ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Умумий турдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.05.2019 й. 391-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 майдаги

391-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий турдаги давлат ва нодавлат мактабгача

таълим ташкилотлари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий турдаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари (кейинги ўринда мактабгача таълим ташкилотлари деб аталади) мақсадлари ва вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шунингдек, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


мактабгача таълим ташкилоти - умумий турдаги давлат ёки нодавлат мактабгача таълим ташкилоти;

давлат мактабгача таълим ташкилоти - давлат томонидан молиялаштириладиган ва бошқариладиган ҳамда Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ мактабгача таълим хизматларини кўрсатадиган ташкилот;


нодавлат мактабгача таълим ташкилоти - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган лицензия асосида, шунингдек, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ мактабгача таълим соҳасида таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахс;


боланинг қонуний вакиллари - боланинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар.


3. Ушбу Низом кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотларига ва қўшма типдаги мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.


4. Мактабгача таълим ташкилотлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Қонунига ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига, ушбу Низомга ва ўз уставига мувофиқ амалга оширади.

5. Мактабгача таълим ташкилотлари давлат ташкилотлари ва нодавлат ташкилотлар бўлиши мумкин.


6. Мактабгача таълим ташкилоти ваколатли давлат органи томонидан аттестация асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитациядан ўтказилади.


7. Давлат мактабгача таълим ташкилоти юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва штампга, мустақил балансга, бюджет ва бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварақларига эга.


8. Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга эга, ўз мажбуриятлари бўйича ихтиёридаги мол-мулк билан жавоб беради, ўз номи ёзилган муҳр ва штампга эга бўлиши мумкин.



2-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИНГ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


9. Қуйидагилар мактабгача таълим ташкилотининг мақсадлари ҳисобланади:

боланинг таълим олишга бўлган ҳуқуқини амалга оширишни таъминлаш;

боланинг жисмоний, ақлий ва маънавий камолотини сақлаш ва мустаҳкамлаш;

умумтаълим муассасаларида боланинг жамиятга мослашишини ва таълим олишни давом эттиришга тайёрлигини таъминлаш.


10. Қуйидагилар мактабгача таълим ташкилоти вазифалари ҳисобланади:

болаларга, шу жумладан, ўзига хос эҳтиёжлари бор болаларга якка тартибда таълим дастурларидан фойдаланиш, шунингдек, ўз вақтида инклюзив мактатабгача таълим ва тарбия олиш имконини берадиган қулай муҳит яратиш;

болаларда Ватанга муҳаббат туйғусини, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, атроф муҳитга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш;

боланинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш, ижтимоий тажриба орттиришини таъминлаш;

боланинг жамиятга мослашишини ва бошланғич таълимга тайёрлигини таъминлаш;

таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш.



3-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ, ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА ТУГАТИШ ТАРТИБИ


11. Давлат мактабгача таълим ташкилоти юридик шахс шаклида ташкил этилади ва ўз фаолиятини устав асосида амалга оширади.


12. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари давлат мактабгача таълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.


13. Юридик шахслар - хусусий мулк ҳуқуқи субъектлари ва жисмоний шахслар нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.


14. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари бинолари ва иншоотларини Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишмасдан хусусийлаштириш, ўзгага бериш ва қайта ихтисослаштириш мумкин эмас.


15. Мактабгача таълим ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.



4-БОБ. НОДАВЛАТ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ


16. Мактабгача таълим соҳасидаги нодавлат таълим хизматларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар юридик шахс давлат рўйхатидан ўтганидан кейин берилади.


17. Мактабгача таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия бериш, лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берган тартибда амалга оширилади.



5-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


18. Мактабгача таълим ташкилотлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган мактабгача таълимнинг давлат таълим дастури асосида ўз таълим дастурини ишлаб чиқиш;

мактабгача таълимнинг давлат таълим дастурида кўрсатилгандан ташқари қўшимча пулли таълим хизматлари кўрсатиш, ишланмайдиган кунларда ёки белгиланган иш соатларидан ташқари боланинг қонуний вакиллари билан келишув асосида болаларни парваришлаш ва уларга қараб туриш бўйича хизматлар кўрсатиш;

боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлик қилиш;

мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича инновацион фаолиятда қатнашиш.

Мактабгача таълим ташкилотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Мактабгача таълим ташкилотлари:

Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ таълим-тарбия жараёнини амалга ошириши;

мактабгача таълимнинг тегишли сифатини таъминлаши;

болани тарбиялаш ва ўқитиш масалалари бўйича унинг қонуний вакилларига маслаҳатлар билан ёрдам бериши;

болаларни камол топтириш, тарбиялаш ва ўқитиш учун хавфсиз шарт-шароитларни яратиши;

мактабгача таълим сифати таъминланишини назорат қилишда ваколатли давлат органларига кўмаклашиши шарт.

Мактабгача таълим ташкилотларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.


20. Мактабгача таълим ташкилотлари қуйидагилар учун жавоб беради:

боланинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши;

болалар мактабгача таълим ташкилотида бўлган вақтида уларнинг ҳаётини ҳимоя қилишни ва соғлиғини мустаҳкамлашни ташкил этиш;

таълим-тарбия жараёнини ташкил этишда қўлланиладиган шакллар, усуллар ва воситаларнинг болаларнинг ёш, руҳий ва физиологик хусусиятлари, қизиқишлари, қобилиятлари, манфаатлари ва эҳтиёжларига мувофиқ келмаслиги;

болаларни умумтаълим муассасаларидаги бошланғич таълимга шахсга йўналтирилган ёндашувни қўллаган ҳолда тайёрлаш сифати;

таълим дастурлари тегишли сифатда ва белгиланган ҳажмда амалга оширилишини таъминлаш;

ушбу Низомда назарда тутилган вазифалар ва функцияларни бажариш.


21. Мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти устидан мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш ваколатли давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


22. Ўқув жараёнидан сиёсий мақсадларда ёки таълим олаётган болаларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига зид ҳаракатларни содир этишга ундаш учун фойдаланиш тақиқланади.


23. Педагог ходимлар мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун жавоб берадилар.



6-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


24. Мактабгача таълим ташкилоти мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ болаларни тарбиялашни, ўқитишни, уларга қараб туришни, уларни парваришлашни ва соғломлаштиришни таъминлайди.


25. Мактабгача таълим ташкилотидаги таълимнинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Мактабгача таълим давлат таълим дастури асосида ишлаб чиқилган таълим дастурида белгилаб берилади.


26. Мактабгача таълим ташкилотидаги таълим-тарбия жараёни машғулотларнинг йиллик, календарь-мавзули режалари ва жадвали билан тартибга солинади.


27. Мактабгача таълим ташкилоти "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим бериш ва тарбиялаш шакллари, воситалари ва усулларини танлайди.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар билан ишлаш технологиялари, усуллари ва шакллари уларнинг психофизик ривожланиш хусусиятлари, ўзига хос имкониятлари ва соғлиғи ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, педагог ва тиббий ходимлар томонидан белгиланади ҳамда мактабгача таълим ташкилотининг Педагогик кенгаши билан келишилади.

28. Мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг асосий шакли ўйин ҳисобланади.

Ҳар бир ёш гуруҳидаги машғулотлар, ўйинларнинг ҳар йилги сони, давом этадиган даври ва изчиллиги мактабгача таълим ташкилотининг ўқув режасида белгиланади.

29. Мактабгача таълим ташкилотларида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар ва ривожланишида нуқсонлари бўлмаган болаларнинг бир ташкилотда биргаликда ўқиши ва тарбияланишига қаратилган инклюзив гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.

Болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларида бўлиш вақтига қараб у ердаги гуруҳлар қуйидагича бўлиши мумкин:

болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳлар (кунига 3-4 соат);

тўлиқ кунли гуруҳлар (кунига 9, 10,5 ва 12 соат);

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳлар.

Мактабгача таълим ташкилотининг:

болалар кунига 3-4 соат бўладиган гуруҳларида - кундузги уйқу ташкил этилмайди ва бир марталик овқатлантириш ташкил этилиши мумкин;

болалар кунига 9 - 10,5 соат бўладиган гуруҳларида - уч марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак;

болалар 12 соат бўладиган гуруҳларида - тўрт марталик овқатлантириш ташкил этилиши ва кундузги уйқу учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

Мактабгача таълим ташкилотларининг болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларида кундузги ва тунги уйқу ҳамда беш марталик овқатлантириш ташкил этилиши учун шароитлар яратилган бўлиши керак.

Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болалар узлуксиз ухламайдиган муддатнинг тавсия этиладиган максимал давомийлиги 5,5 - 6 соатни ташкил этади.

30. Мактабгача таълим ташкилотининг ишлаш тартиби ва болаларнинг унда бўлиш вақти унинг устави ва муассиснинг қарори билан белгиланади.


31. Мактабгача таълим ташкилоти ва боланинг қонуний вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар бола мактабгача таълим ташкилотига ўтказилганда тузиладиган шартнома билан тартибга солинади.

Шартномада бола мактабгача таълим ташкилотига борадиган режим, неча марта овқатланиш ва бошқа шартлар кўрсатилади.


32. Мактабгача таълим ташкилотидаги ўқув йили жорий йилнинг 2 сентябридан кейинги йилнинг 31 майигача бўлган даврни, ёзги соғломлаштириш даври жорий йилнинг 1 июнидан 31 августигача бўлган даврни ўз ичига олади.


33. Мактабгача таълим ташкилотида болаларга таълим бериш ва тарбиялаш "Давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат тилида ва бошқа тилларда олиб борилади.



7-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИГА

БОЛАЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УНДАН ЧИҚАРИШ


34. Болани мактабгача таълим ташкилотларига доимий ёки вақтинча қатнашга қабул қилиш ушбу ташкилотда бўш жойлар бўлса, календарь йил давомида қуйидагилар асосида амалга оширилади:

бола қонуний вакилининг аризаси;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ваколатли орган берган йўлланма (давлат мактабгача таълим ташкилоти учун);

бола соғлиғи ҳолати тўғрисидаги тиббий маълумотнома.

Мактабгача таълим ташкилотидаги инклюзив гуруҳларга қабул қилиш учун ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болалар қўшимча равишда психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг белгиланган тартибда берилган хулосасини тақдим этади.

35. Давлат мактабгача таълим ташкилотларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади.

Жорий ўқув йили давомида 7 ёшга тўлган тарбияланувчилар кейинги ўқув йилининг бошланишига қадар ташкилотда қолади.

36. Бола давлат мактабгача таълим ташкилотига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибга мувофиқ қабул қилинади.


37. Бола нодавлат мактабгача таълим ташкилотига Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти уставига мувофиқ қабул қилинади ва чиқарилади.

38. Болани давлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш мактабгача таълим ташкилоти ва боланинг қонуний вакили ўртасида тузиладиган шартнома ҳамда мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Боланинг қонуний вакили ва мактабгача таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган шартнома тарбияланувчининг мактабгача таълим ташкилотини битиргунича ёки ундан кетгунича кучда бўлади.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар болани қонуний вакилларининг розилиги билан зарурат бўлганда йил давомида психологик-тиббий-педагогик комиссияга ёхуд маслаҳат олиш учун зарур ихтисосликдаги мутахассисларга юборилиши мумкин.

39. Боланинг қонуний вакили билан тузилган шартнома болани нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш учун асос ҳисобланади.



7-1-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИДА

ДЕФЕКТОЛОГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

39-1. Умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотида ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган, шу жумладан нутқида нуқсони бўлган тарбияланувчилар билан коррекцион-педагогик машғулотларни ўтказиш учун дефектолог штат бирлиги киритилади.

Машғулотлар махсус педагогика соҳасида олий маълумотга ёки педагогика бўйича олий маълумотга эга бўлган ва махсус педагогика соҳасида касбий қайта тайёрловдан ўтган дефектолог томонидан ўтказилади.


39-2. Дефектолог билан машғулотларга мактабгача таълим ташкилотининг қуйидаги тарбияланувчилари жалб қилинади:

3 - 7 ёшдаги инклюзив гуруҳлардаги ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар;

5 - 7 ёшдаги нутқнинг фонетик-фонематик ривожланмаганлиги, дислалия (оддий, мураккаб) бўлган тарбияланувчилар.


39-3. Инклюзив гуруҳлардаги ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган 3 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар ҳудудий психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида дефектолог билан машғулотларга жалб қилинади.

Нутқида нуқсонлари бўлган 5 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар яшаш жойи бўйича даволаш-профилактика муассасаси логопедининг коррекцион-педагогик ишларни ўтказиш тавсия қилинаётган муддат белгиланган ҳолда, ушбу даволаш-профилактика муассасаси муҳри билан тасдиқланган ва туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан рўйхатга олинган хулосаси асосида дефектолог билан бўлган машғулотларига жалб қилинади.


39-4. Дефектолог билан машғулотларнинг заруратини аниқлаш учун тарбияланувчилар ривожланиши ва нутқини дастлабки текшириш бола мактабгача таълим ташкилотига қабул қилинган вақтдан бошлаб 2 ҳафта ичида ўтказилади.


39-5. Мактабгача таълим ташкилотида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилганда ва унда тарбияланувчиларда психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасини бериш учун асос бўладиган тиббий кўрсатмалар рўйхатида кўрсатилган ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари аниқланганда, тарбияланувчи психологик-тиббий-педагогик комиссиядан ўрнатилган тартибда ўтиш учун юборилади.

Мактабгача таълим ташкилотида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилганда ва унда 5 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар орасида нутқида нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар аниқланганда, мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий бириктирилган даволаш-профилактика муассасаси логопедининг ушбу муассаса муҳри билан тасдиқланган ва туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан рўйхатга олинган хулосаси расмийлаштирилади.


39-6. Мактабгача таълим ташкилотининг дефектолог томонидан 3 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари ва 5 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар нутқида нуқсонлари аниқланганда, ушбу тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий бириктирилган даволаш-профилактика муассасасига чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилади.

Ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари тасдиқланганда ҳудудий психологик-тиббий-педагогик комиссиясидан ўрнатилган тартибда ўтиш учун юборилади.

Нутқида нуқсонлари тасдиқланганда логопеднинг даволаш-профилактика муассаса муҳри билан тасдиқланган ва туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими томонидан рўйхатга олинган хулосаси расмийлаштирилади.


39-7. Умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотида дефектолог фаолиятини ташкил этишдан мақсад ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари, шу жумладан нутқида нуқсонлари бўлган тарбияланувчиларга коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатишдир.


39-8. Дефектолог фаолиятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

нуқсонларни аниқлаштириш мақсадида ва якка тартибдаги коррекцион-педагогик иш режасини тузиш учун комплекс психологик-педагогик текширувни ташкил этиш;

ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонларни, шунингдек хотира, тафаккур, диққат-эътиборни имкон қадар коррекция қилишга қаратилган ишларни амалга ошириш;

тарбияланувчининг имкониятлари ва эҳтиёжларига мувофиқ коррекцион-педагогик усулларни танлаш;

ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчиларга таълим-тарбия бериш, уларни ижтимоий мослашуви, шунингдек ривожланишидаги нуқсонларни коррекция қилиш учун қулай шарт-шароитлар, шу жумладан инклюзив таълим муҳитини яратиш юзасидан педагоглар билан ҳамкорликда ишлаш ва ушбу фаолиятларни мувофиқлаштириш.


39-9. Дефектолог илк ва мактабгача ёшдаги болалар ривожланишига қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ, шунингдек улар асосида ишлаб чиқилган таълим-тарбия ва коррекцион фаолиятни ташкил этиш дастурларига мувофиқ тарбияланувчиларга таълим-тарбия ва коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.


39-10. Умум ривожлантирувчи ва коррекцион дастурлар бўйича ўтказиладиган якка тартибдаги, кичик гуруҳдаги ёки фронтал машғулотлар коррекцион-педагогик ишларни ташкил этишнинг асосий шакли ҳисобланади.


39-11. Дефектолог мактабгача таълим ташкилотининг педагоглари, бошқа мутахассислари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради, машғулотларни бориб кўради, педагог ходимлари ва боланинг қонуний вакилларга нуқсонлари бўлган тарбияланувчиларга ёрдам кўрсатишнинг махсус усуллар ва услубларини қўллаш юзасидан маслаҳат беради.


39-12. Инклюзив гуруҳлардаги ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар билан коррекцион-педагогик ишлар психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасида белгиланган муддатгача ўтказилади.

Нутқида нуқсонлари бўлган 5 - 7 ёшдаги тарбияланувчилар мактабгача таълим ташкилотида коррекцион-педагогик ишлар 6 ой ўтказилганидан кейин мактабгача таълим ташкилотига ҳудудий бириктирилган даволаш-профилактика муассасасининг логопеди томонидан текширилади.

Агар тарбияланувчида нутқида нуқсонлари бўлса, мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчига коррекцион-педагогик ёрдам кўрсатилишини давом эттириш тавсия этилганлиги тўғрисидаги логопеднинг хулосаси берилади.


39-13. Хулосада кўрсатилган муддат тугашигача нуқсонлар бартараф этилса, дефектолог томонидан ўтказиладиган машғулотлар тўхтатилади.


39-14. Дефектолог фаолиятига бевосита раҳбарлик қилиш ва уни назорат қилиш мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ

ГУРУҲЛАРИНИ ТЎЛДИРИШ


40. Гуруҳ мактабгача таълим ташкилотининг таркибий бирлиги ҳисобланади.


41. Мактабгача таълим ташкилотидаги гуруҳлар ҳам бир хил ёшдаги, ҳам турли ёшдаги болалар билан тўлдирилиши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилотидаги инклюзив гуруҳлар ёш принципи бўйича тўлдирилади.

42. Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларини тўлдириш ва бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш ҳар йили ўқув йили бошланишидан олдин амалга оширилади.


43. Давлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳлар қуйидаги миқдорда тўлдирилади:

3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган гуруҳларда - кўпибилан 30 нафар бола;

болалар қисқа вақт бўладиган гуруҳларда - кўпи билан 30 нафар бола;

турли ёшдаги гуруҳларда - кўпи билан 25 нафар бола;

болалар кечаю кундуз бўладиган гуруҳларда - кўпи билан 10 нафар бола.

Агар давлат мактабгача таълим ташкилоти жойлашган жойда давлат мактабгача таълим ташкилотига боришни хоҳловчи мактабгача ёшдаги болалар сони 20 нафар боладан кам бўлса ва бу жойда бошқа давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишган ҳолда кам сонли болалардан иборат гуруҳларни ташкил этишга йўл қўйилади.

3 ёшдан катта бўлган болалар учун мўлжалланган инклюзив гуруҳлар ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларнинг тоифасига қараб тўлдирилади ҳамда кўпи билан 25 нафар бола, шу жумладан ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган кўпи билан 3 нафар болани ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишувга кўра гуруҳларни уларни тўлдиришнинг энг кўп миқдори оширилган ҳолда ташкил этишга йўл қўйилади.

44. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида гуруҳларни тўлдириш тартиби мактабгача таълим ташкилотларини сақлаб туриш, тузиш ва уларда ишлаш тартибини ташкил этишга қўйилган санитария-гигиена талабларини ҳисобга олган ҳолда муассис томонидан белгиланади.



9-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИДА

ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


45. Мактабгача таълим ташкилотида овқатланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


46. Мактабгача таълим ташкилотида болалар овқатланишини ташкил этиш учун жавобгарлик мактабгача таълим ташкилоти раҳбари зиммасига юкланади.



10-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИДА

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАР СОҒЛИҒИНИ АСРАШ


47. Мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларига тиббий ёрдам мактабгача таълим ташкилоти штатига кирадиган тиббиёт ходимлари ёки соғлиқни сақлаш муассасаларининг мактабгача таълим ташкилотига бириктирилган тиббиёт ходимлари томонидан таъминланади, улар болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ва жисмоний камолоти, даволаш-профилактика тадбирлари ўтказилиши, санитария-гигиена нормаларига, овқатланиш режими ва сифатига риоя этилиши учун жавоб беради.

48. Давлат мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходимлари фаолиятини назорат қилиш туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига юкланади.


49. Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходимлари фаолиятини назорат қилиш унинг раҳбарига юкланади.


50. Давлат мактабгача таълим ташкилотининг штатдаги ходимлари соғлиқни сақлаш муассасаларида белгиланган тартибда бепул тиббий текширувдан ўтади.


51. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотига тиббий ёрдам қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.


52. Давлат мактабгача таълим ташкилоти тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бепул асосда соғлиқни сақлаш тизимининг малака ошириш муассасаларида 3 йилда камида бир марта ўтказилади.



11-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ

ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


53. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун олинадиган ота-оналар тўлови, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия эҳсонлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

54. Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти уларнинг муассислари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


55. Давлат мактабгача таълим ташкилотига қўшимча бюджет маблағларини жалб қилиш бюджетдан молиялаштиришни камайтиришга олиб келмайди.



12-БОБ. БОЛАЛАРНИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИДА

ПАРВАРИШЛАШ, ОВҚАТЛАНТИРИШ ВА УЛАРГА ҚАРАБ

ТУРИШ УЧУН ОТА-ОНАЛАР ТЎЛОВИ

56. Болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун тўловлар ота-оналар ва мактабгача таълим ташкилоти ўртасида тузилган шартномага асосан амалга оширилади.


57. Болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларида парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун ота-оналар тўлови қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда амалга оширилади.


58. Болаларни нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун ота-оналар тўлови миқдори ва уни тўлаш шакли уларнинг муассислари томонидан белгиланади.


59. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар фарзандларини ҳамда ривожланишида жисмоний ёки психик нуқсонлари бўлган болаларни парваришлаш, овқатлантириш ва уларга қараб туриш учун ота-оналар тўлови имтиёзли шартларда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорларда амалга оширилади.



13-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТИНИ БОШҚАРИШ


60. Мактабгача таълим ташкилоти қонун ҳужжатларида, ушбу Низомда, шунингдек, мактабгача таълим ташкилоти уставида назарда тутилган тартибда бошқарилади.


61. Давлат мактабгача таълим ташкилотига Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан келишув бўйича Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан мактабгача таълим ташкилоти Кузатув кенгаши томонидан танланадиган директор раҳбарлик қилади.

62. Мактабгача таълим ташкилотининг уставига мувофиқ лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг раҳбари ҳисобланади.


63. Давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятига директор жорий раҳбарлик қилади ҳамда давлат мактабгача таълим ташкилотининг Кузатув кенгаши ва муассиси олдида ҳисоб беради.

64. Нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолиятига директор жорий раҳбарлик қилади ва муассис олдида ҳисоб беради.


65. Қуйидагилар давлат мактабгача таълим ташкилотининг бошқаруви органлари ҳисобланади:

Педагогик кенгаш;

Кузатув кенгаши.


66. Мактабгача таълим ташкилотининг Педагогик кенгаши:

мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқади;

мактабгача таълим ташкилотининг иш режасини ва педагог ходимларининг педагогик юкламасини белгилайди;

мактабгача таълим ташкилоти таълим дастурини амалга ошириш натижаларини баҳолайди;

мактабгача таълим ташкилотининг боланинг қонуний вакиллари билан ҳамкорлиги тартибини белгилайди;

мактабгача таълим ташкилоти педагог ходимлари малакасини ошириш, уларнинг ижодий ташаббусини ривожлантириш, таълим жараёнига фан ютуқларини ва илғор педагогик тажрибани жорий этиш масалаларини муҳокама этади;

мактабгача таълим ташкилоти ходимларини маънавий ва моддий рағбатлантириш масалаларини кўриб чиқади;

мактабгача таълим ташкилоти раҳбари ва педагог ходимлар ҳисоботларини эшитади.

Мактабгача таълим ташкилотининг Педагогик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.

Давлат мактабгача таълим ташкилотида болани тарбиялаш, шакллантириш ва ўқитишда кўмаклашиш мақсадида Кузатув кенгаши ташкил этилади. Унинг таркиби ушбу ташкилотга борадиган болаларнинг қонуний вакиллари, унинг ходимлари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари орасидан тузилади.


67. Мактабгача таълим ташкилотининг Кузатув кенгаши:

мактабгача таълим ташкилотини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

мактабгача таълимнинг туман (шаҳар) бўлими томонидан тавсия этилган номзодлар орасидан мактабгача таълим ташкилоти раҳбарини сайлайди, шунингдек, уни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича таклифларни белгиланган тартибда киритади;

мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг унинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, молия-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботларини вақти-вақти билан эшитади;

мактабгача таълим ташкилоти раҳбари, педагог ходимлар ва бошқа ходимлар фаолиятига тааллуқли ижтимоий сўровлар ўтказади;

туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимларига мактабгача таълим ташкилоти ходимларини рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритади.

Мактабгача таълим ташкилотининг Кузатув кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.

Мактабгача таълим ташкилоти Кузатув кенгашининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


68. Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида, уставда, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, меҳнат шартномасида белгиланади.


69. Давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарининг лавозимига қўйиладиган малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан белгиланади.



14-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


70. Мактабгача таълим ташкилотларида сиёсий партиялар ва диний муассасаларнинг ташкилий тузилмалари ташкил этилишига ва фаолиятига йўл қўйилмайди.


71. Халқаро ҳамкорлик, педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимлар амалиётини ўтказиш ва малакасини ошириш белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 май







































Время: 0.2061
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск