язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Тадбиркорликнинг бошқа субъектлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.02.2019 й. ПҚ-4172-сон "Сирдарё вилоятида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2019 й.

N ПҚ-4172




СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА

"ҲАР БИР ОИЛА - ТАДБИРКОР" ДАСТУРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги ""Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида" ПҚ-3777-сонли қарорига мувофиқ аҳолининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга қаратилган "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида амалга оширишни янада кенгайтириш мақсадида:


1. Сирдарё вилоятида "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурининг амалга оширилишини молиялаштириш мақсадларига қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси АТ Ўзсаноатқурилишбанкка 50 млн. АҚШ доллари эквиваленти миқдорида маблағларни миллий валютада йиллик 5 фоиз ставкада, 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратсин.


2. Дастур амалга оширилишини мувофиқлаштириш, тизимли мониторинг қилиш ва рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари А.Р. Каримов, Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари Б.Ш. Усмонов, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Р. Исламовлар - Дастур координаторларига юклатилсин.


3. АТ Ўзсаноатқурилишбанк (А. Воитов) ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Сирдарё вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига миллий валютада йиллик 5 фоиз ставкада, 3 йил имтиёзли давр билан 7 йил муддатда қайтариш шарти билан қайта молиялаштирсин.

Дастур координаторлари зиммасига Сирдарё вилоятининг туманлари (шаҳарлари) салоҳияти, шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Сирдарё вилоятидаги тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимласин ҳамда уларга зарур ҳолларда қайта тақсимлаш ваколати берилсин.


4. Мазкур маблағлар ҳисобидан кредитлар тадбиркорлик билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига йиллик 8 фоиз ставкада 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.


5. Белгилаб қўйилсинки, ушбу Дастур доирасида тижорат банклари томонидан:

энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача миқдоридаги микрокредитлар - даромад олишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган жисмоний шахсларга товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва жисмоний шахс - лойиҳа эгаси ундан қониқиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маблағлар маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади;

энг кам иш ҳақининг минг бараваригача миқдордаги кредитлар - устувор равишда имтиёзли кредитларга муҳтож кичик тадбиркорлик субъектларининг янги иш ўринлари яратишга қаратилган ва замонавий мини технологиялар асосида ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатишга доир лойиҳаларига йўналтирилади;

энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда кредитлар - вилоятнинг туман ва шаҳарларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, самарадорлиги юқори ва барқарор иш ўринлари яратишга қаратилган кичик тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларига Дастур координаторларининг хулосалари асосида ажратилади.


6. "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш доирасида:

имтиёзли кредитлар туман ва шаҳарларда ташкил этилган Ҳудудий ишчи гуруҳларнинг оилаларни хоҳиш ва истакларини, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини чуқур ўрганиб, ҳар бир оиланинг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулосалари асосида ажратилиши;

кредитларнинг самарадорлигини ва ўз муддатларида қайтарилишини таъминлашга вилоят Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва Ҳудудий ишчи гуруҳлар масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.


7. Сирдарё вилояти ҳокимлиги (Ғ.Ғ. Мирзаев) туман ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят Ташкилий мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва Ҳудудий ишчи гуруҳлар билан биргаликда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига мақбул нархларда мини технологиялар, асбоб-ускуналар, чорва моллари (наслдор қорамол, қўй, эчки), парранда, балиқ, асалари уяси, чорва озуқаси ҳамда бошқа зарур хом ашё ва материаллар етказилишини, ихчам иссиқхоналар қуриб берилишини ва бошқа хизматлар кўрсатилишини таъминлаш чораларини кўрсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилган сектор раҳбарлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилиши таъминланишида ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишида масъул эканлиги белгилаб қўйилсин ва бу борада тижорат банкларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи директори Ш.А. Вафоев ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ. Мирзаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 февраль