язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Кинематография/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2019 й. 499-сон "Ўзбекистон Республикасида кинотуризмни жадал ривожлантириш ва мамлакат кино жозибадорлигини кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.06.2019 й.

N 499



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

КИНОТУРИЗМНИ ЖАДАЛ РИВОЖЛАНТИРИШ

ВА МАМЛАКАТ КИНО ЖОЗИБАДОРЛИГИНИ

КЕНГ ТАРҒИБ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 24 июлдаги ПҚ-3880-сон қарори ижросини таъминлаш, кинотуризмни жадал ривожлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Кинотуризмни ривожлантириш, хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиш ишларида ташкилий, ишлаб чиқариш, техник ва технологик хизматлар кўрсатиш, мамлакатимиз киноиндустриясини хорижда тарғиб қилишда "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг масъулияти кучайтирилсин ва бу борадаги ишларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилсин.


2. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон кинематографиясини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда:

халқаро кинофестивалларда мамлакат кинолокациясини кенг тарғиб қилиш ҳамда мамлакатимизда бундай кинофестивалларни ташкил этиш, хорижий мамлакатлар билан ўзаро кино кунларини мунтазам ўтказиб бориш юзасидан зарур чоралар кўрсин;

илғор хорижий тажрибани атрофлича ўрганган ҳолда, хорижий кинокомпаниялар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олиши учун уларга имтиёзлар ва преференциялар, давлат томонидан рағбатлантиришнинг самарали механизмларини жорий этиш бўйича бир ой муддатда белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

ўзбек киноси кунларини хорижда ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;

хорижий кинокомпаниялар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кино маҳсулотларини тасвирга олишда давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларида тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш ишларини амалга ошириш алоҳида келишишни талаб этган ҳолларда "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб уч кун муддатдан кечиктирмасдан ҳал этилишида амалий ёрдам кўрсатсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий кинокомпанияларни мамлакат ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш ишларига кенг жалб этиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан тарғибот ишлари юритилишини ташкил этсин, шунингдек, мамлакатимиз кинолокациясини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси делегациясини халқаро кинофестиваллар ва кинокўргазмаларда иштирок этишини таъминлаш чораларни кўрсин.


6. "Ўзбеккино" Миллий агентлиги хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш ишларида ташкилий, ишлаб чиқариш ҳамда юқори профессионал техник ва технологик хизматлар кўрсатувчи маҳаллий ташкилотлар ва киноижодкорлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, фильмларни кино ва видеотасвирга олиш учун зарур бўладиган кинотехника ускуналари, реквизитлар ва бошқа материаллар ва жиҳозлар ҳамда уларнинг ижара тўловлари тўғрисидаги маълумотлар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз расмий веб-сайтида эълон қилинишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси:

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги хорижий кинофестиваллар ва кинокўргазмаларда ўтказилиши режалаштирилган тадбирларда иштироки доирасида республиканинг туризм салоҳиятини намойиш этадиган зарур реклама-ахборот материаллари билан таъминласин;

халқаро кинофестиваллар ва кинокўргазмаларда Ўзбекистон Республикаси кино туризми жозибадорлигини тарғиб қилишга бағишланган тадбирларни ташкил этишда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги билан ҳамкорлик қилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси хорижий кинокомпанияларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш ишлари учун вақтинча олиб кириладиган кинотехника ускуналари, реквизитлар ва жиҳозларни белгиланган тартибда тезкорлик билан божхона расмийлаштирувидан ўтказишда амалий ёрдам кўрсатсин.


9. "Ипак йўли" акциядорлик инновацион тижорат банки томонидан "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг ҳар бир кинолойиҳа бўйича хорижий кинокомпаниялар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш ишлари учун киритадиган валюта маблағлари учун алоҳида банк ҳисобварақларини очиш, шунингдек, ушбу маблағларни миллий валютага айирбошлаш бўйича имтиёзли хизматлар кўрсатиши инобатга олинсин.


10. Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 июндаги 169-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 6-сон, 263-модда) билан тасдиқланган Хорижий кинокомпаниялар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни кино ва видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш "Ўзбеккино" Миллий агентлиги бош директори Ф.Ш. Зокиров зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 14 июндаги

499-сон қарорига

ИЛОВА



Хорижий кинокомпаниялар томонидан

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни

кино ва видеотасвирга олиш тартиби тўғрисидаги

низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 2-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"2. Фильмни ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига Ўзбекистон кинемотографистлари жалб этилган ҳолда амалга оширилган тақдирда, рухсатнома олиш талаб этилмайди".


2. 4-бандда:


а) бешинчи, тўққизинчи ва ўнинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;


б) олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилар тегишлича бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


3. 5-бандда:

тўртинчи, бешинчи ва саккизинчи хатбошилар чиқариб ташлансин;

еттинчи хатбошидаги "ёхуд ариза берувчининг вакили" сўзлари чиқариб ташлансин;

олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишлича тўртинчи ва бешинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.


4. 6 ва 7-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Эксперт кенгаши ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва рухсатнома бериш масалалари бўйича эксперт хулосасини тайёрлаш ҳамда хорижий кинокомпанияларга ишлаб чиқариш, техник ва технологик хизматлар кўрсатувчи юридик ва жисмоний шахсларни жалб қилишга кўмаклашувчи доимий ишчи комиссия ҳисобланади.

Эксперт кенгаши таркиби киношунослар, малакали кинорежиссёрлар, кино санъати соҳасида фаолият кўрсатувчи давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан шакллантирилади.

Эксперт кенгаши Агентликка тақдим этилган ҳужжатларни ариза қабул қилинган кундан бошлаб ўн беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича ижобий хулосага келган тақдирда, рухсатнома бериш тўғрисида Агентлик раҳбарига билдиришнома киритади ва бу ҳақда ариза берувчини икки кундан кечиктирмасдан хабардор қилади.

7. Эксперт кенгашининг ижобий хулосаси асосида Агентлик раҳбари томонидан рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинади";.


5. 9-банднинг "б" кичик бандидаги "ёки ариза берувчининг вакили" сўзлари чиқариб ташлансин.


6. 10-банднинг биринчи хатбошидаги "Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда" ва "3-иловага" сўзлари тегишлича "Агентлик раҳбарининг рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори асосида" ва "2-иловага" сўзлари билан алмаштирилсин.


7. 11-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"11. Эксперт кенгаши рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида хулосага келган тақдирда, Агентлик рад этишнинг аниқ сабаблари ва рухсатнома талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этишга етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришномани ариза берувчига юборади (топширади)".


8. 13, 14 ва 15-бандлар қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"13. Рухсатнома ариза берувчининг аризасида кўрсатилган муддатга берилади.

14. Агар тасвирга олиш жараёни давомида ариза берувчида фильмни тасвирга олиш кунларига ўзгартиришлар киритиш зарурати юзага келса (кўриб чиқилган фильм сценарийси мазмунига ўзгартириш киритмасдан), у ҳолда хорижий кинокомпаниянинг аризаси бўйича Эксперт кенгаши уч кундан ортиқ бўлмаган муддатда мўлжалланаётган ўзгартиришлар тўғрисида Агентлик раҳбарига илтимоснома киритади. Агентлик раҳбари илтимосномани олганидан кейин бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда рухсатнома муддатини узайтиради.

15. Рухсатноманинг амал қилиши, агар:

кино ва видеотасвирга олиш жараёнида тасвирга олинаётган материалнинг ҳақиқий мазмуни билан Эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилган фильм сценарийси ўртасида тафовутлар аниқланган;

фильмни тасвирга олиш ишлари рухсатномада белгиланган кунлардан ортиқ амалга оширилган;

Агентликнинг ариза берувчига аниқланган бузилишларни бартараф этиш тўғрисидаги билдиришномаси хорижий кинокомпания томонидан бажарилмаган ҳолларда Агентлик раҳбари томонидан тўхтатиб турилади.

Хорижий кинокомпания томонидан рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатлар бартараф этилган тақдирда, Эксперт кенгаши кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқномани олган куннинг ўзида Агентлик раҳбарига илтимоснома киритади. Агентлик раҳбари Эксперт кенгашининг илтимосномаси асосида рухсатноманинг амал қилишини тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади".


9. 16-бандда:

бешинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Эксперт кенгашнинг хулосаси ҳамда Агентликнинг рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори ноқонунийлиги аниқланган";

олтинчи хатбошидаги "тўхтатилган" сўзи "тугаган" сўзи билан алмаштирилсин.


10. 17-бандда:

учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"ариза берувчи рухсатнома бериш учун қарор қабул қилиш тўғрисидаги билдиришномани қабул қилиб олган пайтдан бошлаб бир ой мобайнида Агентликка рухсатнома берилганлиги учун белгиланган тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этмаган";

тўртинчи хатбошидаги "тўхтатилади" сўзи "бекор қилинади" сўзлари билан алмаштирилсин.


11. 20-банднинг биринчи хатбошидаги "Агентлик билан келишилган фильмни тасвирга олиш календарь-постановка режасининг" сўзлари "фильмни" сўзи билан алмаштирилсин.


12. 21-бандда:

биринчи хатбошидаги "календарь-постановка режасига" ва "қўшимча рухсатнома берилган" сўзлари тегишлича "кунларига" ва "рухсатноманинг муддати узайтирилган" сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбошидаги "календарь-постановка режасига" сўзлари "кунларига" сўзи билан алмаштирилсин.


13. 23-банднинг иккинчи хатбошидаги "Эксперт кенгаши томонидан қабул қилинган" сўзлари "эксперт кенгаш томонидан кўриб чиқилган" сўзлари билан алмаштирилсин.


14. 24-банддан "ва у томонидан жалб этилган маҳаллий ташкилот" сўзлари чиқариб ташлансин.


15. 1-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:



"Хорижий кинокомпаниялар томонидан

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

фильмларни кино ва видео тасвирга

олиш тартиби тўғрисидаги низомга

1-ИЛОВА



Хорижий компания томонидан Ўзбекистон Республикаси

ҳудудида фильмларни кино ва видео тасвирга олишга

рухсатнома олиш учун

АРИЗА

"Ўзбеккино" Миллий

агентлигига

мамлакатининг

компанияси

(юридик шахснинг тўлиқ номи)


компания реквизитлари


(почта манзили, телефон, факс, электрон почта, банк реквизитлари)

фильми учун (номи)

(асл нусха тилида ва рус ёки ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда)

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий кинокомпания томонидан фильмларни кино ва видеотасвирга олиш учун рухсатнома беришни илтимос қилади.

фильм тури


(кўп серияли, бир серияли, қисқа метражли)

Саҳналаштирувчи режиссёр

Продюсер

Фильмни тасвирга олишни ташкил этиш бўйича ишларнинг бошланиши

20___й. "___" ________________

Фильмни тасвирга олишни ташкил этиш бўйича ишларнинг тамом бўлиши

20___й. "___" ________________

Тасвирга олиш кунлари сони

(ёзув билан)

Аризага илова: Фильм сценарийси.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий кинокомпания томонидан фильмларни кино ва видеотасвирга олишга рухсатнома олиш шартлари билан танишдик.

Компания раҳбари


(Ф.И.О.)

Муҳр ўрни


20___ й. "____" _________________

".


16. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:



"Хорижий кинокомпаниялар томонидан

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

фильмларни кино ва видео тасвирга

олиш тартиби тўғрисидаги низомга

2-ИЛОВА



"ЎЗБЕККИНО" МИЛЛИЙ АГЕНТЛИГИ

Хорижий кинокомпания томонидан Ўзбекистон Республикаси

ҳудудида фильмни кино ва видео тасвирга олишга

РУХСАТНОМА

N 00000

20___ йил "____" __________

Тошкент шаҳри

1. Кинокомпания номи

2. Мамлакат

3. Фильмнинг номи

4. Кинокомпания реквизитлари

5. Ўзбекистонда ишларни бажариш муддатлари:

20__йил " ___" __________дан 20__ йил " ___" __________гача

6. Тасвирга олиш кунлари сони

7. Рухсатноманинг муддати узайтирилган:

20__ йил " ___" __________гача

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги

Бош директори

Ф.И.О. (имзо)

Муҳр ўрни

".



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 июнь