язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Таълим/ Умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2019 й. 577-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 июлдаги

577-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим

муассасаларида психологик хизмат фаолиятини

ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом умумий ўрта ва ўрта махсус давлат таълим муассасаларида (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Психологик хизматнинг фаолияти:

халқ таълими тизимидаги таълим муассасаларида - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази (кейинги ўринларда Республика ташхис маркази деб аталади), Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси (кейинги ўринларда ҳудудий халқ таълими бошқармалари деб аталади) ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари (кейинги ўринларда халқ таълими бўлимлари деб аталади) томонидан;

академик лицейларда - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда идоравий мансублигига кўра тегишли олий таълим муассасаси (кейинги ўринларда олий таълим муассасаси деб аталади) томонидан;

касб-ҳунар таълими муассасаларида - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармалари томонидан мувофиқлаштирилади.


3. Психологик хизмат ўз фаолиятини таълим муассасаларида педагог ва тиббиёт ходимлари, ўқувчиларнинг ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этади.



2-БОБ. ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТНИНГ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Психологик хизматнинг мақсади ўқувчиларнинг маънавий ва ақлий ривожланиши, баркамол шахс сифатида шаклланиши, фаол ижтимоий мослашуви ва уларнинг ёш даврлари бўйича ривожланишида саломатлигини муҳофаза қилиш, узлуксиз таълим жараёнида ўзлигини англаши, индивидуал психологик хусусиятлари, шахсий имкониятлари ва қобилиятларини намоён этишлари учун психологик-педагогик шарт-шароитлар яратишдан иборат.


5. Қуйидагилар психологик хизматнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятини ташкил этиш ишларини сифатли ташкил этиш, шу жумладан, иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ишлари самарадорлигини ошириш;

ўқувчиларнинг қобилияти, лаёқати, қизиқишлари ҳамда касб-ҳунарга мойилликлари асосида касб-ҳунарни тўғри танлашларига кўмаклашиш;

турли ёш даврларида ўқувчиларнинг шахсий, ақлий ва ижтимоий ривожланишини психологик жиҳатдан кузатиб бориш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, уларнинг ақлий ривожланишида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларнинг олдини олиш;

ўқувчилар таълим муассасасининг ижтимоий муҳитига мослаша олмаслиги ҳолатларини коррекциялаш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш бўйича тадбирларни ташкил этиш ва амалга ошириш;

педагогик жамоаларда соғлом психологик муҳитни яратиш ва қўллаб-қувватлаш, жамоа аъзоларининг ҳиссий-эмоционал ҳолатлари, шахслараро муносабатлар ва зиддиятли хатти-ҳаракатларни коррекциялаш, уларнинг психологик маданиятини юксалтириш;

истеъдодли ва иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларнинг индивидуал-психологик, физиологик хусусиятлари ва қизиқишларини ўрганиш, қобилиятларини намоён этишлари ва ривожлантиришлари учун шарт-шароитлар яратиш;

ахборот-психологик хуружларнинг хавфи, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг салбий таъсири, ёшлар тарбиясига хавф солаётган "оммавий маданият"нинг кириб келиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларни ўтказиш;

педагог ходимлар, ўқувчилар ҳамда ота-оналарнинг психологик-педагогик билимларини оширишга кўмаклашиш, педагог ходимлар, ота-оналар ва жамоат ташкилотларининг самарали ҳамкорлигини таъминлаш.



3-БОБ. ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ

ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Қуйидагилар психологик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

психологик маърифат ва ташвиқот;

психологик-педагогик ташхис;

психологик профилактика;

психологик коррекция;

психологик маслаҳат;

касб-ҳунарга йўналтириш.


7. Психологик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагиларни назарда тутади:


а) психологик маърифат ва ташвиқот йўналишида:

педагогик жамоа, синф раҳбарлари ва ота-оналарнинг психологик саводхонлиги ва компетентлигини оширишда дастлабки психологик-педагогик билим ва тушунчалар, ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув орқали оилавий муносабатлар, шахсий гигиена ва соғлом турмуш бўйича тавсиялар бериш;

ўқувчилар, педагог ходимлар, ота-оналар билан якка ва жамоавий шаклдаги суҳбатлар, маслаҳатлар, семинар-тренинглар ташкил этиш, турли хил йиғилишларда маърузалар билан чиқишлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали психологик билимларни бериб бориш;


б) психологик-педагогик ташхис йўналишида:

ўқувчиларнинг таълим-тарбия жараёнидаги иштироки, уларнинг ҳар бир ҳолат, воқеа ва ҳодисага муносабатини психологик-педагогик ташхисга оид янги методикалар асосида ўрганиш, таҳлил этиш ва зарур кўрсатмалар бериш;

ўқувчиларнинг қизиқишлари, мойилликлари, истеъдоди ва иқтидоридаги асосий йўналишларни аниқлаш;

таълим муассасасига қабул қилинган ўқувчиларнинг психологик мослашуви ва ривожланиш динамикасини, ўқувчиларнинг ўқишга тайёргарлик ҳолатлари, ўзлаштириши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш, ўрганиш, таҳлил қилиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

таълим муассасасининг кейинги босқичларига ўтган ўқувчиларнинг янги ижтимоий муҳитга мослашуви, ўқув фаолияти, билим, кўникма ва малакаларни эгаллаш динамикаси, шахс сифатлари, шахслараро муносабатлар шаклланишини кузатиб бориш, таҳлил этиш, коррекцион машғулотларни ташкил этиш;

психологик-педагогик ташхислар, сўровномалар, суҳбатлар орқали ўқувчиларнинг касбий қобилиятлари, қизиқишлари ва фанни ўзлаштиришга бўлган мойилликларини аниқлаш, уларнинг онгли равишда касб-ҳунар танлашларига кўмаклашиш, таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш учун ўқувчилар ва ота-оналарга тавсиялар бериш ва йўналтириш;

ижтимоий-психологик муаммолари мавжуд ҳамда фанларни ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар билан психологик-педагогик ташхислар, сўровномалар, суҳбатлар ўтказиш орқали муаммо турини аниқлаш, гуруҳлаш ва улар билан коррекцион ишларни олиб бориш;


в) психологик профилактика йўналишида:

ўқувчилардаги барча салбий ҳолатлар ва мойилликларнинг олдини олиш бўйича педагог ходимлар ва ота-оналар учун тавсиялар ишлаб чиқиш;

ўқувчиларнинг тенгдошлари ва катталар билан ўзаро муносабатларида психологик шикаст етказувчи омилларни бартараф этишда ёрдам кўрсатиш;

ўқувчилар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича олиб бориладиган профилактика ишларида иштирок этиш;

ўқувчилар хулқ-атворидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш, руҳий зарба, низо, салбий эмоционал кечинмалар ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш;

саломатлиги жиҳатидан имконияти чекланган ўқувчиларни психологик қўллаб-қувватлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ота-оналар билан учрашувлар, суҳбатлар, семинар-тренинглар, мунозаралар ва очиқ мулоқотлар ташкил этиш, тақдимотлар ва видеофильмлар намойишларини ўтказиш;


г) психологик коррекция йўналишида:

таълим олиш ва касб-ҳунар танлашда қийналаётган ўқувчилар, шахснинг мотивацион доираси билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида индивидуал ва жамоавий коррекция ишларини олиб бориш;

етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг психологик реабилитациясини таъминлаш;

мутахассис сифатида ўқувчининг психологик ҳолатига оид маълумотларга муносабат билдириш, тарбиясида салбий ҳолатлар мавжуд бўлган ўқувчилар билан коррекцион ишларни амалга ошириш;

таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг билиш фаоллиги ҳамда қизиқишларини ривожлантириш, уларнинг интеллектуал пассивлигини коррекциялаш;

индивидуал ёки жамоавий тартибда ота-оналар ва педагог ходимларни жалб этган ҳолда ўйин, мулоқот, суҳбат, тренинг, машқ ва машғулотлар шаклида тадбирлар ташкил этиш;


д) психологик маслаҳат йўналишида:

ўқувчиларнинг индивидуал ривожланишидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича барча таълим жараёни қатнашчиларига маслаҳатлар бериш;

ўқувчиларга таълим олиш, келажагини аниқлаш, тенгдошлари ва ёши катталар билан муносабатларидаги муаммоли ҳолатлар юзасидан маслаҳатлар бериш;

ўқувчиларнинг психик ривожланиш хусусиятлари, шахс сифатида шаклланиши, шахслараро муносабат мақоми, уларнинг ёш, жинс, индивидуал-типологик хусусиятлари муаммоси бўйича амалий маслаҳатлар ташкил этиш;


е) касб-ҳунарга йўналтириш йўналишида:

ўқувчиларга турли касблар, ихтисосликлар, мансаб лавозимлари, танланган касбни, ихтисосликни эгаллаш мумкин бўлган таълим муассасалари ҳамда касбнинг инсонга, унинг жисмоний, психологик ва шахсий сифатларига, саломатлигига қўядиган талаблари ҳақида маълумотлар бериш;

ўқувчиларнинг билиш (ўқув предметларига, фанга) ва касбий (касбларга, мутахассисликларга) қизиқишларини, касб танлаш мотивлари ва касбий режаларини аниқлаш ҳамда баҳолаш;

ўқувчиларга уларнинг индивидуал хусусиятлари ва меҳнат бозори талабларини, таълим олиш ҳамда келгусида ишга жойлашиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда касб ва таълим муассасасини танлашга кўмаклашиш;

ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини, касбларга қизиқиш, меҳнатсеварлик, ишчанлик ва масъулиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш.



4-БОБ. ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Таълим муассасасида психологик хизмат муассаса раҳбарининг буйруғига мувофиқ ўқувчилар сонидан келиб чиқиб 1-3 та штат бирлигидан иборат таркибда ташкил этилади.

Психологик хизматнинг психолог кадрлари (кейинги ўринларда психолог кадрлар деб аталади) сони бир нафардан ортиқ бўлганда улардан бирига психологик хизмат раҳбарлиги юкланади.


9. Психолог кадрлар лавозимига қўйиладиган малака талаблари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда белгиланади.


10. Таълим муассасаларида психологик хизмат фаолиятининг назорати бевосита таълим муассасаси раҳбари томонидан амалга оширилади. Психолог кадрлар ўз фаолияти доирасида бевосита таълим муассасаси раҳбарига бўйсунади.

Психолог кадрлар таълим муассасасининг педагог ходимлари билан биргаликда ўқувчиларнинг психологик ҳолати, муассасанинг психологик муҳити, коррекцион-ривожлантирувчи ва профилактик тадбирларнинг амалга оширилиши, касб-ҳунарга йўналтириш ва ташхис қўйиш фаолияти учун масъул ҳисобланади.


11. Психолог кадрлар ўз фаолиятини таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига ҳамда ўқув дастури ва ўқув режасида белгиланган дарс машғулотлари ўтказилишини инобатга олган ҳолда амалга оширади.


12. Таълим муассасаларида психолог кадрлар учун ҳафтасига 36 соатли иш тартиби жорий этилади.


13. Таълим муассасаси раҳбарияти томонидан психолог кадрларнинг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилади.


14. Психолог кадрлар малакасини ошириш мувофиқлиги бўйича тегишли муассасаларда ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади.


15. Психолог кадрларнинг вазифалари ва функциялари таълим муассасаси уставида белгиланади.


16. Таълим муассасаларида психологик хизматнинг фаолияти тегишлилиги бўйича Республика ташхис маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий иш режа асосида ташкил этилади.


17. Психолог кадрларнинг иш режаси таълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори асосида намунавий иш режага мувофиқ тасдиқланади.


18. Психологик хизматнинг ташкилий, илмий-методик ва дастурий таъминоти тегишли равишда Республика ташхис маркази ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда амалга оширилади.



5-БОБ. ПСИХОЛОГ КАДРЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Психолог кадрлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим муассасасини бошқаришда қатнашиш;

таълим муассасаси педагог ходимлари учун белгиланган барча кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиш, жамоат бирлашмаларига сайлаш ва сайланиш;

ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, шунингдек, таълим муассасаси педагоглари билан олиб бориладиган ишларнинг муайян йўналишларини мустақил шакллантириш;

таълим муассасаси раҳбариятидан ўзининг фаолият олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилишини талаб қилиш;

таълим муассасаси раҳбарияти билан келишган ҳолда синфдаги ва синфдан ташқаридаги машғулотларда ҳамда бошқа тадбирларда ўқувчиларнинг хулқ-атвори ҳамда индивидуал хусусиятларини, уларнинг ўқишга ва педагог ходимларга бўлган муносабатларини ўрганиш мақсадида иштирок этиш;

дарс машғулотлари, маънавий-тарбиявий тадбирлар ва спорт мусобақаларини кузатиш, таҳлил қилиш, ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлари билан танишиш, зарур таклиф ва маслаҳатлар бериш;

таълим муассасасининг педагогик ва методик кенгашларида иштирок этиш, ўз йўналиши бўйича таклифлар бериш;

илғор хорижий тажрибани инобатга олиб психологик-педагогик ташхисга оид янги методик дастурларни ишлаб чиқиш, тажриба-синовдан ўтказишда қатнашиш, уларни амалиётга жорий этишда иштирок этиш;

таълим муассасаси раҳбариятининг қонун ҳужжатларига зид равишда берилган топшириқ ва кўрсатмаларини бажармаслик;

ўқувчиларнинг ҳаёти ва фаолиятига доир турли ишчи гуруҳлар ва комиссиялар ишида ўз ихтиёрига кўра қатнашиш, фикрлар билдириш, уларда қабул қилинган қарорлар устидан юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилиш;

давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан илтимосномалар бериш.

Психолог кадрлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


20. Психолог кадрлар:

таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш ва ўқувчиларни психологик таъсирлардан ҳимоя қилишга;

ўзининг касбий кўникмалари ва маҳоратини доимий равишда такомиллаштириш ҳамда белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб боришга;

психологик-педагогик ташхис натижаларини тўғри расмийлаштириш, ташхис натижалари бўйича асосланган тавсиялар беришга;

фаолиятини иш режаси асосида ташкил этишга, амалга оширишга, иш режасининг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрлашга;

психологик маърифат, ташхис, психологик профилактика, коррекцион-ривожлантирувчи, маслаҳат тадбирларини сифатли ташкил этиш ва муддатларига риоя қилишга;

таълим жараёни иштирокчиларининг шахсий маълумотлари ҳамда ташхис натижаларига оид маълумотларини ошкор этмасликка мажбур.

Психолог кадрлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Психолог кадрларга иш ҳақи миқдорлари (лавозим маошлари) қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Таълим муассасаси раҳбари психолог кадрларни рағбатлантириш мақсадида устамалар, қўшимча ҳақ белгилаши мумкин.


22. Психологик хизматнинг самарали ташкил этилиши ва фаолият юритиши бўйича жавобгарлик таълим муассасаси раҳбарига юкланади.


23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июль