язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ўсимлик дунёси тўғрисидаги қонунчилик/ Ўрмон хўжалигини ташкиллаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.03.2019 й. 213-сон "Қашқадарё вилоятида ўрмон хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

12.03.2019 й.

N 213




ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИДА ЎРМОН ХЎЖАЛИГИ

СОҲАСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Қашқадарё вилоятида тоғ, тоғ ёнбағирлари ва чўл ҳудудларидаги самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, яйловзорлар, писта, бодом плантацияларини барпо этиш ва ўрмонзорларни кўпайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Қумдарё давлат ўрмон хўжалигини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Қумдарё давлат ўрмон хўжалигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ўрмонзорлар барпо этиш, ўрмон фондини ҳар томонлама кенгайтириш ва муҳофаза қилиш, ўрмон бойликларидан оқилона фойдаланишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

ажратилган ер майдонларида писта, бодом ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш ҳамда кўчатхоналар ташкил этиш;

ўрмонларни тиклаш, иҳота ўрмонзорларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари ҳамда чўл ҳудудларида эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш;

ўрмонларни ёнғиндан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқача тарзда бузилишидан муҳофаза ва назорат қилиш.


3. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

Қашқадарё давлат ўрмон хўжалигининг Чироқчи тумани, Еттитом қўрғони, 1-уй манзилида жойлашган биноси оператив бошқариш ҳуқуқи билан Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига ажратиб берилишини;

табиий ўрмонзорлар майдонлари, доривор ўсимликлар захираси мавжуд майдонлар ва туман ҳокимликлари захирасидаги ер майдонлари писта ва бодом плантацияларини барпо қилиш ҳамда доривор ўсимликлар етиштириш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ўрмон хўжаликларига ажратиб берилишини;

Чироқчи тумани ҳудудидаги ер майдонлари хатловдан ўтказилиб, табиий ўрмонзорлар ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонларидан 28525 гектар майдон доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан янги ташкил этилаётган Қумдарё давлат ўрмон хўжалигига белгиланган тартибда ажратиб берилишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

бир ой муддатда янги ташкил этилаётган Қумдарё давлат ўрмон хўжалигининг устави ва штат жадвали тасдиқланишини таъминласин;

икки ой муддатда пистачилик соҳасини янада ривожлантириш, пистанинг мамлакатимиз тупроққлим шароитларига мос серҳосил ва юқори сифатли навларини кўпайтириш ҳамда келажакда янги истиқболли навларини яратиш мақсадида Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қамаши давлат ўрмон хўжалиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Пистачиликни ривожлантириш илмий-тажриба хўжалиги фаолиятини ташкил этсин.


5. Белгилаб қўйилсинки, Қумдарё давлат ўрмон хўжалиги фаолиятини молиялаштириш 2019 йилда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига, кейинги йилдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, бюджетдан ташқари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


6. Қашқадарё вилояти давлат ўрмон хўжаликлари ер майдонларида 2019-2020 йилларда писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда плантацияларини барпо этиш ҳажмлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Тошкент давлат аграр университети, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти, академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти:

икки ҳафта муддатда ҳудудларнинг тупроққлим шароитларидан келиб чиқиб писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда етиштиришга ихтисослашган плантацияларни ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишини;

2019 йил 1 апрелга қадар Қашқадарё вилоятидаги ўрмон хўжаликлари мутахассислари иштирокида писта, аччиқ бодом, ёнғоқ ва чаканда етиштириш юзасидан ўқув семинарлари ўтказилишини таъминласинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вилоятда мавжуд табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захирасини ўрганишга ва йўқолиб кетиш арафасида турган ўсимликлар захирасини муҳофаза қилишга, мониторингини олиб боришга ҳамда уларнинг табиий кўпайиш шарт-шароитларининг илмий асосларини тадқиқ этишга йўналтирилган давлат илмий-техника дастури доирасида бажариладиган илмий лойиҳаларни икки ой муддатда Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилишини таъминласин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси Н.Ж. Бакиров ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 март