қарорлар ташқи бошқарувчи томонидан кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) розилиги билангина қабул қилиниши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



60-модда. Ташқи бошқарув режаси


Ташқи бошқарувчи бу ишга тайинланганидан кейин бир ойлик муддат ичида ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиб, тасдиқ учун Қарздорнинг мол-мулки эгасига ва кредиторлар йиғилишига (қўмитасига) тақдим этиши керак.

Ташқи бошқарув режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари назарда тутилиши керак.

Қарздорнинг тўлов қобилияти ушбу Қонуннинг 3-моддасида белгиланган банкротлик аломатлари бўлмаган тақдирда тикланган деб эътироф этилади. Ташқи бошқарув режасида қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш муддати назарда тутилиши керак.

Ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) талабига биноан ташқи бошқарувнинг бориши ҳақида кредиторлар олдида ҳисобот беради.



61-модда. Ташқи бошқарув режасини кўриб чиқиш


Ташқи бошқарув режаси кредиторларнинг йиғилиши (қўмитаси) томонидан кўриб чиқилади, йиғилиш ташқи бошқарувчи томонидан ташқи бошқарув жорий этилган пайтдан эътиборан икки ойдан кечиктирмай чақирилади. Ташқи бошқарувчи барча кредиторларга кредиторлар йиғилиши ўтказиладиган сана ва жойни ёзма равишда хабар қилади ҳамда мазкур йиғилиш ўтказиладиган кундан камида бир ҳафта олдин уларга ташқи бошқарув режаси билан танишиб чиқиш имкониятини беради.

Кредиторлар йиғилишининг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган иштирокчилари қарзни ундириб олиш ҳуқуқига эга бўлган кредиторлардир.

Кредиторлар йиғилишида ташқи бошқарувчи ҳамда қарздорнинг ходимлари вакили овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ташқи бошқарув режаси йиғилишда иштирок этаётган кредиторларнинг ярмидан кўпроқ овозини олган бўлса, тасдиқланган деб ҳисобланади.

Кредиторлар йиғилиши қуйидагилардан бирини қабул қилишга ҳақли:

ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор;

ташқи бошқарув режасини рад этиш ҳамда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

ташқи бошқарув режасини рад этиш ҳамда ташқи бошқарувчини четлаштириб, айни бир пайтнинг ўзида янги ташқи бошқарувчининг номзодини тасдиқлаш ҳамда тегишли илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш тўғрисидаги қарор. Ушбу қарор ташқи бошқарувнинг янги режасини кўриб чиқиш учун кредиторларнинг навбатдаги йиғилиши чақириладиган муддатни назарда тутган бўлиши ва бу муддат Кредиторлар йиғилиши ушбу қарорни чиқарган кундан эътиборан бир ойдан ошиб кетмаслиги керак.

Кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан тасдиқланган ташқи бошқарув режаси ва Кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) баённомаси Кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) ўтказилган кундан сўнг беш кундан кечиктирмай ташқи бошқарувчи томонидан хўжалик судига тақдим этилади.



62-модда. Ташқи бошқарув муддатини узайтириш


Кредиторларнинг йиғилиши ташқи бошқарув режасини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилган бўлса ва унда назарда тутилган ташқи бошқарув муддати белгиланган дастлабки муддатдан ортиқ бўлса, агар ташқи бошқарув муддатини узайтириш ёки ташқи бошқарувнинг тасдиқланган режасини амалга ошириш қарздорнинг тўлов қобилияти тикланишига олиб келади дейиш учун етарли асослар бўлса, хўжалик суди ташқи бошқарув муддатини узайтиради. Бундай ҳолда умумий муддат йигирма тўрт ойдан ошиб кетмаслиги лозим.



63-модда. Қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш чора-тадбирлари


Қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш учун қуйидаги чора-тадбирлар кўрилиши мумкин:

ишлаб чиқаришни қайта ихтисослаштириш;

норентабел ишлаб чиқаришларни ёпиш;

дебиторлик қарзларини ундириш;

қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш;

қарздорнинг талабидан ўзганинг фойдасига воз кечиш;

қарздор мажбуриятларининг учинчи шахслар томонидан бажарилиши;

қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг бошқа усуллари.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чора-тадбирлардан ташқари банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг тақдимномасига биноан хўжалик суди мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган қарздорнинг фаолият кўрсатмаётган объектларини консервация қилиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.



64-модда. Қарздорнинг корхонасини (бизнесини)

мулкий мажмуа сифатида сотиш


Кредиторларнинг талабларини қондириш мақсадида ташқи бошқарув режасида қарздорнинг корхонасини (бизнесини) сотиш назарда тутилиши мумкин.

Қарздорнинг корхонаси (бизнеси) сотилаётганида қарздорнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга мўлжалланган барча турдаги мол-мулки, шу жумладан ер участкалари, иморатлари, бинолари, ускуналари, инвентари, хом ашёси, маҳсулоти, талаб қилиш ҳуқуқи, шунингдек қарздорнинг, унинг товарлари, иши ва хизматининг ўзига хослигини кўрсатувчи воситалари (фирма номи, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари), қарздорга тегишли бўлган бошқа мутлақ ҳуқуқлари унинг тасарруфидан чиқарилади, ўзга шахсларга ўтказилиши мумкин бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятлар бундан мустасно.

Ташқи бошқарувчи корхонани кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, харидор ўзига хизмат кўрсатувчи банкнинг тегишли кафолатини тақдим этган тақдирда, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан реализация қилишга ҳақли.

Ушбу моддага мувофиқ қарздорнинг корхонаси (бизнеси) сотилаётганида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик суди томонидан қабул қилинган санагача бўлган қарздорнинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлари корхона (бизнес) таркибига киритилмайди.

Корхона (бизнес) сотилаётганда корхона (бизнес) сотилаётган пайтда амал қилиб турган барча меҳнат шартномалари ўз кучини сақлаб қолади; иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари корхонани (бизнесни) сотиб олувчи ихтиёрига ўтади.

Корхонани (бизнесни) сотишдан келган тушум суммаси қарздор мол-мулкининг таркибига киритилади.

Корхонани (бизнесни) сотиш, агар ташқи бошқарув режасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, очиқ кимошди савдоси ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Ташқи бошқарувчи кимошди савдосини ташкил этувчи сифатида иш кўради ёки ушбу мақсад учун ихтисослаштирилган ташкилотни жалб этиб, унинг хизматига қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ҳақ тўлайди.

Ташқи бошқарувчи корхона (бизнес) очиқ кимошди савдосида сотилиши тўғрисидаги эълонни расмий нашрларда, кимошди савдоси ўтказиладиган санадан камида ўттиз кун олдин эълон қилиши шарт. Эълонда савдо объекти тўғрисидаги маълумотлар ҳамда савдо объекти билан танишиш тартиби, корхонани (бизнесни) сотиб олиш учун ариза беришнинг эълон чиққан кундан эътиборан икки ҳафтадан кам ва бир ойдан ортиқ бўлиши ҳақиқий ҳисобланмайдиган муддат чегараси ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Агар эълонда кўрсатилган муддат давомида бир қатнашчидан ариза тушган бўлса, корхонани (бизнесни) сотиш бўйича кимошди савдоси ўтказилмайди. Кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) розилиги бўлган тақдирда корхона (бизнес) кимошди савдоси ўтказилмаган ҳолда сотилиши мумкин.

Кимошди савдоси аукцион шаклида ўтказилади, ушбу Қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Кимошди савдоси танлов асосида ўтказилган тақдирда эса, танлов шартлари Кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан маъқулланиши лозим.

Аукцион ғолиби бўлган шахс ҳамда кимошди савдоси ташкилотчиси аукцион ўтказилган куни баённомани имзолайдилар, бу баённома шартнома кучига эга бўлади.

Агар кимошди савдоси танлов шаклида ўтказилган бўлса, танлов ғолиби ва кимошди савдоси ташкилотчиси танлов ўтказилган куни имзолаган баённома асосида, ушбу санадан эътиборан йигирма кундан кечиктирмай шартнома имзоланади.

Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс ва кимошди савдоси ташкилотчиси аукцион ёки танлов ўтказилган куни кимошди савдоси натижалари тўғрисида шартнома кучига эга бўлган баённомани имзолайдилар. Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда тўлаган закалатидан маҳрум бўлади.

Кимошди савдосида ғолиб чиққан шахснинг баённомани ёки шартномани имзолашдан бош тортганлиги муносабати билан мазкур шахс маҳрум бўлган закалат суммаси кимошди савдоси ташкилотчисининг ушбу тадбирни ўтказишга кетган чиқимлари чегириб ташланган ҳолда қарздор мол-мулкининг таркибига киритилади.

Корхонани (бизнесни) сотишдан келган тушум суммаси ҳисобидан кредиторларнинг талабларини қарздор тўла ҳажмда қондириш имкониятига эга бўлган ҳолларда ташқи бошқарувчининг аризасига биноан хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилиши лозим.

Агар корхонани (бизнесни) сотишдан келган тушум суммаси Кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга етарли бўлмаса, ташқи бошқарувчи кредиторларга келишув битими тузишни таклиф этади.

Корхонани (бизнесни) мулкий мажмуа сифатида сотишдан келган тушум суммаси тугатиш массасини ташкил этади ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган навбат тартибида тақсимланиши керак.



65-модда. Қарздор мол-мулкининг бир қисмини сотиш


Қарздорнинг мол-мулки инвентаризация қилинганидан ва баҳоланганидан кейин ташқи бошқарувчи, агар ташқи бошқарув режасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мол-мулкни очиқ кимошди савдосида сотишга киришишга ҳақли.

Кимошди савдоси аукцион шаклида ўтказилади, ушбу модданинг учинчи ва ўнинчи қисмларида кўрсатилган ҳоллар бундан мустасно.

Муомала қобилияти чекланган мол-мулк фақат ёпиқ кимошди савдосида сотилиши мумкин. Ёпиқ кимошди савдосида қонун ҳужжатларига мувофиқ мулк ҳуқуқида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларда мазкур мол-мулкка эга бўла оладиган шахслар иштирок этадилар.

Ташқи бошқарувчи кимошди савдоси ташкилотчиси сифатида иш кўриши ёки кимошди савдосини ўтказишни ихтисослаштирилган ташкилотга шартнома асосида топшириши мумкин. Кимошди савдосини ўтказаётган ихтисослаштирилган ташкилот қарздорга ва ташқи бошқарувчига нисбатан манфаатдор шахс бўлиши мумкин эмас.

Кимошди савдосига қўйилган мол-мулкнинг бошланғич баҳоси ташқи бошқарувчи томонидан белгиланади ва у баланс (қолдиқ) қийматидан кам бўлиши мумкин эмас.

Кимошди савдоси ғолиби сотиш нархини танлов якунлари бўйича тузилган баённома ёки олди-сотди шартномасида назарда тутилган муддатда, лекин кимошди савдоси ўтказилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай тўлаши шарт.

Қарздорнинг биринчи кимошди савдосида сотилмай қолган мол-мулки такрорий кимошди савдосига қўйилади.

Қарздорнинг такрорий кимошди савдосида сотилмай қолган мол-мулки кимошди савдоси ўтказмай тузилган олди-сотди шартномаси асосида ташқи бошқарувчи томонидан реализация қилиниши мумкин.

Ташқи бошқарувчи мол-мулкнинг бир қисмини кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, харидор ўзига хизмат кўрсатувчи банкнинг тегишли кафолатини тақдим этган тақдирда, бир йилдан ортиқ бўлмаган муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан реализация қилишга ҳақли.

Ташқи бошқарувчи арзонбаҳо ва тез ишдан чиқадиган мол-мулкни, шунингдек хом ашё ва тайёр маҳсулот қолдиқларини ташқи бошқарув жараёнида кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, аукцион савдоси ўтказмасданоқ олди-сотди шартномалари асосида сотишга ҳақли.


66-модда. Қарздорнинг талабидан ўзганинг фойдасига воз кечиш


Қарздорнинг талабидан ўзганинг фойдасига воз кечиш ташқи бошқарувчи томонидан кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) розилиги билан талаб қилиш ҳуқуқларини очиқ кимошди савдосида сотиш орқали амалга оширилиши мумкин.



67-модда. Қарздор пул мажбуриятларининг Қарздорнинг мол-мулки

эгаси ёки учинчи шахс томонидан бажарилиши


Қарздорнинг мол-мулки эгаси ташқи бошқарув тугагунга қадар исталган вақтда кредиторлар талабларининг реестрига мувофиқ барча кредиторларнинг талабларини бир йўла қондиришга ҳақлидир.

Қарздорнинг пул мажбуриятлари учинчи шахс (учинчи шахслар) томонидан бажарилишига, бундай бажариш кредиторлар талабларининг реестрига мувофиқ барча кредиторларнинг талабларини бир йўла қопланган тақдирда, йўл қўйилади.



68-модда. Ташқи бошқарув якунлари бўйича

ташқи бошқарувчининг ҳисоботи


Ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугашидан камида ўн беш кун олдин, шунингдек ташқи бошқарувни муддатидан илгари тугатиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ташқи бошқарувчи кредиторлар йиғилишига ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ҳисоботда қуйидагилар бўлиши керак:

қарздорнинг сўнгги ҳисобот даври учун баланси;

қарздор фойда ва зарарларининг ҳисоби;

қарздорнинг пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга қаратилиши мумкин бўлган эркин пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;

қарздорнинг қолган дебиторлик қарзи тафсилоти ҳамда қарздорнинг амалга оширилмай қолган талаб қилиш ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумот;

қарздорнинг қолган кредиторлик қарзини тўлаш имконияти тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботига кредиторлар талабларининг реестри илова қилинган бўлиши керак.

Ташқи бошқарувчи ҳисоботни тақдим этиш билан бир вақтда кредиторлар йиғилишига қуйидаги таклифлардан бирини киритади:

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги муносабати билан ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисидаги таклиф;

келишув битими тузиш тўғрисидаги таклиф;

ташқи бошқарув муддатини узайтириш тўғрисидаги таклиф;

ташқи бошқарувни тугатиш ҳамда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги таклиф.



69-модда. Ташқи бошқарувчининг ҳисоботини кўриб чиқиш


Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг ўн кундан кечиктирмай ёки ташқи бошқарувни муддатидан илгари тугатиш учун асослар юзага келганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай чақириладиган кредиторлар йиғилиши томонидан кўриб чиқилади.

Ташқи бошқарувчи ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугашига камида ўн беш кун қолганда барча кредиторларга кредиторлар йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарни юбориши шарт.

Кредиторлар йиғилиши ўтказилиши тўғрисидаги хабарда кредиторлар йиғилишини ўтказиш вақти, жойи, шунингдек ташқи бошқарувчининг ҳисоботи билан танишиш тартиби ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботини кўриб чиқиш натижалари бўйича кредиторлар йиғилиши қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги ва у кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга киришганлиги муносабати билан ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисидаги қарор;

ташқи бошқарувнинг белгиланган муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги илтимоснома билан хўжалик судига мурожаат этиш ҳақидаги қарор;

келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор.



70-модда. Ташқи бошқарувчи ҳисоботининг

хўжалик суди томонидан тасдиқланиши


Ташқи бошқарувчининг кредиторлар йиғилиши томонидан кўриб чиқилган ҳисоботи ва кредиторлар йиғилишининг баённомаси кредиторлар йиғилиши ўтказилган санадан кейин беш кундан кечиктирмай хўжалик судига юборилади.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботига кредиторлар талабларининг реестри ва кредиторлар йиғилиши қабул қилган қарорга қарши овоз берган ёки овоз беришда иштирок этмаган кредиторларнинг шикоятлари илова қилинган бўлиши керак.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботи ҳамда кредиторларнинг шикоятлари хўжалик суди томонидан мажлисда кўриб чиқилади.

Мажлис ўтказиладиган вақт ва жой тўғрисида ташқи бошқарувчи ҳамда шикоят берган кредиторлар хабардор қилинадилар.

Агар кредиторлар йиғилиши қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги ва у кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга киришганлиги муносабати билан ташқи бошқарувни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, ташқи бошқарувчининг ҳисоботи хўжалик суди томонидан тасдиқланиши керак, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Агар хўжалик суди томонидан кредиторларнинг шикоятлари асослилиги ёки қарздорнинг тўлов қобилияти тикланганлиги аломатлари йўқлиги аниқланса, хўжалик суди ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни рад этади.

Ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаш ёки тасдиқлашни рад этиш ёхуд ташқи бошқарув муддатини узайтириш ёки келишув битими тузиш тўғрисида ажрим чиқарилади.

Кредиторлар йиғилишининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида илтимосномаси бўлганда, шунингдек ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлашни хўжалик суди рад этган ёки бу ҳисобот ташқи бошқарувнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг бир ой муддат ичида тақдим этилмаган тақдирда хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



71-модда. Ташқи бошқарувчи ҳисоботининг хўжалик

суди томонидан тасдиқланиши оқибатлари


Ташқи бошқарувчи ҳисоботининг хўжалик суди томонидан тасдиқланиши банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш учун асос бўлади.

Кредиторлар йиғилиши томонидан қабул қилинган илтимоснома бўлганда хўжалик суди Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугалланадиган муддатни белгилашга ҳақлидир.

Хўжалик суди ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради ҳамда Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугалланадиган муддатни белгилайди, бу муддат ажрим чиқарилган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак. Бундай ҳолда банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиб бўлинганидан кейин тугатилади.

Агар хўжалик суди томонидан белгиланган муддатда Кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинмаган бўлса, хўжалик суди қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



72-модда. Кредиторлар билан ҳисоб-китоб


Ушбу Қонун 70-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар ташқи бошқарувчи томонидан Кредиторлар талабларининг реестрига мувофиқ, хўжалик суди ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаган кундан бошлаб амалга оширилади.

Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар ушбу Қонуннинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Қарздорнинг пул мажбуриятларини бажарган пайтдан бошлаб ташқи бошқарувчи Кредиторлар талабларининг реестрига тегишли ёзувни киритади.



73-модда. Кредиторлар талабларининг қондирилиши


Кредиторларнинг қондирилган талаблари, шунингдек воз кечиш ҳақи ёки мажбуриятнинг янгиланиши ёхуд пул мажбуриятлари ўзгача тарзда тугатилганлиги тўғрисида келишувга эришилган талаблар, шунингдек ушбу Қонун бўйича қондирилган деб эътироф этиладиган бошқа талаблар қондирилган деб ҳисобланади.



74-модда. Ташқи бошқарувчининг ваколатларини тугатиш тартиби


Ташқи бошқарувнинг тугатилиши ташқи бошқарувчининг ваколатлари тугатилиб, қарздорнинг ва қарздор мол-мулки эгасининг бошқа бошқарув органлари ваколатлари қайта тикланишига олиб келади.

Агар ташқи бошқарув келишув битими қабул қилиниши ёки кредиторларнинг талаблари тугалланиши орқали тугалланса, ташқи бошқарувчи янги раҳбар тайинлангунга (сайлангунга) қадар ўз вазифаларини қарздорнинг раҳбари ваколатлари доирасида бажаришни давом эттириб туради.

Агар хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинган ҳамда бошқа шахс ишончли шахс этиб тайинланган бўлса, ташқи бошқарувчи ишларни ишончли шахсга топширгунга қадар ўз вазифаларини бажаришни давом эттириб туради.



VI БОБ. ТУГАТИШГА ДОИР ИШ ЮРИТИШ


75-модда. Тугатишга доир иш юритишни бошлаш


Хўжалик суди томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига олиб келади.

Қарздор банкрот деб эълон қилинган пайтдан бошлаб қарздорнинг ўз мол-мулкини тасарруфидан чиқариши, ўзга шахсга бериши ва пул мажбуриятларини тўлаши тақиқланади, ҳисоб-китоб ҳисобварағи бўйича операциялар, дивидендлар ва мажбурий тўловлар тўлаш тўхтатиб қўйилади. Қарздорнинг барча қарз мажбуриятлари муддати ўтиб кетган деб ҳисобланади, унга янги талабларни тақдим этишга йўл қўйилмайди.

Қарздор қарзларининг барча турлари бўйича пенялар ва фоизлар ҳисоблаш бекор қилинади. Қарздорнинг мол-мулкига ундирувни қаратишга нисбатан барча чеклашлар олиб ташланади. Агар қабул қилинган қарорлар қонуний кучга кирмаган бўлса, хўжалик судида кўрилаётган қарздор иштирокидаги барча мулкий низолар тугатилади. Шу пайтдан бошлаб мулкий ёки молиявий тусдаги барча талаблар қарздорга фақат тугатишга доир иш юритиш доирасида қўйилиши мумкин.



76-модда. Тугатишга доир иш юритиш иштирокчилари


Ишончли шахс, кредиторлар йиғилиши (қўмитаси), қарздор ва бошқа манфаатдор тарафлар тугатишга доир иш юритишнинг иштирокчиларидир.



77-модда. Тугатиш комиссияси


Хўжалик суди банкротлик тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда айни шу суд томонидан ишончли шахс бошчилигида тугатиш комиссияси тузилади. Мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган қарздор банкрот деб эълон қилинган тақдирда, ишончли шахс бошчилигидаги тугатиш комиссиясини банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи тузади. Ишончли шахсни хўжалик суди томонидан тасдиқлаш ташқи бошқарувчини тайинлаш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Тугатиш комиссияси:

қарздор-банкрот жойлашган ердаги расмий матбуотда унинг тугатилиши тўғрисидаги ҳамда кредиторларнинг талабномалар билдириш тартиби хусусидаги эълонни чоп этиши;

қарздор-банкротнинг тугатилишини кредиторларга ва манфаатдор тарафларга маълум қилиши;

қарздор-банкротнинг пул маблағларини битта банкда ягона сўм ва ягона валюта ҳисобварақларида жамлаши;

қарздор-банкротнинг мол-мулки, шу жумладан, гаровдаги мол-мулки тўғрисидаги ҳисоботни тузиши;

тугатиш балансини тузиши ва уни хўжалик судига тақдим этиши;

қарздор-банкротни тугатиш режасини тайёрлаши;

жорий ишларни тугаллаши;

қарздор-банкротни тугатишни манфаатдор тарафлар фойдасини кўзлаб босқичма-босқич амалга ошириши;

кредиторларга, хўжалик судига, солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларга, ўзга манфаатдор ташкилотларга ва шахсларга қарздорнинг мол-мулки ҳамда қарздорни тугатиш жараёнининг бериши ҳақидаги зарур ахборотни бериб туриши;

қарздор-банкротни тугатиш ўтказилганлиги тўғрисидаги якунловчи ҳисоботни тайёрлаши ва уни хўжалик судига тақдим этиши шарт.

Мол-мулкида давлат мулкининг улуши бўлган қарздор-банкрот тугатиш комиссиясининг энг кўп иш муддати, қоида тариқасида, бир йилдан ошиши мумкин эмас. Тугатиш комиссиясининг иш муддати алоҳида ҳолларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўпи билан яна олти ойга узайтирилиши мумкин.

Қарздор-банкротни тугатиш билан боғлиқ ишлар тугатиш комиссияси томонидан белгиланган муддатда тугалланмаган ва кредиторлар мол-мулкнинг бир қисмини қарзни қоплаш ҳисобига олишдан бош тортган тақдирда мол-мулкнинг реализация қилинмаган қисми қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мулкига ўтади.

Тугатиш комиссиясининг хатти-ҳаракатлари устидан хўжалик судига шикоят қилиш мумкин.


78-модда. Ишончли шахснинг ваколатлари


Ишончли шахс тасдиқланган пайтдан бошлаб қарздорнинг ишларини бошқариш бўйича барча ваколатлар, шу жумладан қарздорнинг мол-мулкини тасарруф этиш ваколатлари унинг ихтиёрига ўтади.

Қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи) ишончли шахс тасдиқланган пайтдан бошлаб уч кун ичида қарздорнинг бухгалтерлик ва бошқа ҳужжатлари, муҳр ва штамплари, моддий ва бошқа қимматли нарсалари ишончли шахсга берилишини таъминлайди. Кўрсатиб ўтилган мажбуриятни бажаришдан бош тортилган тақдирда қарздорнинг бошқарув органлари (ташқи бошқарувчи), шу жумладан, қарздор-юридик шахснинг раҳбари, қарздор-жисмоний шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Ишончли шахс:

қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиб олади, уни инвентаризация қилади ва баҳолайди ҳамда уни сақлаш чора-тадбирларини кўради;

кредиторлар йиғилиши ва кредиторлар қўмитасини чақиради;

кредиторлар талабларининг реестрини юритади ва бу талабларни кўриб чиқади;

қарздорнинг қарзини ундириш чора-тадбирларини кўради;

қарздор тугатилганда қарздорнинг ходимлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилади;

кредиторларнинг қарздорга нисбатан билдирган талаблари бўйича белгиланган тартибда эътирозлар билдиради;

қарздорнинг шартномаларини бажаришни ушбу Қонуннинг 56-моддасида белгиланган тартибда рад этади;

қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидириш, аниқлаш ва қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар кўради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қарздорнинг сақланиши шарт бўлган ҳужжатларини сақлаш учун топширади;

ушбу Қонунда белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида ишончли шахс қарздорни банкротликка олиб келганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлган учинчи шахсларга талаблар тақдим этишга ҳақли.

Ундирилган суммалар тугатиш массасига киритилади ва улар ушбу Қонунда белгиланган навбат тартибида фақат кредиторларнинг талабларини қондириш учун ишлатилиши мумкин.

Ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида ишончли шахс қарздорнинг ҳамда унинг кредиторларининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилиши шарт.



79-модда. Банкротни тугатиш режаси


Қарздор-банкротни тугатиш режасида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

қарздор-банкротнинг молиявий аҳволи тўғрисидаги маълумот;

кредиторларнинг талабномаларини қондириш шартлари, тартиби, навбати ва мутаносиблиги;

қарздор-банкрот мол-мулки эгасининг, меҳнат жамоасининг манфаатлари ҳисоби;

сотилиши керак бўлган мол-мулкнинг рўйхати;

мол-мулкни сотиш усули, жойи ва вақти;

суд харажатларини тўлаш, экспертлар, тугатиш комиссияси аъзолари, ишончли шахс ва бошқа шахсларнинг фаолиятига ҳақ тўлаш шартлари.

Қарздор-банкротни тугатиш режаси кредиторлар билан келишиб олиниши керак ва у, агар талаблар жами суммасининг камида учдан икки қисмини ифода этувчи кредиторлар томонидан қўллаб-қувватланса, маъқулланган деб ҳисобланади. Агар тугатиш режаси маъқулланмаса, кредиторлар эса қарздор-банкротни тугатишга доир ўз режаларини белгиланган муддатда тақдим этмасалар, ишончли шахс тугатиш комиссияси таклиф этган режани тасдиқлайди.

Қарздорнинг ўзи иш қўзғатиш ташаббускори бўлган тақдирда, у ўз тугатиш режасини тақдим этишга ҳақли.

Тасдиқланган тугатиш режаси асосида мол-мулк сотилади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздорга билдирилган талабномалар қондирилади.



80-модда. Тугатиш массаси.

Қарздорнинг мол-мулкини баҳолаш


Қарздор-банкротнинг барча активлари, балансларда кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, тугатиш массасини шакллантирувчи асосий ташкил этади.

Аукционда сотилаётган мол-мулк учун баланс (қолдиқ) қиймат бошланғич баҳо бўлади.

Қуйидагилар тугатиш массасига кирмайди:

қарздор ходимларининг хусусий мулкидаги мол-мулк;

ишончли (траст) бошқарувдаги, қарздор ижара ҳуқуқи асосида фойдаланаётган мол-мулк;

гаров нарсаси, ушбу Қонуннинг 82-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

қарздорга жавобгарлик асосида сақлаш учун берилган товарлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қарздорнинг мулки бўлмаган бошқа мол-мулк.

Қарздорнинг балансида белгиланганидан бошқа мақсадда ёки тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлмаган ижтимоий ва коммунал инфратузилма объектлари бўлган тақдирда, қарздор банкрот деб эълон қилинган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида тугатиш комиссиясининг қарори билан улар қолдиқ қиймати бўйича маҳаллий ҳокимият органларига берилади. Мазкур объектларни реализация қилишдан тушган маблағлар тугатиш массасига киритилади.


81-модда. Тугатишга доир иш юритиш давомида

қарздорнинг ҳисобварақлари


Ишончли шахс тугатишга доир иш юритиш давомида қарздорнинг битта банкдаги фақат ягона сўм ва ягона валюта ҳисобварақларидан фойдаланиши шарт.

Қарздорнинг тугатишга доир иш юритиш очилаётган пайтда маълум бўлган, шунингдек тугатишга доир иш юритиш жараёнида аниқланган банкдаги бошқа ҳисобварақлари аниқланиши биланоқ ишончли шахс томонидан ёпилиши лозим. Ана шу ҳисобварақлардаги қарздорга тегишли пул маблағларининг қолдиғи қарздорнинг асосий ҳисобварағига ўтказилиши лозим.

Тугатишга доир иш юритиш давомида келиб тушган пул маблағлари ҳам қарздорнинг асосий ҳисобварағига ўтказилади.

Асосий ҳисобварақдан ушбу Қонуннинг 83-моддасида назарда тутилган тартибда кредиторларга қарзлар ҳамда ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган харажатлар тўланади.

Қуйидагилар қарздорнинг асосий ҳисобварағидан тўланади:

ишончли шахсга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

қарздорнинг жорий коммунал ва фойдаланиш тўловлари;

қарздорни банкрот деб топиш ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошланганлиги ҳақидаги маълумотни эълон қилиш, шунингдек қарздорнинг кредиторларини бундан хабардор қилиш билан боғлиқ харажатлар;

тугатишга доир иш юритишни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

Ишончли шахс кредиторлар йиғилишига ва кредиторлар қўмитасига уларнинг талабига биноан қарздорнинг пул маблағларидан фойдаланганлик тўғрисида ҳисобот тақдим этади.



82-модда. Кредиторларнинг гаров билан

таъминланган талабларини қондириш


Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қондириш қарздорнинг гаровга қўйилган мол-мулки (гаров нарсаси) сотилганидан кейин тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бу маблағларнинг Кредиторларнинг талабларини ушбу Қонуннинг 83-моддасида белгиланган навбат бўйича қондиришга мўлжалланади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни (гаров нарсасини) сотишдан тушган сумма Кредиторларнинг гаров билан таъминланган барча талабларини тўла қондириш учун етарли бўлмаса, унда талабларнинг қолган қисми ушбу Қонуннинг 83-моддасида белгиланган навбат бўйича тўланиши керак.



83-модда. Кредиторларнинг талабларини қондириш навбати


Суд харажатларини, ташқи бошқарувчига, ишончли шахсга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни, жорий коммунал ва фойдаланиш тўловларини қоплаш, шунингдек қарздорнинг ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш жараёнида юзага келган мажбуриятларига доир талабларни қондириш навбатдан ташқари тарзда амалга оширилади.

Бюджетга, бюджетдан ташқари фондларга тўловларни ҳамда иш ҳақи тўлаш учун пул маблағлари берилишини назарда тутувчи тўлов (ижро) ҳужжатлари бўйича, алиментларни ундиришга доир талабларни қондириш учун ҳисобварақдан пул маблағларини ўтказиш ёки беришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари бўйича, муаллифлик шартномалари асосида ҳақ тўлаш, шунингдек ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, хўжалик субъектларининг бюджетга тўловлар бўйича ҳамда меҳнатга оид ва унга тенглаштирилган ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган талаблар бўйича мажбуриятлари тенг даражада бажарилишини таъминловчи талаблар биринчи навбатда қондирилади. Мазкур талаблар тўлиқ қондирилганидан сўнг ижтимоий суғурта бўйича талаблар ҳамда фуқароларнинг уларнинг мол-мулкига жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплашга доир талаблари қондирилади.

Мажбурий суғурта бўйича талаблар, шунингдек банкларнинг кредитлари ва банк кредитлари суғуртаси бўйича талаблар иккинчи навбатда қондирилади.

Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талаблари учинчи навбатда қондирилади.

Кредиторларнинг гаров билан таъминланмаган талаблари тўртинчи навбатда қондирилади.

Акциялар эгаларининг талаблари бешинчи навбатда қондирилади.

Қолган барча талаблар олтинчи навбатда қондирилади.

Ҳар қайси навбат бўйича талаблар олдинги навбат талаблари тўла-тўкис бажарилганидан кейин қондирилади.

Ундириб олинаётган сумма бир навбатнинг барча талабларини тўла-тўкис қондиришга етарли бўлмаган тақдирда бу талаблар ҳар бир ундирувчи олиши лозим бўлган суммага мутаносиб равишда қондирилади.

Охирги тўлов тўланганлиги тўғрисида расмий матбуотда махсус хабар эълон қилинади.

Мол-мулк қийматининг кредиторлар талаблари қондирилганидан ва иш юритиш харажатлари тўланганидан кейинги қолдиғини тугатилаётган қарздор мол-мулкининг эгаси (эгалари) олади.

Тугатиш жараёнида қарздорнинг сотилмай қолган мол-мулкидан мол-мулкнинг эгаси (эгалари) кўрсатмаси бўйича фойдаланилади.

Мол-мулк етарли эмаслиги сабабли қондирилмай қолган қарз мажбуриятлари узилган деб ҳисобланади.



84-модда. Қарздорнинг мол-мулкини сотиш


Қарздорнинг мол-мулки инвентаризация қилинганидан ва баҳоланганидан кейин ишончли шахс, агар кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан қарздорнинг мол-мулкини сотишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлмаса, ушбу мол-мулкни очиқ кимошди савдосида сотишга киришади.

Қарздорнинг мол-мулкини сотиш тартиби ва муддатлари кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан маъқулланган бўлиши керак.

Қарздорнинг муомала қобилияти чекланган мол-мулки фақат ёпиқ кимошди савдосида сотилиши мумкин. Ёпиқ кимошди савдосида қонунга мувофиқ мулк ҳуқуқида ёки бошқа ашёвий ҳуқуқда мазкур мол-мулкка эга бўла оладиган шахслар иштирок этадилар.

Ишончли шахс кимошди савдоси ташкилотчиси сифатида иш олиб бориши ёки кимошди савдосини ўтказишни ихтисослаштирилган ташкилотга шартнома асосида топшириши мумкин. Кимошди савдосини ўтказаётган ихтисослаштирилган ташкилот қарздорнинг ёки ишончли шахснинг манфаатдор шахси бўлиши мумкин эмас.

Биринчи кимошди савдосида сотилмай қолган мол-мулк такрорий кимошди савдосига қўйилади ёки кимошди савдоси ўтказмай тузилган олди-сотди шартномаси асосида ишончли шахс томонидан реализация қилинади.

Қарздорнинг корхонасини сотиш ушбу Қонуннинг 64-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



85-модда. Тугатиш жараёнида қарздорнинг талаб қилиш

ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш


Ишончли шахс, агар кредиторлар йиғилиши (қўмитаси) томонидан қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини сотишнинг (ўзганинг фойдасига воз кечишнинг) бошқача тартиби белгиланган бўлмаса, қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини очиқ кимошди савдосига қўйишга ҳақли.

Қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларини очиқ кимошди савдосида сотиш (ўзганинг фойдасига воз кечиш) ушбу Қонуннинг 66-моддасида назарда тутилган нормаларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.



86-модда. Ишончли шахснинг фаолиятини назорат қилиш


Ишончли шахс ҳар ойда камида бир марта кредиторлар қўмитасига (йиғилишига) ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот, қарздорнинг молиявий аҳволи ҳамда тугатишга доир иш юритиш бошланган пайтдаги ва иш юритиш жараёнидаги мол-мулки тўғрисидаги, шунингдек бошқа ахборот тақдим этади.

Ишончли шахс хўжалик судининг талабига биноан тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказишга тааллуқли барча маълумотларни тақдим этиши шарт.



87-модда. Ишончли шахсни четлаштириш


Ишончли шахс ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда кредиторлар йиғилишининг (қўмитасининг) илтимосномасига ёки банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органининг тақдимномасига биноан хўжалик суди уни ўз вазифаларини бажаришдан четлаштиради ҳамда янги ишончли шахсни тайинлайди.



88-модда. Ишончли шахснинг ҳисоботи


Кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қилиб бўлинганидан кейин ишончли шахс хўжалик судига тугатишга доир иш юритишни ўтказиш натижалари тўғрисида ҳисобот тақдим этиши шарт.

Ҳисоботга қуйидагилар илова қилинади:

қарздорнинг мол-мулки сотилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредиторлар талабларининг қондирилган қисмини кўрсатган ҳолда кредиторлар талабларининг реестри;

кредиторлар талаблари қондирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар.



89-модда. Қарздорнинг кредиторлар талаблари қондирилганидан

кейин қолган мол-мулки


Тугатишга доир иш юритишни ўтказиш натижалари тўғрисида хўжалик судига ишончли шахс томонидан ҳисобот тақдим этилганидан сўнг агар мол-мулк эгаси икки ҳафталик муддат ичида кредиторларнинг талаблари қондирилганидан кейин қолган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ариза бермаган бўлса, ишончли шахс бу хусусда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини хабардор қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бундай хабарни олган пайтдан эътиборан бир ойлик муддат ичида мол-мулкни балансга олади ва уни сақлаб туришга доир барча харажатларни кўтаради.



90-модда. Тугатишга доир иш юритиш таомилини якунлаш


Тугатишга доир иш юритиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисида ишончли шахс томонидан тақдим этилган ҳисобот кўриб чиқилганидан кейин хўжалик суди тугатишга доир иш юритиш якунланганлиги тўғрисида ажрим чиқаради ва уни юридик шахсларни давлат рўйхатига олувчи органга ўн кун ичида юборади.

Хўжалик судининг ажрими юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига қарздор тугатилганлиги тўғрисида ёзув киритилиши учун асосдир.

Юридик шахсларнинг ягона давлат реестрига қарздор тугатилганлиги тўғрисидаги ёзув киритилган пайтдан бошлаб ишончли шахснинг ваколатлари бекор қилинади, тугатишга доир иш юритиш якунланган, қарздор эса тугатилган деб ҳисобланади.



VII БОБ. КЕЛИШУВ БИТИМИ


91-модда. Келишув битимини тузиш тартиби


Хўжалик суди томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида қарздор ва кредиторлар келишув битимини тузишга ҳақлидир.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарорни кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши қабул қилади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битими тузиш тўғрисидаги қарори кредиторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва қарор, агар ушбу Қонуннинг 83-моддасида белгиланган биринчи, иккинчи ва учинчи навбат мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарор қарздор номидан тегишинча қарздор-жисмоний шахс ёки қарздор-юридик шахснинг раҳбари, ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахс томонидан қабул қилинади.

Келишув битимида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган учинчи шахсларнинг келишув битимида иштирок этишига йўл қўйилади.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда банкротлик тўғрисидаги иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажримда кўрсатиб ўтилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилса, хўжалик суди келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланган кундан эътиборан қарздор ва кредиторлар учун кучга киради ва улар учун мажбурий ҳисобланади. Кучга кирган келишув битимини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.



92-модда. Келишув битимининг шакли


Келишув битими ёзма шаклда тузилади.

Қарздор номидан келишув битимини тегишинча қарздор-жисмоний шахс ёки қарздор-юридик шахснинг раҳбари, ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахс имзолайди. Кредиторлар номидан келишув битимини кредиторлар йиғилиши томонидан вакил қилинган шахс имзолайди.

Агар келишув битимида учинчи шахслар иштирок этаётган бўлса, улар номидан келишув битимини тегишинча жисмоний шахс, юридик шахснинг раҳбари ёки уларнинг вакиллари имзолайди.



93-модда. Келишув битимининг мазмуни


Келишув битимида қарздор пул мажбуриятларининг миқдори, уларни бажариш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги ва (ёки) қарздорнинг пул мажбуриятларини воз кечиш ҳақини бериш, мажбуриятларни янгилаш, қарзни кечиш йўли билан ёхуд қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўзга усуллар билан тугатиш тўғрисидаги қоидалар бўлиши керак.

Келишув битимида қуйидагилар бўлиши мумкин:

пул мажбуриятларининг тўланиши кечиктирилганлиги ёки бўлиб-бўлиб тўланиши тўғрисидаги шартлар;

қарздорнинг талабидан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартлар;

қарздорнинг пул мажбуриятларини учинчи шахслар томонидан бажариш тўғрисидаги шартлар;

қарздан сийлов қилиш тўғрисидаги шартлар;

кредиторларнинг талабларини қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қондириш тўғрисидаги шартлар.

Келишув битими тузиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришда иштирок этмаган, шунингдек уни тузишга қарши овоз берган кредиторлар учун келишув битимининг шартлари уни тузишни ёқлаб овоз берган, шу навбатдаги кредиторлар учун белгиланган шартлардан ёмон бўлиши мумкин эмас.



94-модда. Келишув битимининг хўжалик суди

томонидан тасдиқланиши шартлари


Келишув битими ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар учун қарздор жавобгар бўлган фуқароларнинг қарзлари тўлаб бўлингандан кейин тузилиши мумкин.

Қарздор, ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахс келишув битими имзоланган пайтдан эътиборан беш кун ичида хўжалик судига келишув битими тузилганлигини тасдиқловчи ариза тақдим этиши керак.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:

келишув битимининг матни;

келишув битимини тузиш тўғрисида қарор қабул қилган кредиторлар йиғилишининг баённомаси;

барча кредиторларнинг уларнинг манзили ва қарз суммасини кўрсатган ҳолда тузилган рўйхати;

ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган фуқароларнинг қарзлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

келишув битими тузиш тўғрисидаги масала бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки келишув битимини тузишга қарши овоз берган кредиторларнинг ёзма эътирозлари.

Келишув битими кўриладиган сана ҳақида хўжалик суди манфаатдор тарафларни хабардор қилади. Хабардор қилинган шахсларнинг ҳозир бўлмаслиги ишни кўришга монелик қилмайди.



95-модда. Келишув битимининг хўжалик суди

томонидан тасдиқланиши оқибатлари


Ташқи бошқарув жараёнида хўжалик суди томонидан келишув битимининг тасдиқланиши кредиторлар талабларининг қондирилишига жорий этилган мораторий ҳамда банкротлик тўғрисидаги иш юритишнинг тугатилиши учун асосдир. Агар келишув битими хўжалик суди томонидан тугатишга доир иш юритиш даврида тасдиқланган бўлса, хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ижро этилмаслиги керак.

Келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб ташқи бошқарувчи ва ишончли шахснинг ваколатлари бекор қилинади. Ташқи бошқарувчи ва қарздор-юридик шахснинг ишончли шахси қарздорнинг раҳбари тайинлангунга (сайлангунга) қадар ўз ваколатларини бажаришни давом эттириб турадилар.

Келишув битими тасдиқланган пайтдан эътиборан тегишинча қарздор-жисмоний шахс ёки қарздор-юридик шахснинг раҳбари, ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахс кредиторларнинг қарзини тўлашга киришадилар.



96-модда. Келишув битимини тасдиқлашнинг

хўжалик суди томонидан рад этилиши


Ушбу Қонуннинг 94-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган фуқароларнинг қарзларини тўлашга доир мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда хўжалик суди келишув битимини тасдиқлашни рад этади.

Хўжалик суди келишув битимини тасдиқлашни қуйидаги ҳолларда рад этишга ҳақлидир:

келишув битимини тузишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартиби бузилганда;

келишув битимининг шаклига риоя этилмаганда;

учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бузилганда;

келишув битимининг шартлари қонун ҳужжатларига зид бўлганда.

Келишув битимини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради ва унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.



97-модда. Келишув битимини тасдиқлашнинг

рад этилиши оқибатлари


Хўжалик суди томонидан келишув битимини тасдиқлашнинг рад этилиши тўғрисида ажрим чиқарилган тақдирда битим тузилмаган деб ҳисобланади.

Хўжалик суди томонидан келишув битимини тасдиқлашни рад этиш тўғрисида ажрим чиқарилиши янги келишув битими тузилишига монелик қилмайди.



98-модда. Келишув битимининг ҳақиқий эмаслиги


Қарздор, кредитор ёки прокурорнинг аризасига биноан келишув битими хўжалик суди томонидан қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин:

келишув битими айрим кредиторлар учун афзаллик берилишини ёки айрим кредиторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишини назарда тутувчи шартларга эга бўлса;

битимни ҳақиқий эмас деб топиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлса.



99-модда. Келишув битимини ҳақиқий

эмас деб топишнинг оқибатлари


Келишув битимининг ҳақиқий эмас деб топилиши банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш учун асосдир. Банкротлик тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш тўғрисида хўжалик суди ажрим чиқаради ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин.

Келишув битими ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда кредиторларга тўланиши лозим бўлган, лекин кечиктирилган ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўланиши белгиланган талаблари ёки қарзларнинг сийлови уларнинг қондирилмаган қисми миқдорида тикланади.

Келишув битимининг ҳақиқий эмас деб топилиши ушбу Қонуннинг 94-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган фуқароларнинг қарзни тўлаш ҳисобидан олган нарсаларини қарздорга қайтариш мажбуриятини келтириб чиқармайди.

Битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг ушбу модда билан тартибга солинмаган қисмида битимни ҳақиқий эмас деб топишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган оқибатлари келиб чиқади.

Келишув битими ҳақиқий эмас деб топилганда қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги иш юритишни қайта тиклаш ҳақидаги хабар хўжалик суди томонидан расмий нашрда қарздор ҳисобидан эълон қилинади.

Кредиторларнинг келишув битими шартлари асосида ҳисоб-китоб қилиб бўлинган талаблари, агар ушбу Қонунга зид келмаса, қондирилган деб ҳисобланади. Келишув битимининг муайян кредиторлар устунлигини ёки бошқа кредиторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари камситилишини назарда тутувчи шартларига мувофиқ талаблари қондирилган кредиторлар келишув битимини бажариш тартибида олган барча нарсаларини қайтаришлари шарт.



100-модда. Келишув битимини бажармаслик оқибатлари


Келишув битими қарздор томонидан бажарилмаган тақдирда кредиторлар келишув битимида назарда тутилган ҳажмдаги талабларни тақдим этишга ҳақли.

Банкротлик тўғрисидаги иш юритиш қўзғатилган тақдирда келишув битими тузган кредиторлар талабларининг ҳажми келишув битимида назарда тутилган шартлар асосида белгиланади.



VIII БОБ. ҚАРЗДОР-ЮРИДИК ШАХСЛАР АЙРИМ

ТОИФАЛАРИНИНГ БАНКРОТЛИГИ ХУСУСИЯТЛАРИ


§ 1. Шаҳарни ташкил этувчи корхоналарнинг банкротлиги


101-модда. Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг

банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриш


Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи ишда иштирокчи шахс сифатида эътироф этилади.

Ишда иштирок этаётган шахслар сифатида хўжалик суди томонидан давлат бошқарув органлари ҳам жалб этилиши мумкин.

Шаҳарни ташкил этувчи корхона мақомини тасдиқловчи далиллар хўжалик судига қарздор томонидан тақдим этилиши керак.



102-модда. Ташқи бошқарув муддатини узайтириш


Ташқи бошқарув маҳаллий давлат ҳокимияти органининг илтимосномаси бўлган тақдирда хўжалик суди томонидан узоғи билан бир йил муддатга узайтирилиши мумкин.

Шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг молиявий аҳволини унинг фаолиятига инвестиция киритиш, ходимларни ишга жойлаштириш, янги иш жойларини яратиш йўли билан ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг бошқа усуллари билан яхшилаш режаси ташқи бошқарувни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатдан кўпроқ муддатга узайтириш учун асос бўла олади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки давлат бошқарув органининг илтимосномасига биноан қарздорнинг мажбуриятлари юзасидан кафиллик бериш шарти билан шаҳарни ташкил этувчи корхонани ташқи бошқарув муддати беш йилгача узайтирилиши мумкин. Бундай ҳолда қарздор ва унинг кафили кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилишга ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатлардан кечикмай киришишлари шарт.

Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган талабларга риоя қилинмаслиги қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш учун асос бўлади.



103-модда. Шаҳарни ташкил этувчи корхонани сотиш


Шаҳарни ташкил этувчи корхона кредиторларнинг талабларини қондириш мақсадида ташқи бошқарув чоғида сотилиши мумкин. Қарздор-шаҳарни ташкил этувчи корхонани сотиш танлов ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Қуйидагилар танловнинг мажбурий шартлари ҳисобланади:

шаҳарни ташкил этувчи корхона сотилаётган пайтда унда ишлаб турган ходимларнинг камида 70 фоизи учун иш жойларини сақлаб қолиш;

шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг фаолият соҳаси ўзгартирилган тақдирда мазкур ходимларни қайта ўқитиш ёки ишга жойлаштириш борасида харидорнинг мажбуриятлари.

Танловнинг бошқа шартлари фақат кредиторлар йиғилишининг розилиги билан, ушбу Қонуннинг 9-моддасида назарда тутилган тартибда белгиланиши мумкин.

Агар шаҳарни ташкил этувчи корхона танлов шартларида сотилмаган бўлса, у аукционда сотилади.



104-модда. Банкрот деб топилган қарздор-шаҳарни

ташкил этувчи корхонанинг мол-мулкини сотиш


Банкрот деб топилган қарздор-шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг мол-мулки сотилаётганда ишончли шахс биринчи кимошди савдосида сотиш учун корхонани ягона мулкий мажмуа сифатида таклиф этмоғи лозим.

Агар қарздор-шаҳарни ташкил этувчи корхонанинг мол-мулки ягона мулкий мажмуа сифатида сотилмаган бўлса, қарздорнинг мол-мулкини сотиш ушбу Қонуннинг 65-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



§ 2. Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг банкротлиги


105-модда. Қишлоқ хўжалиги корхоналари

банкротлигининг хусусиятлари


Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг банкротлиги тўғрисида иш юритиш қўзғатилгунга қадар уларга нисбатан "Қишлоқ хўжалиги корхоналарини санация қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда судгача санация қилиш қўлланилиши мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши мақсадларида ишлатилаётган ва банкрот деб топилган қишлоқ хўжалиги корхонасига тегишли бўлган кўчмас мол-мулк объектлари сотилаётганда ушбу объектларни сотиб олишда бошқа шартлар тенг бўлгани ҳолда айнан шу ҳудудда жойлашган қишлоқ хўжалиги корхоналари устун ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Қишлоқ хўжалиги корхонаси банкротлик оқибатида тугатилган тақдирда унга берилган ер участкалари ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда унинг тасарруфидан чиқарилиши ёки бошқа шахсга берилиши мумкин.



106-модда. Ташқи бошқарув


Қишлоқ хўжалиги корхонасига ташқи бошқарув етиштирилган (ишлаб чиқарилган, ишлаб чиқарилиб қайта ишланган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини реализация қилиш учун зарур вақтни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги ишларининг тегишли даври тугагунга қадар бўлган муддатга жорий этилади. Мазкур муддат ушбу Қонун 47-моддасининг учинчи қисмида белгиланган муддатлардан уч ойдан кўпроққа ошиб кетмаслиги лозим.

Ташқи бошқарув муддати мобайнида табиий офатлар ва бошқа форс-мажор вазиятлар туфайли қишлоқ хўжалиги корхонасининг ишлаб чиқаришида пасайиш ва молиявий ҳолатида ёмонлашиш содир бўлган бўлса, ташқи бошқарув муддати бир йилга узайтирилиши мумкин.



§ 3. Банкларнинг банкротлиги


107-модда. Банкларни банкрот деб топиш асоси


Банкни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик суди томонидан кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия қайтариб олинганидан кейингина қабул қилинади.

Қарздор-банкнинг ихтиёрий равишда ўзини банкрот деб эълон қилишига йўл қўйилмайди.



108-модда. Банкнинг банкротлиги тўғрисидаги

ишни кўриб чиқишнинг хусусиятлари


Қарздор-банк кредиторларнинг талабларини қондиришга қодир бўлмаган тақдирда юзага келадиган муносабатлар ҳамда банкларнинг банкротлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг хусусиятлари қонунларда белгиланган тарзда тартибга солинади.

Банкка ташқи бошқарув жорий этилмайди.

Ишда иштирокчи шахслар ушбу Қонунда назарда тутилганлардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, шунингдек фуқароларнинг омонатларини кафолатловчи (суғурталовчи) ташкилотдир.



§ 4. Суғурта ташкилотларининг банкротлиги


109-модда. Суғурта ташкилотининг банкротлиги

тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш


Қарздор-суғурта ташкилотининг банкротлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик судлов ишида иштирокчи шахс суғурта фаолияти устидан назорат қилувчи давлат органидир.



110-модда. Суғурта ташкилотининг мулкий мажмуасини сотиш


Суғурта ташкилотининг мулкий мажмуасини сотиш ташқи бошқарув жараёнида ушбу Қонуннинг 64-моддасига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Суғурта ташкилотининг мулкий мажмуасини сотиб олувчи фақат суғурта ташкилоти бўлиши мумкин.

Суғурта ташкилотининг мулкий мажмуаси ташқи бошқарув жараёнида сотилган тақдирда суғурта ташкилотининг мол-мулки сотилган санагача суғурта ҳодисаси бошланмаган суғурта шартномалари бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мажмуани сотиб олган шахсга ўтади.

Тугатишга доир иш юритиш ўтказилаётганида сотиб олувчи қарздор-суғурта ташкилоти банкрот деб топилган санага қадар суғурта ҳодисаси бошланмаган шартномаларни зиммага олишга рози бўлгандагина суғурта ташкилотининг мулкий мажмуаси сотилиши мумкин.



111-модда. Суғурта ташкилотлари банкрот бўлган тақдирда суғурта

қилдирувчиларнинг талаб қилиш ҳуқуқлари


Хўжалик суди суғурта ташкилотини банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда бундай ташкилот суғурталовчи сифатида тузган, мазкур қарор қабул қилинган санага қадар суғурта ҳодисаси бошланмаган барча шартномалар бекор қилинади, ушбу Қонун 110-моддасининг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Суғурта қилдирувчилар (наф олувчилар) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асосларга биноан бекор қилинган шартномалар бўйича суғурталовчига тўланган суғурта мукофотининг суғурта шартномасининг амал қилиш муддати билан бу шартнома амал қилган муддат ўртасидаги фарққа мутаносиб тарздаги қисми, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, қайтарилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Суғурта қилдирувчилар (наф олувчилар) хўжалик суди суғурта ташкилотини банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар суғурта ҳодисаси бошланган суғурта шартномалари бўйича суғурта суммаси тўланишини тугатиш комиссиясидан талаб қилишга ҳақлидир.



112-модда. Кредиторларнинг талабларини қондириш


Хўжалик суди суғурта ташкилотини банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда биринчи ва иккинчи навбатдаги Кредиторларнинг талаблари қуйидаги тартибда қондирилиши керак:

биринчи навбатда - Кредиторларнинг шахсий мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

иккинчи навбатда - Кредиторларнинг бошқа мажбурий суғурта шартномалари бўйича талаблари;

учинчи навбатда - бошқа Кредиторларнинг - суғурта қилдирувчиларнинг (наф олувчиларнинг) талаблари, шу жумладан ушбу Қонун 111-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган шахсларнинг талаблари;

тўртинчи навбатда - бошқа Кредиторларнинг талаблари.



§ 5. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчиларининг банкротлиги


113-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчиларининг банкротлиги хусусиятлари


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси бўлмиш юридик ёки жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида хўжалик судлов ишида иштирокчи шахс қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи ваколатли давлат органидир.

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг банкротлиги таомилларининг ушбу Қонун билан тартибга солинмаган хусусиятлари, шунингдек қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари мижозларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар қонунларда белгилаб қўйилиши мумкин.

Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари банкротлигининг олдини олиш ва уларнинг тўлов қобилиятини тиклашнинг судгача таомилларини ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.



114-модда. Ташқи бошқарувчига ва ишончли

шахсга тааллуқли талаблар


Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг банкротлиги тўғрисидаги иш бўйича ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахсда қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва назорат қилувчи ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия бўлиши керак.



115-модда. Ташқи бошқарув ва тугатишга

доир иш юритиш хусусиятлари


Мижозларнинг қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг тасарруфида бўлган қимматли қоғозлари ва бошқа мол-мулки тугатиш массасига киритилмайди.

Ташқи бошқарув ёки тугатишга доир иш юритиш жорий этилган пайтдан бошлаб мижозларнинг қолган қимматли қоғозлари, агар ташқи бошқарувчи ёки ишончли шахснинг мижозлар билан келишувида бошқача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, мижозларга қайтарилиши лозим. Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси бўлмиш ташкилотнинг ташқи бошқаруви чоғида ташқи бошқарувчи ушбу ташкилотга мижозлар томонидан бошқариш учун берилган қимматли қоғозларни мижозларнинг розилиги билан ва уларнинг номидан қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг тегишли лицензиясига эга бўлган бошқа ташкилотга бериши мумкин.



IX БОБ. ЖИСМОНИЙ ШАХСНИНГ БАНКРОТЛИГИ


116-модда. Жисмоний шахснинг банкротлигини тартибга солиш


Жисмоний шахснинг (тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга ошираётган шахснинг) банкротлиги билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар мазкур бобда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ушбу Қонуннинг I - IV боблари қоидалари қўлланилади.



117-модда. Қарздор-жисмоний шахсни банкрот

деб топиш тўғрисидаги ариза


Жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига қарздор-жисмоний шахс, кредитор, прокурор, шунингдек солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан берилиши мумкин.

Жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига кредиторлар ҳам эга, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, алиментларни ундириш тўғрисидаги талаблар бўйича, шунингдек шахсий тусдаги бошқа талаблар билан чиқувчи кредиторлар бундан мустасно.

Жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётган пайтда ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, алиментларни ундириш тўғрисидаги, шунингдек шахсий тусдаги бошқа талабларни қўяётган кредиторлар ўз талабларини тақдим этишга ҳақлидир. Мазкур кредиторларнинг талаблари, агар улар банкротлик таомили қўлланилаётганда билдирилмаган бўлса, жисмоний шахснинг банкротлиги таомили тугаганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.



118-модда. Қарзларни тўлаш режаси


Жисмоний шахснинг аризасига қарзларни тўлаш режаси илова олиниши мумкин, режанинг нусхалари кредиторларга ва ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга жўнатилади.

Кредиторларнинг эътирози бўлмаса, хўжалик суди қарзларни тўлаш режасини тасдиқлаши мумкин, бу эса банкротлик тўғрисидаги иш юритилишини узоғи билан икки ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш учун асос бўлади.

Қарзларни тўлаш режаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

уни амалга ошириш муддати;

қарздорга ёки унинг оила аъзоларига истеъмол учун ҳар ойда қолдириладиган сумманинг миқдори;

кредиторларнинг талабларини қондиришга ҳар ойда жўнатиш мўлжалланаётган сумманинг миқдори.

Хўжалик суди банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг асослантирилган илтимосномасига биноан қарзларни тўлаш режасини ўзгартириши, шу жумладан уни амалга ошириш муддатини узайтириши ёки қисқартириши, қарздорга ёки унинг оила аъзоларига истеъмол учун ҳар ойда қолдириладиган сумма миқдорини кўпайтириши ёки камайтириши мумкин.

Агар қарздор қарзларни тўлаш режасини бажариши натижасида кредиторларнинг талаблари тўла ҳажмда қопланса, банкротлик тўғрисидаги ишни юритиш тугатилиши керак.



119-модда. Жисмоний шахсларнинг тугатиш

массасига кирмайдиган мол-мулки


Қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк тугатиш массасига кирмайди.

Хўжалик суди қарздорнинг ҳамда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларнинг асослантирилган илтимосномасига биноан жисмоний шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлган, ноликвид мол-мулкини ёхуд реализация қилинганда тушган даромад кредиторларнинг талабларини қондиришга моҳиятан таъсир этмайдиган мол-мулкини тугатиш массасидан чиқаришга ҳақли.

Жисмоний шахснинг ушбу модда иккинчи қисмининг қоидаларига мувофиқ тугатиш массасидан чиқариладиган мол-мулкининг умумий қиймати энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан ортиқ бўлмаслиги керак. Бундай мол-мулкнинг рўйхати хўжалик суди томонидан тасдиқланиб, бу ҳақда ажрим чиқарилади.



120-модда. Жисмоний шахс битимларининг

ҳақиқий эмаслиги


Қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза хўжалик судига берилганидан кейин жисмоний шахснинг ўз мол-мулкини тасарруфдан чиқариш ёки манфаатдор шахсларга бошқа усуллар билан бериш билан боғлиқ битимлари ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардир.

Кредиторнинг талабига биноан хўжалик суди ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битим ҳақиқий эмаслигининг оқибатини жисмоний шахснинг битим предмети бўлган мол-мулкини жисмоний шахс мол-мулки таркибига қайтариш тариқасида ёки ундирувни манфаатдор шахсларда турган тегишли мол-мулкка қаратиш тариқасида қўлланади.



121-модда. Жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги

ишнинг хўжалик суди томонидан кўрилиши


Хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризани қабул қилиш билан бир пайтда жисмоний шахснинг мол-мулкини хатлаб қўяди, қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирувни қаратиш мумкин бўлмаган мол-мулк бундан мустасно. Қарздорнинг пул мажбуриятлари бажарилиши хусусида учинчи шахслар томонидан асослантирилган кафиллик берилган ёки бошқа кафолатланган таъминот тақдим этилган тақдирда хўжалик суди жисмоний шахснинг илтимосномасига биноан жисмоний шахснинг мол-мулкини (жисмоний шахс мол-мулкининг бир қисмини) хатловдан чиқариши мумкин.

Жисмоний шахснинг аризасига биноан хўжалик суди жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиши ёки келишув битимига эришиши учун банкротлик тўғрисидаги ишни кўришни узоғи билан бир ой муддатга кейинга қолдириши мумкин.

Жисмоний шахсга нисбатан мерос очилганлиги тўғрисида маълумот бўлган тақдирда, хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги иш юритишни мерос тақдири тўғрисидаги масала қонунда белгиланган тартибда ҳал қилингунга қадар тўхтатиб туришга ҳақли.

Агар жисмоний шахс ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган муддатда кредиторларнинг талаблари қондирилганлигини кўрсатувчи далилларни тақдим этмаган ва белгиланган муддатда келишув битими тузилмаган бўлса, хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилади.



122-модда. Жисмоний шахс банкрот деб топилишининг оқибатлари


Хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилган пайтдан эътиборан:

қарздорнинг пул мажбуриятларини бажариш муддати келган деб ҳисобланади;

қарздорнинг барча мажбуриятлари бўйича неустойкалар (жарималар, пенялар), фоизлар қўшиш ва бошқа молиявий (иқтисодий) санкциялар бекор қилинади;

қарздордан барча ижро ҳужжатлари бўйича, алиментлар ундириш тўғрисидаги талабларга доир ижро ҳужжатлари бундан мустасно, шунингдек ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблар бўйича амалга ошириладиган ундирувлар бекор қилинади.

Жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарорни хўжалик суди аниқланган барча кредиторларга улар ўз талабларини тақдим этадиган муддатни кўрсатган ҳолда жўнатади, бу муддат икки ойдан ошмаслиги керак. Хўжалик судининг ана шундай қарорини юбориш жисмоний шахс ҳисобидан амалга оширилади.

Хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилган пайтдан бошлаб унинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги ўз кучини йўқотади, шунингдек фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун унга берилган лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

Банкрот деб топилган жисмоний шахс унинг банкротлиги эътироф этилган кундан эътиборан бир йил ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олиниши мумкин эмас.

Хўжалик суди жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарор нусхасини айни шу шахсни якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олган органга юборади.



123-модда. Хўжалик судининг қарорини бажариш


Хўжалик судининг қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарори ҳамда ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисидаги ижро варақаси қарздорнинг мол-мулки сотилишини амалга ошириш учун суд ижрочисига юборилади. Қарздор-жисмоний шахснинг барча мол-мулки сотилиши керак, ушбу Қонунга мувофиқ тугатиш массасига кирмайдиган мол-мулк бундан мустасно.

Қарздор бедарак йўқолган тақдирда жисмоний шахснинг кўчмас мол-мулкини ёки қимматли кўчар мол-мулкини доимий бошқарув зарур бўлганда хўжалик суди мазкур мақсадлар учун ишончли шахсни тайинлайди ва унга тўланадиган ҳақ миқдорини белгилайди. Бу ҳолда қарздор-жисмоний шахснинг мол-мулки очиқ кимошди савдосида сотилади.

Қарздорнинг мол-мулкини сотишдан тушган, шунингдек мавжуд нақд пул маблағлари жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилган хўжалик судининг депозитига киритилади.



124-модда. Кредиторларнинг талабларини кўриш


Хўжалик суди кредиторлар томонидан ушбу Қонун 122-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган муддатда билдирилган талабларни кўради. Кўриш натижалари асосида хўжалик суди Кредиторларнинг талабларини қондириш тартиби ва миқдори тўғрисида ажрим чиқаради.



125-модда. Кредиторларнинг талабларини қондириш тартиби


Кредиторларнинг талаблари хўжалик суди депозитига киритилган пул маблағлари ҳисобидан қондирилгунга қадар банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш ва хўжалик судининг жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини бажариш билан боғлиқ харажатлар қопланади.

Кредиторларнинг талабларини навбат бўйича қондириш қуйидагича амалга оширилади:

биринчи навбатда бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга мажбурий тўловлар хусусидаги талаблар, ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказганлик учун қарздор жавобгар бўлган фуқароларнинг талаблари тегишли вақтбай тўловларни капиталлаштириш йўли билан, алимент ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш бўйича ҳисоб-китоб қилишни назарда тутувчи ҳамда муаллифлик шартномалари бўйича ҳақ тўлашга доир талаблар қондирилади; иккинчи навбатда Кредиторларнинг пул мажбуриятлари бўйича қарздорнинг мол-мулки гарови билан таъминланган талаблари қондирилади;

учинчи навбатда бошқа кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинади.

Ҳар қайси навбат бўйича талаблар олдинги навбат талаблари тўла-тўкис бажарилганидан кейин қондирилади.

Хўжалик судининг депозитида пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда бу маблағлар тегишли навбатдаги кредиторлар ўртасида улар талабларининг суммасига мутаносиб тарзда тақсимланади.



126-модда. Қарздорни мажбуриятлардан озод қилиш


Банкрот деб топилган жисмоний шахс кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилиш тугаганидан кейин кредиторларнинг жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганда билдирилган талабларини келгусида бажаришдан озод этилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган талаблар бундан мустасно.

Кредиторларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаблари, алиментларни ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек шахсий тусдаги, хўжалик судининг жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарорини ижро этиш тартибида бажарилмаган ёки қисман бажарилган ёхуд жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганида билдирилмаган бошқа талаблар ўз кучида қолади ва жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили тугалланганидан кейин тегишинча тўла ҳажмда ёки қондирилмаган қисми ҳажмида билдирилиши мумкин.

Қарздор томонидан мол-мулкнинг яширилганлиги ёки унинг ўз мол-мулкини учинчи шахсларга ғайриқонуний тарзда берганлиги фактлари аниқланган тақдирда банкротлик жараёнида талаблари қондирилмай қолган кредитор ундирувни ана шу мол-мулкка қаратиш талабини тақдим этишга ҳақли.



X БОБ. БАНКРОТЛИК ТАОМИЛИНИ СОДДАЛАШТИРИШ


§ 1. Тугатилаётган қарздор банкротлигининг хусусиятлари


127-модда. Тугатилаётган қарздорнинг банкротлиги


Агар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаганлиги ва (ёки) устав фондини шакллантирмаганлиги муносабати билан уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган қарздор-юридик шахснинг мол-мулки қиймати кредиторларнинг талабларини қондиришга етарли бўлмаса, бундай юридик шахс ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда тугатилади. Шу билан бирга давлат юридик шахснинг кредитори бўлган тақдирда, юридик шахсни тугатиш қонун ҳужжатларида ана шу тоифадаги юридик шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар аниқланган тақдирда тугатиш комиссияси қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан хўжалик судига ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни кўриши учун давлат солиқ хизмати органларига мурожаат этиши шарт.


128-модда. Тугатилаётган қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги

ишни кўриш хусусиятлари


Хўжалик суди тугатилаётган қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилиб, ишончли шахсни тасдиқлайди.

Кредиторлар тугатилаётган қарздорга бўлган ўз талабларини тугатилаётган қарздор банкрот деб топилганлиги тўғрисидаги эълон чоп этилган пайтдан бошлаб бир ойлик муддат ичида тақдим этишга ҳақли.



129-модда. Қарздорни банкротлик тартибида

тугатишдан бош тортиш оқибатлари


Ушбу Қонун 127-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган талабларнинг бузилиши юридик шахсларнинг давлат реестрига юридик шахс тугатилганлиги тўғрисидаги ёзувни киритишни рад этиш учун асос бўлади.



§ 2. Ҳозир бўлмаган қарздорнинг банкротлиги


130-модда. Ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот

деб топиш тўғрисида ариза беришнинг хусусиятлари


Қарздор-жисмоний шахс ёки амалда ўз фаолиятини тугатган қарздор-юридик шахснинг раҳбари ҳозир бўлмаган ва унинг қаердалигини аниқлашнинг имкони бўлмаган тақдирда, қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза кредиторлик қарзи миқдоридан қатъи назар кредитор, банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи, солиқ органи ёки бошқа ваколатли орган, шунингдек прокурор томонидан берилиши мумкин.



131-модда. Ҳозир бўлмаган қарздорнинг

банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриш


Хўжалик суди ҳозир бўлмаган қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарздорни банкрот деб топиш ҳақидаги аризани ўз иш юритувига қабул қилиб олган кундан эътиборан икки ҳафталик муддат ичида қарор қабул қилади.

Хўжалик судининг қарори банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органига юборилади, бу орган мазкур қарорни олган кундан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида хўжалик судига ишончли шахс номзодини тақдим этади. Хўжалик суди ишончли шахсни банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ходимлари орасидан тайинлаши мумкин.

Ишончли шахс ўзи аниқлаган барча кредиторларни қарздорнинг банкротлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади, улар бу хабарни олган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида ишончли шахсга ўз талабларини тақдим этишлари мумкин.

Ишончли шахс қарздорнинг мол-мулкини топган тақдирда хўжалик суди унинг илтимосномасига биноан банкротликнинг соддалаштирилган таомилини бекор қилиш ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилган банкротликнинг умумий таомилига ўтиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.



XI БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


132-модда. Банкротликка олиб келган ғайриҳуқуқий ҳаракатлар


Банкротликка олиб келган ғайриҳуқуқий ҳаракатлар дейилганда мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгаларининг ёхуд кредитор (кредиторлар) ёки бошқа шахсларнинг қасддан қилган хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ, қарздорга ёки кредиторга (кредиторларга) зарар етказган қоидабузарликлар тушунилади.

Қуйидагилар ҳам ғайриҳуқуқий ҳаракатлар жумласига киради:

қарздор мол-мулкининг ёки мажбуриятларининг ҳаммасини ёки бир қисмини яшириш;

қарздорнинг хўжалик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳисобга олишнинг ҳар қандай ҳужжатини яшириш, йўқ қилиш, сохталаштириш;

мол-мулкни (шу жумладан, пул маблағларини) яшириш мақсадида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериб юбориш;

бухгалтерлик ҳужжатларига зарур ёзувларни киритмаслик;

қарздорнинг кредитга олинган ва ҳақи тўланмаган мол-мулкининг ҳаммасини ёки бир қисмини сотиш, йўқ қилиш, гаров сифатида қўйиш;

мансабдор шахсларнинг ёки қарздор мол-мулки эгаларининг шахсий манфаатларини ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қарздорнинг тўловга қобилиятсизлигини ошириш;

айланма маблағларни қайтармай бошқа мақсадларга ишлатиш;

кредиторларга тўланадиган тўловлардан сийлов олиш ёки тўловни бўлиб-бўлиб тўлашга эришиш учун кредиторларни чалғитиш мақсадида ўзининг ночорлигини қасддан ёлғон (сохта) эълон қилиш;

кредиторга (кредиторларга) зарар етказиш мақсадини кўзлаган ҳолда бошқа ҳар қандай усул билан қасддан банкротликка олиб келиш;

кредиторнинг талабларини бошқа кредиторларнинг зарарига афзалроқ қондириш, шундай қондиришга розилик бериш;

солиқлар ва қарзларни тўлашдан қочиш мақсадида қарздорнинг қасддан ўзини ўзи тугатиши.

Банкротликни келтириб чиқарган ғайриҳуқуқий ҳаракатлар олган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари мумкин.



133-модда. Ташқи бошқарувчи, ишончли шахснинг аризаларини

ва кредиторларнинг шикоятларини кўриш


Ташқи бошқарув ёки тугатишга доир иш юритиш жараёнида ташқи бошқарувчи, ишончли шахс берган аризалар, шу жумладан улар билан кредиторлар ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисидаги аризалар, шунингдек кредиторларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлиги хусусидаги шикоятлари тегишли ариза ва шикоятлар олинган кундан эътиборан икки ҳафталик муддатдан кечиктирмай хўжалик суди томонидан кўрилади. Уларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилади.

Ташқи бошқарувчи, ишончли шахс ва қарздорнинг ходимлари вакили ўртасидаги келишмовчиликлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатларда кўрилади.

Пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар таркиби, миқдори ва уларни тўлаш навбати хусусида кредиторлар, солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар билан ташқи бошқарувчи ёхуд ишончли шахс ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликлар хўжалик суди томонидан ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда кўрилади.

Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ва ишдан бўшатиш нафақаси тўлашга доир талабларнинг таркиби ва миқдори хусусида қарздорнинг ходимлари вакили билан ташқи бошқарувчи, ишончли шахс ўртасида келиб чиқадиган келишмовчиликлар хўжалик суди томонидан ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда кўрилади.

Хўжалик судининг ажрими устидан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда шикоят қилиниши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1998 й., 9-сон, 168-модда