язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.07.2019 й. 565-сон "Бухоро шаҳрида "Bukhara City" замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

08.07.2019 й.

N 565




БУХОРО ШАҲРИДА "BUKHARA CITY"

ЗАМОНАВИЙ ИШБИЛАРМОНЛИК ВА ТУРАР

ЖОЙЛАР МАРКАЗИНИ БАРПО ҚИЛИШГА ДОИР

ТАШКИЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


[Кўчирма]


Бухоро шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, унинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шунингдек шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларнинг жадал ривожланишини таъминлаш ҳамда сервис хизматлари турлари ва сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг:

Бухоро шаҳрининг Ҳофиз Таниш Бухорий, Зулфия, Қаюм Муртазоев, Иброҳим Мўминов ва Саноатчилар кўчаларига туташ ҳудудларда самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар эгаллаган жами 83 гектар майдонда "Bukhara City" замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини (кейинги ўринларда "Bukhara City" мажмуаси деб аталади) барпо қилиш;

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузурида "Bukhara City" мажмуаси ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун давлат унитар корхонаси шаклидаги "Bukhara City" ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекциясини (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Бухоро шаҳрида "Bukhara City" мажмуасини барпо қилиш жараёнида зарур тадбирларни ташкиллаштириш ва инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қуйидагилар:

а) Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

"Bukhara City" мажмуасини барпо қилиш жараёнини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш устидан назоратни амалга ошириш;

Дирекция фаолиятини мувофиқлаштириш;

инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш, танлаш ва уларни "Bukhara City" мажмуаси ҳудудида амалга ошириш учун жойлаштириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш;

"Bukhara City" мажмуасини барпо этиш бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал этишда инвесторларга (ташаббускорларга) амалий ёрдам кўрсатиш;

б) Дирекция фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги "Республика ҳудудларида "Business city" замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ПҚ-3895-сон қарорининг 3-бандида белгиланган асосий вазифаларга мувофиқ ташкил этилади.


4. "Bukhara City" мажмуасининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва унинг ҳудудида, жумладан:

Бухоро тарихи музейи, илмий марказ, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун "Экспомарказ", кинотеатр, театр, кутубхона, спорт-соғломлаштириш объектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини барпо қилиш ишлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ва вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

хусусий объектлар, шунингдек бизнес маркази, меҳмонхоналар, банклар, офислар, савдо-маиший шохобчалар, турар жой бинолари ва бошқа объектларни қуриш ишлари инвесторларнинг маблағлари, грантлар, кредитлар, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


5. Дирекция Бухоро шаҳри Иброҳим Мўминов кўчаси 2-уй манзилидаги бинода текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.

Дирекцияни сақлаш харажатлари Кенгаш томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ, шартнома асосида инвесторлардан тушадиган маблағлар, маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


6. Белгилаб қўйилсинки:

"Bukhara Сity" мажмуасининг бош режасини илғор хорижий тажрибалар асосида ҳар томонлама мукаммал тайёрлаш учун лойиҳа менежери сифатида Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик принциплари асосида тузиладиган келишувларга мувофиқ Туркиянинг "Studio Vertebra" компанияси ва қурилиш соҳасида бошқа етакчи лойиҳалаш ташкилотлари жалб қилинади;

"Bukhara Сity" мажмуасини барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда унинг ҳудудида Бухоро тарихи музейи, илмий марказ, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун "Экспомарказ", кинотеатр, театр, кутубхона, бизнес маркази, меҳмонхоналар, банклар, офислар, савдо-маиший шохобчалар, спорт-соғломлаштириш объектлари, турар жой бинолари ва бошқа замонавий объектларни жойлаштиришга устуворлик берилади;

Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан лойиҳалар ташаббускорларига "Bukhara City" мажмуаси ҳудудида объектлар қуриш учун ер участкалари белгиланган тартибда Кенгаш томонидан аниқланадиган энг яхши инвестиция таклифлари, шу жумладан тегишли лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган инвестицияларнинг ҳажмидан келиб чиқиб берилади;

Дирекцияга лойиҳалаштириш шартларини, қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш, товарлар (ишлар, хизматлар) харидларини амалга ошириш усулларини мустақил танлаш, шунингдек, энг яхши таклифларни танлаш натижалари бўйича танлов асосида ишларни бажарувчиларни, лойиҳа ташкилотларини белгилаш ҳуқуқи берилади;

"Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудидаги давлат мулки объектларини бузиб сотишдан тушадиган маблағлар истисно тариқасида Дирекция ҳисобига ўтказилади ҳамда кейинчалик мазкур ҳудуддаги объектларни бузиш бўйича хусусий мулк эгаларига етказилган зарар ва компенсация тўловларини тўлашга йўналтирилади;

ер участкаларининг олиб қўйилиши, бинолар ва иншоотлар (кейинги ўринларда объектлар деб аталади) бузилиши сабабли хусусий мулк эгаларига етказилган зарар Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қуйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади;

инвесторларга янги объектларни барпо қилиш учун берилаётган ер участкалари ҳудудидаги объектларни бузиш билан боғлиқ зарар ер участкалари ўлчамларига қараб, мутаносиб улушларда инвесторлар маблағлари ҳисобидан қопланади;

ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлардаги муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини қуриш, умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ободонлаштириш, реклама ва тарғибот тадбирларини ташкил қилиш, тақдимотлар ўтказиш, шунингдек маҳаллий, хорижий консалтинг, архитектура компаниялари хизматлари учун тўловлар ва бошқа харажатлар ҳомийлик хайриялари, кредитлар, Бухоро вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.


7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда белгиланган тартибда "Bukhara Сity" мажмуасини барпо қилиш бўйича ажратиладиган ер участкаси чегараларини аниқ белгиласин ва ушбу ҳудудда топографик тасвирга олиш ишларини амалга оширсин.


8. Бухоро вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда ўн кун муддатда "Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудида мулкчилик шаклидан қатъи назар, бузиладиган ва бошқа жойга кўчириладиган объектларнинг тўлиқ хатловдан ўтказилишини ҳамда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида уларнинг аниқ рўйхати шакллантирилишини;

"Bukhara Сity" мажмуаси жойлаштириладиган ҳудудда бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши кутилаётган объектларнинг мулкдорларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмий огоҳлантирган ҳолда уларни бузиш ишларига зарур пудратчи ва қурилиш ташкилотларини жалб қилиш чоралари кўрилишини ҳамда босқичма-босқич "Bukhara Сity" мажмуаси қурилиш майдони тайёрланишини;

"Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудида ер участкаси олиб қўйилиши режалаштирилаётган манфаатдор шахслар билан очиқ муҳокама ўтказилишини, жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишини;

объектлар бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши натижасида хусусий мулк эгаларига етказилган зарар, уларнинг талабига кўра, белгиланган тартибда молиявий маблағлар ва кредитлар бериш, ер участкаси (заруратга кўра, келишилган ҳолда қўшимча ер участкаси) ёки бўш бино ва иншоотлар ажратиш орқали қоплаб берилишини;

"Ўздонмаҳсулот" АК билан келишган ҳолда "Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудида бузилишга тушган "Бухородонмаҳсулотлари" АЖга қарашли объектларни кўчириш ва қуриш учун Бухоро шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига тегишли бинолар ва иншоотлар (собиқ "985-сонли Бухоро ишлар бошқармаси" АЖ бино ва иншоотлари)нинг жойлашган ҳудуди билан биргаликда "Бухородонмаҳсулотлари" АЖга ажратилишини таъминласин.

Бунда, "Бухородонмаҳсулотлари" АЖнинг бинолар ва иншоотларини бошқа жойга кўчириш муддати қисқалигини эътиборга олиб, истисно тариқасида бинолар ва иншоотларни бузиш, қуриш ҳамда ускуна ва жиҳозларни сотиб олишни тендер (танлов) ўтказмаган ҳолда, тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилишига рухсат берилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ, Автомобиль йўллари қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги Дирекция билан биргаликда "Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудини тасдиқланган Бош режага мувофиқ зарур инфратузилма, шу жумладан ичимлик суви ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ, автомобиль йўллари ҳамда ирригация тармоқлари билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Бунда:

ичимлик суви таъминоти ва оқова тармоқларини қуриш - Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

мажмуа ҳудудигача электр энергияси ва табиий газ таъминоти тармоқларини қуриш - тегишлича "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ўзтрансгаз" АЖ маблағлари;

автомобиль йўлларини қуриш - Бухоро вилояти маҳаллий бюджети;

мажмуа ҳудудидаги ички муҳандислик-коммуникация инфратузилма объектларини барпо этиш инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

"Bukhara Сity" мажмуаси ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳаларга салоҳиятли хорижий ва маҳаллий инвесторлар жалб этилишини;

"Bukhara City" мажмуаси ҳудудида барпо этиладиган халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун "Экспомарказ", шунингдек спорт-соғломлаштириш объектлари ва бошқа ижтимоий соҳа инфратузилмаларини тасдиқланган Бош режа ва лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида босқичма-босқич 2020-2022 йиллар Инвестиция дастурларига киритилишини таъминласин.


14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги "Республика ҳудудларида "Business city" замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3895-сон қарорининг 8, 9, 11, 12 ва 13-бандларининг амал қилиши "Bukhara Сity" мажмуаси қурилиши лойиҳасининг тегишли қатнашчиларига, шу жумладан Дирекцияга татбиқ этилсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.


16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов, Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ҳамда Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                  А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 8 июлдаги

565-сон қарорига

ИЛОВА



Бухоро шаҳрида "Bukhara City" мажмуасини

барпо қилиш жараёнида зарур тадбирларни

ташкиллаштириш ва инвестиция лойиҳаларини

кўриб чиқиш бўйича вилоят кенгаши

ТАРКИБИ

        

Ў. Барноев

-

Бухоро вилояти ҳокими, Кенгаш раиси

Б. Шахриёров

-

Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари, Кенгаш раисининг ўринбосари

К. Камолов

-

Бухоро шаҳар ҳокими

Ҳ. Давлатов

-

Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи

Б. Адилов

-

Бухоро вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи

Т. Очилов

-

Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

И. Жўраев

-

Бухоро вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи

Ш. Ашуров

-

Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи

Д. Салимов

-

Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи

Ш. Хакимов

-

Бухоро вилоят марказий банк бош бошқармаси бошлиғи

Н. Кенжаев

-

Бухоро вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи

Ў. Ҳамроев

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи

Б. Тошев

-

"Қурилишлойиҳа" МЧЖ директори

лавозимига кўра

-

"Bukhara City" мажмуаси ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси директори

М. Ғайбуллаев

-

Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати котибият мудири - кенгаш котиби.

Изоҳ. Заруратга кўра, кенгаш таркибига бошқа ташкилотлар ҳам жалб қилинади. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёхуд зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 июль