язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Инвестиция ва бошқарув компаниялари фаолияти тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.05.2019 й. 414-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 майдаги

414-сон қарорига

ИЛОВА



Инвестиция ва бошқарув компаниялари

фаолияти тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом инвестиция ва бошқарув компанияларининг мақсадлари, вазифалари, функциялари, мезонлари, фаолият турини, шу жумладан, венчур молиялаштиришни амалга оширишда инвестиция ва бошқарув компаниялари мониторингини олиб бориш тартибини белгилайди, шунингдек, уларнинг муносабатларини тартибга солади.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


инвестиция компанияси - бошқарув компанияси томонидан кейинчалик инновацион ва бошқа истиқболли лойиҳаларга киритиш учун малакали инвесторларнинг жалб этилган маблағларини шакллантириш ва жамлаш билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи тижорат ташкилоти;


бошқарув компанияси - инвестиция компаниясининг инвестиция ҳиссасини улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ бошқарадиган тижорат ташкилоти;


венчур фонди - жамланган пул маблағларини фақат юқори хавфли венчур лойиҳаларига инвестиция қилиш учун мўлжалланган, бошқарув компанияси бошқарувидаги инвестиция компанияси;


малакали инвесторлар - миллий валютада ва/ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ҳисса киритилган кундаги курси бўйича хорижий валютада 500 миллион сўмдан кам бўлмаган миқдордаги пул маблағлари тарзидаги инвестиция ҳиссаларини инвестиция компанияларига киритган юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, хорижий шахслар;


инвестиция ҳиссалари - малакали инвестор томонидан инвестиция компаниясига инвестиция фаолиятини амалга ошириш учун берилган ва инвестиция компаниясининг устав капиталига улуш ҳисобланмайдиган пул маблағлари;


хавф даражаси юқори бўлган венчур лойиҳалари - одатда ривожланишнинг дастлабки ёки фаолиятни кенгайтириш босқичидаги, кутиладиган фойда узоқ муддатда олинадиган тижорат хусусиятига эга бўлган, маблағларни йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган лойиҳалар;


инновацион фаолият - интеллектуал маҳсулотни яратишга ва ундан фойдаланишга, ўзига хос ғояларни тадқиқ қилиб товарлар ва хизматлар шаклига келтиришга ҳамда ушбу товарлар ва хизматларга бўлган талаблар самарали қондирилишини ташкил этишга йўналтирилган фаолият.



2-БОБ. ИВЕСТИЦИЯ КОМПАНИЯЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ


3. Инвестиция компанияларининг фаолияти лицензияланмайди.


4. Инвестиция компаниялари фақат тижорат лойиҳаларга кейинчалик киритиш учун малакали инвесторларнинг пул маблағлари шакллантирилиши ва жамланиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш учун ташкил этилиши керак.


5. Қуйидагилар инвестиция компанияларининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳисобланади:

фойдани ошириш;

ташкилотнинг фаолият кўрсатиши ва ривожланиши жараёнида унинг молиявий барқарорлигини таъминлаш;

инвестиция стратегиясини амалга оширишнинг энг самарали усулларини таъминлаш;

жорий ва келгуси даврларда ташкилот мулкдорларининг фаровонлигини ошириш.


6. Қуйидагилар инвестиция компанияларининг вазифалари ҳисобланади:

инвестиция бозори ривожланишини таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш;

ташкилот инвестиция фаолиятининг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш ва унинг инвестиция (молиявий) ресурсларини шакллантириш;

инвестиция лойиҳаларининг инвестицион жозибадорлигини, алоҳида молиявий воситаларни баҳолаш ва улардан энг самаралисини танлаб олиш;

инвестиция портфелни шакллантириш ва уни даромад олиш, хавф-хатар ва ликвидлик мезонлари бўйича баҳолаш;

алоҳида инвестиция дастурлари ва лойиҳалар амалга оширилишини жорий режалаштириш ва бошқариш;

самарасиз инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни ўз вақтида тўхтатиш (алоҳида молиявий воситаларни сотиш) бўйича қарорлар тайёрлаш ва капитални қайта инвестициялаш.


7. Инвестиция компанияси унинг таъсис ҳужжатида ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар йили ташқи аудит ўтказилишини ташкил этишга мажбурдир.



3-БОБ. БОШҚАРУВ КОМПАНИЯЛАРИНИНГ ФАОЛИЯТИ


8. Бошқарув компаниясининг мақоми ушбу номи таъсис ҳужжатларида мажбурий қайд этилиши керак.


9. Бошқарув компанияси инвестиция компаниялари чекланмаган сони инвестиция ҳиссаларини бошқариш фаолиятини амалга ошириши мумкин.


10. Бошқарув компаниясининг моҳияти лойиҳани молиялаштириш, лойиҳаларни баҳолашни, заруратга кўра лойиҳани биргаликда молиялаштириш учун бошқа инвесторларни жалб этишни, инвестиция компанияларининг пул маблағларини жамлашни талаб қиладиган бизнес-лойиҳани топишдан иборатдир.


11. Бошқарув компаниялари ўз фаолиятини лойиҳани мустақил молиялаштириб, зарурат бўлганида лойиҳани молиялаштиришда иштирок этиш учун бошқа инвестиция компанияларини жалб қилиб, ўз маблағлари ҳисобига амалга ошириши мумкин.


12. Лойиҳани молиялаштиришда бир қанча инвестиция компаниялари иштирок этаётган бўлса, томонлар шартнома асосида мустақил равишда бу жараёнда қайси бири бошқарув компанияси сифатида иш юритишини белгилаб олишади.


13. Инвестицион шартномага кўра тарафлар ўзларининг инвестиция ҳиссаларини ўтказишлари учун бошқарув компанияси махсус ҳисоб рақами очади. Бошқарув компанияси тузилган шартномага мувофиқ белгиланган лойиҳани молиялаштириш учун малакали инвесторлар ва инвестиция компанияларининг инвестиция ҳиссаларини ушбу ҳисоб рақамида жамлайди.


14. Бошқарув компанияси таъсис ҳужжатида ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва таркибда ички аудит хизматини ташкил этиши шарт.



4-БОБ. ВЕНЧУР ФОНДИ


15. Инвестиция компанияси ўзининг асосий фаолияти бўйича венчур молиялаштириш йўналишида венчур фонди очади ва бунда унинг учун бошқарув компаниясига айланади.


16. Инвестиция компанияси венчур фондини бошқариш учун венчур фондининг устав капиталини шакллантиради ва пул маблағларини фақат хавф даражаси юқори бўлган венчур лойиҳалари учун жамлайди.


17. Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, уни ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномасини имзолаган хорижий юридик ва жисмоний шахслар венчур фонди муассислари бўлиши мумкин.


18. Венчур фонди фаолиятнинг қуйидаги асосий турларини амалга оширади:

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини кейинчалик инновацион фаолиятга инвестиция қўйишдан фойда кўриш мақсадида жамлаш;

янгидан ташкил этилган ва мавжуд ташкилотларнинг устав фондида улушли иштирок этиш йўли билан, шунингдек, ушбу ташкилотларга гаров билан таъминланмаган қарзлар бериш йўли билан инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни молиялаштириш;

бўш турган пул маблағларини ички бозорда юқори ликвидли молиявий воситаларга жойлаштириш;

фонд акциядори (иштирокчиси) бўлган ташкилотларни бошқаришда иштирок этиш.


19. Венчур фондлари ҳам иқтисодиётнинг муайян сектори (ихтисослаштирилган венчур фондлари), ҳам иқтисодиётнинг турли тармоқларининг (универсал венчур фондлари) инновацион лойиҳаларини молиялаштириши мумкин.


20. Венчур фонди муассислари ўртасидаги муносабатлар уни ташкил этиш тўғрисидаги таъсис шартномаси билан тартибга солинади, у фондни ташкил этиш бўйича биргаликдаги фаолият тартибини белгилайди.


21. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари томонидан қўйиладиган талаблардан ташқари, венчур фондининг уставида қуйидаги қоидалар мажбурий тартибда бўлиши керак:

фонднинг инвестицион фаолиятига чекловлар;

венчур фондининг инвестиция активлари бошқарувчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар, у билан ишончли бошқариш шартномасини тузиш тартиби, зарар етказилган ҳолларда фонд ва унинг акциядорлари олдидаги жавобгарлиги;

маблағларни жалб қилиш тартиби;

инновацион лойиҳаларга инвестиция киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;

инвестиция киритилган корхоналардан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;

дивидендларни тўлаш тартиби.


22. Венчур фондининг номланишида "венчур фонд" сўзлари бўлиши керак.


23. Венчур фонди бошланғич устав фонди Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда тўлиқ шакллантирганидан кейин ҳамда бошқарув компанияси билан фонднинг инвестиция активларини унга ишончли бошқарувга бериш тўғрисида шартнома тузилганидан сўнг маблағларни инвестицияга жалб этиш ҳуқуқига эга бўлади.



5-БОБ. ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


24. Инвестиция компанияси, бошқарув компанияси ва малакали инвесторлар ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид бўлмаган доирада шартнома шартлари тарафлар томонидан мустақил белгиланишидан, шу жумладан, уларнинг биргаликдаги фаолиятида юзага келадиган низоларни ҳал этиш шакллари ва усуллари эркин танланишидан келиб чиқиб фақат шартнома асосида тартибга солинади.


25. Инвестиция компаниялари ишлаб турган ва янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталларидаги улушларни сотиб олиш, қимматли қоғозларни сотиб олиш, инвестициян компанияларнинг хўжалик юритувчи субъектларининг устав капиталидаги улушларни маҳаллий ва хорижий инвесторларга реализация қилиш, кўчмас мулк ва бошқа активларни сотиб олиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тақиқланмаган бошқа шаклларда инвестиция киритиш ҳуқуқига эга.


26. Инвестиция лойиҳаларини танлаб олиш бошқарув компанияси томонидан белгиланган инвестиция стратегиясига мувофиқ мустақил равишда амалга оширилади.


27. Устав капиталида давлат улуши, давлат органлари, шунингдек, сиёсий партиялар, нотижорат ташкилотлар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва диний ташкилотлар мавжуд бўлган юридик шахслар бошқарув компанияси муассислари бўла олмайди. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.



6-БОБ. СОЛИҚ СОЛИШ


28. Инвестиция ва бошқарув компанияларига, шунингдек, венчур фондларига солиқ солиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ВА БОШҚАРУВ КОМПАНИЯЛАРИ

ФАОЛИЯТИ МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


29. Инвестиция ва бошқарув компаниялари фаолияти мониторингини олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан фақат инвестиция ва бошқарув компанияларининг самарали фаолиятига тўсқинлик қилаётган сабабларни аниқлаш ва ўрганиш мақсадида амалга оширилади.


30. Мониторинг Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва Давлат солиқ қўмитасидан инвестиция ва бошқарув компанияларининг иштирокисиз мустақил равишда олинадиган очиқ маълумотлар ва ахборот асосида, шунингдек, инвестиция ва бошқарув компанияларининг мурожаатлари асосида амалга оширилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


31. Ушбу Низом талабларига риоя қилинмаганлиги учун инвестиция ва бошқарув компаниялари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 май