ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Танловлар. Кўриклар. Фестиваллар. Кўргазмалар. Маданият кунлари /

"Халқаро цирк санъати" фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.06.2019 й. 535-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 июндаги

535-сон қарорига

ИЛОВА



"Халқаро цирк санъати" фестивалини

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Халқаро цирк санъати" фестивалини (кейинги ўринларда Фестиваль деб аталади) ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Фестиваль қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ўтказилади:

жаҳон цирк санъати ютуқларидан баҳраманд бўлиш, миллий цирк санъати анъаналарини асраб-авайлаш, томошабинларнинг цирк санъатига бўлган эҳтиёжларини қондириш, миллий цирк дастурларининг бадиий савияси ва қамровини кенгайтириш;

цирк санъатининг бетакрор руҳи ва қиёфасини, ўзига хослигини эътироф этиш, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, тинчлик, дўстлик ва аҳилликни, бой тарихий ва бетакрор маданиятимизни кенг тарғиб этиш, мамлакатимиз цирк санъатини жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш;

миллий цирк санъатини янада ривожлантириш, бошқа халқларнинг цирк санъати анъаналарини ўрганиш мақсадида ижодий мулоқотлар олиб боришни йўлга қўйиш;

маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, цирк санъати соҳасидаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.


3. Фестиваль 2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Фестивални ўтказишнинг аниқ санаси ва муддатини белгилайди ҳамда Фестиваль бошланишидан уч ой олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилади;

Фестиваль дастурини ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва Фестиваль ўтказилишидан уч ой аввал унинг туризм ташкилотларига тақдим этилишини, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминлайди.


5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Фестиваль ташкилотчилари ҳисобланади.



2-БОБ. ФЕСТИВАЛНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


6. Фестиваль доирасида қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

маҳаллий ва хорижий цирк усталари томонидан кўргазмали намойишлар, ижодий учрашувлар, сайиллар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференция;

цирк усталарининг Халқаро кўрик-танлови (кейинги ўринларда кўрик-танлов деб аталади);

Фестиваль кўрик-танловнинг ғолиблари ва совриндорлари иштирокида "Ўзбек давлат цирки" давлат муассасасида тантанали тақдирлаш маросими ва цирк намойишлари билан якунланади.

Фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижий цирк усталари томонидан кўргазмали намойишлар, ижодий учрашувлар, сайиллар, матбуот конференциялари, давра суҳбатлари, тақдимот ва маҳорат дарслари, илмий-амалий конференцияни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.


7. Фестивалга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланган Халқаро ҳайъат аъзолари, фахрий меҳмонлар ва иштирокчи сифатида хорижий мамлакатлардан ижодий делегациялар таклиф этилади.


8. Кўрик-танловда намойиш этиладиган цирк дастурларининг мусиқалари фонограмма ёки оркестр орқали ижро этилади.


9. Кўрик-танловда масхарабозлар иштирок этишига йўл қўйилмайди. Масхарабозлар томонидан фақат кўргазмали чиқишлар намойиш этилиши мумкин.


10. Ташкилотчилар таклифига кўра цирк усталари, хорижий давлатлардан таниқли олимлар, мутахассислар ва фахрий меҳмонлар Фестивалда ўз ҳисобидан қатнашиши мумкин.


11. Кўрик-танловда иштирок этишни истаган цирк артистлари ва цирк жамоалари кўрик-танловни ўтказиш санасидан икки ой олдин Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қуйидагиларни тақдим этишлари лозим:

цирк жамоаси таркиби ва сони, жамоа ҳақида маълумотнома (резюме), цирк артисти якка ўзи иштирок этганда, у ҳақида маълумотнома (резюме);

ҳайвонлар учун тегишли ветеринария хулосаси;

CD ҳамда DVD дискда тақдимот ижод намунасидан лавҳалар;

суғурта полиси.


12. Ҳар бир иштирокчи Фестивалда 1 ёки 2 та саҳна кўриниши билан чиқиши мумкин.


13. Фестиваль иштирокчилари зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

"Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ ветеринария ҳужжатларини рўйхатдан ўтказиш;

Ёввойи фауна ва флоранинг йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган турларининг халқаро савдоси ҳақидаги конвенция (CITES), ҳайвонларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича халқаро ҳужжатлар талабларига қатъий амал қилиш;

цирк дастури ижроси ва машғулотлар давомида хавфсизлик ва меҳнат муҳофазаси қоидаларига риоя қилиш;

Фестиваль давомида Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя этиш.

Ҳаво-акробат гимнастлари ўзлари фойдаланадиган чиқиш ускуна жиҳозларига жорий йилда берилган техник сертификатларга эга бўлиши лозим.


14. Махсус хавфсизлик воситаларисиз иштирокчиларнинг саломатлиги ва ҳаётига хавф туғдирадиган чиқишларни кўрсатиш тақиқланади.


15. Суғурта полисига эга бўлмаган иштирокчиларнинг цирк дастурлари кўриб чиқилмайди.


16. Танловда иштирок этиш кетма-кетлиги Фестиваль режиссёри томонидан белгиланади.

Фестиваль режиссёри Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.


17. Ўзбек, инглиз ва рус тиллари фестивалнинг ишчи тиллари этиб белгиланади.


18. Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар ташкилотчилар томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда:

50 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

50 фоизи - Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


19. Фестивалнинг иштирокчилари ва хорижий меҳмонлари, шунингдек, Халқаро ҳайъат аъзолари ташкилотчилар томонидан Фестиваль ўтказиладиган давр ва ҳудудда ётоқхона, овқатланиш ва белгиланган маршрут бўйича транспорт билан таъминланадилар.

Фестиваль хорижий меҳмонларининг Ўзбекистон ҳудудидаги алоҳида меҳмонхона ва транспорт харажатлари уларни таклиф этган мезбон ташкилот ва муассасалар ёки меҳмонларнинг ўзлари томонидан қопланади.



3-БОБ. ХАЛҚАРО ҲАЙЪАТ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ФЕСТИВАЛЬ ИШТИРОКЧИЛАРИНИ

БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


20. Кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан 7-9 кишидан иборат таркибда Халқаро ҳайъат ташкил этилади.

Халқаро ҳайъат таркибига цирк санъати йўналиши бўйича юқори малакали мутахассислар, таниқли санъат ва маданият арбоблари, олимлар, тадқиқотчилар, хорижий ва маҳаллий цирк усталари, шунингдек, иштирокчи давлатлардан тегишли соҳалар намояндалари таклиф этилади.

Халқаро ҳайъат аъзолари раисни ўз таркибидан сайлайди.

Халқаро ҳайъат раисига - 1500 АҚШ доллари, ҳайъат аъзоларига - 1000 АҚШ доллари миқдорида гонорар пули тўланади.


21. Иштирокчилар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

жараёнида цирк санъатининг асл хусусиятлари ва ўзига хослигининг акс этиши;

ижрочиларнинг юксак ижро ва касбий маҳорати, трюк репертуарининг мураккаблиги;

чиқишларнинг ва ижрочиларнинг замонавийлиги ҳамда ўзига хослиги.


22. Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари тўртта йўналиш бўйича баҳоланади:

гимнастика;

акробатлар;

ҳайвонлар олами;

махсус (оригинал) чиқишлар.



4-БОБ. МУКОФОТЛАШ ТАРТИБИ


23. Фестиваль мукофотларини бериш тўғрисидаги қарор очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва баённома тузилади.


24. Халқаро ҳайъат қарори Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимида эълон қилинади.


25. Кўрик-танлов ғолиблари диплом, статуэтка ва қуйидаги пул мукофотлари билан тақдирланади:

I - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 5 000 АҚШ доллари;

II - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 3 500 АҚШ доллари;

III - ўрин (ҳар бир йўналиш бўйича биттадан) 2 000 АҚШ доллари.

Кўрик-танлов совриндорлари Фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими дастурида қатнашадилар.

Фестивалнинг ҳар бир қатнашчисига "Халқаро цирк санъати" фестивали иштирокчиси сертификати берилади.



5-БОБ. ТАШКИЛОТЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИ


26. Ташкилотчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Фестиваль қатнашчиларининг ижроларини эфирга узатиш ҳамда бошқа ташкилотларга трансляция қилиши учун рухсатнома бериш;

Фестивални ўтказиш ва унинг якуни давомида тайёрланган барча турдаги видео, босма ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш;

Фестивалда иштирок этишни истаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ташкилотчиларга юбориладиган материаллардан реклама мақсадида фойдаланилиши мумкин;

Фестивалга жаҳондаги цирк санъати бўйича етакчи соҳа мутахассислари ва санъат намоёндаларини жалб этиш.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


27. Фестивалнинг ҳар бир қатнашчиси ўз тиббий суғуртасига эга бўлиши лозим.


28. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли ишлатилиши ва тўғри тўланишини назорат қилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 июнь

























































Время: 0.1460
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск