язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.2019 й. 566-сон "Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2019 й.

N 566



ЎЗИНИ ЎЗИ БАНД ҚИЛГАН ФУҚАРОЛАР УЧУН

ВАҚТИНЧАЛИК МЕҲНАТ ГУВОҲНОМАСИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида" 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон қарорини ижро этиш юзасидан, шунингдек, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий қилинсин.


2. Қуйидагилар:

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бериш схемаси 2-иловага мувофиқ;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятни мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган жисмоний шахслар меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари (кейинги ўринларда меҳнат гувоҳномалари деб аталади) бериладиган ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ҳисобланади;

ўзини ўзи банд қилган фуқароларга меҳнат гувоҳномаси меҳнат органлари томонидан уларнинг доимий яшаш жойидан қатъи назар (экстерриториаллик принципи бўйича) пулли асосида берилади, ушбу тўловларни ундиришдан тушган тушумларнинг бир қисми ўзини ўзи банд қилганларнинг пенсия суғуртасини таъминлашга мақсадли йўналтирилади;

вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилган санадан бошлаб ва улар амал қилишининг бутун даври пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун фуқароларнинг меҳнат стажига ҳисобланади;

ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган мақомига эга бўлган фуқароларни шартнома асосида хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда кўрсатиб ўтилган фуқаролар меҳнатига ҳақ тўлаш ягона ижтимоий тўловнн ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди;

вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун тўлов ундиришдан тушган маблағларнинг 60 фоизи Ўзбекистон Реепубликаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига - ўзини ўзи банд қилган фуқаро томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳисобига, 20 фоизи Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига (кейинги ўринларда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси деб аталади) ва 20 фоизи туманлар (шаҳарлар) бюджетларига йўналтирилади;

вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси амал қиладиган даврда ўзини ўзи банд қилган фуқаро Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига ишсизга тўланадиган ишсизлик бўйича нафақани ва касбга ўқиш даврида стипендияни ололмайди.


4. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобига меҳнат гувоҳномаларини олиш учун онлайн-майдончани ишлаб чиқсин ва амалиётга татбиқ этсин, уни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонига мувофиқ жорий этиладиган "Ягона меҳнат миллий тизими" ахборот тизимига интеграциялашни назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюролари фаолиятини танқидий таҳлил қилсин ҳамда уларнинг негизида ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ва уларнинг хизматлари (ишлари) потенциал буюртмачилари ўртасида шартнома тузиш учун самарали фаолият кўрсатадиган майдончалар ташкил этиш орқали улар иш усулларини тубдан қайта кўриб чиқиш ва натижадорлигини ошириш юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар иш излаётгани ва таклиф этиладиган хизматлар тўғрисида ўз реклама эълонларини жойлаштиришда меҳнат гувоҳномаси борлиги ҳақидаги маълумотларни мажбурий тартибда кўрсатишни назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифларни тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 4-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Қоракалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларидан фойдаланишнинг, шу жумладан, меҳнат стажини ҳисобга олиш ҳуқуқи билан расмий бандлик мақомини олишнинг ва рағбатлантирувчи имтиёзлар олишнинг устун жиҳатлари ҳақида аҳоли орасида кенг тушунтириш ишларини тизимли ва доимий асосда олиб борсинлар.


7. Ўзбекисгон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тадбиркорлик соҳасида ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритиш ҳақида таклиф киритсин;

улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Д.А. Қўчкоров ва бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Д. Кудбиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 июлдаги

566-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик

меҳнат гувоҳномасини бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъект

Тадбирлар

Ижро муддати

1-босқич

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро

Ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олиш учун тегишли меҳнат органига 3х4 ўлчамли фотосуратни илова қилган ҳолда ариза (қоғоз ёки электрон шаклда) беради.

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

2-босқич

Меҳнат органи

1. Аризада кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқлигини текширади.


2. "Ягона меҳнат миллий тизими" ахборот тизимига маълумотларни киритади ва аризани рўйхатга олади.


3. Ариза берувчига:

гувоҳнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда - гувоҳнома бериладиган сана ва жой;

гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда - рад этиш сабаби тўғрисида sms-хабар юборади.

Ариза тушганидан кейин 3 иш куни мобайнида

3-босқич

Ўзини ўзи банд қилган фуқаро

1. Паспортнинг рақами ва сериясини ҳамда СТИРни кўрсатган ҳолда белгиланган миқдорда тўлов тўлайди.


2. Меҳнат органида шахсан ўзи ёки вакили орқали ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг расмийлаштирилган вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олади.

Ариза берилган санадан бошлаб 3 иш куни мобайнида





Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 июлдаги

566-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик

меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият

(хизматлар, ишлар) турлари

РЎЙХАТИ

        

Т/р

Фаолият (хизматлар, ишлар) турининг номи

Фаолият (хизматлар, ишлар) тури коди*

1

Уйда репетиторлик қилиш - болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ва гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш

O' O' B - 1.1.1

2

Болаларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар

O' O' B - 1.1.2

3

Беморлар ва ўзгалар парваришига муҳтож кекса шахсларга қараб туриш ва уларни парвариш қилиш бўйича жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар

O' O' B - 1.1.3

4

Уй хўжалигини юритиш ва уй ишларини бажариш, шу жумладан, турар жойларни тозалаш, овқат пишириш бўйича уй хўжаликларига хизмат кўрсатиш

O' O' B - 1.1.4

5

Хизмат биноларини тозалаш, юридик шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

O' O' B - 2.1.1

6

Уйда мебелларни таъмирлаш ва йиғиш

O' O' B - 1.1.5

7

Мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, таъмирлаш-қурилиш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик, ғишт ва кафель териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари)

O' O' B - 1.2.1

8

Сантехника ускунасини майда таъмирлаш ва ўрнатиш

O' O' B - 1.2.2

9

Квартира ичида (шахсий қурилиш ишларида - уй ичида) электр монтаж ишлари (электр хавфсизлиги бўйича рухсат бўлганда)

O' O' B - 1.2.3

10

Деҳқон ва фуқароларнинг томорқа участкаларида ер чопиш ва рекультивация ишлари

O' O' B - 1.3.1

11

Фермер хўжаликлари эгалари буюртмаси бўйича қишлоқ хўжалиги ишлари (қишлоқ хўжалиги ўсимликлари ва ҳайвонларга қараб туриш, қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлари)

O' O' B - 1.3.2

12

Фуқароларнинг дала-ҳовли ва томорқа участкалари ландшафтини тузиш ишлари

O' O' B - 1.3.3

13

Қишлоқ хўжалиги ўсимликларини экиш ва парвариш қилишда, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини йиғиб олишда деҳқон ва томорқа участкалари эгаларига ёрдам бериш

O' O' B - 1.3.4

14

Чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш

O' O' B - 1.3.5

15

Компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, сайтларни, компьютер дизайнини ишлаб чиқиш, тизим маъмури хизматлари

O' O' B - 1.4.1

16

Буюртмачининг уйида бажариладиган маиший техникани таъмирлаш

O' O' B - 1.4.2

17

Автомобилларни майда таъмирлаш

O' O' B - 1.4.3

18

Автомобиль ювиш, автомобиллар кузовларини силлиқлаш

O' O' B - 1.4.4

19

Механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари

O' O' B - 1.5.1

20

Макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хомашё тўплаш

O' O' B - 1.5.2

21

Халқ таботати (лицензияси бўлганда)

O' O' B - 1.6.1

22

Бош хизматкор ва консьерж хизматларини кўрсатиш

O' O' B - 1.7.1

23

Товарларни етказиб бериш, экспедиторлик хизматлари кўрсатиш, шу жумладан, шахсий транспортдан фойдаланиб етказиб бериш (юк ташиш бундан мустасно)

O' O' B - 1.8.1

24

Хизмат биноларини тозалаш, юридик шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

O' O' B - 2.1.1

     

*) Фаолият (хизматлар, ишлар) тури коди ўзини ўзи банд қилган фуқаронинг вақтинчалик меҳнат гувоҳномасида кўрсатилади.






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 июлдаги

566-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисидаги низомнинг 10-банди "б" кичик бандида:


а) қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши қўшилсин:

"ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун олинган маблағларнинг 60 фоизи";


б) саккизинчи хатбоши тегишли равишда тўққизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


2. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 12-бандига қуйидаги мазмундаги кичик банд қўшилсин:

"р) ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасининг асли ёки дубликати".


3. Вазирлар Маҳкамасининг "Ишга жойлаштиришга муҳтож аҳоли сонини аниқлаш, шу жумладан, уй хўжаликларини меҳнат билан бандлик масалалари бўйича ўрганишлар ўтказиш, шунингдек, меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш балансини шакллантириш методикасини такомиллаштириш тўғрисида" 2017 йил 22 декабрдаги 1011-сон қарорида:


а) 2-илованинг 4-позицияси "Маълумотлар мазмуни" устунига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун амалдаги вақтинчалик меҳнат гувоҳномасига эга бўлган фуқароларининг ўртача йиллик сони";


б) 4-илова 9-бандининг тўртинчи хатбошига "деҳқон хўжалиги аъзолари" сўзларидан кейин "ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар" сўзлари қўшилсин.


4. Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарорида (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2018 й., 12-сон, 320-модда):


а) 1-илованинг 10-банди 2-кичик бандига қуйидаги мазмундаги хатбоши қўшилсин:

"ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишда фуқароларга кўмаклашади, уларнинг рўйхатга олинишини ва уларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилишини белгиланган тартибда таъминлайди, ўзини ўзи банд қилган фуқароларга рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш чораларини кўради";


б) 2-иловада:


6-банднинг еттинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат дафтарчалари бланкаларини реализация қилишдан ва ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари беришдан тушган даромадлар";


8-бандда:

қуйидаги мазмундаги ўттиз тўртинчи хатбоши қўшилсин:

"ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини олган фуқароларга рағбатлантирувчи имтиёзлар бериш";

ўттиз тўртинчи хатбоши ўттиз бешинчи хатбоши деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 июль