язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар/ Товар ва хом ашё биржасидаги операциялар ва ҳисоб-китоблар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2004 й. 251-сон "Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.05.2004 й.

N 251



ТОВАР-ХОМ АШЁ БИРЖАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Товарларни улгуржи сотишнинг бозор методларини кенгайтириш, товар-хом ашё биржалари фаолиятини замонавий талабларга мувофиқ тубдан яхшилаш, мамлакатимиз товар ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларига нарх белгилашнинг бозор механизмини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки:

товар-хом ашё биржаларида биржа, аукцион, кўргазма-ярмарка савдолари:

муайян турдаги ва сифатдаги товарлар, шу жумладан, белгиланган тартибда биржа савдоларига қўйилган ҳосила молиявий воситалар (деривативлар) электрон биржа савдолари натижалари бўйича биржа битимлари;

товарлар (ишлар, хизматлар), шу жумладан, ўзига хос хусусиятларга эга бўлган товарлар аукцион савдолари (шу жумладан, давлат харидларини ташкил этиш бўйича электрон савдолар) натижалари бўйича аукцион битимлари;

биржа товарига қўйилган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда харидорларга уларнинг намуналари ва моделларини, электрон каталогларини, проспектларини, реклама бюллетенларини ёки бошқа тавсифловчи ҳужжатларини кўриб чиқиш имкони берилишини талаб қиладиган ҳар қандай товар билан кўргазма-ярмарка битимлари тузиш воситасида ташкил этилиши мумкин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қурилиш материаллари сотиладиган савдо комплексларида:

биржалар томонидан қурилиш материалларининг кўргазма-ярмарка улгуржи савдосини ташкил этиш учун бепул асосда майдонлар ва хоналар;

товар-хом ашё биржалари аъзоларига - кўргазма-ярмарка савдоларида сотишга мўлжалланган товарларни сақлаш учун ижара шартларида майдонлар ва хоналар ажратсинлар.


3. Белгилаб қўйилсинки:

биржа савдоларининг иштирокчилари фақат биржа аъзолари - биржа томонидан белгиланган тартибда биржа савдоларида иштирок этиш ва биржа битимларини тузиш ҳуқуқини олган юридик шахслар ҳисобланади. Биржа аъзолари биржа савдоларида улар номидан биржа битимларини тузиш ваколати берилган ўз ходимлари орқали иштирок этадилар;

мижозлар ёки уларнинг манфаатларини ифодалайдиган, биржада аккредитация қилинган агентлар кўргазма-ярмарка савдолари ва кимошди савдолари иштирокчилари ҳисобланадилар;

биржа аъзолари-дилерлар биржа савдоларида улгуржи савдони фақат уларда улгуржи савдони амалга ошириш ҳуқуқига лицензия мавжуд бўлганда амалга оширадилар;

товар-хом ашё биржалари аъзолари томонидан импорт бўйича келтирилган ҳамда сотиш учун мўлжалланган қурилиш материаллари намуналари ва гуруҳларини сотувга қўйиш фақат уларнинг республика ҳудудига белгиланган тартибда қонуний келтирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши мумкин;

товар-хом ашё биржаларининг аукцион ва кўргазма-ярмарка савдони ташкил этишга харажатлари битишувлар иштирокчиларидан воситачилик йиғими олиш ҳисобига, шунингдек аукцион ва кўргазма-ярмарка савдо қатнашчиларига кўрсатиладиган қўшимча хизматлар (реклама, ахборот, маслаҳат бериш, ўқув, ноширлик хизматлари ва шу кабилар) ҳисобига қопланади;

жисмоний шахслар, шунингдек биржа аъзолари бўлмаган юридик шахслар кўргазма-ярмарка савдоларида брокерлар орқали ёки биржа томонидан тасдиқланадиган қоидаларга мувофиқ мустақил равишда иштирок этиши мумкин;

товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида истеъмол товарларини сотиш (сотиб олиш) учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжуд эканлиги талаб этилмайди.

4. Товар-хом ашё биржаларига:

биржа товарлари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотувга қўйиш учун бепул асосда биржа аъзоси мақоми бериш;

ихтисослаштирилган ва минтақавий савдо майдонлари тармоғини кенгайтириш, шу жумладан кўрсатиб ўтилган савдо майдонларини биржа, кўргазма-ярмарка ва аукцион савдоларининг электрон тизимига улаган ҳолда юридик шахсларни аккредитация қилиш йўли билан кенгайтириш бўйича чоралар кўриш;

биржа аъзоларини биржа, ким ошди ва кўргазма-ярмарка савдолари қоидаларига касб бўйича ўқитишни ташкил қилиш тавсия этилсин.

ишлаб чиқарувчиларга ва биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни сотиш, шунингдек битимлар бўйича электрон ҳисоб-китобларни электрон тўлов тизими орқали амалга ошириш имконини берадиган Интернет орқали савдо тизимига тўғридан-тўғри кириш режимида кўргазма-ярмарка савдоларида иштирок этиш имкониятини таъминлаш;

биржа аъзоларига ихтисослаштирилган савдо майдончалари орқали биржа савдолари тизимига кириш, савдолар натижаларига кўра тузилган битимларни рўйхатдан ўтказиш ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар бўйича электрон ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини бериш;

биржа аъзоларига кўргазма-ярмарка савдолари тизимига Интернет орқали тўғридан-тўғри кириш режимида белгиланган тартибда биржа савдоларига кириш имконини назарда тутиш тавсия этилсин.

5. Белгилансинки:

биржа товарлари котировкалари доимий равишда (бир ҳафтада камида бир марта) биржанинг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

товар-хом ашё биржалари аъзолари улар томонидан кўргазма-ярмарка савдоларида сотиладиган товарлар нархларини оммавий равишда эълон қилишлари шарт.

6. 2004 йил 1 июндан бошлаб биржа фаолиятини амалга оширишда қўшимча равишда қуйидаги лицензия талаблари ва шартлари жорий этилсин:

биржа савдоларида фақат олдиндан эълон қилинадиган, маҳсулотлар истеъмолчилари ва ишлаб чиқарувчилари кенг кўламда фойдаланадиган биржа ахборотномасига киритилган товарларни сотиш, айни бир вақтда олдиндан эълон қилинган листингларга киритилмаган товарларни сотиш тақиқланади;

биржа ахборотномаларига фақат бир хил стандарт хоссаларга эга бўлган, улгуржи гуруҳлар билан сотиладиган ва олдиндан кўздан кечиришни талаб қилмайдиган биржа товарларини киритиш;

биржада сотилган (бепул берилган) камида 100 та брокерлик ўринлари мавжуд бўлиши;

товар-хом ашё биржалари раҳбарларига қўйиладиган малака талабларига риоя қилиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси:

икки ҳафта муддатда товар-хом ашё биржалари билан лицензия битимларини қайтадан тузсин, бунда лицензия битимларига ушбу қарорда белгиланган лицензия талаблари ва шартлари киритилишини назарда тутсин;

бошқарув раисига, ҳисоб-китоб-клиринг палатаси раҳбарига ҳамда биржаларнинг бош маклёрига қўйиладиган малака талабларини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин ҳамда уларни аттестациядан ўтказсин;

биржа битишувларида қатнашувчи биржалар аъзоларини уч ой муддатда, белгиланган тартибда аттестациядан ўтказсин;

барча оммавий ахборот воситаларида кенг реклама компаниясини ва тушунтириш ишларини, шунингдек потенциал сотувчилар, харидорлар, биржалар аъзолари ўртасида товарларни биржа савдоларида сотиш ва харид қилиш қоидалари ва афзалликлари бўйича мақсадли семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда:

брокерлар ва брокерлик идоралари фаолиятини моддий рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда жорий қилсинлар, бунда воситачилик йиғимларининг зарур малака сифатига, брокерлик фаолиятини юритиш тажрибасига эга бўлган брокерларнинг юқори даромад олишини таъминловчи ҳамда биржа савдолари товар айланмасига қараб чекланган миқдорлари белгиланишини назарда тутсинлар;

биржа битишувларидан ундириладиган биржалар воситачилик йиғимлари чекланган миқдорларининг декларация қилинишини таъминласинлар.

Белгилансинки, "Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖнинг биржа битишувларидан ундириладиган воситачилик йиғимларининг чекланган миқдорларини декларация қилиш чоғида "Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси" АЖ учун фойда солиғини ҳисоблашда харажатлар билан чегириладиган юқори ликвидли товарларни сотиш бўйича "Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖ хизматларига 0,1% миқдордаги воситачилик йиғимлари ҳисобга олинади ва улар қуйидаги улушларда ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг бюджетдан ташқарп жамғармасига - 0,05 %;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига - 0,03 %;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига - 0.02 %.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Молия вазирлиги биржалар ва уларнинг аъзолари томонидан воситачилик йиғимларининг чекланган миқдорларига риоя этилишини назорат қилсин.

9. "Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси" АЖнинг Кузатув кенгашига мустақил равишда биржанинг ташкилий тузилмасини тасдиқлаш ва ходимлар сонини белгилаш ҳуқуқи берилсин.

10. Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси даромад (фойда) солиғи тўлашдан уч йил муддатга истисно тариқасида озод қилинсин, бўшайдиган маблағлар ягона электрон савдо тизими техника ва технология дастурий комплексини замонавийлаштиришга мақсадли йўналтирилсин.


11. Ҳукуматнинг 2-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси Адлия вазирлиги, Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                    И. Каримов




Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 31 майдаги

251-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳукуматнинг айрим қарорларига киритилаётган

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР


1. Вазирлар Маҳкамасининг "Улгуржи ва биржа савдосини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" 2001 йил 1 майдаги 198-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2001 й., 5-сон, 24-модда) 8-бандининг тўртинчи хатбошидаги "фоизсиз қайтариш асосида" сўзлари чиқариб ташлансин, "сарфланган маблағлар 5 йил мобайнида қайтарилади" сўзлари "ажратилган маблағлар ҳисобига Ўзбекистон товар-хом ашё биржаси ҳудудий филиалларининг бинолари Давлат мулки қўмитасига берилади" сўзлари билан алмаштирилсин.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 22-23-сон, 260-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2004 й., 5-сон, 50-модда.