язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер қонунчилиги/ Ерга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ҳуқуқлар. Ердан фойдаланиш/ Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш Концепцияси (ЎзР Президентининг 17.06.2019 й. ПФ-5742-сон Фармонига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 17 июндаги

ПФ-5742-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалигида ер ва сув

ресурсларидан самарали фойдаланиш

КОНЦЕПЦИЯСИ


Ўзбекистон Республикаси бўйича жами ерлар 44 892,4 минг гектарни ташкил этиб, ерлардан фойдаланиш мақсади ва тартибига кўра 8 та тоифага бўлинади, жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар; аҳоли пунктларининг ерлари; саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар; табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар; тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар; ўрмон фонди ерлари; сув фонди ерлари; захира ерлар.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар унумдор ерларга тааллуқли бўлиб, умуммиллий бойлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий воситаси ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони 20 236,3 минг гектарни, шундан ҳайдаладиган ерлар 3 988,5 минг гектарни, кўп йиллик дарахтзорлар 383,1 минг гектарни, бўз ерлар 76 минг гектарни, пичанзор ва яйловлар 11 028,3 минг гектарни, бошқа ерлар 4 760,4 минг гектарни ташкил қилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ер ва сув муносабатларини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини мақбуллаштириш ва уларни ажратишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш, ер-сув ресурсларидан фойдаланишда замонавий бозор механизмлари, инновацион ва ресурс тежовчи технологияларни жорий қилиш, паст ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш бўйича тизимли чоралар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, республика аҳолиси сонининг юқори суръатлар билан ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви оқибатида охирги 15 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган суғориладиган ер майдонлари ўлчами 24 фоизга (0,23 гектардан 0,16 гектаргача), ўртача йиллик сув таъминоти даражаси эса 3 048 метр кубдан 158,9 метр кубгача қисқарди.

Узоқ йиллар давомида қишлоқ хўжалиги ерларидан нооқилона фойдаланиш натижасида тупроқнинг табиий унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлиги пасайиб, етиштирилган маҳсулот сифати ёмонлашмоқда, атроф муҳит ифлосланиши ортиб бормоқда.

Жумладан, суғориладиган экин ерларидаги тупроқларнинг 93 фоизида ҳаракатчан фосфор миқдори, 68,3 фоизида алмашувчан калий миқдори, 79,3 фоизида гумус (чиринди) миқдори ўртачадан паст даражага тушиб қолган.

Миллий даромади Ўзбекистон билан деярли бир хил бўлган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун давлат бюджетининг 4-5 фоизи йўналтирилади ёки ЯИМга нисбатан ривожланаётган мамлакатларда 1 фоиздан ортиқроқни, даромади юқори бўлган давлатларда эса 1 фоиздан камроқни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфи 45 696 млн метр куб ёки иқтисодиёт тармоқларида истеъмол қилинган сув ресурсларининг 90 фоизини ташкил этиб, юқорилигича қолмоқда.

Ер ва сув ресурслари тобора танқис бўлиб бораётган шароитда қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда экинларни иқтисодий самарадорлиги ва бозор конъюнктураси инобатга олинмасдан ҳамда интенсив қишлоқ хўжалиги жорий этилмаганлиги сабабли қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми пастлигича қолмоқда.

Жумладан, ривожланган давлатларда 1 метр куб сув билан 4-6 АҚШ долларлик маҳсулот етиштирилаётган бўлса, республикамизда бу кўрсаткич 0,15 АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Ирригация ва мелиорация тадбирларини амалга ошириш йирик капитал қўйилмалар талаб этиши, ушбу мақсадлар учун йўналтириладиган бюджет маблағлари ҳажмининг чекланганлиги, тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилиш масаласига эътибор қаратилмаётганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги ерларининг фойдаланишдан чиқиб кетиши, ҳудудларнинг ресурс ва ишлаб чиқариш салоҳиятидан нооқилона фойдаланиш каби ҳолатлар юзага келмоқда, бу эса ўз навбатида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва тармоқ экспорт салоҳиятини оширишга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепцияси қишлоқ хўжалиги ерларидан ҳамда сув ва гидроиншоотлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги ерларининг максимал маҳсулдорлик салоҳиятига эришиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини тиклаш, давлат-хусусий шериклик доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай шароит яратиш, илғор деҳқончилик тизимларини ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг юқори ва интенсив агротехнологияларини жорий қилиш бўйича агротехник, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, замонавий ирригация ва мелиорация технологиялари ҳамда ерларни суғориш усулларини кенг жорий этиш, экинлар селекцияси ва уруғчилигини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва сотиш, логистика ва маркетинг тизимларини ривожлантириш, илм-фан ва амалиёт интеграциясини жадаллаштириш мақсадида қуйидаги асосий йўналишларни ўз ичига олади:



1. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЕРЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ.


Фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ва фойдаланишга киритиладиган ҳамда ўрмон фонди ерларининг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги ва сув таъминотини яхшилаш технологиясини жорий қилганлик учун қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига имтиёзлар бериш тизимини яратиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган лалми, яйлов ва бошқа ерларни фойдаланишга киритиш мақсадида инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фойдаланишга киритган, яроқсиз сув қудуқлари, суғориш насослари, ирригация ва мелиорация тармоқларини таъмирлаган ёки уларни янгидан барпо этган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан кафолатлар бериш.

Қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ажратишнинг шаффоф ва тезкор тизимини яратган ҳолда янада такомиллаштириш.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг аниқ ҳисоби юритилишини ва янгилаб борилишини таъминлаш, ҳар бир дала контури кесимида маълумотлар базасини шакллантириш мақсадида барча ҳудудларни аэрофотосъёмкадан ўтказиш.

Давлат ер кадастри маълумотларининг ҳаққоний ва тўлиқ шакллантирилишини таъминлаш.

Халқаро молия институтларининг грант маблағларини жалб қилиш ҳамда инвестиция лойиҳалари орқали давлат ер кадастрини юритишда кўп мақсадли ер маълумотларининг автоматлаштирилган ягона тизими - yergeoportal.uzни ишга тушириш.

Қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш агротехникаси, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини геоахборот тизими орқали мониторинг қилиш, ерни масофадан зондлаш тизимларидан кенг фойдаланиш.

Фойдаланилмаётган ерлар ҳақидаги маълумотларни вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат хизматлари агентлиги, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш амалиётини жорий этиш.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг тупроқ унумдорлиги, контури, уларга экинларни жойлаштириш, ҳосилдорликни белгилаш тўғрисидаги маълумотларни вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари ва манфаатдор ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш амалиётини жорий этиш.

Давлат ер кадастрини юритишда кўп мақсадли ер маълумотларининг автоматлаштирилган ягона тизими yergeoportal.uzни яратиш мақсадида Корея Республикаси халқаро "КОICA" жамғармасининг грант маблағлари доирасида инвестициявий лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган лалми, яйлов ва бошқа фойдаланишга киритилган ерларда барпо этиладиган инфратузилма объектларини (дала шийпон, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) қуриш учун ер участкаларини ажратиш тартибини белгилаш.

Фойдаланишга киритиладиган ерларда барпо этиладиган инфратузилма объектлари минимал меъёрларининг намунавий лойиҳасини ишлаб чиқиш.

Инфратузилма объектларини қуриш учун ер майдонларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи рухсатномани Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан бериш амалиётини жорий қилиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда ер участкасини вақтинча фойдаланиш учун бериш шаклини амалиётга жорий қилиш.

Рентабеллиги паст бўлган пахта, ғалла ва бошқа экинлар ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, унумдорлиги ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурини, шунингдек, ушбу майдонларда юқори даромадли экинларни жойлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш. Бунда ҳудудларнинг тупроқ, иқлим шароитлари ва сув билан таъминланганлик даражаси, ички ва ташқи бозорда маҳсулотга бўлган талаб, даромадлилиги асосий мезон бўлишини таъминлаш.

Сув танқис ҳудудларда кам сув талаб қиладиган, сувсизликка чидамли ва сув тўплаш хусусиятига эга бўлган экинларни жойлаштириш.

Тармоқларни интенсив ривожлантириш талабидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш схемаларини такомиллаштириш, майдон бирлиги ҳисобига кўчат сонини мақбул даражагача ошириш.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан бир мавсумда камида иккита ҳосил олиш чораларини кўриш, ушбу мақсадга эришиш учун тезпишар экинлар уруғи, кўчатлар, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари ва бошқа турдаги ресурслар билан барқарор таъминлаш тизимини яратиш.

Суғориладиган экин ерларидан янада самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида илмий асосланган алмашлаб экиш тизимини жорий қилиш.

Халқаро тажрибаларга мувофиқ қишлоқ хўжалигининг янги йўналишларини (Organic, Global G.A.P. ва шу кабилар) жорий қилиш ва ривожлантириш.

Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясининг олдини олиш ва уни кескин камайтириш ҳисобига тупроқ унумдорлигини ошириш.

Яйловлардан самарали фойдаланиш тартибини белгилаш, яйлов ва лалми ерлардан фойдаланишнинг илмий асосланган самарали технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Фермер хўжалиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи субъектлар тугатилаётганда ёки мақбуллаштирилаётганда унга ажратилган ер майдонида сарфланган харажатлар (кўп йиллик дарахтзорлар, томчилатиб суғориш тармоқлари ва бошқалар) қийматини ҳисоблаш ва қоплаш тартибини белгилаш.

Боғлар, токзорлар, балиқ ҳовузларини ва иссиқхоналар ташкил қилишга ер ажратиш тартибини белгилаш, фойдаланишдан чиқиб кетган ерларда гидропоника, вертикал фермалар усулида иссиқхоналар қуришни қўллаб-қувватлаш.

Сув танқис, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва фойдаланишга киритиш имконияти қийин бўлган ерларда тайёр замонавий иссиқхоналарни хорижий инвесторлар ҳамда хорижий молия институтларини жалб қилган ҳолда қуриб, тайёр ҳолда лизингга бериш тизимини яратиш.

Қишлоқ хўжалигида тупроқдан унумли фойдаланиш технологияларини жорий этиш. Бунда ерга ишлов бериш ва экинларни парваришлашнинг илғор инновация (Mini till, No till ва бошқ.) технологияларини амалиётга изчиллик билан татбиқ этиш ҳисобига агротехник тадбирлар сонини минималлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги ва сув таъминотини яхшилаш технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг унумдорлиги ва ҳосилдорлиги оширилишини таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини белгилаш.

Ер участкалари эгаларининг тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишни рағбатлантирувчи механизмларни назарда тутган ҳолда табақалаштирилган солиқ имтиёзларини жорий қилиш.

Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан самарасиз фойдаланганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш.

Ер ва сув ресурсларидан самарасиз фойдаланишнинг олдини олишни, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва сувни тежовчи агротехник тадбирларнинг амалга оширилишини (агротехник регламент) ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.

Иқтисодий жиҳатдан самарасиз, кам ҳосилли боғ ва узумзорларни яроқсиз деб топиш ва экин ерлар тоифасига ўтказиш тартибини белгилаш.

Ҳар 5 йилда бир маротаба давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги экин майдонларида тупроқнинг агрокимёвий таҳлиллари асосида агрокимёвий хариталарни ишлаб чиқиш.

Шаҳар ва шаҳар атрофидан чиқаётган озиқ-овқат, хўжалик, чорва ҳамда бошқа органик чиқиндиларни тўплаш ҳамда замонавий технологияларни қўллаган ҳолда органик ўғитлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига етказиб бериш.

Ўрмон фонди ерларидан фойдаланишда давлат-хусусий шериклик механизмини йўлга қўйиш.

Ҳар бир ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги имкониятларидан келиб чиқиб, маҳаллий ва хорижий компанияларга тақдимот қилиш мақсадида "қишлоқ хўжалиги бўйича инвестиция хаб"ларини яратиш.

Рентабеллиги паст бўлган пахта ва ғалла майдонлари 50 фоиздан юқори бўлган туманлардаги барча экин майдонларини ирригация ва мелиорация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш шартлари билан пахта ва ғаллани тўлиқ қайта ишлашни ташкил этувчи кластерларга бериш.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга яроқли бўлган ер ости сувлари захирасини аниқлаш ишларини амалга ошириш учун давлат бюджети ҳисобидан зарур маблағларни ажратиш.

Фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларида янги ўрмонзорлар ва доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этиш мақсадида фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикасининг фуқароларига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўрмон хўжалиги органлари томонидан 50 йилгача муддатга ижарага беришни назарда тутувчи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Тупроқ эрозияси ва деградацияси, шамол ва гармселдан муҳофаза қилиш мақсадида биомелиоротив тадбирлар қўллашни кенгайтириш, ихотазорлар барпо этиш ва қайта тиклаш ҳамда ўрмон фонди ерларида чўл-озуқабоп ўсимликлар плантациялари ва уларни ташқи экологик омиллардан муҳофаза қилувчи яйловларни яратиш.

Қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган ер майдонларининг манзилли рўйхатини шакллантириш.



2. СУВ ВА ГИДРОИНШООТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ, ЕРЛАРНИНГ

МЕЛИОРАТИВ ҲОЛАТИНИ ЯХШИЛАШ.


2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш.

Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш.

Сув ва сувдан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва кодификациялаштириш. Бунда сув ресурсларини бошқариш, сувдан фойдаланиш ва уни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш.

Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда томчилатиб, ёмғирлатиб суғориш ва бошқа сув тежовчи технологияларни кенг қўллаш, бу борада ер эгалари ва сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизмини кенгайтириш.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларини бошқариш ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш. Бунда сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш.

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва барқарор сақлаш мақсадида ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириб бориш.

2020-2022 йилларга мўлжалланган ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга доир давлат дастурини пухта ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

Енгил конструкцияли пластик лоток ва қувурлар ишлаб чиқариш саноатини ташкил этиш ҳамда насос агрегатлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш.

Туман ирригация бўлимлари ходимлари ва фермер хўжаликлари раҳбарларини суғоришда ва шўр ювишда сувдан самарали фойдаланиш ҳамда сувни тежовчи технологияларни қўллаш бўйича кўникма ва билимларини ошириш.

Сув омборлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан лалми ерларни фойдаланишга киритиш. Бунда асосий эътиборни сел сув омборлари ва сунъий сув ҳавзаларини қуришга қаратиш.

Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларида электр энергиясидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Сув истеъмоли соҳасида бозор механизмларини ҳамда сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилишда давлат-хусусий шериклик тамойилларини босқичма-босқич жорий этиш.

Сувни етказиб бериш бўйича давлат томонидан қилинаётган харажатларни сув истеъмолчилари томонидан қоплаш тартибини белгилаш.

Сув ресурсларини бошқариш, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш ва гидротехник иншоотларнинг техник ҳолатини яхшилаш ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳалар рўйхатини шакллантириш ва уларни халқаро молия институтларининг маблағлари ҳамда хорижий грантлар ҳисобидан амалга ошириш.

Сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш жойларида сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан босқичма-босқич жиҳозланишини ташкил этиш.

Ер ости захира сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш. Қишлоқ хўжалигида ер ости сувларидан ўзбошимчалик билан сув олиш ва ундан исрофгарчилик билан фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш.

Ҳозирги замон талабларидан келиб чиқиб, илмий асосланган тарзда суғориладиган ерларни гидромодул районларга қайта бўлиш ва тасдиқлаш.

Сув ва ер ресурсларидан тежовчи ва улардан оқилона фойдаланишга имкон яратиб берувчи суғориш ва мелиоратив техника, машина ва қурилмаларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш.

Белгиланган сув олиш лимитларидан тежаб фойдаланган, суғоришда сувни иқтисод қилувчи суғориш технологиялари жорий қилиб, сув истеъмол қилаётган сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларини рағбатлантириш тартибини ишлаб чиқиш.

Сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар томонидан сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш.

Қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга яроқли ер ости сувлари захирасини кўпайтириш учун излаш, баҳолаш гидрогеологик ишларини ўтказиш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун изланишлар олиб бориш.

Ер ости суви истеъмолчиларининг ягона Давлат статистик ҳисобот юритиш тартибини татбиқ этиш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланишнинг мониторинг тизимини ривожлантириш.



3. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИ СЕЛЕКЦИЯСИ ВА

УРУҒЧИЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ.


Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги ҳамда уруғшунослиги соҳасидаги илмий тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш.

Уруғчилик соҳасида замонавий миллий, шу жумладан импорт ўрнини босувчи ҳамда юқори даромадли ва экспортбоп экинлар навларини яратиш механизмини такомиллаштириш.

Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини етиштириш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан сабзавот, полиз, дуккакли, озуқа ва мойли экинлар уруғларини етиштириш ва етказиб беришнинг самарали механизмини яратиш.

Яратилаётган маҳаллий навлар ва хорижий давлатлардан импорт қилинаётган нав ва дурагайларни синов ва давлат реестрига киритиш ишларини тубдан такомиллаштириш.

Жаҳон бозори конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, республика тупроққлим шароитларига мос бўлган ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигини йўлга қўйиш.

Қишлоқ хўжалиги уруғчилиги йўналишидаги барча илмий тадқиқот муассасаларида йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган маҳаллий навларни қайта тиклаш ва улар асосида органик (экологик тоза) уруғчиликни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича илмий-тадқиқот ва амалий ишларни кенгайтириш ҳамда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ушбу ишлар натижаларини реализация қилиш тадбирларини амалга ошириш.

Қурғоқчилик ва шўрланишга бардошли экинлар селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш. Азотни тўплаш технологияларини такомиллаштириш, донли экинларда дуккаклилар генини жорий этиш ҳисобига азотлашиш хусусиятини яратиш, азотни тўпловчи микроблар ва ташувчиларни генетик жиҳатдан яхшилаш.

"In vitro" лабораториялари ва кўчатчилик хўжаликларида юқори сифат кўрсаткичли, сувсизликка чидамли мевали дарахт ҳамда ток кўчатлари навларини кўпайтириш.

Уруғчилик бўйича халқаро ташкилотларга (ISTA, OECD, ISF ва ҳ.к.) босқичма-босқич аъзо бўлиш, уруғчилик соҳасида фаолият юритаётган йирик хорижий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда уруғликлар бўйича тақдим этилаётган мувофиқлик сертификатларининг халқаро даражада тан олинишига эришиш.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш.



4. ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ ЧУҚУР ҚАЙТА

ИШЛАШ ВА СОТИШ, ЛОГИСТИКА ВА МАРКЕТИНГ

ТИЗИМЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ.


Ҳудудлар ихтисослашуви, ички ва ташқи бозорлардаги маҳсулотларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида замонавий улгуржи-тақсимот марказларини (ОРЦ) ташкил этиш. 

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнини ўз ичига оладиган кластерларни жадал ривожлантириш.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, хавфсизлиги, етказиб бериш шартлари даражасини оширишни таъминлаш.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда логистика марказлари, агросаноат комплекслари фаолиятини ривожлантириш.

Ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси, соҳада татбиқ этилган замонавий техника ва технологиялар асосида халқаро талабларга мос келадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб олиш, сақлаш, ташиш ва кутилмаган зиёнларни қоплаш бўйича давлат стандартларини ишлаб чиқиш.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини оширишнинг самарали механизмини жорий этиш.

Юқори малакали маркетологлар тайёрлаш сифатини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ички ва ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб бориш кўламини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш чораларини қўллаш.



5. ЕР ВА СУВ РЕСУРСЛАРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШДА ИЛМ-ФАН ВА АМАЛИЁТ

ИНТЕГРАЦИЯСИНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ.


Ер ва сув муносабатлари бўйича тор ихтисосликдаги мутахассислар тайёрлаш бўйича янги ўқув йўналишлари (геодезия, картография ва ҳ.к.) ва факультетлар, шу жумладан етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма факультетлар очиш.

Илмий тадқиқот мавзуларини ҳудудлар ва қишлоқ хўжалигининг муаммолари ечимларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш ва натижаларини тижоратлаштириш.

Тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқ эрозияси ва деградациясининг олдини олишга қаратилган илмий тадқиқотларни олиб боришни жадаллаштириш.

Қишлоқ хўжалиги йўналишидаги илмий тадқиқотларни олиб бориш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқиш ва жорий этишда давлат-хусусий шериклик механизмини, хусусий секторнинг иштирокини рағбатлантиришнинг самарали механизмларини кенг жорий қилиш. 

Хорижий давлатларнинг қишлоқ хўжалиги экинлари серҳосил навлари ва чорва молларининг маҳсулдор зотлари ҳамда турларини маҳаллийлаштириш борасидаги илмий-амалий фаолият ҳамда ҳамкорликни тизимли ташкил этиш.

Соҳа бўйича докторантура ва таянч докторантура орқали илмий даражали юксак малакали илмий ходимларни тайёрлашни кенгайтириш, уларга муаммоли ва долзарб мавзулар бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб боришлари учун барча шарт-шароитларни яратиш.

Илмий тадқиқотлар натижасида "Ақлли ва рақамли қишлоқ хўжалиги" технологиясини жорий этишга, унинг техник воситалари ва технология ускуналарини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштиришга эришиш. Бунда:

қлли ва рақамли қишлоқ хўжалиги" технологиясини жорий этишда халқаро молия институтларининг маблағлари ва грантларини жалб этиш;

қлли ва рақамли қишлоқ хўжалиги" технологияларини жорий этиш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларида мутахассис кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш.

Илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, илмий лабораторияларини модернизация қилиш, замонавий жиҳозлар билан таъминлаш ва таъмирлаш.

Суғориш зоналарини, минтақанинг сув билан таъминланганлигини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг суғориш техника ва технологияларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Жаҳон амалиётини ўрганган ҳолда ноанъанавий суғориш технологияларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 24 июнь, 25-сон, 455-модда