ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.04.2019 й. ПҚ-4290-сон "Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
16.04.2019 й.
N ПҚ-4290
СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ-
ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида нодавлат тиббиёт муассасалари сонини янада кўпайтириш ҳамда улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, хусусий тиббиёт муассасаларининг аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишдаги ҳиссасини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни жорий этишнинг институционал ва ҳуқуқий механизмларини яратиш масаласи ҳали-ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда.
Хусусий соғлиқни сақлашни янада ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектори иштирокини рағбатлантириш мақсадида:
1. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Белгилансинки:
а) соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳалари давлат ва хусусий шерик ўртасида қуйидаги бир ёки бир неча шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилади:
соғлиқни сақлаш соҳасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш;
соғлиқни сақлаш соҳасида товарларни етказиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш;
б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари хусусий шерикни танлаб олиш тендер асосида ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали амалга оширилади;
в) битимнинг амал қилиш муддати давлат ва хусусий шерик томонидан белгиланади. Бунда у уч йилдан кам бўлмаслиги ва 49 йилдан ошмаслиги керак;
г) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда хусусий шерикка ажратилган ер участкалари, сотиб олинган тиббий ва бошқа ускуналар, шунингдек, улар томонидан қурилган объектлар битимнинг амал қилиш муддати тугагандан сўнг давлат шеригига топширилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида соғлиқни сақлаш соҳасига инвестиция киритадиган инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида жамғарма маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлаш (кейинги ўринларда - имтиёзли кредитлаш) тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
Жамғарма давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил қилинадиган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 январдаги "Озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва фармацевтика саноатида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2718-сон қарорига асосан очилган кредит линияларининг танланмаган маблағлари ҳисобидан ваколатли тижорат банкларига 10 йил муддатгача, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган, йиллик фоиз ставкаси 6 ойлик ЛИБОР плюс 2 фоизга тенг, умумий миқдори 150 млн АҚШ долларигача бўлган кредит линияларини очсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасидаимтиёзли кредитлаш тижорат банклари томонидан:
фақатгина импорт қилинадиган замонавий тиббий ускуналар ва инвентарларни сотиб олиш учун - чет эл валютасида киритиладиган инвестиция умумий ҳажмининг 20 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;
3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, 8 йилгача бўлган муддатга қайта молиялаштирувчи банкнинг маржаси билан бирга йиллик 1 фоиз миқдорида;
инвестор томонидан киритиладиган инвестициялар умумий ҳажмининг 80 фоизидан кам бўлмаган миқдорида хусусий, шу жумладан, хорижий инвестиция киритиш шарти билан амалга оширилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва Адлия вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан биргаликда бир ой муддатда ва кейинчалик ҳар йили давлат-хусусий шериклик шартлари асосида лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида давлат тиббиёт муассасаларининг ер участкалари, бинолари ёки уларнинг қисмлари ва хоналари, шунингдек, самарасиз фаолият кўрсатаётган давлат тиббиёт муассасалари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида устувор йўналишга эга бўлган тиббий ва қўшимча хизматлар рўйхатини шакллантирсин ва улар тўғрисидаги маълумотларни тегишли ихтисослашган веб-сайтларга жойлаштирсин;
икки ой муддатда илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик битимларининг намунавий шакллариниишлаб чиқсин ва тасдиқласин;
уч ой муддатда соғлиқни сақлаш соҳасида, шу жумладан, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари иштирокида амалга ошириладиган бирламчи аҳамиятга эга бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепциясини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;
2019 йил 15 августга қадар давлат-хусусий шериклик битимларини тузиш ҳуқуқини берувчи тендер эълон қилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари билан биргаликда, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг бюджетдан ташқари маблағлари, техник кўмак маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан экспертлар ва консультантларни жалб этган ҳолда давлат-хусусий шериклик аниқ лойиҳаларининг концепциялари, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларининг ишлаб чиқилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда хорижий инвесторларга давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисида маълумот етказилишини, шу жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида ва "Инвестиция портали"да эълон бериш орқали таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, бошқа таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан биргаликда бир ой муддатда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти негизида давлат тиббиёт муассасалари раҳбарлари учун хорижий инвесторларни жалб этиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида инвестицион фаолиятни бошқариш масалалари бўйича мазкур тиббиёт муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил қилсин;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимовга - соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш доирасида вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, мазкур қарорнинг амалга оширилишини мунтазам муҳокама қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоровга - соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўладиган бюджет маблағларининг ҳажмини ўз вақтида аниқлаш;
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шодмоновга - соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли тайёрлаш ҳамда уларни амалга ошириш, лойиҳалар ташаббускорларига зарур бўладиган молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистик ва бошқа маълумотларни олишда кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Г.А. Холжигитовга - Соғлиқни сақлаш вазирлигига давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишда, шу жумладан, аниқ лойиҳаларнинг концепциялари, битимлари ҳамда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш юзасидан шахсий жавобгарлик белгилансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А. Абдуҳакимов, Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Президентининг
2019 йил 16 апрелдаги
ПҚ-4290-сон қарорига
2-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
айрим ҳужжатларига киритиладиган
ўзгартириш ва қўшимчалар
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 24 февралдаги "Аҳолининг ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2499-сон қарорининг 1 ва 4-бандлари ҳамда 8-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2863-сон қарорида:
а) 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
"8. Қуйидагилар 2022 йил 1 январгача:
а) аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида, бўшайдиган маблағларни хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш ва уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжуд бино ва иншоотларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга мақсадли йўналтирган ҳолда, барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
б) белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича юридик шахслар томонидан, шу жумладан лизинг шартномаси асосида олиб келинадиган янги тиббиёт асбоб-ускуналари, бутловчи буюмлар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ҳамда сарфлаш материаллари (стоматология ва косметология асбоб-ускуналаридан ташқари) божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) озод этилсин.
Ушбу банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида, ҳисобот даври якунлари бўйича тиббий хизматлар (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланган юридик шахслар хусусий тиббиёт муассасаларига киради. Бунда тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланганда, юқорида кўрсатиб ўтилган имтиёзлар бошқа даромадларга ҳам жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Ўзбекистон хусусий амалиёт врачлари уюшмаси билан биргаликда бир ой муддатда юқорида қайд этилган солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин";
б) 1-илованинг 5-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги ПҚ-3071-сон қарори билан тасдиқланган Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари - тиббий хизматлар кўрсатишнинг тегишли ихтисослаштирилган йўналишлари бўйича республиканинг бош тиббиёт ташкилотлари рўйхати қуйидаги мазмундаги 14 - 16-бандлар билан тўлдирилсин:
"14. Республика илмий-ихтисослаштирилган аллергология маркази.
15. Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази.
16. Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази".
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),
2019 йил 17 апрель
"Халқ сўзи", 2019 йил 18 апрель
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2019 йил 22 апрель, 16-сон, 306-модда