язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Маҳсулот тақсимотига оид битимлар. Концессия. Геологик ишларни биргаликда олиб бориш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.06.2019 й. ПҚ-4376-сон "Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги Жел конини маҳсулот тақсимотига оид битим шартлари асосида ўзлаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.06.2019 й.

N ПҚ-4376



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ УСТЮРТ

МИНТАҚАСИДАГИ ЖЕЛ КОНИНИ МАҲСУЛОТ

ТАҚСИМОТИГА ОИД БИТИМ ШАРТЛАРИ

АСОСИДА ЎЗЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3997-сон қарорига мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги Жел конини ўзлаштиришга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали углеводород хомашёсини қазиб олиш ва экспорт қилиш ҳажмларини янада ошириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

"Ўзбекнефтгаз" МХК ва "Газпром" ОАЖ (Россия Федерацияси) ўртасида 2006 йил 25 январда имзоланган Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақаси инвестицион блокларида ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишнинг асосий принциплари тўғрисидаги Битим доирасида 2006-2009 йилларда Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари олиб борилиб, "Газпром" ОАЖнинг 371,0 млн АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялари ўзлаштирилгани;

"Газпром" ОАЖ (Россия Федерацияси) томонидан Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги Шахпахта инвестицион блокида амалга оширилган қидириш ва разведка қилиш ишлари натижасида саноат тоифасидаги умумий табиий газ захираси 6,4 млрд. м куб ва газ конденсати захираси 76,0 минг тоннага тенг янги Жел кони очилгани;

Ўзбекистон Республикаси ва "Газпром" ОАЖнинг (Россия Федерацияси) хорижда қидирув, разведка ишларини ўтказиш, конларни ишлатиш ва қазиб чиқариш соҳасидаги нефть ва газ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ягона ихтисослашган компанияси ҳисобланган "Газпром ЭП Интернэшнл Б.В." (Нидерландия) ўртасида Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги Жел кони бўйича маҳсулот тақсимотига оид Битим (кейинги ўринларда - Битим) имзолангани;

фойдага қолган маҳсулотни тенглик асосида тақсимлашни мустаҳкамлаб қўйиш мақсадида томонлар ўртасида қўшимча музокаралар ўтказилгани ва ўзаро манфаатларни инобатга олган ҳолда Битимга тегишли ўзгартиришлар тайёрлангани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган меъёрлар билан бир қаторда қуйидаги асосий шартларни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси ва "Газпром ЭП Интернэшнл Б.В." (Нидерландия) (кейинги ўринларда - инвестор) ўртасида 2018 йил 18 октябрда Тошкент шаҳрида имзоланган Битим ҳамда 2019 йил 28 июндаги 1-сон Қўшимча битим маъқуллансин:

компенсация маҳсулотининг чекланган даражаси - 75 фоиз;

фойда солиғининг ставкаси - 12 фоиз;

Битим шартларига мувофиқ инвесторнинг қопланиши шарт бўлган харажатларининг қопланмаган қисми учун йиллик молиялаштириш ставкаси - 8 фоиз;

Битимни амалга ошириш даврида табиий газнинг нарх конъюнктураси ўзгарганда табиий газ учун ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (роялти)ни қўллашни мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳамда инвесторнинг Ўзбекистон Республикаси Устюрт минтақасидаги Шахпахта инвестицион блоки доирасидаги тарихий сарф-харажатларининг мустақил аудитини ўтказиш натижаларига кўра инвесторнинг ушбу инвестицион блокда геология-қидирув ишларини олиб боришда қилган тарихий сарф-харажатларини қоплаш;

техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишда ва инвесторнинг Битимда белгиланган ички даромадлилик нормаси (IRR) сақланишини таъминлашда фойдага қолган маҳсулотни тенглик асосида тақсимлашни назарда тутган ҳолда Битимнинг айрим техник-иқтисодий параметрларини қайта кўриб чиқиш;

инвестор томонидан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини унинг "Газпром зарубежнефтегаз" АЖ шўъба компаниясига топшириш имконияти;

Битимни амалга ошириш бўйича ваколатли орган функциясини Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига ўтказиш.


3. Белгилансинки, Битимни амалга ошириш доирасида:

Битимда кўзда тутилган солиққа тортиш, шу жумладан божхона тўловларини тўлаш тартиби Битимнинг бутун амал қилиш даврида ўз кучини сақлаб қолади;

инвесторга тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар операторга ҳам татбиқ этилади;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотлар Битимнинг бутун амал қилиш даврида инвестор (оператор)га беғараз асосда вақтинчалик фойдаланишга (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) бериладиган мол-мулклар учун мол-мулк солиғи тўлашдан озод этилади;

Битим имзоланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига Битим шартларини ёмонлаштирадиган ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилганида (ишларни хавфсиз олиб бориш, меҳнат, ер ости бойликлари, атроф-муҳит ва фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича стандартлар (нормалар, қоидалар)га ўзгартиришлар бундан мустасно), Битимда кўзда тутилган шартлар ўз кучини сақлаб қолади.


4. "Ўзбекнефтгаз" АЖга Битим шартларига мувофиқ инвесторга қуйидагиларни:

Битимни амалга ошириш доирасида нефть-газ ишларини олиб бориш мақсадлари учун зарур бўлган, Устюрт минтақасининг Шахпахта инвестицион блокида жойлашган объектлар ва мулкни вақтинча фойдаланиш учун беғараз асосда (тасарруф этиш ҳуқуқисиз) топширишга рухсат этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Битимнинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқишда фойдага қолган маҳсулотни тенг тақсимлаш ва лойиҳанинг техник-иқтисодий параметрларини қайта кўриб чиқиш шарти билан ички бозорда реализация қилинадиган нефть-газ маҳсулотлари нархига чегирма қўллашни назарда тутсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Битимнинг амал қилиш муддатига инвесторга Битимда кўзда тутилган шартлар асосида геологик жиҳатдан ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияларни белгиланган тартибда берсин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Битимни амалга ошириш учун инвесторга зарур бўлган ер участкаларини белгиланган тартибда ажратсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси инвесторга Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасида жойлашган Жел конида табиий газ ва газ конденсатини қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда берсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки операторга Ўзбекистон Республикасининг резидент банклари билан корреспондентлик алоқаларига эга бўлган Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги банкларда, Битимни амалга ошириш доирасида фақат нефть-газ операцияларини амалга ошириш мақсадларида фойдаланиладиган, чет эл валютасидаги банк ҳисоб рақамларини очишга белгиланган тартибда рухсатнома берилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Битимни амалга ошириш доирасида операторга, унинг пудратчи ва субпудратчи ташкилотларига радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалардан фойдаланишга белгиланган тартибда рухсатнома берсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги операторнинг Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланадиган буюртманомаларига биноан Битимни амалга оширишда қатнашаётган чет эл мутахассисларининг давлат божини ундирмасдан Ўзбекистон Республикасидаги яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилишини ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги операторнинг буюртманомаларига кўра Битимни амалга оширишда қатнашаётган юқори малакали хорижий (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари орасида бўлмаган) мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилиши (узайтирилиши)ни таъминласин.


13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С. Султанов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 29 июндаги

ПҚ-4376-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Устюрт минтақасидаги

Жел конига нисбатан Маҳсулот тақсимотига оид битимни

амалга ошириш даврида табиий газнинг экспорт нархлари

ўзгарганда қазиб олинган табиий газ учун қўлланиладиган

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (роялти)

СТАВКАЛАРИ

    

Табиий газ нархи

(1 минг куб метр учун АҚШ долларида)

Ер қаъридан фойдаланганлик

учун солиқ (роялти) ставкаси

125 долларгача

0 фоиз

125 доллардан кўп ва 135 долларгача

6 фоиз

135 доллардан кўп ва 138 долларгача

7 фоиз

138 доллардан кўп ва 150 долларгача

17 фоиз

150 доллардан кўп ва 160 долларгача

23 фоиз

160 доллардан кўп ва 170 долларгача

25 фоиз

170 доллардан кўп

30 фоиз

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 8 июль, 27-сон, 482-модда