язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Тадбиркорлик/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаши ва назорат қилиш/ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.07.2019 й. 558-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 4 июлдаги

558-сон қарорига

2-ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар

ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини

кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 14 майдаги ПФ-5718-сон Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг (бундан буён - Бош вазирнинг қабулхоналари) асосий вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Бош вазир қабулхонаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти (бундан буён - Котибият) тузилмаси таркибига киради, юридик шахс ҳисобланмайди, ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида мол-мулкка эга бўлмайди, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳамда ўз номидан бошқа шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга киришиш ҳуқуқига эга эмас.

Бош вазир қабулхонаси ўз номи ёзилган думалоқ муҳр, штамп ва бланкаларга эга бўлади.


3. Бош вазир қабулхонаси Котибият олдида ҳисобдор бўлади ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. Бош вазир қабулхоналари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмалари, Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг ҳудудий марказлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.



2-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Бош вазир қабулхоналари фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

"Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак" деган асосий принципни ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;

тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказилишини таъминлаш;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқишва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари, бинолар ва кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этилишини таъминлаш;

тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи "business.gov.uz" ягона интерактив портали (кейинги ўринларда ягона портал деб аталади) фаолият кўрсатишини таъминлаш.


6. Қуйидагилар Бош вазир қабулхоналарининг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш соҳасида:

Бош вазир қабулхонаси мудири томонидан тасдиқланадиган жадвал асосида Бош вазир қабулхоналарида ҳокимлик, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторларни ҳар куни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ҳамда сайёр қабулларни ўтказиш;

тадбиркорлик субъектлари ва чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари тўғрисидаги, шунингдек, туман ва шаҳарлардаги Бош вазирнинг қабулхоналаридан тушган маълумотларни "business.gov.uz" тизимига киритилишини таъминлаш;

Бош вазир қабулхоналарида тадбиркорлар, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг вилоят даражасида ҳал этиладиган мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, инвестициялар ва ташқи савдо, адлия, қурилиш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида кўриб чиқиш;

кўриб чиқиш жараёнида ҳал этиш имконияти бўлмаган тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини ваколатли органларга белгиланган тартибда кўриб чиқиш, ҳал этиш ва натижалари юзасидан ёзма ахборот бериш учун юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг (кейинги ўринларда Бош вазир деб аталади) қарори талаб этиладиган тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва тегишли қарор қабул қилиш учун Котибиятга юбориш;


б) тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиш, бунда мурожаатларни кўриб чиқиш учун қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига асоссиз юборилмаслик чораларини кўриш;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини қабул қилиш бўйича ўрнатилган тартиб ва муддатларга риоя этиш, туман ва шаҳарлардаги Бош вазирнинг қабулхоналари томонидан риоя этилишини, улар зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни сўзсиз ижро этилишини назорат қилиш;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояси тўғрисидаги мурожаатларини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо, адлия, қурилиш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмаларига кўриб чиқиш учун юбориш;

Бош вазирнинг қабулхоналарига мурожаат қилган тадбиркорларга ёрдам бериш бўйича амалий чоралар кўриш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги учун назорат қилувчи ва бошқа органларнинг айбдор мансабдор шахсларининг жавобгарликка тортиш масаласида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари билан ҳамкорлик қилиш;

вилоят адлия бошқармалари билан биргаликда инвестициялар ва ташқи савдо, қурилиш вазирликлари, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий билимларини янада ошириш мақсадида мунтазам равишда "давра суҳбатлари" ва ўқув-амалий семинарларни ўтказиш;

туман ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналарининг тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эл инвесторларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш борасида ҳудудий давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш;


в) тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари, бинолар ва кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этилишини таъминлаш соҳасида:

Бош вазирнинг қабулхоналарида аниқланган тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни жамлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш, сабабларини аниқлаш, ваколатли органларнинг таклифларини олиш ва ҳал этиш чораларини кўриш;

Бош вазирнинг вилоят ҳамда туман ва шаҳарлардаги қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларда акс эттирилган тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган сабаблар ва шарт-шароитларни ҳудудлар ва соҳалар кесимида доимий равишда таҳлил қилиш ва тизимлаштириш;

аниқланган бюрократик, шу жумладан, ер участкалари, бинолар ва кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш ва асосланган таклифларни тайёрлаш бўйича вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ҳудудий органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ишлаш;

Бош вазирнинг қабулхоналарига мурожаат қилган тадбиркорларга чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва улар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларини ҳал этишда, шунингдек, ташқи савдо фаолиятини амалга ошириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг ташқи бозорларга киришига кўмаклашишда тегишлича Қорақалопғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳар ҳафтада Котибиятга Бош вазирнинг қабулхоналарида ва тегишли ваколатли органларда кўриб чиқилган тадбиркорлар, шу жумладан чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари ва уларнинг кўрилиши жараёни ҳақида вилоят, унинг туман ва шаҳарлари кесимида ҳисобот киритиш;

ҳар чоракда Котибиятга ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эл инвесторларига ер участкалари, бинолар ва кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар киритиш;


г) тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, шунингдек, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш соҳасида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари билан биргаликда тадбиркорликни ривожлантиришга ва чет эл инвестицияларини жалб этишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни мониторинг қилиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиб бориш;

мурожаатларда кўрсатилган масалаларни тартибга солувчи нормалар мавжуд бўлмаганда, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда кўриб чиқиш учун Котибиятга киритиш;

ҳудуд кесимида аниқланган тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш масаласида Савдо-саноат палатасининг тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш;

тадбиркорлик фаолиятига оид қонун ҳужжатларидаги бўшлиқлар ва камчиликларни ҳал этиш бўйича таклифларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги кафолатларини таъминлаш бўйича чоралар кўриш борасида Адлия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари фаолиятини мувофиқлаштириш;


д) тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида уларни қабул қилиш, умумлаштириш, мониторинг олиб бориш ва назорат қилиш учун самарали платформа жорий этилишини назарда тутувчи ягона портал фаолият кўрсатишини таъминлаш соҳасида:

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини ягона порталда қайд этиш, уларни умумлаштириш, мониторинг ва назорат қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;

ягона порталнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, мурожаатларнинг муддатида тўлиқ қайд этилиши, умумлаштирилиши, мониторинг ва назорат қилиниши, мурожаатларни электрон шаклда тегишли вазирлик, идораларнинг ҳудудий бўлинмаларига, ҳокимликлар ҳамда ваколатли органларга юборилиши ва назорат муддатида ижроси ҳолатларини мониторинг қилиш;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар даражасида ҳал этиладиган мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги маълумотларни ягона порталга киритиб бориш;

Бош вазирнинг вилоят ҳамда туман ва шаҳарлардаги қабулхоналари мудирлари ва мутахассисларининг ягона порталда ишлаш кўникмаларини шакллантириш мақсадида улар иштирокида семинар ва тренинглар ташкил этиш.


7. Бош вазир қабулхоналари ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Бош вазир қабулхонасининг маълумотлар банкини шакллантиради, шунингдек, топшириқлар ижроси назоратини таъминлайди;

Бош вазир томонидан тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга оид ислоҳотларнинг амалга оширилишини ўрганиш мақсадида ҳудудларда мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш учун тегишли таҳлилий материалларни тайёрлайди ва Котибиятга тақдим этади;

тадбиркорлик фаол ривожланиши учун тўсқинлик қилаётган омиллар, сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш мақсадида оммавий ахборот воситаларида ва бошқа манбаларда, шу жумладан, жойларга чиққан ҳолда жамоатчилик фикрини ўрганади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири учун, шунингдек, уларни Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиш учун тегишли маълумотнома, таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлашда иштирок этади;

давлат органлари ва ташкилотларининг тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар мурожаатларини кўриб чиқиш натижаларини умумлаштиради;

Бош вазир қабулхоналарининг фаолиятини такомиллаштиришнинг энг муҳим ва устувор йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Котибиятга киритади;

ҳар ҳафтада Котибиятга тадбиркорлардан, шу жумладан чет эллик инвесторлардан Бош вазирнинг қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ва уларнинг кўрилиши жараёни ҳақида ҳисобот киритиб боради;

ҳар чоракда Бош вазир қабулхоналарининг иши натижалари, тадбиркорлар ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш юзасидан давлат органлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, қабул қилинган қарорлар ёки мансабдор шахсларни рағбатлантириш ёхуд уларни тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини юзаки кўриб чиққанлиги ёки кўриб чиқишдаги ҳаракатсизлиги учун шахсий жавобгарликка тортиш бўйича таклифларни назарда тутувчи таҳлилий маълумот тайёрлайди ҳамда Котибиятга киритади;

"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури ва тадбиркорларнинг кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга йўналтирилган ташаббусларини ўз вақтида амалга ошириш, ушбу жараёнга ёшлар ва хотин-қизларни жалб қилиш, барқарор янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турли тоифаларининг моддий фаровонлигини ошириш бўйича ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш юзасидан ваколати доирасида зарур чора-тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботлар тайёрлашда Котибиятга қўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органлар ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари, банклар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро яқин ҳамкорликни таъминлайди;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналарининг фаолиятини мувофиқлаштиради, уларнинг зиммасига юклатилган вазифа ва функциялар самарали ҳамда натижали ижро этилиши учун уларнинг мудирларининг шахсий роли ва масъулиятини ошириш чораларини кўради;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналари ходимларининг касбий маҳоратини, уларга юкланган вазифалар ижроси учун шахсий масъулиятини оширади, ижро интизомини мустаҳкамлайди;

тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасидаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади ва шу асосда стратегик ҳамда устувор вазифаларни амалга оширишга доир таклифлар ишлаб чиқади;

Бош вазир қабулхоналарида кадрларни танлаш ва улар малакасини ошириш бўйича таклифларни Котибиятга тақдим этади;

тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниши, ариза берувчи томонидан ўзининг шахсий кабинети орқали мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёнини реал вақт режимида кузатиб борилиши ҳамда қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни автоматик режимда аниқлаш имконини берувчи ягона порталнинг тўлақонли ишлашини таъминлайди;

тадбиркорларнинг назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлар тегишлича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимларига ёхудюқори турувчи назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларга юборилади.



3-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун Бош вазир қабулхоналари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бош вазир қабулхоналари зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларидан ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органлар ҳудудий бўлинмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятлари, банклар ва бошқа ташкилотлар вакилларини жалб этиш;

тадбиркорлар, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларида кўтарилаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа давлат органлари ҳамда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш;

давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторлар мурожаатлари билан ишлаш, аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш;

Бош вазирнинг қабулхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, шу жумладан, ягона порталга киритилаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини тизимли мониторинг қилиш, аниқланган муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришни таъминлаш мақсадида Бош вазирнинг қабулхонасида вазирлик ва идораларнинг вакилларидан иборат доимий асосда ишлайдиган ишчи гуруҳ тузиш;

тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича тегишлиишчи гуруҳ (бундан буён - Ишчи гуруҳ) таркибига киритилган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларга таклифлар киритиш;

давлат органлари томонидан улар фаолияти, кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларга тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш;

Бош вазир қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузган, шунингдек, мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорлар ижросини таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш;

зарурат туғилганда муаммоларни ҳал қилиш ҳамда мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра қабул қилинган қарорларнинг ижросини жойларга чиқиб ўрганиш;

юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар билан мустақил ёзишмалар олиб бориш;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналари фаолиятини ўрганиш.

Бош вазир қабулхоналари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Бош вазир қабулхоналари:

Котибиятга киритиладиган таклифларнинг асосланганлиги, ушбу топшириқлар амалга оширилиши самарадорлиги ва қабул қилинган қарорлар, шунингдек, тегишли соҳада амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги;

ушбу Низомнинг 6 ва 7-бандларида кўрсатилган зиммасига юкланган вазифа ҳамда функцияларнинг самарали бажарилиши;

ҳар ҳафтада тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторлардан Бош вазирнинг вилоят ҳамда туман ва шаҳарлардаги қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ва уларнинг кўрилиши жараёни ҳақида Котибиятга хисобот киритилиши;

ҳар ойнинг 7 санасигача амалга оширилган ишлар тўғрисидаги йиғма-таҳлилий ахборотни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифларни Котибиятга киритилиши;

тегишли ҳудудда тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларида кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланиши ҳамда уларни мунтазам равишда Котибиятга киритиб борилиши;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазирнинг ҳужжатлари ва топшириқларининг сифатли ҳамда ўз вақтида бажарилиши;

мавжуд ахборот тизимларидан самарали фойдаланилиши, дастурий-аппарат воситаларининг узлуксиз ишлаши ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 3 апрелдаги ПФ-5395-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари самарали ва натижали ижро этилиши, шунингдек ижро интизоми мустаҳкамланиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиларининг, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг комплекслари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимликлар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида" 2017 йил 11 апрелдаги ПҚ-2881-сон, "Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 октябрдаги ПҚ-3962-сон қарорларига ва Вазирлар Маҳкамасининг "Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 12 январдаги 12-сон қарорига мувофиқ ижро интизомига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



4-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИНИНГ ТУЗИЛМАСИ


10. Бош вазир қабулхонаси тузилмаси қуйидагилардан иборат:

Мудир;

Туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис;

Ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис.

Бош вазир қабулхонаси тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


11. Бош вазир қабулхонасига Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган мудир бошчилик қилади.


12. Бош вазир қабулхоналарининг бош мутахассислари Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


13. Бош вазир қабулхоналарининг ходимларига илгари ишлаган жойида кўп йиллик меҳнати учун берилган устамалар ва қўшимча ҳақ, ҳарбий (махсус) унвонлар ва мартаба даражалари сақланиб қолади.



5-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Бош вазир қабулхонаси ишлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига, ушбу Низомга, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирининг топшириқларига, Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг буйруқлари ва топшириқларига мувофиқ, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг иш режалари, Котибият ҳамда Бош вазир қабулхонасининг иш режалари, Бош вазир қабулхонаси ходимларининг шахсий иш режаларига мувофиқ ташкил этилади.

Бош вазир қабулхонасининг иш режаси Котибиятнинг иш режаси асосида шакллантирилади.

Бош вазир қабулхонаси бош мутахассисларининг шахсий иш режалари мудир томонидан тасдиқланади.


15. Мудир:

Бош вазир қабулхонаси фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади, бош мутахассислар ишларини ташкил қилади, Бош вазир қабулхонасининг зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг самарали бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

туманлар ва шаҳарлар Бош вазир қабулхоналари ишини мувофиқлаштириш бўйича зарур чораларни амалга оширади;

Бош вазир томонидан қабул қилинган тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган топшириқлар бажарилиши устидан назорат қилади;

Бош вазир қабулхонаси кадрлари захирасини шакллантириш ва янгилаб бориш, кадрлар захирасига киритилган шахслар билан тизимли ишларни амалга оширишда иштирок этади;

Бош вазир қабулхонасининг ярим йиллик учун иш режаси лойиҳасини келишиш учун Котибиятга киритади;

Бош вазир қабулхонасида белгиланган тартибда иш юритилишини таъминлайди, ходимлар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Бош вазир қабулхонасининг ишини такомиллаштириш, унинг ходимларининг иш малакасини ошириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқишда бюрократик тўсиқларни яратаётган туманлар ва шаҳарлар Бош вазир қабулхоналари мудир ва мутахассисларига нисбатан тегишли чоралар кўриш тўғрисида Котибиятга таклиф киритади;

ўз фаолиятида ижобий натижаларни қайд этган ва самарали фаолият кўрсатаётган туманлар ва шаҳарлар Бош вазир қабулхоналарининг мудир ва мутахассисларини рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритади;

чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

Бош вазир қабулхонаси зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича белгиланган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.


16. Бош вазир қабулхонаси мудири вақтинча бўлмаганда унинг вазифаларини Котибият мудирининг топшириғига асосан Бош вазир қабулхонасининг бош мутахассисларидан бири бажаради.


17. Туманлар ва шаҳарлардаги Қабулхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис:

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналари фаолиятини уларга юклатилган вазифаларни самарали амалга ошириш учун мувофиқлаштиради;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида ҳал этиладиган мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ваколатли органларнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида кўриб чиқади;

тадбиркор ва чет эллик инвесторнинг, шу жумладан туманлар ва шаҳарлар Бош вазир қабулхоналаридан келиб тушган мурожаатлари тўғрисидаги маълумотларни ягона порталга киритиб боради;

мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ҳал қилиш имконияти бўлмаганда - уларни ваколатли органларга юборади;

тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш этишга қаратилган таклифлар тайёрлайди;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналарига келиб тушган ҳамда туман ва шаҳар даражасида қаноатлантириш имконияти бўлмаган мурожаатда кўрсатилган қонуний талаб ва таклифлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхоналарига юборилишини мувофиқлаштиради;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналарини тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари туман ва шаҳар бўлинмалари, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий марказлари, шунингдек, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари билан яқин ҳамкорлигини таъминлайди;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналари томонидан секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритилишини, ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш чораларини кўради;

туманлар ва шаҳарлардаги Бош вазир қабулхоналари томонидан ҳар ойнинг 7 санасига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхоналарига амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга ва инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликлар тўғрисидаги ахборот киритилишини таъминлайди;

Котибият мудири ва Бош вазир қабулхонаси мудири топшириғига кўра бошқа вазифа ва функцияларни бажаради.


18. Ваколатли органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис:

Бош вазир қабулхоналарини Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги,бошқа давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари билан самарали ҳамкорлик қилинишини таъминлайди;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида ҳал этиладиган мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг ҳудудларда фаолият кўрсатувчи ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирокида кўриб чиқади;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг, шу жумладан, туманлар ва шаҳарлар Бош вазир қабулхоналаридан келиб тушган мурожаатлар тўғрисидаги маълумотларни ягона порталга киритиб боради;

мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ҳал қилиш имконияти бўлмаганда - уларни ваколатли органларга юборади;

тадбиркорлардан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш этишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

Бош вазир қабулхонасида иш юритилишини таъминлайди, ҳужжатларнинг ўтишини назорат қилади, йиғмажилдларнинг тайёрланишини ва архивда сақлаш учун ўз вақтида берилишини таъминлайди;

ягона порталнинг тўлақонли фаолият юритишини таъминлаш бўйича чораларни амалга оширади;

Котибият мудири ва Бош вазир қабулхонаси мудири топшириғига кўра бошқа вазифа ва функцияларни бажаради.



6-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИНИНГ ИШ ТАРТИБИ


19. Бош вазир қабулхоналарининг фаолиятини баҳолаш тартиби ва мезонлари, Бош вазир қабулхоналари ходимларининг лавозим йўриқномаси, Бош вазир қабулхонаси ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва бошқа локал ҳужжатлар Котибият мудири томонидан тасдиқланади.


20. Бош вазир қабулхоналарида меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ беш кунлик иш ҳафтаси белгиланади.


21. Бош вазир қабулхоналарида соат 9.00 дан 18.00 гача иш ҳамда соат 13.00 дан 14.00 гача тушлик вақти белгиланади.


22. Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторлар учун қулай шарт-шароитларга, шу жумладан кириш йўллари, асосий кириш жойи, кутиш ва тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторлар вакилларини қабул қилиш хоналари, иш кабинетларига эга бўлиши лозим.


23. Бош вазир қабулхонаси қоида тариқасида алоҳида кириш қисмига эга бўлган бинонинг (иншоотнинг) биринчи қаватига жойлаштирилади.


24. Бош вазир қабулхонаси биносининг (иншоотининг) кириш томонига қуйидаги маълумотлар акс эттирилган пешлавҳа жойлаштирилади:

Бош вазир қабулхонасининг иш тартиби ва хизмат кўрсатувчи телефон рақами;

ишчи гуруҳ таркибига кирган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари тўғрисидаги маълумотлар;

ишчи гуруҳ таркибига кирган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари томонидан сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш жадваллари;

тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, чет эллик инвесторлар эътиборига етказилиши зарур бўлган бошқа маълумотлар.


25. Бош вазир қабулхонаси тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторлар учун ахборот стендлари билан жиҳозланади, улар маълумотлар билан танишиш учун қулай бўлган жойга ўрнатилади ва эркин танишиш мумкин бўлган шаклдаги маълумотларга эга бўлади.

Бош вазир қабулхонаси видеоконференцалоқа воситалари билан жиҳозланади.



7-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ ТОМОНИДАН

МУРОЖААТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


26. Бош вазир қабулхоналарида тадбиркорлар ҳамда чет эл инвесторларини қабул қилиш учун жалб этиладиган ташкилотлар вакиллари - ишчи гуруҳ аъзоларининг қабул жадвали Бош вазир қабулхонаси мудири томонидан тасдиқланади.

Ишчи гуруҳ таркибига ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари вакиллари киради.

Қабул жадвали асосида Бош вазир қабулхоналарида Ишчи гуруҳ томонидан тадбиркорлар ҳамда чет эл инвесторларини қабул қилиш ҳар куни соат 9.00 дан 13.00 га қадар амалга оширилади.

Бош вазир қабулхоналарида соат 14.00 дан 18.00 га қадар куннинг биринчи қисмида келиб тушган тадбиркорлар ҳамда чет эл инвесторларининг мурожаатларини умумлаштириш, рўйхатга олиш, ягона порталга киритиш, жойида ҳал этишнинг имкони бўлмаган мурожаатларни ваколатли органга кўриб чиқиш учун жўнатиш, ваколатли органларнинг ёзма ахбороти асосида тегишли қарор қабул қилиш, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри даражасида ҳал этилмайдиган мурожаатларни Котибиятга юбориш ва бошқа функционал вазифаларни амалга оширади.


27. Бош вазир қабулхонасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ва электрон шаклда шахсан ёки почта алоқа воситаси орқали қабул қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда чет эллик инвесторлар шахсан мурожаат қилган тақдирда Бош вазир қабулхонасида навбат бўйича тартиб рақамини олади ва кутиш учун ажратилган жойда Бош вазир қабулхонаси ходимининг чақиришини кутади.


28. Тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторлар чақирилгандан кейин Бош вазир қабулхонаси ходими:

мурожаатда кўрсатилган тегишли маълумотлар тадбиркорлик субъекти раҳбари ва чет эллик инвесторнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, тадбиркорлик субъекти ва чет эллик инвестор вакилининг шахси ва ваколатини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган маълумотлар билан мослигини ўрганади;

ўрганиш якунлари бўйича мурожаатни ягона порталга киритади ҳамда у орқали мурожаатга ўзига хос рўйхат рақамини беради;

мурожаат рўйхатдан ўтказилгандан кейин муаллифга унинг сўровига кўра мурожаат қабул қилингани тўғрисида мурожаат нусхасига ўзига хос рўйхат рақамини ёзиб, тегишли қайдни қўяди;

ёзма ва почта алоқаси орқали олинган мурожаатларни электрон шаклга ўтказади (сканерлайди) ва ягона порталга киритилиб, уларга ўзига хос рўйхат рақамини беради.


29. Мурожаат ягона порталга киритилиши билан бир вақтнинг ўзида унда кўтарилган масала бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли аъзоси бевосита иштирокида кўриб чиқиш учун юборилади. Бунда ушбу мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан назорат Бош вазир қабулхонаси томонидан амалга оширилади.



8-БОБ. БОШ ВАЗИР ҚАБУЛХОНАСИ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ВА МУВОФИҚЛАШТИРИШ


30. Бош вазир қабулхонаси фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш Котибият томонидан амалга оширилади.

Котибият:

Бош вазир қабулхоналари фаолиятини ҳар йили белгиланган тартибда баҳолайди, йил якунларига кўра фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган Бош вазир қабулхоналари ходимларини рағбатлантириш масаласини кўриб чиқади;

Бош вазир қабулхонасини керакли норматив-услубий ва ахборот-таҳлил материаллари билан таъминлайди;

Бош вазир қабулхонаси мудири ва ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш ишларини ташкил этади;

Бош вазир қабулхонаси фаолияти тўғрисида ахборот-таҳлил материалларини тайёрлайди;

Бош вазир қабулхонаси ходимлари учун семинарлар, тренинглар ва қисқа муддатли малака ошириш курсларини ташкил этади;

Бош вазир қабулхонаси фаолияти самарадорлигини ўрганади, таҳлил қилади ҳамда умумлаштиради, ишнинг сифатли шакл ва услубларини жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Бош вазир қабулхонасининг ҳокимликлар, Савдо-саноат палатасининг тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, инвестициялар ва савдо, адлия, солиқ инспекцияси, қурилиш, давлат кадастри органлари, банк ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

Бош вазир қабулхонаси ишларини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда чет эллик инвесторлар билан очиқ мулоқотни кенгайтириш, уларнинг давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

Бош вазир қабулхонаси ходимларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан тушган шикоятларни кўриб чиқади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Бош вазир қабулхонаси фаолиятининг ташкилий, молиявий вамоддий-техника жиҳатидан таъминланиши тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


32. Бош вазир қабулхонаси ходимлари мансаб вазифаларини амалга ошириш жараёнида ўзларига маълум бўлиб қолган мурожаатчиларга оид маълумотлардан фақат хизмат мақсадларида фойдаланиши шарт.


33. Бош вазир қабулхонаси ходимлари давлат сирини ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган бошқа сирни, конфиденциал маълумотларни ташкил этадиган ҳужжатларни ва (ёки) ахборотларни ошкор қилиш, улардан шахсий мақсадларда фойдаланиш ёхуд учинчи шахсларга, шу жумладан ваколатли органларга тақдим этишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


34. Бош вазир қабулхонасига келиб тушган ёзма мурожаатларни сақлаш Бош вазир қабулхонаси томонидан белгиланган тартибда таъминланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 июль