ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Чет эл олий ўқув юртлари / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2019 й. ПҚ-4278-сон "Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.04.2019 й.

N ПҚ-4278



ЎЗБЕКИСТОНДА ШАРДА УНИВЕРСИТЕТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Умумэътироф этилган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ олий маълумотли юқори малакали кадрлар тайёрлашни ташкил этиш, инновацион муҳитни шакллантириш, хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни янада ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳиндистон Республикасига 2018 йил 30 сентябрь - 1 октябрдаги давлат ташрифи чоғида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини бажариш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги ва "Sharda Educational Trust" (Ҳиндистон Республикаси) таълим трастининг (кейинги ўринларда - Муассис) Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистондаги Шарда университети (кейинги ўринларда - Университет) олий таълим муассасаси - юридик шахс шаклидаги Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланади, алоҳида мол-мулкка, мустақил балансга эга, тасарруфидаги мол-мулк билан ўз мажбуриятлари бўйича жавобгар ҳисобланади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда Шарда университети (Ҳиндистон Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича амалга оширилади;

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

абитуриентлар қабули ва Университет битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Муассис томонидан белгиланадиган талаблар, тартиб ва муддатларга мувофиқ амалга оширилади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида ва Ҳиндистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги диплом берилади.


3. Университет фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компьютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникация инжиниринги, бизнес-менежмент ва талаб юқори бўлган таълимнинг бошқа йўналишларида юқори малакали мутахассисларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлашни таъминлаш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш;

юқори малакали мутахассисларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг малакавий амалиётини етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш;

меҳнат бозорининг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ахборот-коммуникация технологиялари, муҳандислик-техника, тиббиёт ва аниқ фанлар соҳаларида илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш, шунингдек, олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш;

таълим ва илмий-техникавий соҳаларда етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.


4. Маълумот учун қабул қилинсинки, Муассис:

ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлар ҳисобидан Андижон вилояти ҳудудида Университетнинг кўп мақсадли кампусини қуради ва жиҳозлайди;

Университетнинг кўп мақсадли кампусини ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этади;

ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўқув корпуслари, ўқув-лаборатория базаси, талабалар турар жойлари ва Университетнинг бошқа иншоотларини мебель, инвентарь, ўқув ва илмий жиҳозлар, оргтехника, компьютерлар билан жиҳозлайди, шунингдек, Университетни ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан таъминлайди;

Университетнинг кутубхона фондини шакллантириш ва уни замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан тўлдиришга, шу жумладан Шарда университетининг (Ҳиндистон Республикаси) ахборот ресурс базасидан фойдаланиш имконини яратган ҳолда кўмаклашади;

Университетда таълим бериш ва ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали хорижий профессор-ўқитувчиларни жалб қилади.


5. Белгилансинки:

а) Университет фаолиятини молиялаштириш ва уни сақлаш:

Муассис маблағлари ва талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

б) Университетда таълим олиш инглиз, ўзбек, ва рус тилларида кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида ҳамда Университет битирувчиларининг потенциал иш берувчилари - юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган таълим грантлари бўйича, шунингдек, ёшларнинг таълим олиши учун аввало мамлакат ҳудудлари томонидан ажратиладиган хайрия эҳсонлар ҳисобига амалга оширилади;

в) Университет Муассис билан келишган ҳолда:

Ўзбекистон Республикаси манфаатдор ташкилотларининг мутахассисларга бўлган реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2019/2020 ўқув йили ва кейинги йиллар учун талабаларни қабул қилиш квоталари ва тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати миқдорларини белгилайди;

Шарда университети (Ҳиндистон Республикаси) ва бошқа етакчи хорижий ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказларига ўқиш ва стажировка ўташга юбориш учун энг истиқболли талабаларни танлов асосида саралаб олишни ташкил этади;

Университет профессор-ўқитувчилари ва докторантлари учун халқаро тажриба алмашинувини ташкиллаштиради;

г) Университет ректори Муассис томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Университетни ташкил этиш даврида унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, юридик, иқтисодий, ўқув-услубий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этишда Муассисга кўмаклашсин.


7. Университетга:

кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, Муассис ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда янги истиқболли бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш;

тузиладиган шартномалар асосида Университетга ўқитувчилик қилиш ва илмий иш олиб бориш учун таклиф этиладиган хорижлик профессорлар ва ўқитувчиларнинг яшаши ҳамда транспорт харажатларига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлашга рухсат берилсин.


8. Андижон шаҳри, Бобуршоҳ кўчаси, 73-уй манзилида жойлашган Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари ҳамда унга туташ ҳудуд оператив бошқарув ҳуқуқи билан Андижон машинасозлик институтига берилсин, кейинчалик уларда Университет бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни тамомлагунларига қадар Андижон шаҳри, Мустақиллик кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган 2-Андижон маиший хизмат касб-ҳунар коллежининг биноларида ўқишни давом эттиради;

Андижон машинасозлик институтига берилган Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда Университетни мебель, инвентарь, ўқув ва илмий асбоб-ускуналар, ташкилий техника, компьютерлар, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш билан боғлиқ ишларни молиялаштириш Муассис маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


9. Андижон вилояти ҳокимлиги Университет ва Муассиснинг буюртманомалари бўйича:

талабалар учун яшаш жойларини ташкил қилиш, шунингдек, кўп мақсадли Университет кампусини қуриш учун зарурат бўлганда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши йўқотишларини қопламаган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан 40 гектаргача майдонга эга бўлган ер участкасини Университетга бепул асосда доимий фойдаланиш учун ажратсин;

Университет бино ва иншоотларини муҳандислик коммуникацияларига уланишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Муассис билан биргаликда бир ой муддатда таъсис ҳужжатлари ишлаб чиқилиши ва келишилишини, шунингдек, Университетни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


11. 2022 йил 1 апрелга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан, шунингдек, хорижий ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисми бўйича ягона ижтимоий тўловдан;

Муассис Ўзбекистон Республикасида Университет фаолиятидан олган даромадлари бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан;

Университетни қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун Муассис, Университет ва пудрат ташкилотлари томонидан ўрнатилган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган жиҳозлар, шу жумладан ўқув ва илмий-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, оргтехника, ўқитишнинг техник воситалари, ўқув ва илмий-методик адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари, инвентарь ва бошқа моддий-техника ресурслари божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги ва Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кўп марталик кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Андижон вилояти ҳокимлиги ва Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларига ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 15 апрель, 15-сон, 283-модда










































Время: 0.1471
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск