язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Алоқа ва ахборот-коммуникацион технологиялар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.05.2019 й. ПҚ-4321-сон "Рақамли иқтисодиёт ва "Электрон ҳукумат" тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.05.2019 й.

N ПҚ-4321



РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ ВА "ЭЛЕКТРОН

ҲУКУМАТ" ТИЗИМИ ИНФРАТУЗИЛМАЛАРИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА



Рақамли иқтисодиёт ва "Электрон ҳукумат" тизимини такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларини изчил амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги "Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4022-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2019-2021 йилларда "Universal Mobile Systems" МЧЖни ривожлантириш Концепцияси тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик), Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг:

"Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан "UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖнинг устав капиталидаги давлат улушини камида 51 фоизга оширишни таъминлаш чораларини кўриш;

"UZINFOCOM давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор" МЧЖ устав капиталидаги давлат улушини кейинчалик "Universal Mobile Systems" МЧЖга (кейинги ўринларда - оператор) устав капиталини кўпайтириш ҳисобига белгиланган тартибда ўтказиш таклифи маъқуллансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

а) "Электрон ҳукумат" ва рақамли иқтисодиёт тизимини ривожлантириш доирасида идоралараро ва идоравий ахборот тизимлари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш бўйича қарорлар буюртмачини мажбурий тарзда белгилаш, шунингдек, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлашда молиялаштириш манбаларини аниқ кўрсатган ҳолда қабул қилинади;

б) "Электрон ҳукумат" ва рақамли иқтисодиёт тизими доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш:

давлат бошқарувида ахборот тизимларини жорий этиш, ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш қисмида - Агентлик;

давлат органларива бошқа ташкилотларнинг электрон ҳамкорлигини таъминлаш учун идоравий ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоқларини ривожлантириш вафаолият юритиш қисмида - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологияларива коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ахборот тизимларини назорат қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш қисмида - Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси;

идоравий ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ривожлантириш қисмида - вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар томонидан таъминланади.


4. Белгилансинки:

а) операторга ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги харидларнинг техник топшириқларини фақат "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК билан келишган ҳолда амалга ошириш ҳуқуқи берилади;

б) давлат органларига "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш доирасида ўз маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш ва қуриш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан белгиланган ҳоллар бундан мустасно;

в) Агентликка хорижий инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан инвестициялар масалалари бўйича хорижий компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказиш ва ҳамкорлик қилиш ҳуқуқи берилади;

г) оператор 2022 йил 1 январга қадар:

оператор зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товарлар божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари) озод этилади;

Агентлик билан келишилган ҳолда ҳаракатдаги уяли алоқа база станцияларини қуриш (ўрнатиш) бўйича қурилиш-монтаж ишларини параллел равишда лойиҳалаштириш билан бирга амалга ошириш, шунингдек, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларни фойдаланишга қабул қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатномалар олиш далолатномаларини параллел равишда расмийлаштирган ҳолда ҳаракатдаги уяли алоқа хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига эга;

энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали суммасидан қатъи назар товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш учун шартномалар, шу жумладан импорт шартномалари тузишга ҳақли;

д) телекоммуникация объектларини қуриш (жойлаштириш) учун операторга ер участкаларни доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан аукцион ўтказмасдан амалга оширилади.


5. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



ЎзбекистонРеспубликаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 27 май, 21-сон, 389-модда