язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ижтимоий ва хусусий шериклик/ Ўзбекистон Республикасининг 10.05.2019 й. ЎРҚ-537-сон "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.04.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 03.05.2019 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

10.05.2019 й.

N ЎРҚ-537



ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 26 апрелда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 3 майда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг мақсади давлат-хусусий шериклик шу жумладан концессиялар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимларга ва давлат харидлари соҳасига нисбатан татбиқ этилмайди.

Концессия лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шунингдек концессия шартномаларини тузиш ушбу Қонунда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


2-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


давлат-хусусий шериклик - давлат шериги ва хусусий шерикнинг муайян муддатга юридик жиҳатдан расмийлаштирилган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришига асосланган ҳамкорлиги;


давлат-хусусий шериклик лойиҳаси - иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий вазифаларни ҳал этишга қаратилган, хусусий инвестицияларни жалб этиш ва (ёки) илғор бошқарув тажрибасини жорий этиш асосида амалга ошириладиган тадбирлар мажмуи;


давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси - давлат шериги ва (ёки) хусусий ташаббускор томонидан тайёрланган, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун танловни асослаб берадиган, лойиҳанинг қийматини, лойиҳани молиялаштириш манбаини ҳамда рентабеллигини белгилайдиган, уни амалга оширишнинг самарадорлиги ва долзарблиги асосларини ўз ичига олган ҳужжат;


давлат-хусусий шериклик объекти - лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, етказиб берилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, модернизациялаштирилиши, эксплуатация қилиниши ва хизмат кўрсатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини рўёбга чиқариш доирасида амалга ошириладиган мол-мулк, мулкий комплекслар, ижтимоий инфратузилма, ер участкалари, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида жорий этилиши лозим бўлган ишлар (хизматлар) ва инновациялар;


давлат-хусусий шериклик объектидан эркин фойдаланилиши учун тўлов - давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланиш (уни эксплуатация қилиш) ва (ёки) ушбу объектга хизмат кўрсатиш даврида ундан эркин фойдаланилишини таъминлаганлик учун хусусий шерикка давлат шериги томонидан амалга ошириладиган тўловлар;


давлат шериги - Ўзбекистон Республикаси ва (ёки) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ваколат берилган бошқа юридик шахслар ёки уларнинг бирлашмалари;


концессия - давлат-хусусий шерикликнинг шаклларидан бири бўлиб, бунда давлат хусусий шерикка концессия шартномасида назарда тутилган хўжалик фаолиятининг муайян турини амалга ошириш учун рухсатнома берган ҳолда мол-мулкни ва ер участкаларини тақдим этади;


махсус лойиҳалаштириш компанияси - тендер ғолиби, захирадаги ғолиб, хусусий ташаббускор ёки тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчиси томонидан фақат давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун ташкил этилган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган юридик шахс;


талабгор - давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ва тендерда иштирок этишдан манфаатдор бўлган, Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган якка тартибдаги тадбиркор, юридик шахс ёки юридик шахсларнинг бирлашмаси;


фойдаланганлик учун тўлов - товарларни (ишларни, хизматларни) истеъмол қилувчилардан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш доирасида хусусий шерик томонидан йиғиб олинадиган тўловлар;


хусусий шерик - Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонунчилигига мувофиқ рўйхатдан ўтказилган, давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузган якка тартибдаги тадбиркор, юридик шахс ёки юридик шахсларнинг бирлашмаси.



4-модда. Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари

Давлат-хусусий шерикликнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат шеригинингва хусусий шерикнинг қонун олдида тенглиги;

давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг шаффофлиги;

хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик;

камситишга йўл қўймаслик;

коррупцияга йўл қўймаслик.



5-модда. Давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг

қонун олдида тенглиги принципи

Давлат шериги ва хусусий шерик тенг тарафлардир.



6-модда. Давлат-хусусий шерикликни амалга

оширишдаги қоидалар ва тартиб-таомилларнинг

шаффофлиги принципи

Давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари манфаатдор шахслар учун очиқ, шаффоф ва тушунарли бўлиши керак.

Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомиллари тўғрисидаги ахборотдан эркин фойдаланилишини таъминлаши шарт.



7-модда. Хусусий шерикни танлашдаги

баҳслашув ва холислик принципи

Хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик танловга кўра саралаб олиш механизмларидан фойдаланиш, давлат-хусусий шериклик қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини амалга оширишдаги ва холис ҳамда асослантирилган мезонлар асосида мақбул вариант фойдасига қарорлар қабул қилишдаги ҳалоллик ва шаффофлик ҳисобига таъминланади.



8-модда. Камситишга йўл қўймаслик принципи

Камситишга йўл қўймаслик қуйидагиларни таъминлаш орқали кафолатланади:

тендер тартиб-таомиллари иштирокчилари ҳуқуқларининг тенглиги;

хусусий шерикни танлашдаги холислик;

хусусий шерикни танлашдаги очиқлик.

Хусусий ташаббускорларга, талабгорларга, хусусий шерикларга, шу жумладан чет эллик хусусий ташаббускорларга, талабгорларга, хусусий шерикларга Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тенг ҳуқуқлар, фаолиятнинг камситиш хусусиятига эга чоралар қўлланилишини истисно этувчи ҳуқуқий режими кафолатланади.



9-модда. Коррупцияга йўл қўймаслик принципи

Давлат-хусусий шериклик қоидалари ва тартиб-таомилларига доир талаблар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги ҳамда коррупциянинг ва коррупцияга сабаб бўлувчи омилларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таъминлаши керак.



2-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ


10-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги

давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини таъминлаш;

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш;

мавжуд ижтимоий инфратузилмани шакллантиришга, тиклашга, ундан фойдаланишга, уни сақлашга кўмаклашиш;

ижтимоий инфратузилмадан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;

давлат хизматлари сифатини яхшилаш ва улардан эркин фойдаланишни кенгайтириш;

хусусий секторнинг молиявий маблағларини, шу жумладан хорижий инвестицияларни жалб этишни таъминлайдиганшарт-шароитлар яратиш;

давлат-хусусий шерикликнинг институционал-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш учунилмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, замонавий услублар ва технологияларни жорий этиш.



11-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат-хусусий шериклик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича давлат шеригини тайинлашда ноаниқлик юзага келган ҳолларда, давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли органнинг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг баённомасига биноан давлат шеригини белгилайди;

давлат-хусусий шериклик соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлайди;

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритиш тартибини белгилайди;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муваффақиятли расмийлаштирилганлиги учун тендер ғолибидан ёки тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчисидан ундириладиган бир марталик тўлов миқдорини белгилайди.


12-модда. Давлат-хусусий шериклик соҳасидаги

ваколатли давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатли давлат органидир (бундан буён матнда ваколатли давлат органи деб юритилади).

Ваколатли давлат органи:

давлат-хусусий шериклик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлайди;

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги давлат дастурларини амалга оширишда, шунингдек давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг концепцияларини ишлаб чиқишда вазирликларга, давлат қўмиталарига, идораларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўмаклашади;

инвесторлар, халқаро молия ва донорлик ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек давлат-хусусий шерикликнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этади;

давлат-хусусий шериклик соҳасида услубий ҳужжатларни, қўлланмалар ва йўриқномаларни тайёрлайди;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг техник-иқтисодий параметрларига доир шарҳларни кўриб чиқади ва тақдим этади;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги намунавий битимлар лойиҳаларини ишлаб чиқади;

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлашга ва амалга оширишга кўмаклашади;

умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини маъқуллайди, рад этади ёки маромига етказиш учун қайтаради;

умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритади;

умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг тендер ҳужжатларини ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимларнинг лойиҳаларини келишиб олади;

давлат-хусусий шериклик соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

давлат-хусусий шериклик масалалари юзасидан тушунтиришлар беради;

давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг бориши юзасидан мониторингни амалга оширади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб этади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари, халқаро ва маҳаллий консалтинг ҳамда лойиҳалаштириш ташкилотлари билан консалтинг ва аудиторлик хизматлари кўрсатиш тўғрисида музокаралар олиб боради, шунингдек белгиланган тартибда шартномалар тузади;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муваффақиятли расмийлаштирилганлиги учун тендер ғолибидан ёки тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчисидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорда бир марталик тўлов ундириш тўғрисида шартнома тузади.


12-1-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг

давлат-хусусий шериклик соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузилиши мумкин бўлган ўз тасарруфидаги объектларни аниқлайди;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим асосида амалга оширилиши мўлжалланаётган истиқболли лойиҳаларни, ер участкаларини тегишли ҳудуднинг эҳтиёжларини ҳамда салоҳиятини инобатга олган ҳолда ўрганади ва белгилайди;

тегишли ҳудуддаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга тўсқинлик қиладиган омилларни аниқлайди, уларни бартараф этиш чораларини кўради;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ер участкаларини аукцион ўтказмасдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган муддатга ажратади.



3-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

БИТИМНИНГ ТАРАФЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битимнинг тарафлари

Давлат шериги ва хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафларидир.

Давлат шериги томонидан ваколат берилган юридик шахслар ёки юридик шахсларнинг бирлашмалари давлат шериги томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган ҳолда ҳаракат қилиши мумкин. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун давлат шериги тўлиқ жавобгар бўлади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бир ёки бир неча ташкилотга топшириши мумкин. Бунда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши учун хусусий шерик тўлиқ жавобгар бўлади.



14-модда. Давлат-хусусий шериклик тарафларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Давлат шериги:

хусусий шерикдан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартлари бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот сўраш ва олишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларининг бажарилишини назорат қилишга ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг амалга оширилиши натижаларини баҳолашни амалга оширишга;

қонун ҳужжатларига ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш доирасида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бартараф этилишини талаб қилишга;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича хусусий шерик айби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида юзага келган зарарларнинг ўрнини қоплашни талаб қилишга;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини тайёрлаш учун маслаҳатчиларни жалб қилишга ҳақли.

Давлат шериги:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва битим талабларига риоя этиши;

тендер иштирокчиларига тендер ҳужжатларини бериши, уларга тендер ҳужжатлари қоидаларини тушунтириши;

тендер иштирокчиларига давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун мўлжалланилаётган жой ва объект билан танишиб чиқиш учун зарур шароитларни таъминлаши;

фаолиятни амалга ошириш учун мўлжалланган мол-мулкни хусусий шерикка эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланишгабериши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун зарур бўлган лицензиялар ва рухсатномаларни олишда хусусий шерикка кўмаклашиши;

ваколатли давлат органига давлат-хусусий шериклик тўғрисида тузилган битимларнинг кўчирма нусхаларини, шу жумладан битимларга доир иловаларни, ўзгартишларни ёки қўшимчаларни давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ёхуд тегишли ўзгартишлар ёки қўшимчалар имзоланган санадан эътиборан йигирма календарь кун ичида тақдим этиши;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз инвестициялари ва даромадларини эркин бошқариш ҳамда тасарруф этиш ёки активларини ва амалга ошираётган фаолиятини бошқариш ҳамда назорат қилишга доир ҳуқуқларини чекламаслиги;

хусусий шерик ёки хусусий шерик жалб этган учинчи шахслар томонидан амалга оширилаётган фаолиятга аралашмаслиги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.

Хусусий шерик:

давлат шеригидан давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган ва эркин фойдаланиладиган ахборотни олишга;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларини ўзгартириш тўғрисида таклифлар киритишга;

давлат шеригининг айби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича юзага келган зарарларнинг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Хусусий шерик:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва битим талабларига риоя этиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва битимда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олиши шарт.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўзига берилган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа юридик ва жисмоний шахсларга ўтказишга ҳақли эмас, бундан ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.


4-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК ЛОЙИҲАСИНИ

ТАШАББУС ҚИЛИШ ВА ТАЙЁРЛАШ


15-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаси давлат органи (ташкилоти) (бундан буён матнда давлат ташаббускори деб юритилади) ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор ёхуд юридик шахс (бундан буён матнда хусусий ташаббускор деб юритилади) томонидан ташаббус қилиниши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини ташаббус қилиш:

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқишни;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини баҳолаш, келишиш ва тасдиқлаш учун тегишли давлат органига юборишни;

ваколатли давлат органи томонидан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини кўриб чиқишни;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепциясини ваколатли давлат органи томонидан маъқуллашни, рад этишни ёки маромига етказиш учун қайтаришни;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг келишиб олинган концепциясининг давлат шериги ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланишини;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ваколатли давлат органи томонидан Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрига киритишни ўз ичига олади.



16-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини

давлат ташаббускори томонидан тайёрлаш

Давлат ташаббускори давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини, қоида тариқасида, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг ўз ваколати соҳасига кирувчи устувор йўналишлари бўйича ишлаб чиқади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг оқилоналиги ва самарадорлигини ҳамда бу лойиҳани амалга ошириш мақсадида унинг мақбул шаклини аниқлашни таъминловчи дастлабки молиявий ҳисоб-китоблар асосида, хусусан:

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг молиявий-иқтисодий самарадорлиги кўрсаткичлари;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ хусусий шерик томонидан лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган, молиялаштирилаётган, реконструкция қилинаётган, фойдаланилаётган ёки хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектининг таркиби ва параметрлари;

хусусий шерикнинг кутилаётган инвестициялари ҳажми ва Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларидан тахмин қилинаётган молиялаштириш ҳажми;

давлат шеригининг ва хусусий шерикнинг мажбуриятлари;

хусусий шерикка кўрсатиладиган давлат кўмагининг турлари;

музокаралар ўтказиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик объектидан фойдаланган ҳолда тақдим этиладиган товарлардан (ишлардан, хизматлардан) фойдаланиш шартлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Аҳолининг, товарларни (ишларни, хизматларни) истеъмол қилувчиларнинг, улардан фойдаланувчиларнинг манфаатларини ҳисобга олиш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш жамоатчилик муҳокамалари билан бирга олиб борилиши керак.



17-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини

хусусий ташаббускор томонидан тайёрлаш

Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишга ва потенциал давлат шеригига тақдим этишга ҳақли. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси мавжуд муаммоларни ҳал қилишга доир инновацион ёндашувни ўз ичига олиши ва тарафлар учун мақбул бўлган мутаносиб нафни таъминлаши керак.

Хусусий ташаббускор давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тақдим этишдан олдин дастлабки муҳокама ўтказиши, шунингдек потенциал давлат шериги билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида ахборот алмашиши мумкин.

Хусусий ташаббускор ушбу Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ дастлабки малакалашдан ўтган тақдирда, давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини олган потенциал давлат шериги унинг амалга оширилишини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида ўттиз календарь кун ичида қарор қабул қилади.

Хусусий ташаббускорнинг умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси концепцияси маъқулланган тақдирда, потенциал давлат шериги ушбу концепцияни ваколатли давлат органига келишиш учун юборади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

хусусий ташаббускорнинг ушбу Қонунда белгиланган талабларга жавоб бермаслиги;

потенциал давлат шеригида давлат-хусусий шериклик объектига нисбатан хўжалик юритиш ҳуқуқининг ёки оператив бошқарув ҳуқуқининг мавжуд эмаслиги;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, барпо этиш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш заруриятининг мавжуд эмаслиги;

лойиҳани амалга оширишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги ва (ёки) бунга ижтимоий эҳтиёжнинг мавжуд эмаслиги.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланган тақдирда, потенциал давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини ҳамда бошқа талабгорларга давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишидан манфаатдорлиги тўғрисида маълум қилиш таклифини, шунингдек ушбу Қонуннинг 23-моддасига мувофиқ дастлабки малака ҳужжатлари тўпламини тақдим этишга доир сўровни ўзининг расмий веб-сайтида, ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида ва бошқа махсус веб-сайтларда беш календарь кун ичида эълон қилади.

Агар давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси эълон қилинган пайтдан эътиборан қирқ беш календарь кун ичида потенциал давлат шеригига бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилмаса, потенциал давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини хусусий ташаббускор билан амалга ошириш ҳақида қарор қабул қилади ва хусусий ташаббускор билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга киришади, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини ваколатли давлат органи билан келишиб олади ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси ваколатли давлат органи билан келишиб олинган кундан эътиборан олтмиш кун ичида хусусий ташаббускор ёки махсус лойиҳалаштириш компанияси билан тендер ўтказмаган ҳолда давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

Агар бирор-бир якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан ўзининг манфаатдорлигини маълум қилса, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун хусусий шерикни аниқлаш тендер асосида амалга оширилади.

Бунда давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг қийматидан қатъи назар, бир босқичли тендер ўтказилади ва тендер ўтказиш тўғрисидаги эълон оммавий ахборот воситаларига ҳамда давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига такроран жойлаштирилмасдан, ушбу Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган тендерга оид мезонларга жавоб берадиган талабгорларга давлат шериги томонидан тендер ҳужжатлари тўплами ўттиз кун ичида тақдим этилади. Талабгорлар томонидан талабномаларни бериш учун сўнгги муддат тендер таклифларини тақдим этишга доир сўровда кўрсатилади ва бу муддат талабгорларга ушбу сўров юборилган санадан эътиборан қирқ беш кундан кам бўлмаслиги керак. Тендер комиссияси тендер ғолибини ва тендернинг захирадаги ғолибини уларнинг тендер таклифларини баҳолаш орқали аниқлайди.

Манфаатдор бўлган талабгорлардан ҳеч бири дастлабки малака ҳужжатлари тўпламини тақдим этиш тўғрисидаги сўров бўйича малака ҳужжатларини белгиланган муддатда тақдим этмаган тақдирда (хусусий ташаббускордан ташқари), тендер такроран ўтказилиши мумкин эмас ва потенциал давлат шериги хусусий ташаббускор билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга киришади.

Хусусий ташаббускор тендер ғолиби бўлмаган тақдирда, хусусий ташаббускорга давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тайёрлаш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрни давлат-хусусий шериклик лойиҳаси умумий қийматининг бир фоизидан ошмайдиган миқдорда тендер ғолибининг ёки захирадаги ғолиби маблағлари ҳисобидан қопланади.


18-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг

концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартишлар

ва (ёки) қўшимчалар киритиш

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ ва ўн миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан ваколатли давлат органи билан келишувга кўра амалга оширилади.

Умумий қиймати ўн миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясини тасдиқлаш, унга ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқланганидан кейин давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги босқичларига ўтади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепциясига хусусий ташаббускорнинг, тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчисининг, давлат шеригининг, ваколатли давлат органининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан белгиланган тартибда ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилиши мумкин.



19-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри амалга оширилаётган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни ва ахборотни ўз ичига олган ягона ахборот тизимидир.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириладиган, ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ахборот ресурсидир.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестри ваколатли давлат органи томонидан юритилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



20-модда. Давлат-хусусий шериклик

лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади, бундан давлат сири билан боғлиқ бўлган ҳоллар мустасно:

лойиҳа тарафларининг номи;

лойиҳанинг фаолият йўналиши;

лойиҳанинг жойлашган ери;

лойиҳани амалга ошириш муддати;

истеъмолчиларга реализация қилинадиган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) тарифлари (мавжуд бўлган тақдирда);

лойиҳанинг умумий қиймати;

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турлари (мавжуд бўлган тақдирда).



5-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИКНИ ТАНЛАШ


21-модда. Давлат хусусий-шериклик тўғрисидаги

битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер

Давлат шериги тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича аниқланадиган хусусий шерик билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

Тендерлар бир босқичли ёки икки босқичли бўлиши мумкин.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича бир босқичли тендер ўтказилади.

Бир босқичли тендерни ўтказиш чоғида тендер иштирокчиларининг тендер ҳужжатларида кўрсатилган концептуал қарор ва шартлар асосида ишлаб чиқилган батафсил техникавий ҳамда тижоратга оид (молиявий) таклифлари кўриб чиқилади ва баҳоланади. Тендерни ташкил этиш жараёнида талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади.

Бир босқичли тендерни ўтказиш тартиб-таомили қуйидагиларни ўз ичига олади:

тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

тендерда иштирок этиш учун талабгорлардан тендер таклифларини олиш;

тендерда иштирок этиш истагини билдирган талабгорларга дастлабки малака ҳужжатларини ва тендер ҳужжатлари тўпламини бериш учун сўров тақдим этиш;

талабгорларнинг тендер таклифлари солинган конвертларни очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолибини аниқлаш;

тендер ғолиби ёки махсус лойиҳалаштириш компанияси билан музокаралар ўтказиш;

тендер ғолиби билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш.

Тендерда иштирок этиш учун тендер таклифларини бериш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича икки босқичли тендер ўтказилади, бундан ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Икки босқичли тендер дастлабки малакалаш ва тендер ғолибини саралаш босқичларини ўз ичига олади.

Икки босқичли тендер қуйидаги тартибда ўтказилади:

биринчи босқичда талабгорларнинг малака ҳужжатлари кўриб чиқилади ва уларнинг тендер ҳужжатларида кўрсатилган малака мезонларига мослиги баҳоланади. Талабгорлар билан тендер предметининг параметрлари бўйича музокаралар ўтказишга йўл қўйилади;

иккинчи босқичда киритилган техникавий ва тижоратга оид (молиявий) таклифлар тендер предметининг аниқлаштирилган параметрлари ҳисобга олинган, баҳо (тариф) албатта кўрсатилган ҳолда кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади.

Икки босқичли тендерни ўтказиш тартиб-таомили қуйидагиларни ўз ичига олади:

тендер ўтказиш тўғрисидаги эълонни ва дастлабки малака ҳужжатларини беришга доир сўровни оммавий ахборот воситаларида ҳамда давлат шеригининг ва ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

талабгорларнинг малакасини тасдиқловчи дастлабки малака буюртмаларини йиғиш ва баҳолаш;

дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларнинг рўйхатини шакллантириш;

дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга давлат шериги томонидан тендер ҳужжатлари тўпламини юбориш;

дастлабки малакалашдан ўтган талабгорлар томонидан тендер таклифларини тақдим этиш;

дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларнинг тендер таклифлари солинган конвертларни очиш;

тендер таклифларини баҳолаш;

тендернинг ғолибини ва захирадаги ғолибини аниқлаш;

тендер ғолиби билан музокаралар ўтказиш;

тендер ғолиби ёки махсус лойиҳалаштириш компанияси билан давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш.

Дастлабки малакалашда иштирок этиш учун буюртмалар йиғиш муддати тендер ўтказилиши тўғрисидаги эълон берилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Дастлабки малакалашни ўтказиш натижасида камида иккита талабгор малака талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Тендер ғолибини танлаб олиш босқичида давлат шериги дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга тендер таклифларини тақдим этишга доир сўровни ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини юборади.

Тендер таклифларини бериш учун охирги муддат тендер таклифларини тақдим этишга доир сўровда кўрсатилади ва у дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларга ушбу сўров юборилган санадан эътиборан қирқ беш календарь кундан кам бўлмаслиги керак.

Талабгорлардан ҳеч бири биттадан ортиқ тендер таклифини тақдим этишга ҳақли эмас. Талабгор тендер комиссиясига тендер таклифларини тақдим этиш муддати тугагунига қадар исталган вақтда тендер таклифини ўзгартириши ёки қайтариб олиши мумкин.

Тендер таклифларини баҳолаш тендер комиссияси томонидан белгиланган муддат ичида ўтказилади. Тендер таклифларини баҳолаш тендер комиссияси томонидан тендер ҳужжатларида белгиланган тендер мезонлари бўйича амалга оширилади.

Тендер иштирокчилари ёки уларнинг вакиллари тендер таклифларини баҳолашда ҳозир бўлишга ҳақли эмас. Баҳолаш жараёнида тендер комиссияси тушунтиришлар бериш, улардан қўшимча маълумотларни сўраб олиш ва тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини тасдиқлаш учун талабгорларни чақириш ҳуқуқига эга. Тендер якунларини чиқариш чоғида тендер иштирокчилари ва (ёки) уларнинг ишончли шахслари ҳозир бўлиши мумкин.

Тендер комиссияси барча талабгорларнинг тендер таклифларини тендер талабларига номувофиқ деб топган тақдирда, тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендер ўтказишга ҳақли. Такрорий тендер уни ўтказиш тартиб-таомилида белгиланган тартибда ўтказилади.

Тендер комиссияси барча талабгорларнинг тендер таклифларини тендер таклифларининг сўрови талабларига мувофиқ эмас деб топган тақдирда, шунингдек, агар дастлабки малакалашдан ўтган талабгорларнинг сони икки нафардан кам бўлса, тендер бўлиб ўтмаган деб топилади ва тендер комиссияси такрорий тендерни эълон қилишга ҳақли. Такрорий тендер уни ўтказиш тартиб-таомилида белгиланган тартибда ўтказилади.

Малака буюртмаларини ва тендер таклифларини қабул қилиш тендер ҳужжатларида кўрсатилган тартибда ҳамда ҳолларда электрон тарзда амалга оширилиши мумкин.

Талабгорларнинг тендерда иштирок этиши муносабати билан қилган харажатларининг ўрни қопланмайди, бундан ушбу Қонуннинг 17-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно.



22-модда. Тендер ҳужжатлари

Давлат шериги давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи учун тендер ўтказишни тартибга солувчи тендер ҳужжатларини, шунингдек давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳасини тайёрлайди ва тасдиқлайди.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича тендер ҳужжатлари ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси ваколатли давлат органи билан келишиб олинади.

Тендер ҳужжатларида қуйидагилар акс эттирилиши керак:

талабгорларнинг малака талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатларга доир талаблар;

давлат-хусусий шериклик объектининг жойлашган ери;

техник-иқтисодий кўрсаткичлар самарадорлигининг умумий параметрлари ва талаблари;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, реконструкция қилиш, ундан фойдаланишва унга хизмат кўрсатиш муддатлари;

давлат-хусусий шериклик объекти ёки хусусий шерик томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифатининг кўрсаткичлари ёки унга доир энг кам талаблар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш мақсадида давлат шериги томонидан хусусий шерикка бериладиган молиялаштириш ҳажми, мол-мулкнинг ёки мулкий ҳуқуқларнинг рўйхати;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз зиммасига олаётган хавф-хатарлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг параметрлари акс эттирилиши керак бўлган валюта ва уларни таққослаш ва баҳолаш мақсадида ягона валютага келтириш учун ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган валютанинг курси;

тендер мезонларининг тавсифи;

тендер таклифи бериладиган тилга доир талаблар;

тендер таклифининг мазмуни, тендер таклифларини бериш ва уларнинг амал қилиш усули, жойи, муддатлари;

тендер таклифига доир таъминот киритиш шартлари;

тендер таклифлари солинган конвертларни очиш тартиб-таомиллари, жойи, санаси ва вақти.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим лойиҳаси тендер ҳужжатларининг ажралмас қисмидир.

Давлат шериги ваколатли давлат органи билан келишувга кўра тендер ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга ҳақлидир. Давлат шериги тендер ҳужжатларига ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш календарь кундан кечиктирмай барча талабгорларни тендер ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар ҳақида хабардор қилиши шарт. Бунда тендер таклифларидаги ушбу ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар талабгорлар томонидан ҳисобга олиниши учун давлат шериги тендер таклифларини тақдим этишнинг охирги муддатини ўн беш календарь кундан кам бўлмаган муддатга узайтиради.


23-модда. Тендер мезонлари

Тендер мезонлари аниқ бўлиши ва барча талабгорларга нисбатан камситишсиз қўлланилиши керак.

Талабгор давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдириш учун тендерда иштирок этганда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлиши керак:

ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга доир мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган молиявий ва (ёки) моддий, техник ресурсларга ва (ёки) малакали меҳнат ресурсларига эга бўлиши;

мавжудлиги манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган асосларга эга бўлмаслиги.

Кайта ташкил этилиш, тугатилиш ва (ёки) банкротлик босқичида бўлган талабгорларнинг тендерда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

Тендер ғолибини танлаб олиш босқичида фойдаланиладиган мезонларда қуйидагилар назарда тутилади:

давлат шериги ва хусусий шерик томонидан амалга ошириладиган тўловларнинг ҳажми;

энг юқори нархлар ва тарифлар;

хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бажариш учун жалб этиладиган маблағлари ҳажми;

хусусий шерикни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми ва турлари;

давлат-хусусий шериклик объектини лойиҳалаштириш ва (ёки) қуриш, барпо этиш, реконструкция қилиш, модернизациялаш, ундан фойдаланиш ва унга хизмат кўрсатиш муддати;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш муддати;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг техник ва технологик афзалликлари, функционал ва инновацион тавсифлари.



24-модда. Тендер комиссияси

Давлат шериги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ҳуқуқи бўйича тендер ғолибини аниқлаш учун тендер комиссиясини шакллантиради.

Тендер комиссияси таркибига давлат шеригининг, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ва ваколатли давлат органининг вакиллари мажбурий тартибда киритилади.

Давлат шеригининг вакили тендер комиссияси раисидир. Ваколатли давлат органининг вакили тендер комиссияси таркибида маслаҳат овози билан иштирок этади.

Тендер комиссияси аъзоларининг сони тоқ бўлиши керак.

Тендер комиссияси, агар мажлисда унинг аъзолари умумий сонининг камида етмиш беш фоизи ҳозир бўлса, қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга, бунда тендер комиссиясининг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади.

Тендер комиссиясининг қарорлари тендер комиссиясининг овоз берган аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлиб қолган тақдирда тендер комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Тендер комиссияси ўз мажлисларининг баённомаларини юритади, баённомалар унинг мажлисларда ҳозир бўлган барча аъзолари томонидан имзоланади.

Тендер комиссияси аъзосида мажлисга чиқарилган масалалар юзасидан манфаатлар тўқнашуви мавжуд бўлган тақдирда, у ўз номзодини қайтариб олишини билдириши ва ушбу масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.



25-модда. Тўғридан-тўғри музокаралар

Тарафлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ қуйидаги ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин:

давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланган ҳолларда.


6-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ТЎҒРИСИДАГИ БИТИМ


26-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш

Давлат шериги тендер ғолиби, тўғридан-тўғри музокаралар иштирокчиси ёки махсус лойиҳалаштириш компанияси билан ушбу Қонуннинг 17, 21 ва 25-моддаларига мувофиқ давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузади.

Агар тендер ғолиби тендер ҳужжатларида назарда тутилган муддат тугаганидан кейин давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни имзоламаса ёки тендер комиссияси томонидан тендер ғолиби тақдим этган ахборотнинг ҳақиқатга тўғри келмаслиги аниқланган тақдирда, тендер комиссияси уни дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилади ва тендернинг захирадаги ғолибини ғолиб деб топади ҳамда унга тендер ғолибини дисквалификация қилиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан ўн календарь кун ичида ғолиб шартлари асосида давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузишни таклиф этади.

Захирадаги ғолиб тендер комиссиясининг қарорига мувофиқ тендер ғолибининг тендер таклифидан сўнг энг яхши тендер таклифини берган деб эътироф этилган талабгор ҳисобланади.

Тендер комиссияси томонидан тендернинг захирадаги ғолибига давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим тузиш ҳақидаги таклиф юборилган санадан эътиборан ўттиз календарь кун ичида ундан ижобий жавоб олинмаган тақдирда, тендер комиссияси тендерни бўлиб ўтмаган деб топади ва такрорий тендер эълон қилади.



27-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битимнинг асосий шартлари

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва шартларда давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида тузилган ҳужжатдир.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг предмети ҳақидаги;

тарафларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги тўғрисидаги;

давлат шериги ва хусусий шерик ўртасида хавф-хатарларнинг тақсимланиши ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичларга оид умумий параметрлари ва самарадорлик бўйича талаблар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ўтказилган ёки лойиҳалаштирилиши, қурилиши, барпо этилиши, молиялаштирилиши, реконструкция қилиниши, фойдаланилиши ва (ёки) хизмат кўрсатилиши лозим бўлган бошқа давлат-хусусий шериклик объектларининг тавсифи, улардан фойдаланиш мақсадлари ва муддатлари тўғрисидаги;

давлат-хусусий шериклик лойиҳаси билан боғлиқ бўлган ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) муддатлари ва тартиби ҳақидаги;

тарафларнинг тегишли инфратузилмага нисбатан ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича ҳуқуқларини тақсимлаш тўғрисидаги, шунингдек уларни бошқа шахсга ўтказиш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун талаб этиладиган ер участкаларини бериш тартиби ва тартиб-таомили тўғрисидаги, ер участкаларига тааллуқли бошқа шартлар ҳақидаги;

хусусий шерик томонидан бериладиган товарларга, бажариладиган ишларга, кўрсатиладиган хизматларга доир нархларни, тарифларни белгилаш ва уларни ўзгартириш шартлари тўғрисидаги;

тарафларнинг ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш усуллари, миқдорлари ва муддатлари ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг муддати, бу муддатни белгилаш тартиби ҳақидаги;

ҳақ тўлаш, эркин фойдаланилиш учун тўлов, фойдаланганлик учун тўлов, хусусий шерикнинг давлат шеригига тўловининг ва (ёки) бошқа тўловларнинг шакллари, миқдорлари, муддатлари, шартлари, уларни тўлаш тартиби, шу жумладан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан даромадларнинг (фойданинг) тақсимланиши ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тугатиш асослари, тартиби ва шартлари, муддатидан олдин тугатилганлик учун тўлов миқдори ва тартиби ҳақидаги;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш тартиби тўғрисидаги;

суғурта қилиш бўйича мажбуриятлар ҳақидаги;

лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича мажбуриятлар тўғрисидаги;

тарафларнинг давлат-хусусий шериклик ҳақидаги битимга доир мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги;

низоларни ҳал этиш тартиби ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикасида ходимларни ишга олиш ва меҳнатдан фойдаланишга нисбатан қўлланиладиган шартлар тўғрисидаги;

ишонтиришлар ва кафолатлар ҳақидаги;

хусусий шерикнинг улушларига эгалик қилишга нисбатан талаблар ва хусусий шерикнинг ҳамда унинг аффилланган шахсларининг мол-мулкига нисбатан бошқа мулкий ҳуқуқлар тўғрисидаги;

махфийлик ҳақидаги;

атамалар ва уларга доир тушунтиришлар тўғрисидаги.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга белгиланган тартибда қўшимча маълумотлар киритилиши мумкин.


28-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битимнинг амал қилиш муддати

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафлари битимнинг амал қилиш муддатини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган ҳолларда ва шартлар асосида, ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида узайтириш ёки қисқартириш ҳақида келишиб олиши мумкин.



29-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни

ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш

Агар қонунчиликда ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тарафларнинг келишувига кўра ёхуд суднинг қарорига биноан ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки у бекор қилиниши мумкин.

Умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ўзгартиш, унга қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган тартибда давлат шериги ва хусусий шерик томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Умумий қиймати бир миллион AҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш ваколатли давлат органи билан келишувга кўра амалга оширилади.

Умумий қиймати ўн миллион AҚШ долларидан ортиқ бўлган эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра амалга оширилади.



30-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини

амалга ошириш учун жалб қилинган мол-мулк

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат шеригининг давлат-хусусий шериклик объектини ташкил этувчи мол-мулкни ва (ёки) давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа мол-мулкни хусусий шерикка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш учун бериш мажбуриятини назарда тутиши мумкин. Бунда мол-мулкнинг берилишини таъминлаш ёки ташкил этиш давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилиги асосида амалга оширилади ҳамда қўшимча шартномалар ёки битимлар тузиш талаб қилинмайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг мулк ҳуқуқига эга бўлган тарафлари бундай ҳуқуқларни, шу жумладан ер участкаларининг, бошқа кўчмас, шунингдек кўчар мол-мулкнинг ва номоддий активларнинг ижарасига бўлган ҳуқуқни, уларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ҳуқуқини давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган доирада, бошқа мулкий ҳуқуқлар билан бир қаторда бир-бирига бериши мумкин.



31-модда. Ер участкаларини бериш

Давлат-хусусий шериклик объекти жойлашган ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган, давлат шериги ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тасарруфида бўлган ер участкалари ёки уларнинг бир қисми ўз тегишлилигига мувофиқ давлат шериги ёки маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кўрсатилган муддатга берилади.

Ер участкаси хусусий шерикка давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун аукцион ўтказмасдан берилади.

Давлат шериги томонидан хусусий шерикка ер участкасини ёки унга бўлган ҳуқуқларни беришга доир мажбуриятнинг бажарилмаганлиги хусусий шерик томонидан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бир томонлама бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тугатилиши давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун берилган ер участкасига нисбатан шартномавий муносабатларни тугатиш учун асос бўлади.



32-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битим тарафларининг мулкий жавобгарлиги

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари ўз мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ мулкий жавобгар бўлади.

Тарафлардан бири давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ бошқа тараф етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлади.


33-модда. Давлат-хусусий шериклик объектига

бўлган мулк ҳуқуқини ўтказиш тартиби

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасида лойиҳалаштирилган, барпо этилган, молиялаштирилган, реконструкция қилинган, фойдаланилаётган ва хизмат кўрсатилаётган давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини давлат шеригига ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат активларини бошқариш органига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ хусусий шерикка ўтказиш тартибини белгилайди.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда давлат-хусусий шериклик объектига бўлган мулк ҳуқуқларини ўтказиш пайти, хусусан:

давлат-хусусий шериклик объекти фойдаланишга топширилган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати тугалланган пайт;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган бошқа вақт кўрсатилиши керак.



7-БОБ. ХУСУСИЙ ШЕРИК ВА КРЕДИТОРНИНГ

МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


34-модда. Хусусий шерик ҳуқуқларининг кафолатлари

Агар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилган санада амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг ўзгартирилиши тўғридан-тўғри хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳаси доирасидаги харажатлари ошишига ёки унинг даромадлари камайишига олиб келса, хусусий шерик, амалга оширилаётган лойиҳадан келиб чиққан ҳолда, давлат-хусусий шериклик объектидан эркин фойдаланиш учун тўлов ва (ёки) фойдаланганлик учун тўлов компенсацияловчи тарзда оширилишини, шунингдек давлат шеригидан бир марталик компенсация тўловини ва (ёки) давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга тегишли ўзгартиш ва (ёки) қўшимчалар киритилишини, агар бу давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган бўлса, талаб қилишга ҳақли.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган кафолатларни қўллашга доир тартиб, шартлар, чекловлар ва истиснолар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим тузилганидан кейин солиқлар ва йиғимлар ўзгартирилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ўзгарган тақдирда қўлланилмайди, бундан муайян бир давлат-хусусий шериклик лойиҳасига (лойиҳаларига) нисбатан камситувчи ўзгаришлар мустасно.



35-модда. Кредиторнинг манфаатларини ҳимоя қилиш

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда кредитор ҳуқуқларининг кафолатларини таъминловчи қоидалар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда кредиторларга тўланадиган компенсациянинг миқдорлари назарда тутилиши мумкин.

Кредиторлар иштирокидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳалари доирасида кредиторлар давлат шериги ёки хусусий шерик билан тўғридан-тўғри битимлар тузиши мумкин бўлиб, уларда қуйидагилар инобатга олиниши керак:

хусусий шерик (хусусий шерик раҳбариятининг) алмаштирилиши ёки четлаштирилиши муносабати билан кредиторларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари;

хусусий шерик алмаштирилган ёки четлаштирилган ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шериги томонидан хусусий шерикка тўланиши лозим бўлган тўловларни кредиторларга тўлаш мажбурияти;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни бекор қилиш хавфини камайтиришга доир шартлар;

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим муддатидан олдин тугатилганда тўланадиган тўловлар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши ҳақидаги, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари таъминланиши тўғрисидаги ахборотни алмашиш тартиби.

Хусусий шерик ўз кредиторларига таъминотнинг ҳар қандай турини ёки шаклини тақдим этиши, шу жумладан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим ва ушбу битимни бажариш учун тузилган битимлар бўйича ўз ҳуқуқларини, давлат-хусусий шериклик лойиҳаси таркибига кирувчи ҳуқуқларни, активларни, ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқларини, акциялар гаровини, ҳуқуқлар гаровини ёки ҳуқуқлардан ўзганинг фойдасига воз кечишни, мазкур битим бўйича ўзига тегишли бўлган фойдани ва суммаларни бериши мумкин.

Кредитор ва давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан хусусий шерикни ёки унинг раҳбариятини давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган шартларга мувофиқ четлаштиришга ҳамда давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда белгиланган шартларга мувофиқ уни янги хусусий шерикка алмаштиришга ёки унинг раҳбариятини алмаштиришга ҳақли.

Янги хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ ишларни якунлаш ва (ёки) хизматлар кўрсатиш учун зарур бўлган талабларга жавоб бериши керак. Хусусий шерик янги хусусий шерикка алмаштирилган тақдирда тендер ўтказилмайди.



8-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК

ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ

СОҲАСИДА МОНИТОРИНГ ВА ҲИСОБДОРЛИК


36-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг

амалга оширилиши юзасидан мониторинг

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда битим тарафларининг давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни алмашишга тааллуқли мажбуриятлари назарда тутилади.

Ваколатли давлат органи давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бажарилишининг давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим шартларига риоя этилиши нуқтаи назаридан мониторингини амалга оширади. Хусусий шерик мониторингни амалга ошириш мақсадлари учун давлат-хусусий шериклик объектларига кирилишини ва тегишли ҳужжатлардан фойдаланилишини таъминлаши шарт.



37-модда. Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини

амалга ошириш бўйича ҳисобдорлик

Давлат шериги давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни ваколатли давлат органига давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг тарафлари томонидан имзоланган ҳолда ҳар олти ойда тақдим этади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этиш тартиби ва унинг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



9-БОБ. ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИКНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ МЕХАНИЗМЛАРИ


38-модда. Давлат-хусусий шерикликни

қўллаб-қувватлаш турлари

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим доирасида хусусий шерикнинг ва (ёки) кредиторнинг (кредиторларнинг) манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги турларини тақдим этиши мумкин:

субсидиялар, шу жумладан хусусий шерикнинг давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишдан оладиган, кафолатланган энг кам даромадини таъминлашга йўналтириладиган субсидиялар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун зарур бўлган активлар ва мол-мулк тарзидаги қўйилмалар;

давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш жараёнида ишлаб чиқарилган ёки етказиб берилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) муайян миқдорини ёки бир қисмини истеъмол қилганлик ёки улардан фойдаланганлик учун тўловга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси бюджети тизимининг бюджетлар маблағлари;

бюджет ссудаларини, қарзларини, грантларини, кредит линияларини ва молиялаштиришнинг бошқа турларини бериш;

инвесторлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида ўзаро келишувга кўра қўшимча кафолатлар;

солиқ имтиёзлари ва преференциялари, шунингдек бошқа имтиёзлар;

бошқа кафолатлар ва (ёки) компенсациялар.

Қўшимча кафолатлар бериш ва (ёки) қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси билан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида битим тузиш орқали ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси ва хусусий шерик ўртасида тузиладиган, хусусий шерик ва (ёки) кредиторларга қўшимча кафолатлар ҳамда қўллаб-қувватлаш чоралари (имтиёзлар ва преференциялар) берилишини назарда тутадиган ёзма битимдир.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим Ўзбекистон Республикаси номидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан имзоланади.

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битим, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ушбу битимни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига бевосита ёки билвосита таъсир этадиган қўшимча кафолатларнинг ва (ёки) қўллаб-қувватлашнинг ҳар қандай турлари давлат-хусусий шериклик лойиҳасининг концепцияси тасдиқлангунига қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиб олиниши керак.

Солиқ имтиёзлари ва преференциялари Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда белгиланади.

Алоҳида ҳолларда, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар доирасида жалб этиладиган чет эл инвестициялари иштирокида амалга ошириладиган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларининг чет эл валюталарига ва шартли бирликларга боғланишига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда ва (ёки) давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги битимда назарда тутилган мақсадларда хорижда банк ҳисобварақларини очишга ҳақли.



39-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

битим бўйича тўловлар

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда тўловларни амалга ошириш шартлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш, эркин фойдаланиш учун тўлов, фойдаланганлик учун тўлов, хусусий шерикнинг давлат шеригига тўлови ва (ёки) бошқа тўловлар, хусусан давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши муносабати билан даромадларни (фойдани) тақсимлаш шартлари назарда тутилиши мумкин.

Эркин фойдаланилиш учун тўловларга ажратиладиган бюджет маблағлари, бошқа тўловлар давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг бутун амал қилиши давомида тегишли бюджетнинг харажатлар қисмида ҳар йили назарда тутилади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимга мувофиқ давлат шеригига тўловларни қуйидагича амалга ошириши мумкин:

даврий асосда тўланадиган, қатъий сумма тарзида;

бир йўла тўлов тарзида;

хусусий шерикнинг фаолиятидан келадиган ўзига тегишли бўлган ҳар қандай даромаднинг муайян қисми тарзида.

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда тўловларнинг ҳар хил турлари биргаликда назарда тутилиши мумкин.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


40-модда. Низоларни ҳал этиш

Давлат-хусусий шериклик соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



41-модда. Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



42-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ваколатли давлат органи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



43-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



44-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 май


"Халқ сўзи", 2019 йил 11 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 13 май, 19-сон, 361-модда