язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Фуқаролик қонунчилигининг умумий қоидалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.04.2019 й. Ф-5464-сон "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармойиши

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

05.04.2019 й.

N Ф-5464



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ҚОНУНЧИЛИГИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1995-1996 йилларда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси "ўтиш даври"нинг кенг кўламли ўзгаришларини фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишда муҳим роль ўйнади ва мамлакатда бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий замин яратишга имкон берди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди.

Реал бозор иқтисодиёти ва илғор халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган, тўғридан-тўғри амал қиладиган замонавий фуқаролик қонунчилигини шакллантирмасдан туриб ушбу вазифаларга эришиб бўлмайди.

Фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишнинг энг муҳим қоидаларини белгиловчи кодификация қилинган қонун ҳужжати бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари тизимида марказий ўринни эгаллайди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилиши бўйича ўтказилган таҳлил Фуқаролик кодексида, авваламбор, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, халқаро рейтингларда мамлакат ўрнини яхшилашга салбий таъсир кўрсатувчи жиддий камчилик ва бўшлиқларни аниқлашга имкон берди.

Фуқаролик қонунчилигини бозор иқтисодиёти тамойиллари ва халқаро стандартларга мувофиқ модернизация қилиш, мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий фуқаролик-ҳуқуқий асос яратиш, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

фуқаролик қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш, уларнинг энг намунали хорижий амалиётлар билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада илғор халқаро стандартларни имплементация қилиш;

хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлайдиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни белгилаш;

оммавий ва фуқаролик ҳуқуқ нормаларини аниқ чегаралаш, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган,  ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлаш;

давлат-хусусий шериклиги, кластерлик ишлаб чиқариши, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар ва иқтисодий муносабатлар шаклларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш.


2. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда - Идоралараро комиссия) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Идоралараро комиссия (Давлетов):

а) икки ҳафта муддатда фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги етакчи мутахассислар орасидан фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этсин ва уларнинг иш режаларини тасдиқласин;

б) бир ой муддатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳасини ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш фаолиятига халқаро ташкилотларнинг эксперт-техник ва молиявий кўмагини жалб этиш масаласи кўриб чиқилишини таъминласин;

в) бир ой муддатда фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш, жумладан хорижий давлатларга ташрифларни ташкил этишни, ваколатли органлар ва ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказишни назарда тутувчи дастурни тасдиқласин;

г) 2020 йил 1 апрелга қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва фуқаролик қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

д) фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг йўналишларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасини кенг муҳокама қилиш мақсадида илмий доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва матбуот анжуманларининг ташкил этилишини таъминласин.


5. Идоралараро комиссия раҳбарига мазкур фармойишда белгиланган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, республиканинг илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, шунингдек маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик  ва идоралар ушбу фармойишда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий ва амалий чоралар кўрилишини таъминласин.


7. Ушбу фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М. Мавлонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 5 апрелдаги

Ф-5464-сон фармойишига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик

қонунчилигини такомиллаштириш бўйича

Идоралараро комиссия

ТАРКИБИ

     

1. Р.К. Давлетов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири, Идоралараро комиссия раҳбари

2. М.Х. Рахманкулов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари, Идоралараро комиссия раҳбарининг ўринбосари

3. Ш.Ф. Озодзода

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими

4. А.Х. Саидов

-

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори

5. Н.Д. Тойчиев

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ўринбосари

6. Н.С. Жўраев

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

7. Е.С. Каньязов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари - Тошкент давлат юридик университети ректори

8. Х.И.Исоқов

-

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори

9. Р.Р. Хакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори

10. У.Ш. Холов

-

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси

11. О. Окюлов

-

Тошкент давлат юридик университетининг профессори

12. Ш.М. Асьянов

-

Ҳуқуқий муаммолар тадқиқоти маркази директори

13. Р. Книппер

-

Германиянинг Бремен университети профессори

  

Изоҳ: Идоралараро комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 апрель