Умная подшивка
2019 й. / СБХ, 29 /Божхона
ТАНҚИДИЙ ТАҲЛИЛ РУҲИДА
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил I ярим йиллик
якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
Видеоселектор шаклида ташкил қилинган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, "Тошкент-АЭРО" ИБК, Божхона институти вакиллари ва Миллий кинология маркази шахсий таркиби иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги "Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-5755-сон Фармони ижроси доирасида давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.
Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълум қилинишича, жорий йилда давлат бюджетига салкам 7,2 трлн сўмлик божхона тўловлари ундирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,1 фоизга кўп демакдир. Натижада божхона тўловлари бўйича кўзланган режа 105,5 фоизга бажарилган.
Республикамиз божхоначилари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган ва божхона кўриклари натижасида 8 621 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 102,7 млрд сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмаси фош қилинган.
Жумладан, 18,6 кг гиёҳвандлик воситалари, 29 минг 995 дона психотроп таблеткалар, 43 та қурол, 8,6 мингдан ортиқ тақиқланган диний мазмундаги материаллар ўз вақтида тўхтатиб қолинди.
Божхона органларида хавфларни бошқариш тизимининг жорий этилиши божхона назоратини камайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мавжуд куч ва воситалардан мақбул фойдаланиш, божхона назоратини ўтказиш ҳамда расмийлаштириш учун сарфланган вақтни қисқартириш ва унинг самарадорлигини оширишга имкон берди.
Масалан, божхона расмийлаштирувидан ўтказилган юкларнинг 60 фоизи, хусусан экспортга мўлжалланган юкларнинг 82 фоизи божхона кўригидан ўтказилмади. Шунга қарамай, тизим кўмагида божхона ҳуқуқбузарликларини аниқлаш самарадорлиги деярли 4 баробарга ошди ва натижада ундирилиши лозим бўлган 18,6 млрд сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Товарларнинг экспорти учун сарфланган вақт 2018 йилдагига нисбатан 4,3 мартага қисқариб, 39 дақиқани, импорт учун сарфланган вақт эса 2 баробарга қисқариб, ўртача 21 соатни ташкил қилмоқда.
Эришилган натижаларга қарамай, соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлиги йиғилишда алоҳида қайд қилинди. Танқидий таҳлил руҳида
...