язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини/ Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича ветеринария-санитария Норма ва қоидалари (ЎзР ВМ 08.05.2019 й. 386-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 8 майдаги

386-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни

ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш

бўйича ветеринария-санитария

НОРМА ВА ҚОИДАЛАРИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур норма ва қоидалар (кейинги ўринларда қоидалар деб аталади) ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёларни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш бўйича ветеринария-санитария норма ва қоидаларини белгилайди.


2. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар учун мажбурий ҳисобланади.


3. Бозорларда, савдо мажмуалари ва бошқа савдо объектларида гўшт маҳсулотлари билан савдо қилишга ветеринария-санитария хулосаси мавжуд бўлганда, тегишли тарзда чакана савдо ҳуқуқига эга бўлган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга рухсат берилади.

Сотилаётган гўшт давлат ветеринария хизматининг ихтисослаштирилган сўйиш корхоналарида сўйилган ҳайвон гўштларининг ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган ягона электрон маълумотлар базасига белгиланган тартибда киритилган бўлиши керак.

Ушбу ягона электрон маълумотлар базасида қайд этилмаган гўштларни сотиш тақиқланади. Ягона маълумотлар базасида қайд қилинмаган гўшт сотилиши кузатилганда, ушбу гўшт келиб чиқиши номаълум ҳисобланади ва сотувдан олиниб, лаборатория текширувлари натижасига кўра қайта ишлаш учун фойдаланилади ёки утилизация қилинади.


4. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни қайта ишлашни амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектлари маъмурияти "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё ветеринария-санитария нормаларига тўғри келишини назорат қилиш бўйича ишлаб чиқариш ветеринария хизматини ташкил этади.


5. Қайта ишлашга, сақлашга ва реализация қилишга келиб тушадиган ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёлар уларнинг хавфсизлигини ва келиб чиқишини тасдиқловчи ветеринария кузатув ҳужжатлари билан бирга бўлади.


6. Ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга топшириш, шунингдек, технологик ускуналар ёки линияларни ўрнатишда ҳамда янги турдаги гўшт (сут, балиқ) маҳсулотларини ишлаб чиқаришда объектга белгиланган тартибда бериладиган ветеринария-санитария хулосасини олиш зарур.



2-БОБ. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


гўшт маҳсулотлари - қиймаланган, қайнатилган, ярим дудланган, қайнатилган-дудланган, пишлоқли ва дудланган, ўпка-жигарли ва қонли колбасалар, гўштли нонлар, сосискалар, сарделькалар, паштетлар, шунингдек, чўчқа, қорамол, қўй, парранда ва бошқа сўйиладиган ҳайвонлар гўштлардан тайёрланган бошқа маҳсулотлар;


чакана савдо - тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз маҳсулотни охирги истеъмол учун оз миқдорда сотишни назарда тутувчи савдо соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш;


савдо шаҳобчаси - мулкчилик шаклидан, сотув ҳажмидан, иншоат ўлчамидан қатъий назар, маҳсулот ва хизматларни реализация қилиш учун мўлжалланган (мосланган) бино ёки иншоат;

чакана савдо савдо шаҳобчаларига: бозор, гипермаркет, супермаркет, савдо маркази, савдо мажмуаси, универсам, универмаг, минимаркет, гастроном, ихтисослаштирилган магазинлар, павильонлар, гўшт дўконлари ва бошқалар киради;


стационар савдо шаҳобчалари - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган жойларда муқим жойлаштирилган савдо объектлари (дўконлар, гўшт дўконлари ва павильонлар, умумий овқатланиш объектлари ва бошқалар);


сотувчи - савдо фаолияти билан шуғулланувчи ва сотиб олиш - сотиш шартномасининг томонларидан бири сифатида намойиш этилувчи юридик ёки жисмоний шахс.



3-БОБ. ҲАЙВОНОТГА МАНСУБ МАҲСУЛОТ

ВА ХОМАШЁНИ ҚАЙТА ИШЛАШНИ АМАЛГА

ОШИРУВЧИ ҚАЙТА ИШЛАШ ОБЪЕКТЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ

ТАЛАБЛАРИ


7. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни қайта ишлашни амалга оширувчи қайта ишлаш объектларида (кейинги ўринларда гўштни қайта ишлаш объектлари деб аталади), ишлаб чиқариш хоналарида технологик ускунани жойлаштиришда ўзаро контаминацияга йўл қўйилмайди.


8. Гўштни қайта ишлаш объектлари қуйидаги ветеринария-санитария мақсадларига мўлжалланган соз, ишчи ҳолатида бўлган объектлар билан жиҳозланади:

гўшт ва гўштли маҳсулотни қайта ишлашга етказиб берувчи автотранспортни ювиш ва дезинфекция қилиш учун муқим дезювиш пункти ёки майдони, ёки дезинфекцияловчи барьер;

ҳайвонларни, ҳайвонотга мансуб маҳсулотларни ва хомашёларни назорат қилиш ва ветеринария-санитария экспертизаси учун жиҳозланган ветеринария мутахассисларига мўлжалланган хоналар;

қайта ишлашгача гўшт ва сўйиш маҳсулотларини вақтинча сақлаш учун ажратилган совутиш камераси;

оқова сувларни зарарсизлантириш иншоатлари.


9. Ювиш бўлинмаси инвентарни, транспорт воситаларини ювиш учун сув ўтказмайдиган полларга, иссиқ буғ қувурларига, иссиқ ва совуқ сувларга ва каналларни ювиш ва дезинфекция қилиш учун канализация тизимига эга.


10. Ишлаб чиқариш цехлари (бинолари) ва санитария блокларидаги девор ва устун панеллари икки метрдан кам бўлмаган даражада кафелланади (юзасига ишлов берилади).


11. Шифт ва соябон устунлари юзасида кир, ёт жинсларнинг ва конденсатларнинг пайдо бўлишига ёки озиқ-овқат маҳсулотларида моғор пайдо бўлишига йўл қўйилмайди.


12. Гўштни қайта ишлаш объектининг барча бинолар полининг юзаси текис ва силлиқ, сув ўтказмайдиган ашёлардан тайёрланган бўлиши керак.


13. Ювиш ва дезинфекция қилиш воситалари алоҳида бинода сақланади.


14. Омборхона хоналари тоза сақланади ва вақт-вақти билан дезинсекция ва дератизация қилинади.


15. Гўштни қайта ишлаш объектида технологик жараёнлар қуйидагиларни таъминлайди:

хом ва тайёр маҳсулотлар ўзаро оқимининг кесишиши ва алоқасига (контакти) йўл қўймасликни;

қайта ишлаш учун келиб тушадиган хомашё ва ёрдамчи материалларнинг ветеринария соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлигини назорат қилишни;

осилган ҳолатдаги гўшт нимталарининг девор, пол ва технологик жиҳозларга тегмаслигини;

суюқликнинг қонсизлаштириш майдонларидаги оқова йўлакларига оқишини, сўйилган ҳайвоннинг нимталанмаган гўштини маҳсус эгилган новларда тозалаш ва ювишни;

озиқ-овқат хомашёсини (ёғ хомашёсини, ичаклар тўпламларини, озуқавий қонни, ён маҳсулотларни) санитария ишлови бериш имконини яратган ҳолда бир-биридан ажратишни;

ноозуқавий чиқиндиларни ўзига хос рангда бўялган ва ишлатиш мақсади тўғрисидаги ёзуви (маркировкаси) бўлган маҳсус идишда йиғишни;

ветеринария конфискатларини (ветеринария-санитария экспертизасида яроқсиз деб топилган гўштлар ва ички органлар) жиҳозланган алоҳида тушувчи жой ёки ажралиб турувчи ранглар билан бўялган маҳсус ҳаракатланувчи, ёпилувчи идишларда йиғишни;

сўйилган ҳайвонларда ўта хавфли касаллик тахмин қилинганда ёки аниқланганда ветеринария мутахассисларининг иш жойларидан "Стоп" тугмачаси орқали конвейерни зудлик билан тўхтатишни (технологик жараён тўлиқ автоматлаштирилган бўлса);

гўшт, суб маҳсулотлар ва бошқа сўйиш маҳсулотларини фақат уларга санитария ишлови берилиб, ветеринария-санитария экспертизаси ва тамғалаш ўтказилганидан сўнг совутгичга юборишни;

иш жойига иссиқ ва совуқ сув етказиб бериш, шунингдек, ичакларни сортлаш (ҳаво узатиш) учун сиқилган ҳавони узатишни.


16. Гўштни қайта ишлаш объекти маҳсулот турига қараб ҳароратни 0° дан 30° гача бошқариш ва ҳаво намлигини 60% дан 95% гача бошқариш имконини берувчи совутиш камералари ва музлатгичлар билан жиҳозланади.


17. Хомашёни ва маҳсулотни сақлаш учун штабеллар деворлардан ва совутиш қурилмаларидан 30 см дан яқин бўлмаган жойларда жойлаштириш.


18. Тахламлар (штабел) орасида ўтиш жойлари жиҳозланади.


19. Совутилган гўшт осилган ҳолатда сақланади. Шартли равишда яроқли гўштлар ушбу мақсадлар учун мўлжалланган маҳсус музлатгич - изоляторларда ёки музлатгичнинг алоҳида камераларида сақланади.


20. Гўштни қайта ишлаш объекти ишлаб чиқариш цехларида оқова сувлар учун ички канализациянинг алоҳида тармоқлари билан жиҳозланадилар: ёғли, ёғсиз, маиший - хўжалик ва ифлосланмаган ишлаб чиқариш сувлари.


21. Оқова сувлар канализацияга ёки маҳаллий тозалаш иншоотларига юборилишларидан олдин механик тозаланади.


22. Ичида ёғ бўлган сувлар ёғтутгичлардан ўтказилади.


23. Оқова сувларни қабул қилиш учун мўлжалланган чуқур бетонланган бўлиши, ишлаб чиқариш биносидан камида 20 метр масофада жойлашган бўлиши, қопқоқ билан таъминланган бўлиши ва унинг тўлиш даражасига қараб 2/3 бўлганда тозаланиши керак.


24. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари поли, идишлари силлиқ ва маҳсулотнинг органолептик хусусиятларига ва соғлиққа таъсир қилмайдиган материаллардан тайёрланган бўлиши, тозалаш ҳамда дезинфекция қилиш учун қулай бўлиши керак.


25. Транспорт воситалари ҳашоратлар ва чангдан, шунингдек суюқлик дренажларидан маҳсулотни самарали ҳимояловчи воситалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


26. Транспорт воситалари тана гўшти, ярим тана гўшти, чорак тана гўштини ташиш пайтида ерга тегмайдиган қилиб, осиб қўйиш учун зангламайдиган илгаклар билан жиҳозланган бўлиши керак. Бунда турли бўёқлар билан бўялган илгалклардан фойдаланиш таъқиқланади.


27. Транспорт воситасида ҳайвонлар ёки бошқа маҳсулотлар ташилганидан сўнг ушбу транспорт воситасида ёки идишда гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташишда фойдаланишга йўл қўйилмайди.



4-БОБ. СУТ ВА СУТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ҚАЙТА

ИШЛАШ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ОБЪЕКТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ


28. Сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш фаолиятини амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектларида (кейинги ўринларда сутни қайта ишлаш объектлари деб аталади), ишлаб чиқариш хоналарида жойлаштиришда технологик жараёнларнинг ўзаро контаминациясига, қарши оқимга, ўзаро кесишишга йўл қўйилмайди.


29. Сут хомашёсининг ҳарорати қайта ишлаш жойигача ташиш пайтида ва қайта ишлаш бошланишига қадар 8° бўлиши керак.


30. Қабул қилишда сут хомашёсининг ҳарорати белгиланган ҳароратга мувофиқ бўлмаса, унга дарҳол ишлов берилади.


31. Ишчилар ва хизматчиларнинг маҳсус оёқ кийимини дезинфекция қилиш учун барча цехга олиб борувчи кириш (чиқиш) жойларида ва бошқа ишлаб чиқариш хоналарида дезинфекция қилувчи гиламчалар ўрнатилади.


32. Сутни қайта ишлаш объектлари санитария шартлари бажарилишини кафолатлаш учун иссиқ ва совуқ сув, канализация, сунъий ёртиш, вентиляция билан таъминланади.


33. Техник сув қувури ичимлик сув қувуридан ажратилган бўлиши керак. Иккала тизим ҳам бир-бири орасида боғланмаслиги керак, қувурлар турли рангларда бўялган бўлиши керак.


34. Сутни қайта ишлаш объектлари сув билан таъминлаш тизимига сув узатиш тўхтаганда сув билан таъминлашни кафолатлаш учун тоза сув заҳираларига эга бўлиши керак.


35. Ишлаб чиқариш хоналарининг деворлари, поллари ва шифтлари мустаҳкам, сув ўтказмайдиган материаллардан тайёрланади ва мунтазам равишда тозаланиб турилади.


36. Ишлаб чиқариш хоналарида чиқиндини йиғиш учун маҳсус металл ёки пластик қопқоқли идишлар ўрнатилади.


37. Оқова сувлар канализациянинг барча линияларидан алоҳида оқим тизимига юборилади ёки маҳсулотни қайта ишлаш, алоқа қилиш ёки сақлаш амалга оширилувчи жойларга ифлос сувлар келишининг олдини олиш учун етарли бўлган бошқа йўллар орқали чиқарилади.


38. Ювиниш хоналари, кийиниш хоналари, ҳожатхоналар маҳсулотни қайта ишлаш ёки сақлаш амалга оширилувчи хоналардан ажратилган бўлади, шунингдек яхши ҳолатда сақланади.


39. Технологик ускуналар, аппаратура, идиш - товоқлар, таралар, инвентар, пленка, ва полимер ва бошқа синтетик материаллардан тайёрланган, сут ва сут маҳсулотларини қадоқлаш учун мўлжалланган, озиқ-овқат учун рухсат этилган материаллардан тайёрланади.


40. Ванналар, метал идиш-товоқлар, қияликлар, лотоклар, новлар ва бошқа идишлар силлиқ юзали, осон тозаланувчи, ювишни қийинлаштирувчи тирқишларсиз, чиқиб турган болтлар ёки михларсиз бўлиши керак. Ювилиши ва дезинфекция қилиниши қийин бўлган материаллардан, жумладан, тахтадан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


41. Озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш столлари юзалари силлиқ, тирқишларсиз, озиқ-овқат билан алоқада бўлиш учун рухсат этилган материаллардан тайёрланади.


42. Технологик ускуналар ва аппаратура зарарли моддаларни ўз ичига олмаслиги ва маҳсулотнинг органолептик хусусиятларига таъсир кўрсатмаслиги керак.


43. Ускуналар, аппаратура ва сут қувурлари сут, ювиш ва дезинфекция қилиш эритмаларининг тўлиқ туширилишини таъминловчи ҳолатларда ўрнатилади. Барча сут ва сут маҳсулотлари билан тўқнашувчи қисмлари тозалаш, ювиш ва дезинфекция қилиш учун қулай бўлади. Металл сут қувурлари ечиладиган бўлади.


44. Ҳимоя қопламига эга бўлмаган шиша термометрларни ишлатишга йўл қўйилмайди.


45. Сут, қаймоқ, сметана ва бошқа сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун заҳиралар (творог ва пишлоқ ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган заҳиралар бундан мустасно) қаттиқ ёпилувчи қопқоқлар билан таъминланади.


46. Сут маҳсулотлари тайёрланадиган аппаратлар, ванналар ва бошқа жиҳозлар канализация тизимига сифонли воронка орқали оқим узилиши билан уланади.


47. Ускунанинг бевосита канализация билан уланиши ҳамда сувнинг ундан полга оқиб кетишига йўл қўйилмайди.


48. Инвентарларни, идишларни, транспорт воситаларини ювиш ва дезинфекциялаш учун маҳсус ювиш хоналари жиҳозланиб, уларнинг поли сув ўтказмаслиги, шунингдек уларда буғ, иссиқ ва совуқ сув қувурлари ўтказилган бўлиши, оқава сувларнинг чиқиб кетиши учун дренаж ва вентиляция тизими ўрнатилган бўлиши лозим.


49. Фильтрловчи материалларни ҳар бир ишлатгандан сўнг ювиб, дезинфекциялаб туриш лозим.


50. Сутни алоҳида хўжалик юритувчи субъектлардан қабул қилиб олганда, фильтрловчи материаллар ҳар бир етказиб берувчидан сут олингандан кейин ювиб, дезинфекцияланади.


51. Сутни узлуксиз равишда автоматик ҳисоблагич орқали қабул қилиб олганда, фильтрларни ювиш ва дезинфекциялаш ҳар бир сменада камида 1 марта амалга оширилади. Даврий равишда сутни қабул қилишда фильтрларни ювиш ва дезинфекциялаш сутни қабул қилишдаги ҳар бир танаффусда амалга оширилади.


52. Сут цистерналари ҳар сафар сутдан бўшатилганидан кейин ювилиши ва дезинфекцияланиши лозим. Ювилгандан кейин цистерналар пломбаланади ва бу ҳақда йўл ҳужжатида тегишли белги қўйилади.


53. Барча сут ва сут маҳсулотларини қабул қилиш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнлари яхшилаб тозаланган ҳамда ифлосланиш ва бузилишдан, шунингдек, бегона жисм ва моддаларнинг тушиб қолишидан ҳимояланган шароитларда амалга оширилади.


54. Бевосита сутни қабул қилишдан олдин цистернанинг сут қувурлари ва штуцерлари дезинфекцияланади ва ичимлик сув билан чайилади. Сутни қабул қилиш якунлангандан сўнг сут қувурлари ювилади, дезинфекцияланади, тиқин ёки сув ўтказмайдиган ғилоф ёрдамида ёпилади ҳамда кронштейнга осиб қўйилади. Цистерна қувурларига ишлов бериш учун ювиш ва дезинфекциялаш эритмалари маҳсус идишларда сақланади.


55. Хом ва пастеризация қилинган сутни сақлаш учун алоҳида идишлар, сутни етказиш учун эса алоҳида сут қувурлари кўзда тутилган бўлиши керак.


56. Хом ва пастеризация қилинган сутни сақлаш учун идишлар белгиланган бўлиши лозим.


57. Маҳсулотга ишлов бериш даврида хоналарни таъмирлаш ишлари ва дезинфекция қилишга, ишлаб чиқариш цехларида таъмирлаш асбобларини қолдиришга рухсат берилмайди. Ишлаб чиқариш жараёни давомида фақат кўчма (ҳимояловчи) экранлар ёрдамида ўраб олиш мажбурияти билангина жиҳозларни таъмирлашга рухсат берилади.


58. Ҳар бир цехда синадиган жисмларнинг ҳисоби олиб борилиши ҳамда сут маҳсулотларига ёт жисмларнинг тушиб қолиши тўғрисида огоҳлантириш бўйича йўриқномадан кўчирма бўлиши лозим.


59. Совутиш камераларида барча юклар (идишда) панжараларга ёки поддонларга ётқизилиб, улар даврий равишда ювиб, дезинфекцияланиб турилади. Маҳсулотларни флягаларда сақлашга рухсат берилади.



5-БОБ. БАЛИҚ ВА БАЛИҚ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ, ТАЙЁРЛАШ ВА ҚАЙТА ИШЛАШНИ

АМАЛГА ОШИРУВЧИ ОБЪЕКТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ


60. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини тайёрлаш ва қайта ишлашни амалга оширувчи ишлаб чиқариш объектларида (кейинги ўринларда балиқ ишлаб чиқариш объектлари деб аталади) технологик жараёнларнинг оқими ҳамда хомашё ва чиқиндилар оқимининг тайёр маҳсулот оқимидан кесишуви имкониятининг йўқ қилиниши таъминланади.


61. Балиқ ишлаб чиқариш объектларида қуйидагилар бўлади:

конструкцияси тоза ва ифлосланган зоналарга ажратилишини таъминловчи иш цехлари;

қуйидагиларга эга бўлган маҳсулотни қайта ишлаш ва ишлов бериш учун цехлар:

сув ўтказмайдиган, тозалаш, дезинфекция қилиш, сув оқиб чиқиши учун қулай пол қопламалари, сув оқиб чиқишини таъминловчи қурилма;

тозалаш учун қулай бўлган устки девор ва унинг юза қопламаси;

тозалаш учун қулай бўлган мустаҳкам материалдан ясалган эшиклар;

тегишли тартибдаги вентиляция тизими, зарур ҳолларда, ҳаво сўриш тизими;

яхши сунъий ва табиий ёритиш;

қўлларни ювиш ва дезинфекциялаш учун етарли миқдордаги қурилмалар;

хоналар, қурилмалар ва бошқа жиҳозларни тозалаш учун қурилма;

балиқ маҳсулотларини сақлаш учун совутиш камералари;

ҳашаротлар, қушлар ва сичқонлардан ҳимоя қилиш учун жиҳозлар;

тозалаш ва дезинфекция учун қулай бўлган асбоб ва ишчи жиҳозлар (коррозияга чидамли материалдан ясалган ишлов бериш столлари, контейнерлар, конвейерлар, пичоқлар ва трансортерлар);

истеъмол қилиш учун яроқли бўлган балиқ маҳсулотлари учун маҳсус сув ўтказмайдиган, коррозияга чидамли контейнерлар, шунингдек, агарда контейнерлар кун охиригача бўшатилмайдиган бўлса, уларни сақлаш учун хоналар;

маҳсус тизим ёрдамида тозаланувчи керакли ичимлик сув ёки денгиз суви заҳиралари билан таъминловчи қурилма;

ташиш воситаларини тозалаш ва дезинфекция қилиш қурилмаси;

агарда балиқ ишлаб чиқариш объектида қисқичбақасимон балиқлар ва тирик балиқлар сақланадиган бўлса, зарарли организм ёки моддалар билан ифлосланмаган сув билан таъминлаш учун тегишли қурилма;

силлиқ, сув ўтказмайдиган, ювиладиган девор, полга эга бўлган керакли миқдордаги қўл ювгичлар, ҳожатхоналар ва кийим алмаштириш хоналари; ҳожатхона эшиклари тўғридан-тўғри иш цехларига очилмаслиги лозим. Қўл ювгичлар тозалаш воситалари ва бир марталик фойдаланиладиган сочиқлар билан таъминланган бўлиши лозим;

жўмраклар (кранлар) қўлда бошқарилиши лозим.


62. Балиқчилик маҳсулотлари билан ишлашда фойдаланиладиган пол, деворлар, устки девор ёки устки девор юза қопламаси, жиҳоз ва асбоблар доимо тоза ва соз ҳолатда сақланиши лозим.


63. Ишлаш цехлари, асбоблар ва жиҳозлардек фақат балиқчилик маҳсулотлари билан ишлаш учун фойдаланилиш лозим.


64. Балиқ ва балиқ маҳсулотларининг микробиологик ва паразитологик контаминацияси ҳамда кимёвий ифлословчи моддалар, заҳарли элементлар, пестицидлар, радионуклинлар, бошқа зарарли моддалар ва уларнинг қолдиқларининг бўлишига йўл қўйилмайди.


65. Балиқ ишлаб чиқариш объектида балиқ ва балиқ маҳсулотларининг ветеринария-санитария назорати ҳамда хавфсизлигининг, шунингдек, тозалаш, ювиш ва дезинфекциялар сифатининг назорати амалга оширилади.


66. Балиқ ишлаб чиқариш объектларидаги ишлаш зоналари балиқчилик маҳсулотларини тайёрлаш ва ишлов бериш учун кенг жойга эга бўлиши, осон тозаланиши ва дезинфекцияланиши, исталган маҳсулот контаминациясининг олдини олиш учун қулай ҳолда қурилган бўлиши лозим.


67. Балиқ ишлаб чиқариш объектида тайёр маҳсулотни сақлаш учун алоҳида зона ташкил этилади.


68. Қадоқлаш материаллари маҳсулот тайёрлаш ва ишлов бериш зоналаридан алоҳида сақланади.


69. Балиқчилик маҳсулотлари муз ёки совутилган сувда сақлангандан кейин бир соатдан кечиктирилмаган ҳолда совутилади.


70. Тоза балиқчилик маҳсулотларини ташиш ва сақлаш учун контейнерлар тоза бўлиши, шунингдек, маҳсулот эриши натижасида пайдо бўлган сувларнинг оқиб чиқишини таъминлаши лозим.


71. Маҳсулотлар бузилишининг олдини олиш учун музларни эритиш натижасида пайдо бўлган сув оқиб чиқиш тизими назарда тутилган бўлиши керак. Музларни эритиш пайтида маҳсулот ҳарорати ҳаддан ортиқ кўтарилмаслиги лозим.


72. Балиқларни дудлашда зарур бўлган ҳолларда, вентиляция тизими билан жиҳозланган, бошқа хона ва жойларда тутун ва иссиқлик тўпланиб қолишининг олдини олувчи алоҳида хоналар ёки маҳсус ажратилган жойлар кўзда тутилган бўлиб, у ерда маҳсулотларга ишлов берилади, қайта ишланади ва сақланади.


73. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини тузлаш бошқа операциялар бажариладиган цехлардан алоҳида бўлган хоналарда амалга оширилади. Тузлаш учун ишлатиладиган контейнерлар (чанлар) шундай жойлаштирилган бўлиши керакки, унинг ифлосланиш имконияти бартараф қилиниши, фойдаланишдан олдин эса тозаланиши лозим.


74. Чиқиндиларни сақлаш камераларидан инсонлар томонидан истеъмол қилиш учун яроқсиз бўлган балиқчилик маҳсулотлари чиқиндиларини йўқ қилиш учун балиқ ишлаб чиқариш объекти маҳсус йўқ қилиш қурилмаси билан жиҳозланади.


75. Балиқ ишлаб чиқариш объектида балиқ маҳсулотларига ишлов бериш билан машғул бўлган ходимлар учун қўл ювиш қурилмалари ўрнатилган бўлиши лозим.


76. Балиқчилик маҳсулотлари тоза совутилган сувда кема бортида уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда сақланади.


77. Совутиш камераларининг ички деворлари ва устки девори уларга балиқчилик маҳсулотларини юклашдан олдин санитария ишлов берилишидан ўтказилиши лозим.


78. Совутиш камераларида ва музлатгичларда балиқчилик маҳсулотларини штабел ёрдамида жойлаштириш учун панжара ва поддонлар полдан камида 8 см баландликда жойлаштирилиши лозим.


79. Штабеллар девордан, совутиш қурилмаларидан ҳамда бир-биридан камида 30 см масофада жойлаштирилиши лозим.


80. Музлатилган балиқ ва балиқ мағсулотларини ишлаб чиқаришда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим:

ишлов бериш участкасида ичимлик ва тоза сувнинг бўлиши;

маҳсулотнинг ички ҳарорати -18 Сга етгунига қадар, уни музлатиш ҳарорати -30 Сдан юқори бўлмаслиги;

-12 Сдан юқори бўлмаган ҳаво ҳароратида навагаларни тутиш жойларидаги табиий шароитларда маҳсулотларни яхши шамоллатиладиган ёки шабада эсиб турадиган хоналарда музлатиш;

керакли ишлаб чиқариш босқичлари якунига етказилганидан кейин балиқ ва балиқ маҳсулотлари музлатилади;

хомашё ишлаб чиқаришга келиб тушганидан сўнг ва ишлов бериш учун олингунига қадар балиқни музлатгичда сақлаш давомийлиги 4 соатдан ошмаслиги лозим.


81. Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида олинган чиқиндилар сув ўтказмайдиган маркаланган сиғимларга йиғилиб, тўпланган чиқиндилар ишлаб чиқариш хоналаридан олиб чиқилади.


82. Чиқиндилар совутиш камераларидаги хомашё ва тайёр маҳсулотдан алоҳида сақланади.


83. Чиқиндилар ёпиқ сиғимларда икки соатдан кўп бўлмаган вақт давомида совутилмаган ҳолда сақланади.


84. Балиқда ишлов берилган ҳудудга мансублиги тўғрисидаги ахборот туширилган бўлади.


85. Озиқ-овқат хомашёси ҳамда ёрдамчи материалларни полда сақлашга йўл қўйилмайди.


86. Омборхона бинолари тоза ҳолатда сақланиши ва вақти-вақти билан дезинфекция ва дератизация қилиб турилиши керак.


87. Балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш учун хона ва жиҳозларда ҳарорат кўрсаткичларини ёзиб борувчи термометрлар ўрнатилади.


88. Транспорт воситалари маҳсулотни ҳашаротлар ва чангдан самарали ҳимоя қилувчи воситалар ҳамда сув ўтказмайдиган назорат-ўлчов асбоблари билан жиҳозланади.


89. Совутилган балиқ эрийдиган муз ҳароратига яқин бўлган ҳароратда сақланади.


90. Музлатилган балиқ ва балиқ маҳсулотлари -18 Сдан юқори бўлмаган ҳароратда сақланади.


91. Консерва ишлаб чиқариш учун мўлжалланган музлатилган балиқ -9 Сдан юқори бўлмаган ҳароратда ажратилмаган тузланган ҳолда сақланади.


92. Тирик балиқ реализация қилиш муддатларини чекламаган ҳолда, унинг яшаб қолишини таъминлайдиган шароитларда сақланади.


93. Балиқ ва балиқ маҳсулотлари сув сифатини ўзгартириб юбормайдиган материаллардан ясалган сиғимларда сақланади.



6-БОБ. ҲАЙВОНОТГА МАНСУБ МАҲСУЛОТ

ВА ХОМАШЁНИ САҚЛАШНИ АМАЛГА ОШИРУВЧИ

ОБЪЕКТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ВЕТЕРИНАРИЯ-

САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ


94. Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёни сақлаш объектларидаги (кейинги ўринларда сақлаш объектлари деб аталади) хоналарда барча турдаги ҳайвонларни, ҳайвонларнинг эмбрионлари ва спермаларини, уруғлантирилган икра, инкубацион тухум, шунингдек, чорва ҳайвонларидан олинадиган техник хомашёни (шу жумладан жун, мўйна, пўстин, пат, эндокрин ва ичак хомашёси, муяклар, бошқа хомашё турлари), ем ва қўшимча озуқа моддалари, зоология, ҳайвонлар анатомияси ва палентологияси бўйича коллекция ва коллекцияланган буюмларнинг жойлаштиришга рухсат берилмайди.


95. Сақлаш объектлари ишлаб чиқариш ҳажмига қараб етарли даражада омборхона хоналари билан таъминланади.


96. Ўтиш йўллари, йўлаклари ва йўловчилар йўлкалари, юклаш-тушириш майдончалари ва йўлаклари қаттиқ қоплама (асфальт, бетон) билан қопланган, текис, сув ўтказмайдиган, ювиш ва дезинфекциялаш имкониятига эга, эриган ва ювилган сувларнинг канализация тизимига оқиб кетишини таъминловчи қияликда бўлиши лозим.


97. Омборхонада товарларни ветеринария кўригини амалга ошириш учун хона ажратилиб, улар қуйидагилар билан жиҳозланган бўлади:

ветеринария назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган техник воситалар;

товарларнинг ветеринария кўригини амалга ошириш (жумладан, уларни тўлиқ тушириш) учун керак бўладиган юклаш-тушириш техникаси;

зангламайдиган пўлатдан ясалган маҳсулотларни эритиш учун стеллажлар мажмуаси ҳамда столлар.


98. Товарларнинг ветеринария кўригини ўтказиш учун хона деворлари текис ва мустаҳкам, пол эса сув ўтказмайдиган бўлиши лозим бўлиб, унда етарли миқдорда дренаж тешиклари бўлиши, ҳаво ҳарорати 21 С дан ошмаслиги лозим. Омборхона ёритиш, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, шунингдек, бошқа иш учун керакли шароитлар билан таъминланган бўлиши лозим.


99. Идишлар, инвентарлар, транспорт воситаларини ювиш ва дезинфекциялаш учун совутиш камераларидан ажратилган маҳсус хоналар жиҳозланиб, унинг поли сув ўтказмаслиги, унда иссиқ ва совуқ сув, канализация, ёритиш ва вентиляция тизими ўтказилган бўлиши, шунингдек, ювиш агрегати билан таъминланган бўлиши лозим.


100. Омборхонадаги ишлаб чиқариш хоналари, камералар ва бошқа объектларни тозалаш инвентари ҳожатхонани тозалашда ишлатиладиган инвентардан алоҳида сақланиши керак.


101. Ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хомашёни сақлаш учун маҳсус сақлаш шароитларига эга бўлган хона ва жиҳозлар ушбу маҳсулотнинг сақлаш шароитларини назорат қилиш учун назорат-ўлчов асбоблари билан таъминланган бўлиши лозим.


102. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқаришда совутиш орқали ишлов бериш ҳамда маҳсулотларни сақлаш учун маҳсус тайёрланган совутиш камералари ва музлатгичлар қўлланилади. Совутиш камералари ва музлатгичларнинг ҳажми ва сони объектларнинг ишлаб чиқариш қувватини ҳамда улар маҳсулот турига қараб ҳароратни -30 Сда 0 Сгача, ҳаво намлигини эса 60%дан 95%гача созлаш таъминлашини ҳисобга олган ҳолда танланади.


103. Совутиш камералари ва музлатгичларнинг ички деворлари ва юқори деворига уларга гўшт ва гўшт маҳсулотлари юкланишидан олдин санитар ишлов берилиши лозим.



7-БОБ. ҲАЙВОНОТГА МАНСУБ МАҲСУЛОТ ВА

ХОМАШЁЛАР РЕАЛИЗАЦИЯСИ БИЛАН

ШУҒУЛЛАНУВЧИ ОБЪЕКТЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ВЕТЕРИНАРИЯ-САНИТАРИЯ ТАЛАБЛАРИ


104. Қуйидаги ҳолларда ер участкасида объектнинг қурилишини лойиҳалаштиришга рухсат берилмайди:

агарда унда олдин чорва моллари ёки зарарли чиқиндилар кўмилган бўлса;

радиация хавфсизлиги нормалари ошиб кетган бўлса;

ер участкасида куйдирги касаллигининг тупроқ ўчоқлари, ушбу касаллик бўйича стационар носоғлом пунктлар жойлаштирилган бўлса;

саноат ва шахсий мақсадда ишлатиладиган объектлардан санитария ҳимоя ҳудудларини ташкил этиш имкониятлари бўлмаса.


105. Барча хоналар хомашёнинг ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг, ходимлар ва ташриф буюрувчиларнинг оқими, ҳаракатланиши ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади. Реализацияни амалга оширувчи объект ҳудудига чорва ҳайвонларидан олинадиган маҳсулот ва хомашёни киритиш учун алоҳида кириш жойи қўйилиб, ҳайвонлардан олинадиган маҳсулот ва хомашёнинг ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияларида ва кейинчалик реализация жойига қараб бир томонлама ҳаракатланишини таъминлайди.


106. Ҳар бир хоналар гуруҳи алоҳида блокда бирлашади: юклаш, омборхона хоналари, озиқ-овқат маҳсулотларини сотув учун тайёрлаш хоналари, маъмурий-маиший, ёрдамчи, савдо хоналари


107. Савдо ҳудудида умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари ҳамда ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси учун ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё билан савдо қилиш учун алоҳида майдончалар (гўшт, балиқ, сут ва бошқа маҳсулотларини алоҳида сотиш жойлари) ажратиб қўйилади.


108. Омборхона зонасида озиқ-овқат товарларини сақлаш учун жойлар, совутиш қурилмалари жойлаштирилган бўлади.


109. Юкловчи, омборхона биноларининг, маҳсулотларни сотувга тайёрлаш хоналари, савдо залларининг жойлаштирилиши улар орасидаги технологик боғлиқлик ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


110. Объектнинг ички қисмини пардозлаш ишлари заҳарсиз, ювиш ва дезинфекциялаш воситаларига чидамли бўлган пардозлаш материалларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


111. Савдо заллари, қадоқлаш хоналари, ювиш хоналари, совутиш камералари, санитария узелларининг деворлари ювиш ва дезинфекциялаш воситаларига чидамли бўлган материаллар билан қопланади.


112. Поллар намга чидамли ва намликни ўтказмайдиган, санитария ишлови берилиши имконини берувчи бутун материаллардан тайёрланади. Юкларни тушириш хоналаридаги, автомобиллар майдончасидаги қопламлар қаттиқ сув ўтказмайдиган материалларидан тайёрланади. Ювиш хоналари, ҳожатхона ва ҳаммомларда сувнинг сув чиқариш тизимига чиқариб ташланишини таъминлаш учун трапларни ўрнатиш кўзда тутилади.


113. Бутун, иккига ёки тўртга бўлинган гўшт бўлаклари билан савдо қилиш ташкил этилган объектларда майдони камида 10 метр квадратни ташкил қилувчи гўштларни майдалаш хонаси ажратилиб, унда қўл ювгич ҳамда қўшимча совутгичлар ўрнатилган бўлиши лозим.


114. Тез бузилувчи маҳсулотлар билан савдо қилиш объектлари хом ва тайёр маҳсулотларни алоҳида сақлаш учун совутиш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираси совутиш қурилмасининг сиғимини ҳисобга олган ҳолда омборхонага жойлаштириш нормаларига мувофиқ бўлиши лозим.


115. Объект раҳбарияти (эгаси) қуйидагиларни таъминлайди:

Ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашёнинг, шунингдек, ўсимлик озиқ-овқат маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиши;

Ўзбекистон Республикасининг ветеринария (ветеринария-санитария) қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатларининг талабларига мувофиқ лабораторияларда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилган гўшт, ҳайвонотга мансуб бошқа маҳсулотлар билан савдо қилиш учун тегишли шароитлар яратишни;

савдо шаҳобчаси ҳудудида лаборатория томонидан яроқсиз деб топилган тегишли маҳсулотларни зарарсизлантириш учун автоклав ўрнатилган ва алоҳида изолятор хонани ажратишни;

лаборатория текширувлари натижаларини олгунга қадар гўшт, гўшт маҳсулотларини вақтинча сақлаш учун алоҳида изоляцияланган совутиш камерасини таъминлашни;

истеъмол учун яроқсиз деб топилган гўшт, гўшт маҳсулотлари, жумладан мусодара қилинган маҳсулотлар, ҳайвонотга мансуб бошқа маҳсулотларнинг утилизация қилинишини амалга оширишни;

санитария кунларини ўтказишни, ҳудуд, савдо жойлари, бошқа ёрдамчи хоналар, совутгичлар ва бозор инвентарларининг доимий тозаланишини ва дезинфекция қилинишини амалга оширишни;

Ўзбекистон Республикасининг ветеринария (ветеринария-санитария) қоидалари, йўриқномалари ва ветеринария соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида назарда тутилган профилактика ва мажбурий чора-тадбирларни амалга оширишни.

Савдо объекти ва турғун савдо шаҳобчаларида ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси бўлмаган тақдирда, маҳсулотлар экспертизасини ўтказиш шартнома асосида яқинда жойлашган бошқа ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ТАШИШ, САҚЛАШ ВА РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШГА ҚЎЙИЛГАН ТАЛАБЛАР


116. Озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳар бир партиясига қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш пайтида уларнинг сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек, сақлаш, ташиш шартлари ва яроқлилик/сақлаш муддати тўғрисидаги ахборот, тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларида эса тайёрланган вақт ва сана кўрсатилган накладной қоғозлар, маҳсулотни сақлаш ҳарорати ва уни реализация қилишнинг якуний муддати кўрсатилган ҳужжатлар бириктириб юборилади.


117. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сақлаш жойларига етиб келиши тоза, қуруқ, бегона ҳид бўлмаган ва яхлитлиги бузилмаган идиш ва қадоқда амалга оширилади.


118. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва реализацияга тайёрлаш учун объект хомашёни, тайёр маҳсулотни, қадоқлаш ва ёрдамчи материалларни алоҳида сақлаш учун совутиш ускуналари билан жиҳозланган омборхона бинолари билан таъминланиб, шунингдек осон ювилиши ҳамда дезинфекция қилиниши мумкин бўлган материаллардан, полдан баландлиги камида 15 см бўлган тайёрланган қаватлар, стеллажлар, товарларни жойлаштириш расталари ва контейнерлар, совутиш камералари, буғланган сувларни йиғиш ва чиқариб юбориш тизимлари, керак бўлган ҳолларда эса, оқартирилган ёки зангламас пўлатдан ясалган илгаклар ўрнатилган осма балкалар билан жиҳозланади.


119. Объектлардаги барча озиқ-овқат маҳсулотлари объектлардаги полдан камида 15 см баландликда жойлашган стеллажларда, поддонларда, товар расталарида сақланади. Озиқ-овқат маҳсулотларини полда сақлашга йўл қўйилмайди.


120. Озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш учун мўлжалланган хонада бошқа ноозиқ-овқат материалларини биргаликда сақлашга рухсат берилмайди.


121. Ўзига хос ҳидга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари (балиқ, пишлоқ ва бошқалар) бегона ҳидни ўзида сингдириб олувчи маҳсулотлардан (хом гўшт, сариёғ, тухум ва бошқалар) алоҳида сақланади.


122. Хом маҳсулотларнинг (гўшт, парранда гўшти, балиқ, тухум ва бошқалар) истеъмол учун тайёр бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр, лекин қадоқланмаган маҳсулотлар билан биргаликда сақланишига, хавфли озиқ-овқат маҳсулотларининг бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга сақланиши, шунингдек, уларнинг сув қувурлари ва канализация қувурлари, иситиш қурилмалари яқинида, омборхона биноларидан ташқарида сақланишига рухсат берилмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг бевосита полда жойлаштирилишига рухсат берилмайди.


123. Қуйидаги озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг алоҳида сақлаш шартларига амал қилиш таъминланади:

совутилган ва музлатилган гўштни (бутун, икки ёки тўрт бўлакга бўлинган, майдаланган) сақлаш илгакларда осган ҳолда амалга оширилиб, бунда гўшт бўлакларининг бир-бирига, хона деворлари ва полига тегишига йўл қўйилмайди.

Блоклардаги (ёки идиш (тара)ларга жойлаштирилган) гўштни стеллажларда, товар жойлаштириш расталарига ва контейнер қутиларга жойлаштиришга рухсат берилади. Гўштли ярим фабрикатлар, субмаҳсулотлар, музлатилган ва совутилган парранда гўшти маҳсус идишда сақланади, штабелни жойлаштиришда ҳаво циркуляцияси таъминланади;

совутилган балиқ етказиб бериш идишида 0 Сдан -2 С гача бўлган ҳароратда сақланади.


124. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ҳарорат режимларини назорат қилиш учун барча совутиш қурилмалари термометр билан жиҳозланган бўлиши лозим.


125. Норматив ва техник ҳужжатлар ва техник ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган, истеъмол учун яроқсиз деб топилган, аҳоли саломатлигини хавф остига қўювчи озиқ-овқат маҳсулотлари сотувдан олиб ташланади. Унинг кейинчалик ишлатилиши ёки йўқ қилиниши тўғрисидаги қарор давлат ветеринария инспекторлари томонидан қабул қилинади.


126. Ҳайвонотга мансуб маҳсулотлар ва хомашёларни фақат ветеринария-санитария экспертизасининг натижалари бўйича, маҳсулотга тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлган ҳолдагина ишлов берилмаган ва қайта ишланмаган ҳолда озиқ-овқат мақсадларида қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва аҳолига реализация қилиш учун рухсат берилади.


127. Суюқ озиқ-овқат маҳсулотларини (сут, сметана, творог, ўсимлик мойи ва бошқалар) чиқаришда маҳсулотларни сотувчининг идишидан қайтиб умумий идишга қуйишга йўл қўйилмайди. Сут, сметана, творог солинган идишдан қуйиш учун савдо инвентари қолдирилади, маҳсус идишда сақланади, ҳар куни ювиб турилади.


128. Сутни қайта ишлаш объектлари томонидан флягада етказиб бериладиган сутни реализация қилишда бўшаган идишга ишлаб чиқарувчи корхонасида ишлов берилиб, у дастлабки реализация жойларида қўшимча равишда ювилиши лозим.


129. Объектларда қуйидагиларни қабул қилиш, сақлаш, ташиш ва реализация қилишга йўл қўйилмайди:

келиб чиқиши, сифати ва хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари;

тақдим қилинган маълумотга мувофиқ келмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари;

озиқ-овқат маҳсулотларининг қалбакилаштирилиши;

озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашнинг ҳарорат ва намлик шартларига амал қилиш учун имкониятлар бўлмаганда;

патлари юлинмаган парранда, хўжалик юритувчи субъектлардан олинган, сальмонеллез бўйича носоғлом бўлган тухум, қобиғи ифлосланган, қобиғи дарз кетган тухум, ўрдак ва ғоз тухумлари;

ветеринария тамғаси бўлмаган ҳамда ветеринария ҳужжатларига мувофиқ келмайдиган гўшт, шунингдек, шартли равишда яроқли бўлган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, ҳайвонотга мансуб маҳсулот ва хомашё ҳамда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтмаган маҳсулотлар.


130. Тоза балиқ ва балиқ маҳсулотларини сақлаш ва реализация қилиш учун объект ажратилган совутгичлар билан таъминланган бўлиши лозим.


131. Тухумларни қадоқланмаган ҳолда истеъмолга тайёр бўлган маҳсулотларни реализация қилувчи бўлинмаларда (секцияларда) реализация қилишга йўл қўйилмайди.


132. Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг озиқ-овқат хомашёси ва пишмаган озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда ташилишига йўл қўйилмайди.


133. Йилнинг иссиқ фаслларида тез бузилувчи маҳсулотларни ташиш 6 С даражадан юқори бўлмаган ҳароратда қуйидаги ҳолатда амалга оширилади:

совутувчи кузовга эга бўлган маҳсус транспорт воситаларида 6 соатдан кўп бўлмаган вақт давомида;

совутгичга эга бўлмаган изотермик кузовларда 1 соатдан кўп бўлмаган вақт давомида.


134. Гўштни ташиш авторефрижераторларда: тиниб совутилгани 6 С ҳароратда, музлатилгани 0 С ҳароратда амалга оширилади.


135. Гўшт маҳсулотларини автомобиль транспорти билан ташишга фақат совутилган, музлатилган ёки тинган ҳолатдагина рухсат берилади. 6 соат давомида тиндирилган ва юзаси қуришни бошлаган, буғлатилган ёки музлари эритилган гўшт маҳсулотларини ташишга рухсат берилмайди.


136. Автомобиллар, жумладан, маҳсус автомашиналар (гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган рефрижераторлар) тегишли тарзда жиҳозланган бўлиши лозим.


137. Гўшт маҳсулотларини ташишга қуйидаги шартларга амал қилингандагина рухсат берилади:

майдаланган гўштлар белгиланган талабларга мувофиқ ажратилган (қорамол ва бошқа йирик ҳайвонларнинг гўшти - тўртга бўлинган бўлиши, чўчқа гўшти - узунасига иккига ажратилган ёки бутун бўлиши, қўй ва эчки гўшти бутун бўлиши) ҳамда калласидан ажратилган бўлиши лозим;

майдаланган гўштларда ҳеч қандай механик зарар етказилмаган бўлиши, қон оқиб кетган, урилган жойлари, қон излари, ошқозон-ичак тракти таркибидаги аъзолари ва бошқалар, шунингдек, ички ва ташқи юзаларида, бўйин қисмида шокилалари, ички аъзоларининг қолдиқлари бўлмаслиги лозим;

музлатилган гўшт блокларини пергамент ёки ушбу мақсадларда қўлланиладиган бошқа материалларга ўралган ҳамда тегишли идишда (тара) қадоқланган ҳолда ташишга рухсат берилади;

ҳар бир майдаланган гўшт ва унинг алоҳида қисмларида (яримтадан, тўрттадан майдаланган гўштлар) ветеринария-санитария экспертизасининг аниқ кўриниб турувчи ва белгиланган шаклга эга бўлган тамғаси бўлиши лозим;

қиймалаб тайёрланган, қайнатилган, ярим дудланган, қайнатиб-дудланган, хом дудланган, ўпка-жигарли ва қонли колбасалар, гўштли нонлар, сосискалар, сарделкалар, зельцлар, студнялар, паштетлар, шунингдек, бошқа маҳсулотлар ушбу мақсадлар учун маҳсус мўлжалланган қадоқлаш материаллари ёки идишларга (тара) ўраб қўйилган бўлиши лозим.


138. Совутилган ҳамда музлатилган гўшт маҳсулотларини нефть маҳсулотлари ёки бошқа ҳид чиқарувчи моддалар сингдирилган (ёки ифлосланган) кузовли автомашиналарда, шунингдек, ўзига хос ўткир ҳидга эга бўлган бошқа маҳсулотлар билан бирга ташиш тақиқланади.


139. Гўшт маҳсулотларининг сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган заҳарли кимёвий моддалар, қурилиш материаллари, ёқилғи-мойлаш материаллари, ишқорлар, кислоталарни гўшт маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган маҳсус автотранспортларда ташиш қатъиян ман этилади.

Гўштни одам ва юк ташишга мўлжалланган енгил, ўрта ва оғир транспорт воситаларида ташиш тақиқланади.


140. Тиниб қолган, совутилган ва музлатилган гўшт маҳсулотларини маҳсус рефрижератор машиналарда ташишда мазкур транспорт воситаси учун белгилаб қўйилган техник шартларга (гўшт маҳсулотини қўйиш ёки осиш тартиби, ҳарорат режими, совутиш тизимининг ишчи ҳолати ва бошқалар) амал қилиниши шарт.


141. Тирик балиқ термоизоляция, муз учун маҳсус сиғимга, шунингдек, сувни ҳаво билан тўйинтириш қурилмасига эга бўлган цистернали автомобилларда ташилади.



9-БОБ. БОЗОР ВА САВДО ОБЪЕКТЛАРИ

ВА ТУРҒУН САВДО ШАҲОБЧАЛАРИДА ГЎШТ

МАҲСУЛОТЛАРИНИ РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


142. Сўйиладиган ҳайвонлардан олинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларини тегишли шароитлар яратилган бозор, савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчаларида реализация қилишга рухсат берилади.

Гўштни кўчаларда ҳамда савдо объектлари ва савдо шаҳобчалари ичида хона ёки кўча ҳароратида илгакларга илинган ҳолда сотиш, сақлаш қатъиян тақиқланади.


143. Ҳайвонлар гўштини реализация қилишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

агарда уларнинг сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилган бўлса;

гўшт сотиш учун тегишли барча шароитлар, шу жумладан совутгичли маҳсус расталар ташкил этилган бўлса;

тегишли ветеринария ҳужжатлари мавжуд бўлса (белгиланган тартибда расмийлаштирилган тақдирда);

ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига белгиланган тартибда киритилган бўлса.


144. Савдо шаҳобчалари ва бозорларга сотилиш учун келиб тушадиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари қонунчиликда белгиланган тартибда мажбурий равишда ветеринария-санитария экспертизасидан ўтказилиши ҳамда ветеринария-санитария экспертизаси лабораториясининг ветеринария врачи томонидан тамғаланиши лозим.


145. Қуйидаги ҳолларда гўшт маҳсулотларини реализация қилишга рухсат берилмайди:

сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилмаган бўлса;

гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун белгиланмаган транспорт воситалари ёрдамида етказиб берилган бўлса;

тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаса;

ихтисослаштирилган сўйиш корхонасининг Ф-200 шаклдаги маълумотномаси бўлмаса;

ветеринария-санитария экспертизасининг хулосаси (маълумотномаси) бўлмаса;

оёқлари ва бош қисми жун билан бирга бўлса, шунингдек парранда ва қушларнинг патлари юлинмаган бўлса;

хона ёки кўча ҳароратида илгакка осилган ёки ерга (очиқ раста устига) очиқ ҳолда қўйилган ҳолатда бўлса;

ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган бўлса.


146. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини фақат барча ветеринария, ветеринария-санитария қоида ва нормаларига жавоб берувчи, совутиш қурилмалари билан жиҳозланган ҳамда ветеринария-санитария хулосаларига эга бўлган жойларда реализация қилишга рухсат берилади.


147. Гўшт совутгичли маҳсус расталарда (витриналарда) сотилади. Бунда совутгичли витриналарнинг ҳар томонлари зич ёпиладиган бўлиши зарур. Гўштнинг расталарга сиғмаган қисми совутгичли хоналар ёки катта ҳажмдаги совутгичларда сақланиши лозим.

Гўштни майдалаш ва ажратиш маҳсус ёғоч мосламаларда (кундалар) амалга оширилиши лозим. Кундаларнинг юзаси текис бўлиши, улар мунтазам равишда пичоқ билан тозаланиб турилиши, иссиқ сув билан ювилиши ҳамда иш куни якунлангандан кейин устига катта заррачали туз сепилиши ва дока билан қопланиши лозим.

Савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчалари қувур орқали келувчи иссиқ ва совуқ сув, қўл ювгич ва бошқа зарур асбоблар (пичоқ, болта, тарози ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.


148. Сотувчи тўлиқ бўлган маҳсус кийим бошда ишлаши ҳамда харидорга гўшт маҳсулоти тўғрисидаги зарурий ва аниқ ахборотни бериши, хусусан қуйидагиларни маълум қилиши шарт:

гўшт ва гўшт маҳсулоти олинган ҳайвоннинг тури, сўйилган санаси;

истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи ветеринария маълумотномаси.

Ҳар бир совутгичли витрина устида ушбу гўшт олинган ҳайвон тури тўғрисидаги маълумот ёзуви бўлиши шарт.


149. Харидорнинг талабига биноан сотувчи, шунингдек етказиб берувчининг фирма номи ҳамда жойлашуви (юридик манзили) тўғрисидаги маълумотни ҳам тақдим қилиши шарт.


150. Бозор маъмурияти, дўконлар ва гўшт сотиш шаҳобчалари раҳбарлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббий кўрикдан ўтмаган ва ветеринария-санитария курсларида таҳсил олмаган шахсларнинг ишлашига йўл қўйганлиги учун жавобгар бўлади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


151. Мазкур қоидаларнинг талабларини бузишда айбдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 май