язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ветеринария. Зоотехника тадбирлари. Ҳайвонлар карантини/ Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва уларга малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 27.06.2019 й. 532-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 июндаги

532-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассисларининг

малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш

ва уларга малака тоифалари бериш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассислари (кейинги ўринларда ветеринария хизмати мутахассислари деб аталади) малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш (кейинги ўринларда малакасини ошириш деб аталади) ва уларга малака тоифалари бериш тартибини белгилайди.


2. Давлат ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича мутахассисликлар ва лавозимлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Қўмита деб аталади) томонидан тасдиқланади.


3. Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Малака ошириш маркази деб аталади) ветеринария хизмати мутахассислари малакасини ошириш бўйича таълим жараёнини такомиллаштиришнинг илмий-методик асосларини, ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқишни ташкил этади, механизмлари ва методларини белгилайди.

Ветеринария хизмати мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш (кейинги ўринларда малака ошириш деб аталади) Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳузуридаги Малака ошириш маркази томонидан, тўлов-контракт асосида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва ветеринария мутахассисларининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тизимининг ташкилий тузилмаси ушбу Низомга 1-иловада келтирилган.


4. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларида ўқитиш ишлаб чиқаришдан ажралган, асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва эгаллаб турган лавозими сақланган ҳолда амалга оширилади.


5. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш ушбу Низомнинг 2-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


6. Ветеринария хизмати мутахассисларининг ветеринария соҳасидаги халқаро тажрибани ўзлаштиришини, зарур касбий билим ва кўникмаларни янгилашини, малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ уларнинг касбий лаёқати ва маҳоратининг доимий ривожланишини таъминлаш малака оширишнинг мақсади ҳисобланади.


7. Қуйидагилар малака оширишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

касбий лаёқат ва маҳоратни янада ошириш;

ветеринария хизмати мутахассисларининг мустақил фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек уларнинг билимларини янада такомиллаштириш;

ахборот технологиялари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи имкониятларидан ишда фойдаланишнинг амалий кўникмаларини шакллантириш;

ветеринария хизмати мутахассисларига ҳайвонларни даволаш ва профилактика қилишнинг замонавий методларини, шунингдек ветеринария-санитария тадбирларини ўтказишда қўлланадиган технологиялар хусусиятларини ўргатиш;

ветеринария хизмати мутахассисларига ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бўйича назарий билимлар бериш.



3-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ТИЗИМИНИ

БОШҚАРИШ


8. Қўмита:

малака ошириш тизимига умумий раҳбарликни амалга оширади;

Қорқалпоғистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳудудий бошқармаларидан (кейинги ўринларда ҳудудий бошқарма деб аталади) олинган маълумотлар асосида ҳар йили декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида келгуси йилда малака оширишга юборилаётган ветеринария хизмати мутахассисларининг ҳар йилги рўйхатини шакллантиради ҳамда рўйхатга мувофиқ декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида малака ошириш курсларидан ўтишнинг ҳар йилги жадвалини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

малака оширишнинг тўлиқ ҳамда сифатли ўтказилиши юзасидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади;

ветеринария хизмати мутахассислари малакасини ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайди;

малака ошириш бўйича Малака ошириш марказининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўради.


9. Қўмита, ҳудудий бошқармалар, тасарруфида ветеринария хизмати мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, нодавлат ветеринария ташкилотлари ва жисмоний шахслар ветеринария хизмати мутахассисларини ўқитишнинг буюртмачиси ҳисобланади.

Буюртмачилар белгиланган тартибда тасдиқланган калькуляция асосида Малака ошириш маркази билан ветеринария хизмати мутахассислари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш юзасидан шартномалар тузади.


10. Малака ошириш маркази:

малака оширишнинг илмий-услубий асосларини, ўқув-услубий ҳужжатларини, ягона таълим механизмини ишлаб чиқиш ишларини ташкил қилади;

ветеринария соҳасига оид фанларнинг умумкасбий ва махсус блоклари бўйича қайта тайёрлаш ва малака оширишни ташкил этади ҳамда улар бўйича замонавий методик, ахборот-маълумотнома базасини яратади;

таълимнинг ишлаб чиқариш билан самарали ўзаро ҳамкорлигини, ветеринария ва чорвачилик соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнига кўчма машғулотлар, замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган корхоналарга ташрифлар жорий этилишини таъминлайди;

ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот тузилмаларининг моддий-техник базасидан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув ва моддий-техник базасини яратади;

ветеринария ва чорвачилик соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг инновацион илмий ютуқларни, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни, масофадан ўқитишни, мустақил таълим олишни кенгайтиришни назарда тутувчи техника ва технологияларнинг истиқболда ривожланишини ҳисобга олувчи дастурларини ишлаб чиқади ва жорий этади.

минтақалар учун хос бўлган ҳайвонлар касалликларини ҳисобга олган ҳолда малака ошириш курсларининг ўқув режаси ва дастурларини шакллантиради;

малака ошириш курсларида таълим жараёнини такомиллаштириш механизмларини ва методларини белгилайди;

ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги илғор хорижий тажрибани умумлаштирган ҳолда даволаш ва диагностиканинг замонавий, самарали усуллари ва методларининг, янги технологияларнинг ўқув жараёнига жорий қилинишини таъминлайди;

тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида малака ошириш курсларини ташкил қилади;

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимлари, ветеринария хизмати мутахассислари, амалиётчи мутахассисларнинг малака ошириш курсларида машғулотларни ўтказишга қонунчиликда белгиланган тартибда, меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан жалб этилишини таъминлайди;

малака ошириш бўйича хорижий тажрибани ва илғор таълим муассасалари ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

хорижий мутахассисларни шартнома асосида, шунингдек соҳа мутахассислари, маҳаллий йирик корхоналар раҳбарларини таклиф этган ҳолда, энг аввало, юқори ва инновация технологиялари соҳасида ветеринария ва чорвачилик соҳаси кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим дастурларини амалга оширади;

тузилган шартномалар асосида номзодларни тингловчиликка қабул қилади, қоида тариқасида, гуруҳлар 20-24 нафар тингловчилардан иборат таркибда шакллантирилади;

малака ошириш курсларининг зарур даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.


11. Самарқанд ветеринария медицинаси институти:

малака ошириш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, малака ошириш жараёни учун замонавий инновация ва ахборот-коммуникация технологиялари ишлаб чиқилишини ва уларнинг малака ошириш жараёнига жорий этилишини ташкил қилади;

ветеринария хизмати мутахассисларига малака ошириш даврида Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ётоқхоналарида яшаш жойи бериш чораларини кўради;

малака ошириш натижаларининг ички мониторингини юритади.


12. Қўмита тизимига кирувчи илмий-тадқиқот институтлари, ташкилотлар ҳамда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, йилқичилик ва бошқа тармоқ хўжаликлари:

малака ошириш амалиётини ўташга кўмаклашадилар;

илмий билимлар ва ветеринария амалиётининг ўзаро боғлиқлигини таъминлайдилар.



4-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ ВА ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШ ЖАРАЁНИНИНГ МАЗМУНИ ВА

СИФАТИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


13. Таълим жараёнининг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида" ва "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ белгиланади.


14. Малака ошириш тизимида мутахассисликлар йўналишлари бўйича ўқув режалари ва дастурлари Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг етакчи мутахассислари ва профессор-ўқитувчилар таркиби томонидан, илмий-тадқиқот институтлари, лабораториялар, чорвачилик хўжаликларининг етакчи олимлари ва мутахассисларини жалб этган ҳолда ишлаб чиқилади ҳамда улар таълим жараёнини услубий таъминлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади.


15. Ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда соатларнинг модуллар бўйича 10 фоизгача ўзгартирилишига рухсат этилади.


16. Ўқув дастури мазмунига қўйиладиган талаблар ветеринария хизмати мутахассисларининг касбий тавсифномасига қатъий мувофиқ равишда уларнинг зарур билим ва кўникмаларни эгаллашини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ўқув режалари ва дастурларида ветеринария фани, техникаси, технологиялари соҳасидаги ютуқлар акс эттирилиши, шунингдек улар ветеринария таълим тизимида ягона узвийлик ва изчилликни таъминлаш талабларига жавоб бериши зарур.


17. Малака ошириш амалиёти ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ илмий-тадқиқот институтларида, ветеринария тизимига кирувчи ташкилотларда, етакчи чорвачилик хўжаликларида ўтказилади, унда даволаш-диагностика усулларини аниқлаш бўйича билимларни ўзлаштириш ва ветеринария хизмати мутахассисларини ветеринария соҳасидаги фан ва технологияларнинг янги ютуқлари билан таништириш кўзда тутилиши керак.


18. Марказнинг профессор-ўқитувчилар таркибига қуйидаги талаблар қўйилади:

ветеринария мутахассисларининг малакасини оширишга қўйиладиган талаблар асосида тингловчилар билан ўқув машғулотларини олиб бориш, назорат ва тингловчилар билимларини холисона баҳолаш кўникмаларининг мавжудлиги;

юксак индивидуал сифатларнинг (талабчанлик, холисоналик, батартиблик, ҳаққонийлик, хушмуомалаликнинг) мавжудлиги;

таълим беришда (ўқитишда) касбий маҳорат ва эрудициянинг мавжудлиги;

таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, тингловчиларнинг ташаббускорлигини, ижодий маҳоратини ва қобилиятларини ривожлантириш кўникмаларининг мавжудлиги.



5-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ МУДДАТЛАРИ


19. Малака ошириш курсларининг давомийлиги қуйидагича бўлади:

раҳбарлар учун - 1 ҳафтадан 2 ҳафтагача (36 - 72 соат);

мутахассислар учун - камида 4 ҳафта (144 соат).


20. Раҳбарларни қисқа муддатли (36 - 72 соат) ўқитиш курслари уларга ветеринария соҳасини бошқаришнинг замонавий усулларини ўргатиш мақсадида ўтказилади.


21. Малака ошириш курсларига ветеринария хизмати тизимида камида 3 йил иш стажига эга, бакалавр, магистр даражасига ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган ветеринария хизмати мутахассислари юборилади.


22. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малакасини ошириш тизимида ҳафталик ўқиш юкламаси кўпи билан 36 соатни ташкил қилади.



6-БОБ. ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ

МУТАХАССИСЛАРИГА МАЛАКА

ТОИФАЛАРИ БЕРИШ


23. Ветеринария хизмати мутахассисларини малака ошириш ўқув курслари якуни бўйича аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифалари бериш уларни ўз малакаси ва касбий даражасини мунтазам равишда ошириб боришга йўналтириш ва моддий рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.


24. Малака ошириш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ветеринария хизмати мутахассисларига белгиланган тартибда малака ошириш курсларини ўтаганлиги тўғрисидаги сертификат ҳамда иккинчи, биринчи ва олий малака тоифалари берилади.


25. Ветеринария хизмати мутахассисларига малака тоифаси 5 йил муддатга берилади. Ушбу муддат ўтгандан кейин ветеринария хизмати мутахассислари ўз малака тоифасини ошириши ёки малака тоифасини ҳимоя қилиши шарт.


26. Иккинчи малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) даволаш, профилактика ишлари ва диагностика усулларини эркин қўллашдаги билимлари, махсус анжомлардан фойдаланиш кўникмалари даражаси;

б) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


27. Биринчи малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) ветеринария хизмати раҳбарияти томонидан ветеринария хизмати мутахассиси учун зарур бўлган билим ва кўникмалар даражаси, ўз фаолиятида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш маҳорати, шунингдек илмий ва назарий билимлари даражаси тўғрисида берилган ижобий фикрноманинг мавжудлиги;

б) иккинчи малака тоифасига эгалиги тўғрисидаги сертификатнинг мавжудлиги ва ветеринария хизмати мутахассислигида камида 3 йиллик иш тажрибаси бўлиши (иккинчи малака тоифаси берилган санадан бошлаб);

в) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


28. Олий малака тоифасини олиш учун ветеринария хизмати мутахассислари қуйидаги мезонлар бўйича баҳоланади:

а) ветеринария хизмати раҳбарияти томонидан ветеринария хизмати мутахассисининг ветеринария соҳасидаги илмий ютуқларни умумлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш кўникмалари, шунингдек пайдо бўладиган касбий тармоқ масалаларини ҳал этишга ижодий ёндашиш қобилияти даражаси тўғрисида берилган ижобий фикрноманинг мавжудлиги;

б) биринчи малака тоифасига эгалиги тўғрисидаги сертификатнинг мавжудлиги ва ветеринария хизмати мутахассислигида камида 3 йиллик иш тажрибаси бўлиши (биринчи малака тоифаси берилган санадан бошлаб);

в) малака ошириш курсларидаги ўқиш натижалари.


29. Илмий даражага эга бўлган ветеринария мутахассисларига олий малака тоифаси берилади. Бунда уларга ушбу Низом 28-бандининг "б" ва "в" кичик бандлари талаблари татбиқ этилмайди.


30. Ветеринария соҳасида 2016 йилгача, яъни малака талаблари жорий этилгунга қадар узлуксиз 5 йилдан кўп иш тажрибасига эга бўлган ветеринария мутахассислари биринчи малака тоифасига ҳамда ветеринария соҳасида 10 йилдан кўп иш тажрибасига эга бўлган малакали ветеринария мутахассислари олий малака тоифасига даъвогар бўлишлари мумкин.


31. Тегишли малака тоифаларига эга бўлган ветеринария хизмати, шу жумладан бошқарув ходимларининг ойлик иш ҳақларига энг кам иш ҳақига нисбатан қуйидагича устамалар белгиланади:

иккинчи тоифали - 25 фоиз;

биринчи тоифали - 60 фоиз;

олий тоифали - 100 фоиз.



7-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ СИФАТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Ветеринария хизмати мутахассисларининг малака ошириш сифатини баҳолаш ва назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ички назорат қуйидагилардан иборат бўлади:

базавий билимларини баҳолаш;

янги билимлар, кўникмалар ва касбий маҳоратини жорий назорат қилиш;

мутахассислик бўйича аттестация натижалари юзасидан якуний назорат;

б) Қўмита, шунингдек ветеринария хизмати тизимига кирувчи бошқа ташкилотлар томонидан ташқи назорат.


33. Малака ошириш курсларининг 30 академик соатдан кўп машғулотларида узрсиз сабаблар билан қатнашмаган, шунингдек белгиланган юкламани бажармаган ва малака ошириш курси дастурини ўзлаштирмаган тингловчилар белгиланган тартибда тингловчилар сафидан чиқарилади.


34. Якуний назоратни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича аттестация комиссияси (кейинги ўринларда Аттестация комиссияси деб аталади) таркиби Қўмита билан олдиндан келишган ҳолда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори томонидан тасдиқланади.


35. Ветеринария ходимларини малака тоифаси олиш учун аттестация холислик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказилиб, аттестация натижаларига кўра малака тоифалари берилади.

Аттестация комиссияси таркиби Қўмита билан келишилган ҳолда камида етти нафар аъзодан, шу жумладан Аттестация комиссияси раиси, раис ўринбосари ва котибидан иборат таркибда Институт ректорининг буйруғи билан ташкил этилади.

Аттестация комиссияси таркиби ҳар йили камида йигирма фоизи янгиланган ҳолда қайта тасдиқланади.


36. Аттестация комиссияси:

аттестациядан ўтказиладиган талабгор ҳақида қисқача ахборотни тинглайди;

аттестациядан ўтадиган талабгорга саволлар беради, унинг жавоблари натижалари бўйича очиқ овоз беришни ўтказади;

аттестация натижаси бўйича талабгорга баҳо беради;

аттестациядан ўтган талабгор фаолиятини яхшилаш бўйича тавсиялар беради;

аттестация саволларини тузади ва уларни янгилаб боради.

Аттестация комиссияси йиғилиши унинг ишида аттестация комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.

Суҳбат жараёни видеотасвирга олинади ва берилган саволлар ва жавоблар махсус (саҳифаланган, тикилган ва муҳрланган) дафтарда қайд этилади.

Аттестация натижаларини баҳолаш мезонлари Қўмита томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


37. Малака тоифаси бериш бўйича аттестация натижалари Аттестация комиссияси мажлисида эълон қилинади ва Аттестация комиссиясининг протоколи (баёни) тарзида расмийлаштирилади ҳамда комиссия раиси, раис ўринбосари ва котиб томонидан имзоланади.


38. Тингловчилар аттестацияга узрли сабабга (меҳнатга лаёқатсизлик варақаси, ветеринария хизмати раҳбарларининг асосли маълумотномаси) кўра келмаган бўлса, уларнинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади;

Тингловчилар узрсиз сабабга кўра аттестацияда иштирок этмаган бўлса аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ҳамда унга нисбатан "Аттестациядан ўтмади, тегишли малака тоифаси туширилсин" қарори қабул қилинади.



8-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИНИ

ТАМОМЛАГАНЛИК ТЎҒРИСИДА ҲУЖЖАТ


39. Ветеринария хизмати мутахассислари малака ошириш курсларидан ўтганлик тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда сертификат деб аталади) мазкур Низомнинг 3-иловасидаги шакл бўйича 5 йил муддатга берилади.


40. Сертификат қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланади, ҳисоб серияси, рақами ва ҳимоя элементига эга бўлиши керак.

Сертификат бланкалари Малака ошириш маркази буюртмасига мувофиқ, белгиланган тартибда тайёрланади.

Малака ошириш маркази сертификатларнинг ҳисобини юритиш, сақлаш ва улардан мақсадли фойдаланилиши учун жавобгар ҳисобланади.


41. Малака ошириш курсларида ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўта олмаган ветеринария хизмати мутахассислари 6 ой мобайнида ўз маблағлари ҳисобига тўлов асосида ушбу курслардан ўтади.

Малака ошириш курсларидан такроран ўтган, лекин ўқиш якунлари бўйича аттестациядан ўта олмаган ветеринария хизмати мутахассисларининг малака тоифаси пасайтирилади ёки уларнинг эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги тўғрисидаги масала белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


42. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган ветеринария хизмати мутахассислари натижалар эълон қилинган вақтдан бошлаб уч кун мобайнида апелляция комиссиясига ёзма равишда шикоят беришлари мумкин.

Апелляция комиссияси шикоятларни кўриб чиқиш учун институт ректори буйруғи билан ўқув йилининг биринчи ойида уч кишидан иборат таркибда ташкил этилади.

Апелляция комиссияси таркиби институтнинг раҳбар ходими, касаба уюшмаси вакили ва малака тоифасига эга бўлган бир нафар ветеринария мутахассисидан иборат бўлади.

Апелляция комиссияси таркибига аттестация комиссияси таркибидан аъзо киритилмайди.

Апелляция комиссияси йиғилишида комиссия аъзоларининг учдан икки қисми иштирок этса, унинг қабул қилган қарори қонуний кучга эга бўлади.

Шикоят рўйхатга олинган куннинг ўзида кўриб чиқилади.

Мурожаат этувчи апелляция комиссияси томонидан шикояти кўриб чиқилиши жараёнида иштирок этиши мумкин.

Апелляция комиссияси аттестация комиссияси қарорини ўзгартиришсиз қолдириш ёки уни бекор қилиб, қайта аттестация ташкил этиш ҳақида қарор чиқаради.



9-БОБ. СЕРТИФИКАТ ДУБЛИКАТИНИ

БЕРИШ


43. Йўқотиб қўйилган ёки фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолган сертификатлар ўрнига унинг эгаси томонидан берилган ёзма аризага биноан уч кун мобайнида сертификатнинг дубликати берилади.


44. Сертификатнинг дубликатида унинг аввалги рўйхатдан ўтказиш рақами ва ҳужжатнинг амал қилиш муддати кўрсатилади, унга "Дубликат" сўзи ёзиб қўйилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


45. Ушбу Низом талабларини бажариш муносабати билан пайдо бўладиган низолар белгиланган тартибда ҳал этилади.


46. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассислари

малакасини ошириш тизимининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

    

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш

давлат қўмитаси

V

Самарқанд ветеринария медицинаси институти

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини

ошириш маркази


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат

қўмитаси, республика таркибий бўлинмалари

мутахассисларининг малакасини ошириш;


Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва

вилоятлар ветеринария хизмати ҳудудий ташкилотлари

мутахассисларининг малакасини ошириш.





Низомга

2-ИЛОВА



Ветеринария хизмати мутахассислари малакасини

ошириш курсларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Тадбирлар


Масъуллар


Бажариш муддатлари

1-босқич


Ветеринария хизматининг малака оширишга юбориладиган мутахассислари рўйхатини шакллантириш, ўқув режаси ва дастурини тасдиқлаш.


Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, Самарқанд ветеринария медицинаси институти


Ҳар йили

10 декабргача








2-босқич


Ўқув жараёни:

2.1. Машғулотлар Самарқанд ветеринария медицинаси институтида ўтказилади.

2.2. Илмий-тадқиқот институтиларида, ветеринария хизмати тизимига кирувчи ташкилотларда, етакчи чорвачилик хўжаликларида малака амалиётидан ўтиш.


2.1. Самарқанд ветеринария медицинаси институти

2.2. Самарқанд ветеринария медицинаси институти, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси


Ҳар йили май-июнь ойларида - раҳбарлар учун;

тасдиқланган режа бўйича - ветеринария хизмати мутахассислари учун








3-босқич


Сертификат бериш:

3.1. Аттестация натижалари.

3.2. Ижобий баҳо олган ветеринария хизмати мутахассисларига аттестация натижалари бўйича ва Аттестация комиссиясининг қарорига биноан сертификат берилади. Аттестациядан ўтмаган ветеринария хизмати мутахассисларига сертификат берилмайди.


Аттестация комиссияси


Курс тугагандан сўнг





Низомга

3-ИЛОВА



(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ



Ветеринария хизмати мутахассислари малакасини ошириш

ва қайта тайёрлаш курсларидан ўтганлик тўғрисида

СЕРТИФИКАТ

MO N 000000

20___ йил "___" ________



(берилган жойи)

(фамилияси, исми, отасининг исми)

20___ йил "____"____________дан 20___ йил "____"________________________гача

даги

(таълим муассасасининг номи)


да

(малака ошириш қайта тайёрлаш ва курсларининг номи)


_______________________________________ соатли курслардан муваффақиятли ўтди.

Аттестация комиссиясининг 20__ йил "____" _______________________________даги

"____"-сон қарорига биноан унга


(олий, биринчи, иккинчи)

малака тоифаси берилди.

Аттестация комиссиясининг раиси






(имзо)

(фамилияси, исми, отасининг исми)





М.Ў.


20___ "___" ____________ гача амал қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 июнь