язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Дарсликлар ва ўқув қўлланмалари. Дастурлар/ Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2019 й. 281-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 5 апрелдаги

281-сон қарорига

ИЛОВА



Умумтаълим мактаблари учун муқобил

дарсликларни яратиш ва улардан

фойдаланиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом халқ таълими тизимида умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни яратиш, уларни топшириш ва қабул қилиш, экспертизадан ва тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш тартибини белгилайди.

Умумтаълим мактаблари учун муқобил дарсликларни яратиш ва уларни экспертизадан, тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалиётга жорий этиш иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


2. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


муқобил дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан битта ўқув фанидан ўқувчиларга тавсия этилган асосий дарсликлар билан бир қаторда алоҳида ёки қўшимча равишда фойдаланиш мумкин бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар;


ижодий жамоалар - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни белгиланган талаблар асосида чоп этишга тайёр маҳсулот (оригинал макет) кўринишида тақдим этувчилар, тузувчилар, давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар, нашриёт ва матбаа корхоналари, дизайн студиялар ва бошқа ташкилотлар;


оригинал макет - чоп этиш учун босмахонага топширишга тўлиқ тайёр бўлган, барча матн ва график ахборотлар чоп этишгача бўлган тайёргарликдан ўтказилиб, ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан якуний босқичга етказилган маҳсулотнинг (нашрнинг) чоп этилган варианти (китоб) ёки электрон кўринишидаги асл нусхаси;


экспертлар гуруҳи - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида вазирликнинг буйруғи билан турли фан йўналишлари бўйича ташкил этиладиган оригинал макетларни баҳоловчи мутахассислардан иборат гуруҳ;


Мувофиқлаштирувчи кенгаш - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Умумий ўрта таълим тизими учун давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш;


таянч мактаблар - муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган мактаблар;


Ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази Мувофиқлаштирувчи кенгашининг ишчи органи.



2-БОБ. МУҚОБИЛ ДАРСЛИКЛАР ВА

ЎҚУВ-МЕТОДИК ҚЎЛЛАНМАЛАРНИ

ЯРАТИШ


3. Муқобил дарсликларни яратишга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида муқобил дарсликларни яратишдан бир йил олдин эълон қилади.

Эълонда тайёр оригинал макетларни топшириш ва уларга қўйиладиган талабларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилади.


5. Мазкур эълонда кўрсатилган талаблар бўйича ва муддатларда муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал макетларини яратиш истагини билдирган ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини Ишчи органга расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал макетларни тайёрлайди.



3-БОБ. МУҚОБИЛ ДАРСЛИКЛАР ВА

ЎҚУВ-МЕТОДИК ҚЎЛЛАНМАЛАРНИ

ТОПШИРИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


6. Яратилган (ишлаб чиқилган, тузилган) муқобил дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар оригинал макет ҳолатида Ишчи органга кўриб чиқиш учун белгиланган тартиб ва муддатларда расман тақдим этилади.


7. Ишчи орган тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилади ва расмийлаштиради.



4-БОБ. ОРИГИНАЛ МАКЕТЛАРНИ

ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


8. Ишчи орган қабул қилиб олинган оригинал макетларни қабул қилинган куннинг ўзида вазирлик ҳузурида вазирнинг буйруғи билан ташкил этиладиган экспертлар гуруҳига тақдим этади.


9. Экспертлар гуруҳи тақдим этилган оригинал макетларнинг чоп этилган варианти ҳамда электрон нусхаларини вазирлик томонидан тасдиқланадиган баҳолаш мезони асосида улар қабул қилинган кундан бошлаб икки ой муддатда экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларни Ишчи органга тақдим этади.


10. Ишчи орган ўтказилган экспертиза натижаларига асосан энг юқори баҳоланган муқобил дарсликларнинг (мажмуаларнинг) оригинал макетларини тажриба-синовдан ўтказишга розилик олиш мақсадида Мувофиқлаштирувчи кенгашга экспертиза якунлангандан сўнг 1 ҳафта муддат ичида тақдим этади.



5-БОБ. МУҚОБИЛ ДАРСЛИКЛАРНИ

ТАЖРИБА-СИНОВДАН ЎТКАЗИШ


11. Ишчи орган томонидан муқобил дарсликларни республикада тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари рўйхати Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.


12. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарори асосида муқобил дарсликлар тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари танланади ва бир ўқув йили давомида тажриба-синовдан ўтказилади.


13. Муқобил дарсликларни таянч умумтаълим мактабларида тажриба-синовдан ўтказиш билан бирга мазмунан, дизайн жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида улар вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида онлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинади.



6-БОБ. УМУМТАЪЛИМ МАКТАБЛАРИ

УЧУН ДАРСЛИКЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ

ВА АМАЛИЁТГА ЖОРИЙ ЭТИШ


14. Тажриба-синов ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларига асосан бир ой муддатда ҳар бир фан йўналиши бўйича таклиф-мулоҳазалар Ишчи орган томонидан умумлаштирилади ҳамда дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тасдиқлаш учун Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этилади.


15. Муқобил дарсликлар ва уларни яратган ижодий жамоаларни аниқлаш бўйича якуний қарор Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан қабул қилинади ва қарор тегишли баённома билан расмийлаштирилади.

Баҳолаш мезонларига кўра, ҳар бир фан учун (фаннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда) қўйилган умумий максимал баллнинг 95 фоизидан юқори балл олган муқобил дарсликлар умумтаълим мактаблари учун ижара тизими асосида яратилган дарсликлар билан бир қаторда ихтиёрий равишда фойдаланишга тавсия этилади, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ҳамда электрон тарзда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


16. Умумтаълим мактабларини муқобил дарсликлар билан таъминлаш ихтиёрий равишда ота-оналар, мактаб педагогик жамоалари ва ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Умумтаълим мактаблари учун муқобил

дарсликларни яратиш ва уларни экспертизадан,

тажриба-синовдан ўтказиш, тасдиқлаш ва

амалиётга жорий этиш

СХЕМАСИ

      

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари







Кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактабларининг ўқувчилари ҳамда ўқитувчилар фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълонқилиш.


1-босқич

Халқ таълими вазирлиги

Яратишдан

бир йил олдин



1. Оммавий ахборот воситаларида эълон берилган кундан бошлаб, эълонда кўрсатилган муддатда;

2. Эълон берилган кундан бошлаб

1 йил давомида.

1. Дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал-макетларини яратишда иштирок этиш таклифини тақдим қилиш;


2. Оригинал макетларни тайёрлаш.

2-босқич

Ижодий жамоалар




3-босқич

1. Ижодий жамоалар.


2. Республика таълим маркази

1. Оригинал макетларни Республика таълим марказига тақдим этиш;


2. Тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилиш ва расмийлаштириш.

Эълонда белгиланган

муддатларда



1. Оригинал макетлар қабул қилинган куннинг ўзида;

2. Қабул қилинган кундан бошлаб икки ой муддатда.

4-босқич

1. Республика таълим маркази.

2. Экспертлар гуруҳи.

1. Оригинал макетларни экспертлар гуруҳига тақдим этиш.


2. Экспертизадан ўтказиш ва хулосаларни Республика таълим марказига топшириш.





5-босқич

Республика таълим маркази


Экспертиза натижаларини Мувофиқлаштирувчи кенгашга тақдим этиш.


Экспертизадан кейин

1 ҳафта ичида

6-босқич

Мувофиқлаштирувчи Кенгаш


Муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун қарор қабул қилиш

Экспертизадан кейин

1 ҳафта ичида






7-босқич

Халқ таълими вазирлиги

Муқобил дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш.

Бир ўқув йили давомида







8-босқич

Республика таълим маркази

Тажриба-синов ва жамоатчилик муҳокамаси натижаларини умумлаштириш.

Тажриба-синов ва жамоатчилик муҳокамасидан сўнг

1 ой муддатда

 


9-босқич

Мувофиқлаштирувчи Кенгаш

Халқ таълими вазирлиги

Муқобил дарсликларни аниқлаш бўйича якуний қарор қабул қилиш ва фойдаланишга тавсия этиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ҳамда дарсликларни электрон тарзда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтига жойлаштириш.

Янги ўқув йили

бошлангунга қадар

    


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 апрель