язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.06.2019 й. 542-сон "Фарғона водийсида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

28.06.2019 й.

N 542



ФАРҒОНА ВОДИЙСИДА ТАДБИРКОРЛИК

ТАШАББУСЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА

ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Фарғона водийсида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришнинг янада самарали ва замонавий механизмларини жорий қилиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5583-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "SFI Management Group" ХК МЧЖ, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликларининг "SFI Management Group" ХК МЧЖ томонидан бошқа инвесторлар билан биргаликда:

асосан Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида бошқарув компанияси томонидан жалб қилинган малакали инвесторларнинг пул маблағларини кейинчалик саноат тармоқлари, хизмат кўрсатиш соҳалари, инфратузилмани ривожлантириш бўйича истиқболли бизнес-лойиҳаларга, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг айланма капиталини молиялаштиришга (кейинги ўринларда истиқболли бизнес-лойиҳалар деб аталади) сарфлаш учун шакллантириш ва жамлаш фаолиятини амалга оширадиган "Vodiy Investments" инвестиция компаниясини (кейинги ўринларда инвестиция компанияси деб аталади);

инвестиция компаниясининг инвестиция қўйилмаларини бошқарадиган, шунингдек, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда молиялаштириш учун истиқболли бизнес лойиҳаларни топадиган ҳамда шу жумладан, мустақил маслаҳатчиларни жалб қилиш орқали баҳолайдиган "Vodiy Investments Management" бошқарув компаниясини (кейинги ўринларда бошқарув компанияси деб аталади) таъсис этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

инвестиция ва бошқарув компаниялари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади;

инвестиция компаниясининг таъсисчилари ва малакали инвесторлари сони чекланмайди;

инвестиция компанияси, бошқарув компанияси ва малакали инвесторлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар фақат шартнома асосида тартибга солинади, унинг шартларини томонлар мустақил белгилайди;

инвестиция компанияси хўжалик субъектлари устав капиталидаги улушларни ва қимматли қоғозларни харид қилиш, инвестиция компаниясининг хўжалик субъектлари устав капиталидаги улушларини мамлакатимиз ва хорижий инвесторларга сотиш, кўчмас мулк ва бошқа активларни сотиб олиш орқали, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шаклларда инвестиция киритиш ҳуқуқига эга.


3. "SFI Management Group" ХК МЧЖга инвестиция ва бошқарув компаниялари бир ой муддатда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш тавсия этилсин.


4. "SFI Management Group" ХК МЧЖ, "Олмалиқ КМК" АЖ ва "Ўзметкомбинат" АЖ бошқарув органларининг ўз маблағлари ҳисобидан инвестиция компаниясига бошланғич инвестиция қўйилмаларини йўналтириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


5. Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари бошқарув компаниясига истиқболли бизнес-лойиҳаларни дастлаб сифатли танлаб олиш ва тақдим этиш, шунингдек, маъқулланган бизнес-лойиҳаларни амалга ошириш ва мониторинг қилишда кўмаклашсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда Фарғона водийсидаги барча туманларни (шаҳарларни) қамраб олишни назарда тутувчи тасдиқланган жадваллар асосида ушбу қарорнинг мақсад ва вазифаларини, жумладан, оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида кенг ёритиш чораларини кўрсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июль