язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Халқаро алоқалар/ Ўзбекистон Республикаси билан имзоланган икки томонлама шартномалар/ Давлатлар бўйича ҳужжатлар тизими/ Туркманистон Республикаси/ Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Шартнома (Тошкент, 1996 йил 27 ноябрь)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон

ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий

ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда

ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида

ШАРТНОМА


Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон, кейинги ўринларда "Аҳдлашувчи Томонлар" деб юритиладилар,

халқаро ҳуқуқнинг умумий тан олинган нормаларига асосланиб,

Аҳдлашувчи Томонлар фуқароларининг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини тенг ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлашга интилишдан келиб чиқиб,

фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим аҳамият бериб,

қуйидагилар тўғрисида аҳдлашдилар:



I бўлим. Умумий қоидалар


I ҚИСМ. ҲУҚУҚИЙ МУҲОФАЗА


1-модда. Ҳуқуқий муҳофазанинг таъмин этилиши


1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, шунингдек унинг ҳудудида доимий яшовчи шахслар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида ўз шахсий ва мулкий ҳуқуқларига нисбатан ана шу Томоннинг ўз фуқароларидек ҳуқуқий муҳофазадан фойдаланадилар.


2. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, шунингдек унинг ҳудудида яшовчи бошқа шахслар бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар ваколат доирасига кирадиган судлар, прокуратуралар, ички ишлар, адлия органларига (кейинги ўринларда "адлия муассасалари" деб юритилади) ва бошқа муассасаларига эркин ва тўсиқларсиз мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, мазкур Аҳдлашувчи Томон фуқаролари каби ана шундай шароитларда уларда қатнашишлари, илтимос қўзғатишлари, даъво қилишлари ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин.


3. Мазкур Шартноманинг қоидалари, тегишли равишда Аҳдлашувчи Томонларнинг ҳудудларида уларнинг қонунчиликларига биноан тузилган юридик шахсларга, шунингдек процессуал ҳуқуқдорликка эга бўлган бошқа ташкилотларга ҳам қўлланилади.



2-модда. Пошлиналар тўлашдан ва харажатларни

қоплашдан озод қилиш


1. Аҳдлашувчи Томонлардан ҳар бирининг фуқаролари, унинг ҳудудида доимий яшовчи бошқа шахслар бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудида суд ва нотариал пошлиналарини ва харажатларини тўлашдан ва қоплашдан озод қилинадилар, шунингдек мазкур Аҳдлашувчи Томоннинг ўз фуқаролари учун белгиланган шартларда ва ҳажмларда бепул юридик ёрдамдан фойдаланадилар.


2. Ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган имтиёзлар аниқ иш бўйича, шу жумладан қарорни ижро этиш бўйича амалга оширилаётган барча процессуал ҳаракатларга татбиқ қилинади.



3-модда. Шахсий, оилавий ва мулкий аҳвол

тўғрисида ҳужжатларни тақдим этиш


1. Ушбу Шартноманинг 2-моддасида назарда тутилган имтиёзлар тўғрисида илтимоснома тақдим этган шахснинг шахсий, оилавий ва мулкий аҳволи тўғрисидаги ҳужжатлар асосида берилади. Ушбу ҳужжатлар ҳудудида ушбу шахс яшаш ва туриш жойига эга бўлган Аҳдлашувчи Томоннинг ваколатли муассасалари томонидан берилади.


2. Агар илтимоснома тақдим этган шахс Аҳдлашувчи Томон ҳудудида яшаш ва туриш жойига эга бўлмаса, у ҳолда ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган ҳужжатлар унга у фуқароси бўлган Аҳдлашувчи Томоннинг тегишли дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси томонидан берилиши мумкин.


3. Имтиёзлар бериш тўғрисида илтимоснома бўйича қарор чиқараётган адлия муассасаси зарурат бўлганда ҳужжатларни берган муассасалардан қўшимча маълумотларни ёки зарур тушунтиришларни талаб қилиши мумкин.



II ҚИСМ. ҲУҚУҚИЙ ЁРДАМ


4-модда. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш


1. Аҳдлашувчи Томонларнинг адлия муассасалари фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича мазкур Шартнома қоидаларига мувофиқ ўзаро ёрдам берадилар.


2. Адлия муассасалари мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган ишлар бўйича бошқа муассасаларга ҳам ҳуқуқий ёрдам кўрсатадилар.


3. Мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган ишлар бўйича бошқа муассасалар ҳуқуқий ёрдам ҳақида илтимосномаларни адлия муассасалари орқали жўнатадилар.



5-модда. Ҳуқуқий ёрдам ҳажми


Аҳдлашувчи Томонларнинг адлия муассасалари сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигида назарда тутилган процессуал, оператив-қидирув ва бошқа ҳаракатларни бажариш йўли билан, шу жумладан:

а) ҳужжатларни тузиш ва жўнатиш, тегишли ҳужжатлар ва материалларнинг, шу жумладан банк, молия, юридик ва иш ҳужжатларининг аслини ёки тасдиқланган нусхаларини тақдим этиш;

б) предметлар ва ҳужжатларни тинтиш, чиқариб олиш ва олиб қўйиш, мулкни ҳибсга олиш, ашёвий далилларни жўнатиш ва бериш;

в) кўздан кечириш ва текшириб кўриш;

г) экспертиза ўтказиш;

д) томонларни, жабрланувчиларни, айбланувчиларни, гувоҳларни, экспертларни сўроқ қилиш;

е) ҳуқуқни бузишда айбланувчи, шунингдек бедарак кетган шахсларни қидириш, ҳуқуқни бузишда айбланувчи шахсларни, шунингдек ҳукмни ижро этиш учун бериш;

ж) жиноий таъқиб қилишни амалга ошириш;

з) суд ҳужжатларини тақдим этиш;

и) фуқаролик ва оилавий ишлар бўйича суд қарорларини, жиноий ишларнинг фуқаролик даъвоси қисми бўйича ҳукмларни, ижро ёзувларини эътироф этиш ва ижро этиш;

к) ҳужжатларни топшириш йўли билан бир-бирларига ёрдам берадилар.



6-модда. Муносабатлар тартиби


Ҳуқуқий ёрдам кўрсатишда Аҳдлашувчи Томонларнинг адлия муассасалари бир-бирлари билан, агар ушбу Шартнома билан муносабатда бўлишларнинг бошқача тартиби белгиланмаган бўлса, ўзларининг марказий органлари орқали муносабатга киришадилар.



7-модда. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги

илтимосноманинг мазмуни


1. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосномада қуйидагилар бўлиши керак:

а) сўраётган ва сўралаётган адлия муассасаларининг номлари;

б) ҳуқуқий ёрдам сўралаётган ишнинг номи, илтимоснома мақсадининг баёни ва сўралаётган ёрдамнинг тавсифи;

в) томонларнинг, жабрланувчининг, гувоҳларнинг, шубҳа остидагиларнинг, айбланувчиларнинг, судланувчиларнинг ёки ҳукм қилинганларнинг исми ва фамилиялари, уларнинг яшаш ёки турган жойи, фуқаролиги, машғулоти, юридик шахслар учун - уларнинг номи ва жойлашган ўрни тўғрисидаги маълумотлар;

г) "в" кичик бандида кўрсатилган шахсларнинг вакиллари бўлганда - уларнинг исми, фамилияси ва манзили;

д) бажариш талаб қилинадиган аниқ процедуранинг қўлланиш сабаблари ва муфассал тавсифи;

е) жиноий ишлар бўйича шунингдек ҳуқуқни бузиш фактлари тавсифи, тегишли қонунларнинг баёни ёки матни, шунингдек, агар кирдикор натижасида етказилган бўлса - моддий зарарнинг миқдори тўғрисидаги маълумотлар;

ж) илтимосни бажариш кутиладиган, у зарур бўладиган муддатларни кўрсатиш.


2. Зарурат бўлганда илтимосномага керакли тартибда илтимосни бажаришни осонлаштирувчи ёки прокурорлар томонидан санкцияланадиган процессуал ҳаракатлар учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг тасдиқланган нусхалари ёки уларнинг кўчирмалари илова қилинади.


3. Ҳужжатларни топшириш тўғрисидаги илтимосномада олувчининг аниқ манзили ва ҳужжатларнинг номи кўрсатилган бўлиши керак.


4. Илтимоснома сўраётган адлия муассасасининг тегишли мансабдор шахси томонидан имзоланган ва гербли муҳри билан тасдиқланган бўлиши керак.



8-модда. Бажариш тартиби


1. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосни бажаришда сўралаётган адлия муассасаси ўз давлатининг қонунчилигини қўллайди. Илтимос қилаётган томоннинг адлия муассасаси илтимосига кўра у сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг процессуал нормаларини, агар фақат улар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилигига зид бўлмаса, қўллаши мумкин.


2. Агар сўралаётган адлия муассасаси ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосни бажаришга ваколатли бўлмаса, у илтимосни ваколатли муассасага жўнатади ва бу ҳақда сўраётган адлия муассасасини хабардор қилади.


3. Сўраётган адлия муассасасининг илтимосига биноан сўралаётган адлия муассасаси унга ва манфаатдор томонларга, агар сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг қонунчилиги билан бунга йўл қўйиладиган бўлса, уларнинг илтимосни бажариш чоғида иштирок этишлари учун ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосни бажариш вақти ва жойи тўғрисида ўз вақтида хабар қилади.


4. Аҳдлашувчи Томонларнинг адлия муассасалари ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосни ўз вақтида ва тўлиқ бажариш учун зарур чора-тадбирларни кўрадилар. Илтимос бажарилгандан кейин адлия муассасаси зарурат бўлганда сўраётган адлия муассасасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосномага илова қилинган ҳужжатларни қайтаради.


5. Ушбу Шартноманинг 19-моддасига мувофиқ ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мумкин бўлмаган тақдирда сўралаётган адлия муассасаси сўраётган адлия муассасасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимосномани ва илова қилинган ҳужжатларни қайтаради.



9-модда. Гувоҳларни, жабрланувчиларни, даъвогар

фуқароларни, жавобгар фуқароларни, уларнинг

вакилларини, экспертларни чақириш


1. Зарурат бўлганда Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида дастлабки терговда ёки иш судда кўрилаётганда қатнашиш учун бошқа Аҳдлашувчи Томон ҳудудидаги гувоҳлар, жабрланувчилар, даъвогар фуқаролар, жавобгар фуқаролар, уларнинг вакиллари, экспертлар чақирилиши мумкин.


2. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг адлия муассасаси томонидан берилган чақириқнома бўйича сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг адлия муассасасига келган гувоҳ, жабрланувчи, даъвогар фуқаро, жавобгар фуқаро ва уларнинг вакиллари, ўзининг фуқаролигидан қатъи назар, мазкур Аҳдлашувчи Томон ҳудудида унинг давлат чегарасидан ўтгунгача содир этилган қандайдир кирдикор муносабати билан жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки жазоланиши мумкин эмас. Ушбу шахслар шунингдек ўзларининг кўриб чиқилаётган иш бўйича кўрсатмалари ёки экспертлар сифатидаги хулосалари муносабати билан ҳам жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортилиши, қамоққа олиниши ёки жазоланиши мумкин эмас.


3. Ушбу модданинг 2-бандида кўрсатилган шахслар, агар улар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан, бунинг учун имкониятга эга бўлишса-да, уларни сўроқ қилган адлия муассасаси уларга бундан буён уларнинг бу ерда бўлишларига зарурат йўқлигини хабар қилган кундан бошлаб икки ҳафта муддат ўтгунгача кетишмаса, мазкур банд билан назарда тутилган кафолатларни йўқотадилар. Ушбу шахслар сўралаётган Аҳдлашувчи Томон ҳудудидан ўзига алоқадор бўлмаган айб билан кетолмаган вақт мазкур муддатга қўшилмайди.


4. Гувоҳга, экспертга, шунингдек жабрланувчига ва унинг қонуний вакилига йўлкира ва сўралган давлатда бўлиш билан боғлиқ харажатларни ҳамда ишда бўлмаган кунлари учун олинмаган иш ҳақини сўраётган Аҳдлашувчи Томон тўлайди. Эксперт, шунингдек экспертиза ўтказганлиги учун ҳам ҳақ олиш ҳуқуқига эгадир. Чақириқномада чақирилган шахснинг қандай тўловларни олишга ҳуқуқли эканлиги кўрсатилган бўлиши керак. Бундай шахсларнинг илтимосномаларига биноан сўраётган Аҳдлашувчи Томоннинг адлия муассасалари уларга тегишли харажатларни қоплаш учун аванс (бўнак) тўлайди.


5. Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг ҳудудида яшовчи жабрланувчини, даъвогар фуқарони ва жавобгар фуқарони, гувоҳ ва экспертни бошқа Аҳдлашувчи Томоннинг адлия муассасасига чақириш, улар келмаган тақдирда, мажбур қилиш воситаларини қўллашга таҳдид тусида бўлмаслиги керак.



10-модда. Ҳужжатларни топшириш тартиби


1. Сўралаётган Аҳдлашувчи Томоннинг адлия муассасаси ҳужжатларни топширишни, агар топширилаётган ҳужжатлар мазкур давлат тилида тузилган ёки зарур тартибда тасдиқланган таржима билан таъминланган бўлса, ушбу Аҳдлашувчи Томоннинг илтимосига ва унинг ҳудудида амалда бўлган қоидаларга мувофиқ амалга оширади. Акс ҳолда, у уларни ихтиёрий равишда қабул қилишга рози бўлса, ҳужжатларни у олувчига беради.


2. Топшириш учун мўлжалланган ҳужжатларнинг таржимаси тўғрилигини илтимос қилган томоннинг адлия муассасаси ёхуд Аҳдлашувчи Томонлардан бирининг дипломатик ёки консуллик вакили тасдиқлайди.


3. Агар ҳужжатни илтимосномада кўрсатилган манзил бўйича топшириш мумкин бўлмаса, сўралаётган адлия муассасаси ўз давлатининг қонунчилигига мувофиқ манзилни аниқлаш учун зарур чора-тадбирларни кўради. Манзилни аниқлашнинг иложи бўлмаган тақдирда, сўралаётган адлия муассасаси сўраётган адлия муассасасини бу ҳақда хабардор қилади ва топширилиши керак бўлган ҳужжатларни унга қайтаради.



11-модда. Ҳужжатларнинг топширилганини тасдиқлаш


...