ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш /

Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.03.2019 й. 265-сон қарорига 8-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 мартдаги

265-сон қарорига

8-ИЛОВА



Моддий маданий мерос объектларининг

муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан

фойдаланиш устидан давлат назоратини

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат назорати - юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, объектларнинг муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланиш ва бошқа зарур ҳолатларни ўрганиш, аниқлаш, таҳлил ва мониторинг қилиш, баҳолаш ҳамда салбий таъсирларнинг олдини олишга қаратилган текширишлар мажмуи;


назорат қилувчи орган - Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари;

объект - моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилган ёки тарихий-маданий қимматга эга эканлиги аниқланган бино, иншоотлар, ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк объектлари, археология мерос объектлари ва археология ашёлари, тарихий-маданий қийматига кўра, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар), алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар.


3. Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда, ушбу назорат "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Назорат қилувчи орган томонидан давлат назорати тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилганда ушбу давлат назорати - текшириш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олиниши шарт.


4. Объект юзасидан давлат назорати фойдаланувчи (баланс сақловчиси, мулк эгаси, оператив бошқариш бўйича ҳуқуқ эгаси) билан тузилган ижара, текин фойдаланиш ва муҳофаза қилиш шартномаларига мувофиқ ҳам ўтказилиши мумкин.


5. Давлат назоратининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, аниқлаш ва чек қўйиш;

объект ҳолатини кузатиб бориш, муҳофаза қилиш ва сақланишига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни ҳамда уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиш ва нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш, шунингдек, ушбу ҳолатларни бартараф этиш чораларини кўриш;

мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг объектни муҳофаза қилиш ва сақлаш талабларига мувофиқлигини аниқлаш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари  ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш;

объектдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати ҳамда уни муҳофаза қилиш, сақлаш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларни хабардор қилиш.


6. Давлат назоратини амалга оширишда қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши таъминланиши шарт.


7. Давлат назорати объектлари қуйидагилардан иборат:

объект, унинг муҳофаза белгилари ва археология ашёлари;

объектнинг муҳофаза тегралари, объектнинг иморатлар қуриш ва хўжалик фаолиятини тартибга солиш тегралари ҳамда қўриқланадиган табиий ландшафт тегралари;

объектга таъсир этувчи табиий ва техноген манбалар;

объект муҳофазаси қилиш ва фойдаланишга доир ҳужжат, материал ҳамда ахборотлар;

объектни муҳофаза ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.


8. Давлат назоратининг шакллари қуйидагилардан иборат:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига амал қилинишини, давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини текшириш;

объектнинг ҳолатини кўрикдан ўтказиш ва уларни қайд этиб қўйиш;

сўровномалар йўллаш, зарур бўлган ахборот, ҳужжат ва материалларни олиш ва таҳлил қилиш;

объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид ҳужжат  ва материалларни тафтиш қилиш;

объектни тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш.



2-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИ


9. Давлат назорати назорат қилувчи орган томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органнинг давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслари лавозимларининг рўйхати назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланади.


10. Давлат назорати хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш шаклида ўтказилганда, давлат назоратини амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлишлари лозим.


11. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига аралашмаган ҳолда, давлат мулкида турган объектнинг муҳофаза қилишини ва сақланиши ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш учун назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсларига хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи аттестациядан ўтган бўлиши ҳамда текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномага эга бўлиши талаб этилмайди.


12. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда давлат назоратини амалга оширишда иштирок этади.


13. Назорат қилувчи органнинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.

Назорат қилувчи органнинг ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатидаги ҳуқуқий нормаларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

14. Назорат қилувчи орган бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари билан давлат назорати масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.


15. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

юридик ва жисмоний шахслардан объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишга оид зарур маълумот, ахборот, тушунтириш ва ҳужжатларни сўраш ҳамда текин олиш;

давлат назоратини амалга ошириш давомида ўлчов ўтказиш, намуналар олиш ва уларнинг лаборатория таҳлилини қилиш, кадастр ҳужжатларини ўрганиш, схема ва чизмаларни чизиш, фото, видеотасвирга тушириш;

объект мулкдори, фойдаланувчиси, объектга зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслар билан сўров ўтказиш ва улардан ёзма равишда тушунтириш олиш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг (хўжалик юритувчи субъектларнинг) бино ва иншоотларига объектни муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш учун мазкур бино ва иншоотларда бўлиш қоидаларига риоя қилган ҳолда кириш ва кўздан кечириш;

объектни муҳофаза қилиш ва сақлашнинг бузилиш сабаблари ҳамда объектдан фойдаланиш шароитларини аниқлаш;

давлат назорати амалга оширилаётганда объектнинг мулкдори, фойдаланувчисини, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили иштирок этишини талаб қилиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлигини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

объектнинг муҳофаза қилиниши ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳамда нооқилона фойдаланилишига олиб келиши мумкин бўлган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишлари, фойдаланиш, қурилиш-монтаж ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ҳақида қарорлар қабул қилиш;

объектга етказилган зарарни қоплаш ҳақида юридик ва жисмоний шахсларга талаб қўйиш бўйича судга мурожаат қилиш;

объектга зарарли таъсир кўрсатаётган корхона, ташкилот, иншоот ва бошқа бинолар фаолияти, фойдаланиш ва бошқа ҳаракатларни ўн кундан ортиқ бўлган муддатга чеклаш, тўхтатиб қўйиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш, шунингдек, объектга етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги аризалар билан судларга мурожаат қилиш;

тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда объектда олиб борилаётган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини зудлик билан тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиш;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда объектда олиб борилаётган реставрация, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ҳамда қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганда ушбу фаолиятни амалга ошириш учун берилган рухсатноманинг (ва очиқ варақнинг) амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш ҳақида ваколатли органларга таклифлар киритиш;

давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома, далолатнома, хулоса, ҳисоботлар тузиш ва тасдиқлаш;

объектни реставрация қилиш, таъмирлаш ва тиклаш, илмий ва илмий-техник тадқиқот ишларининг якунлари, ҳисоботларни қабул қилиш ва фойдаланишга топширишда қатнашиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги материалларни тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш ҳуқуқига эга.


16. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар:

объектнинг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига давлат назоратини ўтказиш тўғрисидаги назорат қилувчи орган раҳбарининг буйруғи нусхаси, хизмат гувоҳномасини, агар давлат назорати тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишга тааллуқли бўлса, уларни текширишларни ўтказишга рухсат берувчи махсус гувоҳномани кўрсатишга;

объектнинг мулкдори ва фойдаланувчисининг фаолиятига тўсқинлик қилмасликка;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолияти текширилаётганда текширишларни рўйхатга олиш китобини белгиланган тартибда тўлдиришга;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлашга;

давлат назорати натижасини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштиришга, унинг бир нусхаси давлат назорати тамом бўлган кунда давлат назоратидан ўтган объектнинг мулкдори, фойдаланувчисига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки тадбиркорлик субъектига (якка тартибдаги тадбиркорга) ушбу Низомнинг 38-бандига мувофиқ тақдим этишга;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда унга таъсир кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларини кўришга мажбур.


17. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахси давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиши мумкин эмас.

Манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган вазиятларда давлат назоратини амалга ошириши режалаштирилаётган мансабдор шахс тегишли назорат қилувчи органнинг раҳбарига олдиндан ёзма равишда хабар беришга ва ўзини рад этишга мажбур. Ушбу талабнинг бажарилмаслиги давлат назорати натижаларининг ҳақиқий бўлмаслигига олиб келади.


18. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларга хўжалик юритувчи субъектга хўжалик ва ташкилий-бошқарув хусусиятига эга бўлган топшириқ бериш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва аралашиш тақиқланади, тадбиркорлик субъектининг фаолияти объектнинг муҳофазаси ва сақланишига салбий таъсир этиши, уларни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказишга олиб келадиган ҳаракатлар бундан мустасно.


19. Давлат назорати амалга оширилишига ёки уни амалга оширувчи мансабдор шахсларга ҳар қандай шаклда таъсир ўтказиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш тақиқланади.


20. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахсларнинг хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилган ва уларнинг қонуний талабларини бажармаган айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


21. Давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахслар ўз фаолиятининг қонунийлиги, холислиги, у қонун ҳужжатларига мувофиқ тўғри ташкил қилиниши ва амалга оширилиши учун жавоб беради.


22. Назорат қилувчи органга бевосита тааллуқли фаолият, унинг вазифа, функция ва мажбуриятига кирадиган масалалар юзасидан давлат назорати назорат қилувчи орган раҳбари буйруғи билан тузилган комиссия томонидан ўтказилади.



3-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН

ФАОЛИЯТ


23. Назорат қилувчи орган белгиланган тартибда:

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини;

объектни муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш, фойдаланиш, илмий ва илмий-техник тадқиқ этиш, консервациялаш, таъмирлаш ҳамда фойдаланишга мослаштириш бўйича давлат дастурлари ва соҳага оид бошқа дастурлар бажарилишини;

тарихий-маданий қимматга эга бўлган янги объектларни давлат ҳисобига олиниши, объектнинг аниқланиши, ҳисобга олиниши, муҳофаза қилиниши, тарғиб қилиниши ва улардан фойдаланилишини;

объектнинг тарихий-маданий экспертизасини ташкил этилиши ва амалга оширилишини;

Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастри ва Археология ашёлари давлат каталоги белгиланган тартибда юритилишини;

объектнинг ўрнатилган тартибда Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилишига тавсия этилишини;

тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлардан (объектлардан) ва уларнинг қўриқланадиган теграларидан халқаро умумэътироф этилган нормалар, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитаси ва Умумжаҳон мероси маркази тавсияларига ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ муҳофаза қилиниши ва фойдаланилишини;

тарихий-маданий қимматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда) олиб бориладиган йирик реставрация, таъмирлаш-тиклаш, қурилиш-монтаж, ободонлаштириш ва хўжалик фаолияти билан боғлиқ ишларини ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан ўрнатилган тартибда келишилишини;

тарихий-маданий қийматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда (объектларда), объект ва уларнинг қўриқланадиган теграларидан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятлар ташкил этилишини;

тарихий-маданий қийматига кўра, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар (объектлар) бўйича бошқарув режаларининг тасдиқланиши ва уларнинг бажарилишини;

алоҳида тартибга солиниши лозим бўлган ва объектни муҳофаза қилиш билан боғлиқ шаҳарсозлик фаолияти объектларининг чегаралари белгиланиши ва уларга риоя қилинишини;

объектнинг қўриқланадиган теграларида шаҳарсозлик фаолияти, лойиҳа ҳужжатлари, мўлжалланаётган ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация, хўжалик ишлари ва бошқа ишларнинг ҳамда уларни асословчи ҳужжатларнинг объектни асраш талабларига мувофиқлигини;

хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилиши лозим бўлган ер участкаларини (агар уларда объект жойлашган бўлса ёки ер участкалари хўжалик жиҳатидан ўзлаштирилаётганда янги объект аниқланса);

объектнинг қўриқланадиган тегралари лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, белгилаб қўйилиши ҳамда уларга риоя қилинишини;

объектни асраш бўйича ишлар, шунингдек, объектда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар тегишли рухсатномаларга мувофиқ амалга оширилишини;

объектда муҳофаза белгиларининг ўрнатилиши ва сақланишини;

объект ҳолатининг мониторинги амалга оширилишини;

объектга доир мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини, ўзгартирилиши ва бекор қилинишини;

объектнинг миқдор ва сифат тавсифлари ҳисобга олинишини;

объектнинг сифат ва қиймат жиҳатидан баҳоланишини;

объект кадастр ахборотининг тизимга киритиш, сақлаш ва янгилаб борилишини;

объектнинг ҳолати ҳақида ҳисоботлар тузилишини;

объектнинг паспортини берилиши ва уларнинг юритилишини;

объектнинг тоифаси белгиланишини ва ўзгартирилишини;

объект Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастридан чиқарилганлиги масаласини;

объектни асраш чора-тадбирлари, консервациялаш, тузатиш, таъмирлаш, фойдаланишга мослаштиришни, шунингдек, улар билан боғлиқ илмий ва илмий-техник тадқиқотлар, лойиҳалаш ҳамда ишлаб чиқариш ишларининг бажарилишини;

йўқотилган объектни таъмирлаш усуллари орқали ўрнатилган тартибда асли ҳолига келтирилишини;

объект жойлашган ер участкаларининг эгалари (мулкдорлари) зиммасига мазкур объектни сақлаб туриш вазифаси, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ юкланган бошқа мажбуриятларни бажарилишини;

объект ижара шартномаси асосида ижарага берилишини, унда объектни сақлаш талаблари бажарилишини;

объектнинг ташқи ва ички кўринишини объектнинг паспортига киритилган муҳофаза мазмуни маълумотларига мувофиқ ҳолда сақланишини;

объектдан фойдаланиш шартларини жисмоний ва юридик шахслар, шунингдек, давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши учун қай даражада зарур бўлса, шу даражада чекланишини;

хусусий мулкда турган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини қонунда назарда тутилган ҳолларда суд қарори билан чеклаш бўйича таклифларни;

объектдан фойдаланишдаги чеклашни жорий этиш заруратини юзага келтирган ҳолатлар ёки шарт-шароитлар бартараф этилганини ҳамда мазкур объектдан фойдаланиш ҳуқуқи тўла ҳажмда тикланишини;

хусусий мулкда турган объектдан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда мулкдордан олиб қўйилишини;

давлат мулкида турган объект қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган шартномага мувофиқ текин фойдаланилишини;

объектдан фойдаланиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилинишини;

тарихий-маданий қўриқхона, музей-қўриқхона, тарихий манзилгоҳлар ташкил этилиши, сақланиши ҳамда улардан фойдаланилишини;

тарихий манзилгоҳларда қонун ҳужжатларига мувофиқ шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солишнинг алоҳида белгилаб қўйилган тартибларига риоя қилинишини;

объектни фойдаланишга беришдан, хизматлар кўрсатишдан, юридик  ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларидан тушган маблағларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ объектни муҳофаза қилиш, асраш ва тарғиб қилишга ҳамда объектни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда банд бўлган ходимларни моддий рағбатлантириш учун сарфланишини;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиши натижасида кўрилган зарарни қоплаш ҳолатини;

археология ашёларининг Археология ашёлари давлат каталогида рўйхатдан ўтказилишини;

археология ашёларини давлатга топшириш ҳамда уларнинг фан, маданият  ва таълим муассасаларига бириктириб қўйилишини;

фан, таълим ва маданият муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёларидан фойдаланишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

халқаро археология тадқиқотларини ташкил этишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

археология ашёларининг ҳисобга олиниши ва сақланишини;

рухсатнома бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назоратини амалга оширишда белгиланган тартибга риоя қилинишини;

археология объектларида махсус асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

илмий ҳисоботни тузиш, экспертизадан ўтказиш ва ундан фойдаланишни;

очиқ варақ бериш тартиби ва шартларига риоя қилинишини;

очиқ варақ ва рухсатнома олган археологнинг мажбуриятлари бажарилишини;

фан, таълим ва маданият муассасаларига бириктириб қўйилган археология ашёлари археология тадқиқотининг белгиланган тартибда амалга оширилишини;

археология қидирувлари, археология қазишмалари ва археология назорати амалга оширилаётганда археологда очиқ варақ ва рухсатнома мавжудлигини текширади.


24. Объект ва унинг қўриқланадиган теграларидан фойдаланиш  ва муҳофаза қилиш устидан давлат назорати қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашлар ва тақиқлар режимини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.



4-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


25. Давлат назорати ўн беш кундан кўп бўлмаган муддат давомида амалга оширилади.


26. Давлат назоратини объектнинг мулкдори, фойдаланувчиси, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки тадбиркорлик субъекти (якка тартибдаги тадбиркор) иштирокида амалга оширишга рухсат берилади, давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахснинг талабига қарамай ушбу шахслар (вакиллар) иштирок этмаса, давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс икки нафар холис иштирокида далолатнома тузади ҳамда давлат назоратини амалга оширишга киришади.


27. Объект ҳудудига ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) корхона маъмуриятини хабардор қилмасдан ёки унинг вакилисиз айланиб чиқиш (кўздан кечириш) тақиқланади.


28. Объектга ўрнатилган ишлаб чиқариш участкаларини (цехларини) айланиб чиқишдан (кўздан кечиришдан) олдин назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсига мазкур объектдаги техника хавфсизлиги қоидалари бўйича йўриқнома объектнинг баланс сақловчиси томонидан берилиши шарт.


29. Назорат қилувчи органнинг мансабдор шахсларига текширишни амалга ошириш учун шарт-шароитлар (хона, телефон ва бошқа алоқа воситалари, зарур ҳолларда, махсус кийим, шунингдек, махсус ҳимоя воситалари) объектнинг баланс сақловчиси томонидан яратиб берилиши лозим.

Назорат функцияларини тез, самарали ва хавфсиз амалга оширишга тўсқинлик қилувчи, қийин ўтиладиган ҳудудлар участкалари билан кесишганда масофа катта бўлган ҳолларда назорат қилувчи орган томонидан транспорт воситаси берилади.


30. Қуйидаги ҳолларда қисқа муддатли - рейд тартибидаги давлат назорати сутканинг исталган вақтида бир кундан кўп бўлмаган муддат давомида:

объектни ноқонуний эгаллаш, фойдаланиш, нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказиши ҳолатлар ҳақида ишончли ахборотлар бўлганда;

объект ва унинг қўриқланадиган теграларида ўрнатилган тартибда рухсатнома олмасдан, келишилмасдан фойдаланиш, хўжалик ва бошқа фаолиятлар ташкил этилаётганда;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва тўхтатиш юзасидан тезкор назорат тадбирларини амалга ошириш зарурати бўлганда амалга оширилиши мумкин.


31. Назорат қилувчи орган қисқа муддатли - рейд тартибидаги давлат назоратини мустақил ёки мувофиқлаштирилган тадбирлар режаси асосида бошқа давлат органлари билан биргаликда амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ДАВЛАТ НАЗОРАТИ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


32. Давлат назорати натижалари:

тарихий-маданий экспертиза натижалари бўйича хулоса тузиш;

моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя қилинишининг давлат назорати натижалари бўйича маълумотнома ёки далолатнома тузиш йўли билан расмийлаштирилади.

Давлат назоратининг натижалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам расмийлаштирилиши мумкин.


33. Объектнинг Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилиши ва чиқарилиши, объект тоифасини аниқлаш ва тоифаси ўзгартирилишини асослаш тўғрисидаги тарихий-маданий экспертиза хулосалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 29 июлдаги 269-сон қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мерос объектларининг тарихий-маданий экспертизаси тўғрисидаги низомга мувофиқ кўриб чиқилади.

Объектни нобуд қилиш, бузиш, шикаст етказишга тааллуқли тарихий-маданий экспертиза хулосалари давлат назоратини амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тасдиқланади.


34. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолати мавжуд бўлмаганда маълумотнома, моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланганда далолатнома тузилади.

Маълумотномада давлат назоратини амалга ошириш ҳолати қайд қилинади, улар бўйича давлат назорати амалга оширилган саволлар рўйхати келтирилади ва бирор-бир қонун бузилишларнинг мавжуд эмаслиги кўрсатилади.

Далолатномани расмийлаштиришда мансабдор шахс саволномада назарда тутилган ҳар бир савол бўйича талаблари бузилган қонун ҳужжатининг номи ва нормаларига ҳавола қилиб, ҳолатини баён қилади.


35. Маълумотнома ёки далолатномада қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

маълумотнома ёки далолатнома тузилган сана ва жой номи;

объект номи ва жойлашган жойи (почта манзили);

объект Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилгани ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазирининг буйруғи санаси ва рақами (ёки объектнинг тарихий-маданий қиммати аниқланганига оид бошқа асос), объектнинг умумий тавсифи;

объект давлат муҳофазасига олингани ҳақида аҳоли хабардор этилгани тўғрисида маълумот (расмий веб-сайтлар, оммавий ахборот воситасидаги эълонлар ёки муҳофаза белгиси ўрнатилгани ва бошқалар бўлиши мумкин);

давлат назоратини амалга ошириш тўғрисидаги назорат қилувчи орган раҳбари буйруғининг санаси ва рақами;

давлат назоратини амалга оширишда иштирок этган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳамда лавозимлари;

объектнинг мулкдори, фойдаланувчисини, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти серияси ва рақами, доимий яшаш жойи манзили;

мулкдор, фойдаланувчи юридик шахс бўлса, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ номи, жойлашган жойи (почта манзили), телефон ва факс рақамлари ҳамда раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорти серияси ва рақами, доимий яшаш жойи манзили;

қонун ҳужжатлари бузилишининг сабаблари (далолатнома тузилганда);

талаблари бузилган қонун ҳужжатининг номи ва нормалари (далолатнома тузилганда);

қонун ҳужжатларининг бузилишига айбдор бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар (далолатнома тузилганда);

ушбу Низомга иловага мувофиқ Моддий маданий мерос объектига етказилган моддий зарар миқдорини ҳисоблаш методикаси асосида ҳисобланган объектга етказилган моддий зарар миқдори (далолатнома тузилганда);

зарар етказилиши ёки қонун ҳужжатларининг бузилишини бартараф этиш ва бундай ҳолатларнинг такроран юз беришининг олдини олиш бўйича тавсиялар (далолатнома тузилганда);

давлат назорати давомида аниқланган бошқа муҳим маълумотлар.


36. Давлат назорати натижалари бўйича тузилган маълумотнома ёки  далолатнома давлат назоратини амалга оширишда иштирок этган барча шахслар томонидан имзоланади.

Маълумотнома ёки далолатномани имзолашдан бош тортган шахслар ўз фикрини ёзма равишда тақдим қилиши лозим. Бунда унинг ёзма равишда тақдим қилган фикри далолатномага илова қилинади. Ёзма равишда ўз фикрини билдиришдан ҳам бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузилади ва асосий далолатномага тегишли қайд киритилади.


37. Маълумотнома ёки далолатнома уч асл нусхада расмийлаштирилади ҳамда давлат назорати тамом бўлган кунда қуйидагиларга:

биринчи асл нусхаси - назорат қилувчи органда ушбу Низомнинг  39-бандида келтирилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда йиғмажилдда сақланади;

иккинчи асл нусхаси - тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ушбу Низомнинг 39-бандида келтирилган ҳужжатлар илова қилинган ҳолда йиғмажилдда тегишли йўналтирувчи хат билан юборилади (далолатнома тузилганда);

учинчи асл нусха - мулкдор, фойдаланувчига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига юборилади.


38. Маълумотнома ёки далолатнома нусхалари унга тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда давлат назорати тамом бўлган кунда тилхат олиниб қуйидагиларга:

мулкдор, фойдаланувчи бўлган ҳолларда, тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига;

назорат қилувчи органнинг юқори ташкилотига топширилади (берилади) ёки буюртма почта орқали юборилади.


39. Давлат назоратини амалга ошириш бўйича расмийлаштирилган ҳужжатлар алоҳида йиғмажилдда кетма-кетликда акс эттирилади. Мазкур ҳужжатлар алоҳида йиғмажилдда қуйидаги тартибда жойлаштирилади:

давлат назоратини амалга ошириш тўғрисидаги буйруқ нусхаси (аслига тўғри экани тасдиқланган ҳолда);

объект Моддий маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилгани ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси туризм ва маданий мерос вазирининг буйруғи санаси ва рақами (ёки объектнинг тарихий-маданий қиммати аниқланганига оид бошқа асос), объектнинг умумий тавсифи қайд этилган ҳолда, шунингдек, объект давлат муҳофазасига олингани ҳақида аҳоли хабардор этилгани ҳақида назорат қилувчи органнинг раҳбари томонидан имзоланган ва давлат герби тасвири туширилган муҳри билан тасдиқланган маълумотнома;

зарур ҳолларда, объектнинг суратлари ва видеотасвирлари;

объектнинг фойдаланувчиси, мулкдори, жамоатчи инспектори, объектга зарар етказган, қонун ҳужжатларини бузган ва бошқа шахслар билан ўтказилган сўров ва улардан олинган ёзма тушунтиришлар (тушунтиришдан бош тортган ҳолларда бу ҳақда тузилган далолатнома);

жалб қилинган эксперт ва мутахассисларнинг ёзма хулосалари (агар мавжуд бўлса);

объектга етказилган моддий зарар миқдори (агар мавжуд бўлса);

давлат назоратини амалга ошириш ва унинг натижаларини ифодалашда зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (ёки нусхалари) ҳамда материаллар;

давлат назоратини амалга ошириш далолатнома ёки маълумотномаси.


40. Назорат қилувчи орган томонидан ҳар бир давлат назорати натижалари бўйича материаллар махсус журналда ҳисобга олиниши ҳамда ҳар йили таҳлил қилиб борилиши шарт.

Давлат назоратини ҳисобга олиш журнали рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва назорат қилувчи орган раҳбари томонидан имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.

Мазкур журнал назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тайинланган масъул шахс томонидан юритилади.


41. Жарималар, давлат мулки ҳисобланган объектга етказилган моддий зарар ва компенсация тўловлари айбдор шахслардан қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирилади ҳамда ушбу маблағларнинг 100 фоизи назорат қилувчи органнинг Маданий мерос жамғармасига йўналтирилади.


42. Давлат назорати натижаларини амалга ошириш шакллари қуйидагилар ҳисобланади:

юридик ёки жисмоний шахсга моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

давлат мулкида турган моддий маданий мерос объектининг шартнома асосидаги фойдаланувчиси билан шартномани тўхтатиб туриш ва бекор қилиш;

хусусий мулкда турган объектдан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, мулкдордан олиб қўйилиши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиш;

фаолият моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларини бузган ҳолда амалга оширилаётганда, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун берилган рухсатноманинг (ва очиқ варақнинг) амал қилишини тўхтатиб қўйиш ва бекор қилиш ҳақида ваколатли органларга таклифлар киритиш;

корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиш;

объектга етказилган моддий зарарни қоплаш, шунингдек, компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиш;

унга таъсир кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларини кўриш;

ҳуқуқбузарлик ҳолатлари, объектларни нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги аниқланганда тегишли материалларни (далолатномаларни) тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юбориш.


43. Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома давлат назорати тамом бўлган кундан кейин беш календарь кун ичида берилади.

Тақдимномада далолатномада келтириб ўтилган қонун ҳужжатлари бузилишини ва унинг фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилишга йўналтирилган, ижро қилишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган талаблар баён қилинади.


44. Тақдимнома иккита асл нусхада имзоланади ва расмийлаштирилади, унинг:

бир нусхаси - объект мулкдорига ёки фойдаланувчига, уларнинг юқори турувчи органига, агар мулкдор, фойдаланувчи бўлмаган (ёки белгиланмаган) ҳолларда тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, давлат назоратига бевосита тааллуқли юридик шахснинг вакили ёки тадбиркорлик субъектига (якка тартибдаги тадбиркорга) юборилади;

иккинчи нусхаси - тақдимномани берган органда сақланади.


45. Корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш назорат қилувчи органи раҳбарининг буйруғи шаклида расмийлаштирилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари  ва қарорлари устидан бевосита судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.

Бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят бериш, шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.


47. Судга шикоят берилганида, шикоят қилинаётган ҳаракатни ёки қарорни ижро этиш суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб турилади, фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи, объектнинг нобуд бўлиши, бузилиши ва шикастланиши учун ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ бўлган ҳаракатлар ёки қарорлар бундан мустасно.


48. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

ИЛОВА



Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига

етказилган моддий зарар миқдорини ҳисоблаш

МЕТОДИКАСИ


1. Моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига (кейинги ўринларда объект деб аталади) етказилган моддий зарар миқдори қуйидаги формула ёрдамида аниқланади:


M = B*U*V*E+А


Бунда: M - етказилган зарар миқдори (ўлчов бирлиги - сўм), В - етказилган зарар балли (ўлчов бирлиги - балл), U - объект коэффициенти (ўлчов бирлиги - м -3 балл -1), V - етказилган зарар ҳажми (ўлчов бирлиги - м-3), Е - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги базавий ҳисоблаш миқдори (ўлчов бирлиги - сўм), А - объектнинг алоҳида муҳим бадиий безаклари, нақшлар, кошинлар, тасвирлар ва бошқа муҳим жиҳатларига етказилган зарар миқдори (ўлчов бирлиги - сўм).

2. Объектга етказилган зарар балли қуйидаги мезонларнинг тегишли баллари йиғиндиси бўйича аниқланади:

  

Баҳолаш мезонлари

Балл

I. Объект тури

Архитектура ёдгорлиги

10

Археология ёдгорлиги

8

Монументал санъат ёдгорлиги

7

Диққатга сазовор жой

6

II. Объект даври

IX асргача

40

IX-XIII асрлар

35

XIV-XV асрлар

30

XVI-XVII асрлар

25

XVIII-XIX аср биринчи ярими

20

XIX аср охири ХХ аср бошлари

10

ХХ аср ўрталари ва охири

5

III. Объект мураккаблик даражаси

I даража - алоҳида хоналари кўп бўлмаган, кам миқдордаги архитектура қисмлардан иборат, оддий томли, оддий тўғри тўрт бурчак шаклидаги объектлар

4

II даража - кам миқдордаги архитектура қисмлар, оддий декор ва мураккаб бўлмаган том қисмидан иборат, лойиҳада синиқ конфигурацияли тўғри чизиқли объектлар

6

III даража - кўп бўлмаган миқдордаги мураккаб декор, такрорланмаган цилиндр шаклдаги қисмлар ёки мураккаб тўғри чизиқли том қисмидан иборат, лойиҳада синиқ, қисман эгри чизиқ конфигурацияли объектлар

8

IV даража - катта қисми мураккаб декорли, такрорланмас безаклар, мураккаб том қисм эга, ўйма нақшинкорлик, лойиҳада мураккаб синиқ ва эгри чизиқли конфигурацияларга эга бўлган объектлар, шу жумладан археология ёдгорликлари

10

IV. Объектнинг асл ҳолатини сақлаб қолганлик даражаси

Буткул йўқотилган (нобуд қилиш)

15

Сақланиш ҳолати 25 фоиздан кам (нобуд қилиш)

12

Сақланиш ҳолати 55 фоиздан кам 26 фоиздан юқори (бузиш)

9

Сақланиш ҳолати 70 фоиздан кам 56 фоиздан юқори (бузиш)

7

Сақланиш ҳолати 85 фоиздан кам 71 фоиздан юқори (бузиш)

5

Сақланиш ҳолати 100 фоиздан кам 86 фоиздан юқори (шикаст етказиш)

2

V. Қайта тиклаш имконияти

Асил ҳолатига қайта тиклаш имкони йўқ (асосли манба мавжудмаслиги сабабли)

5

Чизмалар асосида қайта тиклаш мумкин

4

Аналог асосида қайта тиклаш имкони мавжуд

3

Қайта монтаж қилиш йўли билан тиклаш имконияти мавжуд

2

VI. Объектнинг тоифаси

Республика аҳамиятидаги объект

10

Маҳаллий аҳамиятдаги объект

5

VII. Объектдан фойдаланиш

Объектдан сайёҳлик-экскурсия мақсадида фойдаланилади, шу жумладан археология ва монументал санъат ёдгорликлари

10

Объектдан сақлаш жойи, ишлаб чиқариш, офис хоналари ва бошқа мақсадларда фойдаланилади

8

Объектдан фойдаланилмайди

5

    

3. Объектнинг умумбашарий аҳамияти (U) объектнинг ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудда ёки унинг қўриқланадиган ҳудудида жойлашгани ёҳуд объект умумбашарий бемисл қимматга эга эканлигига боғлиқ равишда қуйидагининг бири белгиланади:

республика аҳамиятига эга бўлган объект ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудда ёки унинг қўриқланадиган ҳудудида жойлашган бўлса - U=1 м-3 балл -1;

маҳаллий аҳамиятга эга бўлган объект ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудда ёки унинг қўриқланадиган ҳудудида жойлашган бўлса - U=0,5 м-3 балл -1.


4. Объектга етказилган зарар ҳажми давлат назоратини амалга ошираётган шахс (ёки тайинланган мутахассис ёҳуд эксперт) томонидан ўлчов асбобларини қўллаш ёрдамида аниқланади. Етказилган зарар ҳажми объектнинг уч ўлчамлик фазовий шакли (масалан, хонанинг ички бўш қисмлари билан бирга) бўйича ҳисобланади.


5. Ўзбекистон Республикасидаги базавий ҳисоблаш миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган миқдор бўйича ҳисобланади ва бунда объектга зарар етказилгани аниқланган (давлат назорати ўтказилган) вақтдаги базавий ҳисоблаш миқдори олинади.

6. Объектнинг алоҳида муҳим бадиий безаклари, нақшлари, кошинлари, тасвирлари ва бошқа муҳим жиҳатларига (шу жумладан, монументал санъат ёдгорликларига) етказилган зарар миқдори мутахассис (эксперт) томонидан ҳисобланади. Бунда машҳур хорижий (халқаро) маданий бойликлар аукционларида сотилган (сотувга қўйилган) маданий бойликлар аналогиясидан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, бундай аналогия аниқланмаган ҳолда ушбу зарар миқдори мутахассис (эксперт) ёки махсус тузилган комиссия томонидан белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 апрель















































Время: 0.2248
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск