язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш/ Умумий қоидалар/ Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 29.04.2019 й. 363-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 29 апрелдаги

363-сон қарорига

ИЛОВА



Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ваколатли иқтисодий оператор мақомини олиш масалаларини тартибга солиш тартибини, шунингдек, божхона операцияларини амалга оширишда бериладиган махсус соддалаштиришлар тоифалари ва турларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли иқтисодий оператор (кейинги ўринларда оператор деб аталади) - божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш учун ушбу Низом талабларига жавоб берувчи юридик шахсларга бериладиган мақом;


махсус соддалаштиришлар - ваколатли иқтисодий операторнинг тоифасига қараб қўлланиладиган алоҳида божхона операциялари ва божхона назоратини амалга ошириш хусусиятлари;


Ваколатли иқтисодий операторлар реестри (кейинги ўринларда Реестр деб аталади) - божхона операцияларини амалга оширишда соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилган юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) томонидан шаклланитириладиган ва Қўмитанинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган рўйхати;


юридик шахснинг (операторнинг) ваколатли шахси - тегишли шартнома ёки ишончнома асосида юридик шахс номидан ҳаракат қилувчи шахслар;


ваколатли органлар - суд, прокуратура органлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, шунингдек, солиқ органлари.


3. Оператор ва махсус соддалаштиришлар қуйидаги тоифаларга киради:

"А" тоифаси;

"Б" тоифаси.


4. Оператор Реестрга киритилган вақтдан бошлаб, хавф даражаси паст бўлган тоифага киради.


5. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари операторлар бўла олмайди.



2-БОБ. МАХСУС СОДДАЛАШТИРИШ ТОИФАЛАРИ


6. "А" тоифасини ва ушбу тоифадаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун юридик шахс мазкур Низомнинг 12-бандида назарда тутилган мезонларга мос келиши лозим.


7. "Б" тоифасини ва ушбу тоифадаги махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун оператор камида бир йил "А" тоифасидаги оператор сифатида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириши ва "Б" тоифасини олиш учун ариза тақдим этиши шарт.


8. Операторнинг тоифаси ва ушбу тоифадаги махсус соддалаштиришлар юридик шахс (оператор) Реестрга киритилган кундан бошлаб кучга киради.



3-БОБ. РЕЕСТРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


9. Реестр Қўмитанинг юридик шахсни Реестрга киритиш ҳақидаги қарорига асосан шакллантирилади.

Юридик шахсни Реестрга киритиш, шунингдек, мақомни тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ёки операторни Реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор Қўмитанинг фармойиши кўринишида қабул қилинади.


10. Қўмита юридик шахсни Реестрга киритиш, шунингдек, унинг мақомини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ёки операторни Реестрдан чиқариш тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг ушбу маълумотни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.


11. Ваколатли иқтисодий оператор мақоми ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича берилади.



4-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ УЧУН

ТАНЛАШ МЕЗОНЛАРИ


12. Реестрга киритиш ҳақида ариза берилган пайтда юридик шахс қуйидаги мезонларга мос келиши лозим:

божхона органларига мурожаат қилингунга қадар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 174, 175, 176, 177 ва 227-227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахсининг маъмурий жавобгарликка жалб қилинганлик ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

божхона органларига мурожаат қилингунга қадар сўнгги беш йил мобайнида юридик шахснинг раҳбари ва бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахси Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортилган ҳолатлари мавжуд бўлмаслиги;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан улар бўйича жарима ва пенялар тўлаш юзасидан қарздорлик мавжуд бўлмаслиги;

божхона органларига мурожаат қилгунга қадар камида уч йил ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилган бўлиши;

товарларни сақлаш учун омбор сифатида фойдаланишга мўлжалланган (фойдаланиш ёки эгалик қилиш ҳуқуқида) иншоотлар, бинолар (биноларнинг бир қисми) ва (ёки) очиқ майдончаларга (очиқ майдончаларнинг бир қисми) эга бўлиш;

импорт ва (ёки) экспорт қилинган товарларнинг фактура қиймати бу йилда камида 2 млн АҚШ доллари эквивалентини ташкил қилиши ва сўнгги ўн икки ой мобайнида камида 100 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши ёки тўланган божхона тўловларининг суммаси энг кам ойлик иш ҳақининг камида 20 000 баробарини ташкил қилиши ва камида 50 та импорт ва (ёки) экспорт божхона юк декларацияси расмийлаштирган бўлиши лозим.


13. Қўмита ҳар йили амалга оширилган ўрганишлар якунлари бўйича оператор фаолиятининг ушбу Низом 12-бандида келтирилган мезонларга мослиги тўғрисидаги хулоса тузади.



5-БОБ. РЕЕСТРГА КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА АРИЗА

БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


14. Юридик шахс Реестрга киритиш учун Қўмитага ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ёзма ариза тақдим этади.

Аризани давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш мумкин.


15. Аризага алоҳида ҳужжатлар илова қилинмайди, агарда Қўмита бундай ҳужжатлар ҳақидаги маълумотларни ва (ёки) улардаги маълумотларни давлат божхона органлари фойдаланадиган ахборот тизимлари, шунингдек, идоралараро ахборот ҳамкорлиги доирасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот тизимлари орқали олиши мумкин бўлса.


16. Қўмита аризани рўйхатга олинган кундан бошлаб 30 иш куни ичида кўриб чиқади.

Аризани кўриб чиқиш учун йиғим ундирилмайди.


17. Қўмита ушбу Низомнинг 16-бандида белгиланган муддатдан кечиктирмай, юридик шахсни Реестрга киритиш ёки киритишни рад этиш тўғрисида ёзма хабарнома юборади.

Юридик шахснинг ушбу Низомнинг 12-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ эмаслиги уни Реестрга киритишни рад этишга сабаб бўлди.


18. Оператор Реестрга киритилган кундан эътиборан махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.



6-БОБ. БОЖХОНА ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН МАХСУС

СОДДАЛАШТИРИШЛАР ТУРЛАРИ


19. "А" тоифасидаги операторга қўйидаги махсус соддалаштиришлар тақдим этилади:

товар ва транспорт воситаларини чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинганда, операторнинг товарлари ва транспорт воситаларига божхона назорати шаклларини қўлламаслик, таваккалчиликларни бошқариш тизими томонидан белгиланадиган чоралар бундан мустасно;

товарларни декларациялаш ва чиқариш билан боғлиқ божхона опереацияларини биринчи навбатда амалга ошириш;

оператор томонидан ташиладитган товарларга нисбатан товарни ташиш йўналишини белгиламаслик;

операторнинг товарларини божхона жўнатиш органидан белгиланган жойга божхона тўловлари тўланиши таъминламасдан етказиб бериш;

товарларни операторнинг очиқ майдонлари, бинолари ва бошқа ҳудудларига божхона назоратида жойлаштириш;

божхона органлари билан келишилган ҳолда, операторнинг очиқ майдонлари ва бошқа ҳудудларида товарларни чиқариш билан боғлиқ божхона операцияларини амалга ошириш;

операторнинг транспорт воситасида божхона транзити амалга оширилаётганда божхона тўловлари тўланиши таъминланишини талаб қилмаслик;

божхона тўловлари тўланишини таъминламасдан, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини йигирма иш кунигача кечиктирган ҳолда, товарларни эркин муомалага чиқариш.


20. "Б" тоифасидаги операторга "А" тоифасига қўшимча равишда қўйидаги махсус соддалаштиришлар тақдим этилади:

товарларни чиқаришда уларнинг божхона қийматини шартли равишда аниқлашда божхона тўловлари тўланиши таъминланишини талаб қилмаслик;

алоҳида хужжатлар (мувофиқлик сертификати) мавжуд бўлмаганда, товарларни (озиқ-овқат товарлари ва фармацевтика маҳсулотлари бундан мустасно) шартли равишда чиқариш ва ҳужжатларни кейинчалик олтмиш календарь куни давомида тақдим этиш;

экспортга жўнатиладиган товарлар юкланган транспорт воситаларининг юк хоналари (отсеклари) ёки уларнинг бир қисмига оператор томонидан қўйилган пломбаларни давлат божхона хизмати органлари томонидан идентификация воситалари сифатида тан олиниши;

божхона тўловлари тўланишини таъминламасдан, божхона тўловларини бўлиб тўлаш ва (ёки) муддатини олтмиш иш кунигача кечиктирган ҳолда, товарларни эркин муомалага чиқариш;

давлат божхона хизмати органлари томонидан божхона операцияларини амалга ошириш вақтини қисқартириш ва тартибини такомиллаштириш бўйича амалга ошириладиган тажриба лойиҳалари синовларда иштирок этиш;

божхона масалаларини мувофиқлаштириш ва хал қилишда оепаторга кўмаклашиш учун давлат божхона хизмати органларининг масъул ходимини (кейинги ўринларда координатор деб аталади) тайинлаш.



7-БОБ. ОПЕРАТОРЛАРНИ ЎЗАРО ТАН ОЛИШ


21. Ўзбекистон Республикасининг "Б" тоифасидаги операторларига ушбу Низомда назарда тутилмаган ва Ўзбекистон Республикаси ўзаро тегишли шартномалар тузган хорижий давлатлар ҳудудида қўлланиладиган бошқа имтиёзлар ва махсус соддалаштиришлар тақдим этилиши мумкин.


22. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ушбу Низомда назарда тутилган имтиёзлар ва махсус соддалаштиришлар хорижий давлатларнинг ваколатли хўжалик юритувчи субъектларига ҳам ўзаро асосда берилиши мумкин.



8-БОБ. ОПЕРАТОР МАҚОМИНИ ТЎХТАТИБ

ТУРИШ ВА ҚАЙТА ТИКЛАШ


23. Оператор мақоми қуйидаги ҳолатларда тўхтатиб турилади:

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174, 175, 176, 177, 227-227-27-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери, шунингдек, ваколатли шахсини маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида суд қарори кучга кирганда;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери ёхуд ваколатли шахсига нисбатан жиноят иши қўзғатилганда;

хабарномада белгиланган муддатда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ёки тўлиқ бажарилмаганда;

ушбу Низомнинг 12-банди еттинчи хатбошига мувофиқ белгиланган импорт ва экспорт кўрсаткичлари камайганда.


24. Ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган асослар мавжуд бўлса, Қўмита операторнинг мақомини тўхтатади ва тегишли қарор қабул қилинганидан сўнг бир иш кунидан кечиктирмаган ҳолда уни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.


25. Қуйидагилар юзага келганда:

23-банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати бир йилни;

23-банднинг учинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати суднинг оқлаш ҳақидаги қарори чиққунига қадар бўлган даврни;

23-банднинг тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати ўттиз иш кунини;

23-банднинг бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда - тўхтатиб туриш муддати 12-банднинг еттинчи хатбошида кўрсатилган мезонларга мувофиқ ҳолга келтирилгунга қадар бўлган, лекин бир йилдан ортиқ бўлмаган даврни ташкил қилади.


26. Мақомни тўхтатиб туриш билан боғлиқ ҳолатларни бартараф этилганда ёки суднинг оқлаш ҳақидаги ҳукми чиқарилганда, оператор беш иш куни ичида Қўмитага тегишли хабарнома юборади.


27. Қўмита хабарномани олган кундан эътиборан беш иш куни ичида операторнинг мақомини қайта тиклаш ёки қайта тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади ва қабул қилинган қарор тўғрисида уни хабардор қилади.

Ушбу Низомнинг 23-бандида келтирилган ҳолатларнинг бартараф этилмаслиги мақомни қайта тиклашни рад этишга сабаб бўлади.



9-БОБ. ОПЕРАТОРЛАРНИ РЕЕСТРДАН

ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


28. Оператор қуйидаги ҳолларда Реестрдан чиқарилади:

операторнинг ўз хоҳиши билан Реестрдан чиқариш тўғрисидаги ёзма мурожаати бўйича;

оператор мақомига эга бўлган юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тугатилган тақдирда;

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182, 184, 189, 209, 228 ва 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун операторнинг раҳбари ёки бош бухгалтери ёхуд ваколатли шахсига нисбатан суд ҳукми кучга кирганда;

оператор мақомини тўхтатиб қўйишга олиб келган ва ушбу Низомнинг 23-банди тўртинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар ўттиз иш куни ичида бартараф этилмаганда;

оператор мақомини тўхтатиб қўйишга олиб келган ва ушбу Низомнинг 23-банди бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бир йил ичида бартараф этилмаганда;

оператор қайта ташкил этилганда, ўзгартириш орқали қайта ташкил этиш бундан мустасно;

оператор мақоми ваколатли орган томонидан тақдим этилган ва бундай мақомни бериш учун асос бўлиб хизмат қилган ишончсиз маълумотлар асосилда берилгани аниқланганда;

оператор томонидан ушбу Низомнинг 32-бандида назарда тутилган мажбуриятлар бир йил мобайнида икки мартадан ортиқ бажарилмаганда.


29. Қўмита ушбу Низомнинг 28-бандида назарда тутилган асослар юзага келиши тўғрисида хабар олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмасдан, операторни Реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қўмита операторни Реестрдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни ичида чиқариш учун асосларни кўрсатган ҳолда, операторни бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.


30. Оператор Реестрдан чиқарилган тақдирда, юридик шахс уч йилдан сўнг, ушбу Низомнинг 28-банди тўртинчи хатбошида келтирилган ҳолатда - беш йилдан сўнг Реестрга киритиш тўғрисида такроран ариза бериш ҳуқуқига эга.



10-БОБ. ОПЕРАТОРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Оператор қўйидаги ҳуқуқларга эга:

Реестрга киритилган кундан бошлаб, ушбу Низомнинг 6-бобида назарда тутилган махсус соддалаштиришлардан фойдаланиш, оператор мақомини тўхтатиб туриш ҳолати бундан мустасно;

координатор ёрдамида божхона масалалари юзасидан белгиланган тартибда маълумот ва маслаҳатлар олиш;

божхона операцияларини махсус соддалаштиришларни қўллаган ҳолда амалга оширишга масъул раҳбарлар ва ўз штатидаги шахслар орасидан координатор билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун масъул шахсни белгилаш.

Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32. Оператор қуйидагиларга мажбур:

Реестрга киритилганидан сўнг ушбу Низомнинг 12-бандида келтирилган мезонларга мувофиқ бўлиши;

божхона органларига Реестрга киритишда тақдим этилган маълумотлар ўзгариши ҳақида хабар бериш ва бундай ўзгаришларни тасдиқловчи ҳужжатларни ушбу маълумотлар ўзгарган кундан эътиборан беш иш куни ичида тақдим этиш;

бўлиб тўлашга рухсат берилган ёки муддати кечиктирилган божхона тўловларининг божхона органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ юборилган хабарномада кўрсатилган муддатнинг охирги кунидан кечиктирмасдан тўланишини таъминлаш;

давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахслари операторларнинг божхона назоратида турган товарлар сақланаётган иншоотлари, бинолари (биноларнинг қисмлари) ва (ёки) очиқ майдонларига (очиқ майдонлар қисмларига) тўсиқсиз кириши тўғрисида давлат божхона хизмати органларининг талабларини бажариш;

давлат божхона хизмати органлари талабларига мувофиқ божхона назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этиш;

давлат божхона хизмати органи божхона назорати шакллари ва божхона назоратининг амалга оширилишини таъминлаш чораларини қўллаш зарурлиги тўғрисида хабар бермаган тақдирда, товарлар чиқарилгунига қадар қонунбузарликларни мустақил равишда аниқлаш ва бартараф этиш;

товарларни декларациялаш ва ҳисобга олиш бўйича божхона операцияларини амалга ошириш учун зарур бўлган автоматлаштирилган тизимга эга бўлиш.

Оператор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.



11-БОБ. ОПЕРАТОР ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


33. Агар назорат чораси таваккалчиликларни бошқариш тизимида мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда операторларнинг товарларига нисбатан божхона назорати шакллари қўлланиши мумкин.


34. Божхона назоратида бўлган операторнинг товарларига ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш (чеклаш) бўйича ваколатли органлар томонидан тақдим этилган асослар мавжуд бўлса, давлат божхона хизмати органи ушбу товарларга нисбатан божхона тартиб-таомилларини ваколатли органнинг алоҳида қарори қабул қилингунига қадар тўхтатиб туради.

Ваколатли органлар аниқланган ва фош этилган жиноятлар ёки бошқа тергов натижалари, жиноятларни содир этган шахслар, шунингдек, операторларнинг солиқлар бўйича қарздорлиги (жарималар, пенялар ва бошқа ҳуқуқбузарликлар) тўғрисида уч иш кунидан кечиктирмасдан, давлат божхона хизмати органларини ахборот тизимлари орқали (мавжуд ахборотдан ноқонуний фойдаланиш имконини бермайдиган ҳимояланган алоқа каналлари орқали) ҳабардор қилиши шарт.



12-БОБ. ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ОПЕРАТОРЛАР

БИЛАН ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


35. Қўмита операторнинг Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилиги ва ушбу Низом талабларига риоя этиши юзасидан назоратни таъминлайди.


36. Давлат божхона хизмати органлари ушбу Низомда белгиланган тартибда оператор декларант бўлган товарларга нисбатан божхона операцияларини амалга оширади.


37. Божхона органлари махсус соддалаштиришларни қўллашда, шу жумладан божхона қонунчилигини қўллаш масалалари юзага келганда, операторлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш мақсадида бундай ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш учун масъул ходимларни (координаторларни) белгилаши мумкин.



13-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Давлат божхона хизмати органлари мансабдор шахсларининг қарорлари, шунингдек, ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) юзасидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ шикоят қилиниши мумкин.


39. Давлат божхона хизмати органлари айрим операторларга қайд этилган фаолиятни амалга ошириш учун бошқа имтиёзли шартоитлар яратишга ҳақли эмас.


40. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Юридик шахсни Ваколатли иқтисодий

операторлар реестрига киритиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Муддат

1-босқич

Юридик шахс

Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисида Давлат божхона қўмитасига ариза тақдим этади:


а) ёзма шаклда бевосита;


б) давлат хизматлари марказлари орқали.

Юридик шахснинг хоҳишига кўра

2-босқич

Давлат божхона қўмитаси

1. Аризани кўриб чиқади.


2. Аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича юридик шахсга қуйидагилар ҳақида хабарнома юборади:


а) Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисида;


б) Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритишни рад этиш тўғрисида.

      

30 кундан ошмаган муддатда

3-босқич

Давлат божхона қўмитаси

1. Юридик шахсни Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.


2. Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритилган юридик шахслар ҳақидаги ахборотни Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.

Қарор қабул қилинган кунда

          





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитаси



Ваколатли иқтисодий операторлар

реестрига киритиш ҳақида

АРИЗА

           

(юридик шахснинг тўлиқ номи)

         

(СТИР)

Ваколатли иқтисодий операторлар реестрига киритишни ва қуйидаги махсус соддалаштиришлар тоифасини беришни сўрайди:

"А"

                

"Б"

ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрелдаги 363-сон қарори билан тасдиқланган Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги низомнинг 4-бобида белгиланган мезонларга мувофиқлигини маълум қилади.

__________________________________

(ариза берувчи раҳбарининг лавозими)

_______________________

(ариза берувчининг имзоси)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 6 май, 18-сон, 354-модда