язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари/ Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 12.07.2019 й. 3172-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 08.07.2019 й. 2019-45-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 12 июлда 3172-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2019 йил 8 июлдаги

2019-45-сон қарорига

ИЛОВА



Юридик шахсларни йирик солиқ

тўловчилар тоифасига киритишнинг

мезонларини белгилаш тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 320-сон "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритиш мезонларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом солиқ маъмуриятчилигини амалга ошириш мақсадида ушбу Низомнинг 4-бандида белгиланган мезонлар асосида аниқланадиган йирик солиқ тўловчи юридик шахслар тоифасига нисбатан татбиқ этилади.


2. Йирик солиқ тўловчилар бўйича мезонлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 22-2-моддасига асосан солиқ тўловчиларга солиқ солиш тартибини танлаш ёки ўзгартириш ҳуқуқини бермайди.


3. Йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. ЮРИДИК ШАХСЛАРНИ ЙИРИК

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР ТОИФАСИГА

КИРИТИШНИНГ МЕЗОНЛАРИ


4. Қуйидагилар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилади:

а) акциз солиғига тортиладиган товарларни ишлаб чиқарувчи корхоналар;

б) тижорат банклари ҳамда уларнинг филиаллари, товар-хом ашё, фонд ва валюта биржалари;

в) "Навоий КМК" ДК, "Олмалиқ КМК" АЖ ҳамда уларнинг таркибига кирувчи ташкилотлар;

г) маҳсулот тақсимотига оид битим бўйича ишларни бажаришда иштирок этаётган ташкилотлар;

д) ўтган календарь йил якуни бўйича маҳсулот (товар, иш ва хизмат) ларни сотишдан олинган соф тушуми 100,0 миллиард сўмдан юқори бўлган юридик шахслар.


5. Йирик солиқ тўловчилар тоифасини белгилашда, мазкур Низомнинг 4-банди  "д" кичик бандида кўрсатиб ўтилган мезонлар, юридик шахсларнинг ўтган календарь йил якуни бўйича солиқ органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботларидаги кўрсаткичларига асосан аниқланади.


6. Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган юридик шахслар календарь йил якуни билан мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган мезонларга жавоб бермаса, ушбу хўжалик юритувчи субъектлар навбатдаги уч йил мобайнида йирик солиқ тўловчилар тоифасида қолади.


7. Мазкур Низом талаблари татбиқ этиладиган йирик солиқ тўловчилар рўйхати ҳар йили кейинги солиқ даври бошлангунга қадар бир ойдан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган ёки рўйхатидан чиқарилган юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ёзма равишда, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабардор қилинади.



3-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


8. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


9. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 15 июль, 28-сон, 514-модда