язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Таълим/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.07.2019 й. 563-сон "Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.07.2019 й.

N 563




МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ЎЗБЕКИСТОН

МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИНИНГ ЖИЗЗАХ

ФИЛИАЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда тараққиётга эришиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бироқ шунга қарамасдан, соҳа мутахассисларининг психологик билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда жамиятда психологик билимларни кенг тарғиб этиш борасида ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд.

Ҳудудда таълим-тарбия жараёнини психологик қўллаб-қувватлаш, соҳа мутахассисларининг психологик билим ва кўникмаларини ривожлантириш ҳамда жамиятда психологик билимларни кенг тарғиб қилиш, ёшлар билан ишлайдиган психолог-педагоглар мактабини яратиш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун айнан бола психологиясига ихтисослашган юқори малакали психолог кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

психология, педагогика, математика ва табиий фанлар, механика ва бошқа эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни халқаро стандартлар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан, жумладан, психология соҳасида Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида малакали кадрлар тайёрлаш;

Россия Федерациясининг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда психологиянинг илмий вазифаларини ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида республика ва хорижнинг етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини жалб этган ҳолда психология соҳаси бўйича педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш, ўқув жараёнига замонавий таълим технологияларини ва масофавий ўқитиш усулларини жорий этиш;

республика ва хорижнинг олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш.


3. Белгилансинки:

Филиал Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади;

2019/2020 ўқув йилида Филиалга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан тасдиқланади;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиалнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида, шу жумладан, психология соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган мутахассислардан иборат юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараённинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олин таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.


5. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Рсспубликаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


6. Белгилаб қўйилсинки:

а) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2019 йилда Филиални сақлашга бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил ижтимоий соҳа учун тасдиқланган параметрлари доирасида ажратилади, 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ушбу соҳага ажратиладиган харажатлар параметрларида назарда тутилади;

б) Филиалнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан:

Филиалнинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва Филиални жорий таъминлаш билан боғлиқ харажатлар - Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бюджетдан ташқари, тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари ҳисобига;

Филиалнинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий- техника воситалар) билан боғлиқ харажатлар - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


7. Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Жиззах шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси, 259-уй манзилида жойлашган Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Филиалга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, Жиззах транспорт, алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.


8. Жиззах вилояти ҳокимлиги, зарурат бўлганда, Филиалнинг тўлақонли фаолият юритиши учун уни қўшимча бино ва иншоотлар, ер майдонлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини 2020 йил ва кейинги йиллар учун шакллантиришда Филиал бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Филиални онлайн маъруза ҳамда масофавий таълим учун телекоммуникация жиҳозлари ва инфратузилма билан таъминлаш, шунингдек, юқори тезликдаги Интернет жаҳон ахборот тармоғига ҳамда электрон таълим миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.


11. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та енгил ва 1 та махсус автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари кабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


13. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Жиззах вилояти ҳокими Э.А. Салиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                     А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 июль