язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.05.2019 й. 451-сон "Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.05.2019 й.

N 451




ЛОЙИҲАЛАШ ВА ҚУРИЛИШ

СОҲАСИДАГИ МУТАХАССИСЛАР

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ТИЗИМИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 14 ноябрдаги ПФ-5577-сон Фармонига мувофиқ ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтининг:

Тошкент архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Қурилиш соҳасидаги менежерларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ҳамда Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳузуридаги Архитектура-қурилиш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказида - лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари;

Қурилиш вазирлиги таркибидаги касб-ҳунар коллежлари базасида - лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг ишчи касб эгалари учун қурилишда юқори технологик усулларни ўзлаштиришга, соҳа мутахассисларининг касб ва малака даражасини доимий ошириб боришга йўналтирилган малака ошириш курсларини ташкил этиш орқали уларнинг мунтазам малакасини ошириб бориш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Белгилансинки, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган давлат корхоналари ва устав капиталида (фондида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқни ташкил этувчи юридик шахсларнинг раҳбар ва мутахассислари, ишчи касб эгалари ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтадилар.

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилмаган ташкилотларга уларда фаолият юритадиган раҳбар ва мутахассислар, ишчи касб эгаларининг ҳар беш йилда камида бир марта малака ошириш курсларидан ўтишини таъминлаб бориш тавсия этилсин.


3. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

икки ой муддатда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малака ошириш курси (кейинги ўринларда малака ошириш курси деб аталади) йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурларини қурилиш соҳасидаги замонавий янгиликлар ва ислоҳотларга мос равишда қайта кўриб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

малака ошириш курслари ўқув жараёни билан боғлиқ зарур тайёргарлик ишларини самарали ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш ва уларга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда икки ой муддатда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг хорижий мамлакатларда белгиланган тартибда амалиёт ўташини ташкил этган ҳолда узлуксиз, шу жумладан масофавий касбга ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги малака ошириш таълим муассасалари билан биргаликда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисликлар йўналишлари бўйича малака ошириш курсларида дарс беришга юқори салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар ва малакали мутахассисларни доимий равишда жалб этсин.


7. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар ҳисобланади:

ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий грантлар;

таълим хизматларини кўрсатиш, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири биринчи ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июнь