язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Аудит. Баҳолаш фаолияти. Суғурталаш/ Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.03.2019 й. 218-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 мартдаги

218-сон қарорига

1-ИЛОВА



Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Аудиторлик фаолияти фақат аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади, "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган профессионал хизматлар кўрсатиш бундан мустасно.

Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (кейинги ўринларда лицезияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.

Лицензия аудиторлик ташкилотининг аризасига кўра берилади.

Лицензияни олиш ёки қайта расмийлаштириш учун аризада аудиторлик ташкилотининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Лицензияниолиш ёки қайта расмийлаштириш учун аризада аудиторлик ташкилотининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг лицензияни олиш ёки қайта расмийлаштириш учун аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга розилиги ҳисобланади.

Ҳужжатлар аудиторлик ташкилоти томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар аудиторлик ташкилотининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


3. Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш, беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тугатиш, ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки тиклаш, шунингдек, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бериш, беришни рад этиш, лицензиянинг амал қилишини тугатиш, ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш ёки тиклаш, шунингдек, уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилотига ёзма ёки ахборот тизими орқали электрон шаклда, қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида етказилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


4. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган аудиторлик ташкилоти лицензия олиш учун лицензияловчи органга мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олишга аризани (кейинги ўринларда лицензия олиш учун ариза деб аталади) меҳнат дафтарчалари (нусхаси олиниб, асли қайтарилади) ва асосий иш жойи бўйича штатдаги аудиторларнинг ушбу Низомда назарда тутилган штатдаги аудиторларнинг энг кам сонига тўғри келадиган миқдорда ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг иш жойидан тасдиқланган нусхаларини илова қилган ҳолда тақдим этади.

Давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб уч ой мобайнида лицензияловчи органга лицензия олиш учун ариза тақдим этмаган тижорат ташкилоти ўз номида "аудиторлик ташкилоти" сўзларидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Аудиторлик ташкилотидан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

Лицензияловчи орган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари реестри маълумотларини белгиланган тартибда рўйхатга олинган аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги ахборот билан таққослашни ҳар чоракда амалга оширади.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


5. Лицензия олиш учун ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилади.

Аудиторлик ташкилотининг ҳужжатларини кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш муддати лицензия олиш учун ариза ва зарур ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн беш календарь кунни ташкил этади.


6. Лицензия олиш учун аризани лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқиши учун энг кам ойлик иш ҳақининг (лицензияловчи органга лицензия олиш учун ариза тақдим этилган кундаги) бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензия олиш учун аризани кўриб чиққанлик учун йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисобрақамига ундирилади.

Аудиторлик ташкилоти лицензия олиш учун берган аризасини қайтариб олган ҳолатларда йиғим қайтариб берилмайди.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ БЕРИШНИ

РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ

ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Лицензия унинг амал қилиши чекланмаган муддатга берилади. Лицензия мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда белгиланган намунадаги махсус бланкада расмийлаштирилади.

Лицензияни бериш мазкур Низомнинг 3-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


8. Лицензияни бериш тўғрисидаги хабарномада давлат божи тўланадиган банк ҳисобрақамининг реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддатлари кўрсатилади.

Агар лицензияловчи орган лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, кўрсатилган муддат ўтгандан сўнг аудиторлик ташкилоти лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда лицензияловчи орган аудиторлик ташкилотининг ёзма хабарини олгандан кейин беш иш куни мобайнида унга лицензия бериши шарт.


9. Аудиторлик ташкилоти томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан сўнг икки кун муддатда лицензия расмийлаштирилади ва берилади.

Лицензия берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.

Давлат божи Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетига ўтказилади.


10. Лицензиянинг асл нусхаси реестрга имзо қўйдирган ҳолда аудиторлик ташкилоти раҳбарига ёхуд аудиторлик ташкилоти томонидан берилган ишончнома асосида бошқа шахсга берилади. Лицензия нусхаси лицензияловчи органда белгиланган тартибда сақланади.


11. Лицензияни бериш қуйидаги сабабларга кўрарад этилиши мумкин:

аудиторлик ташкилоти томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда;

ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

аудиторлик ташкилоти лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ бўлмаганда.

Бошқа сабабларга кўра, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслиги туфайли лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.


12. Лицензия беришни рад этишга асос бўлган сабабларни бартараф этиш учун аудиторлик ташкилотига ўн беш кун муддат берилади.

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензияловчи орган томонидан барча зарур ҳужжатлар билан бирга лицензия олиш учун ариза тақдим этилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида амалга оширилади. Лицензия олиш учун аризанинг қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия олиш учун аризани такрорий кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича уни беришнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.

Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этиш мақсадида берилган муддат тугагандан сўнг лицензия олиш учун тақдим этилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА ДУБЛИКАТ БЕРИШ ТАРТИБИ


13. Аудиторлик ташкилоти қайта ўзгартирилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган ҳолатларда, аудиторлик ташкилоти ёхуд унинг ҳуқуқий вориси, қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг бир ой муддатда лицензияловчи органга қайта расмийлаштириладиган лицензияни ва тегишли ўзгартиришларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари қўшиб юборилиши натижасида янгидан аудиторлик ташкилоти вужудга келган тақдирда, лицензияни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.


14. Лицензияни қайта расмийлаштириш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза олинган кундан бошлаб лицензияловчи орган томонидан беш иш куни мобайнида амалга оширилади.


15. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган лицензия ўрнига, аудиторлик ташкилотининг аризасига кўра дубликат берилади.


16. Лицензиянинг қайта расмийлаштирилганлиги ёки дубликат берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида йиғим ундрилади.

Йиғим суммаси лицензияловчи органнинг махсус ҳисобрақамига ўтказилади.


17. Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар аудиторлик ташкилоти фаолиятини илгари берилган лицензия асосида амалга оширади. Мазкур Низомнинг 13-банди биринчи хатбоши талаблари бузилган ҳолда аудиторлик фаолиятини амалга ошириш лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик каби қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.



6-БОБ. АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИГА

НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН ЛИЦЕНЗИЯ

ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


18. Қуйидагилар аудиторлик фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

устав капиталида аудиторларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган улушига эга бўлиши;

устав капиталини аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган мол-мулкдан, шу жумладан пул маблағларидан шакллантириш;

фақат аудиторлик фаолиятини амалга ошириш;

аудиторлик ташкилоти масъулиятини суғурта қилиш полисига эга бўлиш;

аудитор томонидан аудиторлик фаолиятини фақат битта аудиторлик ташкилотида амалга ошириш;

штатдаги аудиторлар сони мазкур Низомда назарда тутилган миқдорда бўлиши;

аудиторлик текшируви ўтказишда олинган ахборотларнинг сир сақланишини таъминлаш;

аудиторлик хизматлари кўрсатишда шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажариш;

аудиторлик ташкилоти раҳбари лавозимига фақат ушбу аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудиторни тайинлаш;

аудиторлик фаолиятини амалга оширишда мустақилликни таъминлаш;

аудиторлик фаолияти стандартларига мувофиқ аудиторлик ҳисоботини ва аудиторлик хулосасини тузиш;

аудиторлик ташкилотларида ички стандартларнинг мавжуд бўлиши;

ўз почта манзили ўзгаргани тўғрисида лицензияловчи органни ўн кун муддатда хабардор қилиш;

аудиторлик фаолияти тўғрисидаги маълумотларни бир йилда бир марта, белгиланган шаклда лицензияловчи органга тақдим этиш, шунингдек, лицензияловчи органнинг талабига кўра аудиторлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ахборотларни тақдим қилиш;

аудиторлар иши сифатининг назоратини таъминлаш;

аудиторларнинг бир йилда бир марта малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаш;

аудиторлик ташкилоти раҳбари алмашганлиги ва (ёки) аудиторлар таркиби ўзгарганлиги тўғрисида лицензияловчи органни беш кун муддатда хабардор қилиш;

аудиторлик текширувларини амалга оширишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чекловларга риоя қилиш;

ўзининг веб-сайтида ёки Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасининг веб-сайтида ўтказилган мажбурий аудиторлик текширувлари ҳақидаги ахборотни эълон қилиш.


19. Мазкур аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган штатдаги аудиторларнинг энг кам сони камида тўрт нафарни ташкил этади.

Лицензия олингандан сўнг ушбу банд талабларига тўғри келмаган тақдирда аудиторлик ташкилоти номувофиқлик юзага келган кундан бошлаб беш кун давомида лицензияловчи органни бу ҳақда ёзма равишда ёки электрон алоқа воситалари орқали хабардор қилади ҳамда кўрсатилган санадан бошлаб уч ойдан кўп бўлмаган муддатда юзага келган номувофиқликни бартараф этиши, ёхуд белгиланган тартибда ўз фаолиятини тугатиши тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Аудиторлик ташкилоти томонидан ушбу банд талабларига кўра номувофиқлик бартараф этилгунга қадар аудиторлик текширувини ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради.


20. Аудиторлик ташкилотининг устав капитали аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган мол-мулкдан, шу жумладан пул маблағларидан шакллантирилади.



7-БОБ. АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТИ

ИШИ СИФАТИНИНГ НАЗОРАТИ


21. Лицензияловчи орган томонидан Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳар уч йилда камида бир марта аудиторлик ташкилотлари ишининг сифатини ташқи назоратдан ўтказади.

Мажбурий аудиторлик текширувларини ўтказувчи аудиторлик ташкилотлари иши сифатининг ташқи назорати натижалари лицензияловчи органнинг веб-сайтида эълон қилинади.


22. Лицензияловчи орган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларининг бузилиши фактлари тўғрисидаги мурожаатларига ёки аудиторлик ташкилоти фаолиятини таваккалчилик-таҳлил натижаларига асосан аудиторлик ташкилотлари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилинишини текшириш ташаббуси билан чиқишга ҳақли.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ, ТИКЛАШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


23. Аудиторлик ташкилотлари иши сифатини ташқи назоратдан ўтказишда қонун ҳужжатларини бузиш ёки лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги аниқланганда, шунингдек, лицензияловчи органнинг аниқланган бузилишларни бартараф этиш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилоти томонидан бажарилмаган тақдирда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш мумкин.

Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ёхуд ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш, ёки тугатиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Суднинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилотига ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Лицензияловчи орган ёки суд лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун аудиторлик ташкилотига муддат белгилайди. Бунда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун суд қарорида белгиланган муддат олти ойдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


24. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврда аудиторлик ташкилоти томонидан фаолиятни амалга ошириш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.


25. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар аудиторлик ташкилоти томонидан бартараф этилганда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган лицензияловчи орган ёки суд кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқнома олинган кундан бошлаб уч кун муддатда лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.


26. Агар аудиторлик ташкилоти кўрсатиб ўтилган ҳолатларни белгиланган муддатда бартараф этмаган бўлса, лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида судга мурожаат қилишга ҳақли.


27. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолатларда ҳам тугатилади:

аудиторлик ташкилоти лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

аудиторлик ташкилоти тугатилганда;

аудиторлик ташкилотининг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда, бундан у қайта ўзгартирилган, шунингдек, янгидан вужудга келган аудиторлик ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қўшиб юборилаётган аудиторлик ташкилотларида лицензия мавжуд бўлган ҳолатлар мустасно;

аудиторлик ташкилоти томонидан лицензия битимида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар аудиторлик ташкилоти томонидан лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этилмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганда.

Лицензиянинг амал қилишини ушбу банднинг бешинчи-еттинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларда тугатиш суд қарорига кўра, бошқа ҳолатларда эса - лицензияловчи органнинг қарорига кўра амалга оширилади.

Суднинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилотига ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Лицензия унинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор аудиторлик ташкилоти томонидан олинган кундан бошлаб ўн кун мобайнида лицензияловчи органга қайтарилади ва йўқ қилинади.

Лицензиянинг амал қилиши уни тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб тугатилади.


28. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлиб ҳисобланадиган лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузишга қуйидагилар киради:

аудиторлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш;

аудиторлик фаолиятини амалга оширишда мустақилликни таъминламаслик;

қасддан сохта аудиторлик хулосасини тузиш;

аудиторлик текширувини ўтказишда олинган махфий ахборотни аудиторлик текшируви буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилиш, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар мустасно;

аудиторлик текширувларини ўтказишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чекловларга риоя қилмаслик;

аудиторлик фаолиятини амалга оширишда аудиторлик ташкилоти масъулиятини суғурта қилиш полисининг мавжуд эмаслиги.


29. Лицензия қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:

аудиторлик ташкилоти лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

лицензиянинг қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда;

агар аудиторлик ташкилоти лицензия бериш ҳақидаги қарор қабул қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан бошлаб уч ой давомида лицензияловчи органга давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган бўлса, ёхуд лицензия битимини имзоламаган бўлса.

Ушбу банднинг учинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатларда лицензияни бекор қилиш суд тартибида, бошқа ҳолатларда эса лицензияловчи органнинг қарорига кўра амалга оширилади.


30. Суднинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори аудиторлик ташкилотига ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Лицензиянинг бекор қилиниши тўғрисидаги қарор аудиторлик ташкилоти томонидан олинган кундан бошлаб лицензия ўн кун давомида лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак. Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия у берилган санадан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади.

Лицензия бекор қилинган тақдирда тўланган давлат божи қайтарилмайди.


31. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, шунингдек, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.



9-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯГА ЭГА БЎЛГАН

АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ

РЕЕСТРИНИ ЮРИТИШ


32. Лицензияловчи орган лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари реестрини юритади, унда қуйидагилар кўрсатилади:

аудиторлик ташкилотининг номи ва унинг жойлашган жойи (почта манзили);

алоқа телефони рақами;

ҳисоб-китоб рақами;

электрон манзили (веб-сайт);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

таъсисчиларнинг устав капиталидаги улушлари тўғрисида ахборот;

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми ва унинг аудитор малака сертификати санаси ва рақами, шунингдек, ушбу ташкилотда ишловчи аудиторларнинг малака сертификатларининг рақамлари ва саналари;

лицензиянинг берилган санаси ва рақами;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, қайта тиклаш асослари ва саналари;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва саналари;

лицензияларни қайта расмийлаштириш ва дубликатлар бериш асослари ва саналари.


33. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида, шунингдек, "Лицензия" комплекс ахборот тизимларининг электрон реестрида жойлаштирилади.

Тижорат ташкилоти, агар у ҳақдаги ахборот Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестрига киритилган санадан бошлаб уч ой давомида лицензияга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари реестрига киритилмаган бўлса, ўз номида "аудиторлик ташкилоти" сўзларидан фойдаланишга ҳақли эмас.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Лицензияловчи органнинг қарори, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан аудиторлик ташкилоти томонидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


35. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.






Низомга

1-ИЛОВА



Аудиторлик фаолиятини амалга

оширишга лицензия олиш учун

АРИЗА

   

1. Аудиторлик ташкилотинингноми


2. Почта манзили

алоқа боғлаш телефони (коди билан)

,

СТИР

Банк реквизитлари


3. Электрон манзили (веб-сайт)


4. Аризага илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати:


4.1.


4.2.


ва бошқалар.



Раҳбарнинг имзоси






Низомга

2-ИЛОВА



НАМУНА


(Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири)

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги


Аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун

ЛИЦЕНЗИЯ

Серия ________

N _________

20 __ йил "__" _______



Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг

20__ йил "__"__________даги ___-сон буйруғига мувофиқ

(аудиторлик ташкилотининг номи)

га

(аудиторлик ташкилотининг почта манзили ва СТИР)


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аудиторлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади.



Ваколатли шахснинг Ф.И.Ш ва имзоси


М.Ў.






Низомга

3-ИЛОВА



Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар





Тадбирлар

Бажариш муддатлари


1-босқич

Аудиторлик ташкилоти

1. Аудиторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.


2. Ҳужжатларни бевосита ёки улар олинганлиги ҳақида хабардор қиладиган тартибдапочта алоқаси воситалари орқали ёхуд электрон шаклда тақдим этади.

Лицензия талабгори хоҳишига кўра


<


  



  

  


   V




  


2-босқич

Лицензияловчи орган

1. Ҳужжатларни рўйхат бўйича қабул қилади, унинг нусхасини ҳужжатлар қабул қилиган санани кўрсатган ҳолда лицензия талабгорига топширади.


2. Ҳужжатларни кўриб чиқади ва лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


3. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.

1. Ҳужжатлар қабул қилинган кунда



2. Аризаолинган кундан бошлаб 15 кундан кўп бўлмаган муддатда

3. Тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида































   V






















3-босқич

Аудиторлик ташкилоти





Лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда лицензияловчи органга лицензия берилиши учун давлат божи тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ва лицензия битимини имзолайди.


Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этади, ҳужжатларни қайта тақдим этади.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидахабарнома лицензия талабгорига юборилган вақтдан бошлаб 3 ойдан кечикмаган муддатда


15 кун муддатда









































   V






















4-босқич

Лицензияловчи орган





1. Лицензия талабгори томонидан лицензия берилиши учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда ва лицензия битими имзоланган тақдирда лицензия бланкасини расмийлаштиради.


2. Лицензия талабгорига лицензияни ва лицензия битимининг бир нусхасини топширади.


3. Тегишли ёзувни реестрга киритади.

Давлат божи тўлангандан сўнг ва лицензия битими имзолангандан кейин 2 иш куни мобайнида







  

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 март