язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти/ Ўрта махсус таълим/ "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейи тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 28.06.2019 й. ПҚ-4375-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 28 июндаги

ПҚ-4375-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Темурбеклар мактаби" ҳарбий

академик лицейи тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур низом "Темурбеклар мактаби" ҳарбий академик лицейи (кейинги ўринларда - "Темурбеклар мактаби")нинг мақоми, фаолиятнинг ташкилий асослари, мақсадлари, асосий вазифалари, ўқувчиларни саралаш, қабул қилиш ва четлатиш тартиби, раҳбарларининг жавобгарлигини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати "Темурбеклар мактаби" ҳарбий-академик лицейига ўқувчиларни танлаш ва саралаш тартиби Давлат хавфсизлик хизмати томонидан белгиланади.

2. "Темурбеклар мактаби" давлат таълим муассасаси ҳисобланади ва фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, мазкур низом, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва ўз Уставига мувофиқ амалга оширади.


3. "Темурбеклар мактаби"да ўқув-тарбиявий жараён ўқувчиларни ҳарбий-касбий йўналтириш ва келгусида уларни республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқитиш кўзда тутилган Давлат таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

"Темурбеклар мактаби"да ўқиш муддати икки йилни ташкил этади.


4. "Темурбеклар мактаби"га умумий раҳбарлик қилиш, унинг фаолиятини молиялаштириш, моддий-техник таъминоти тегишли равишда тасарруфида "Темурбеклар мактаби" бўлган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия (кейинги ўринларда - вазирлик ва идоралар) томонидан амалга оширилади.


5. "Темурбеклар мактаби"нинг Намунавий устави, ўқувчилар кийим-бош намуналари ва кийиниш тартиби, уларнинг суткалик озиқ-овқат паёги нормалари вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


6. "Темурбеклар мактаби" юридик шахс ҳисобланиб, банк муассасаларида ҳисоб рақами ва бошқа ҳисоблар, белгиланган намунадаги муҳр, штамп, ўз номи туширилган бланкаларига эга.



2-БОБ. "ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"НИНГ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Ўқувчиларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини таъминлаш учун масъулият ҳиссини ошириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини, Ўзбекистон Республикасига содиқ фидойи фуқароларни аниқ мақсадли ва тизимли тайёрлаш самарадорлигини такомиллаштириш "Темурбеклар мактаби" фаолиятининг мақсадидир.


8. "Темурбеклар мактаби"нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқувчиларда халқимизнинг маънавий-маърифий қадриятларига, унинг маданияти ва урф-одатларига чуқур ҳурматни, уларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахс сифатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантириш;

халқимизнинг тарихи ва бой маданияти, буюк аждодларимизнинг, энг аввало Амир Темурнинг бебаҳо мероси, Ватан озодлиги ва фаровонлиги йўлида ўзини қурбон қилган замондош ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида, Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ўқувчиларни тарбиялаш;

ўқувчиларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлашни ривожлантириш, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билимларни шакллантириш, шунингдек, уларга ҳарбий ишдаги бошланғич билимларни сингдириш;

нотиқлик ва етакчилик хислатларига эга, жисмонан ривожланган, чидамли, мард ва жасур Ватан ҳимоячиларини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар резервини шакллантириш мақсадида республиканинг олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириши учун муносиб номзодларни тайёрлаш.



3-БОБ. ЎҚУВ-ТАРБИЯВИЙ ЖАРАЁННИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


9. "Темурбеклар мактаби"да ўқув жараёни Ўзбекистон Республикасининг олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишиб, вазирлик ва идоралар томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ҳамда Давлат таълим стандартлари асосида ташкиллаштирилади.


10. "Темурбеклар мактаби"да таълим давлат тилида ва рус тилида (Нукус ҳарбий академик лицейида қўшимча равишда қорақалпоқ тилида) олиб борилади.


11. Тиббий ва педагогик асосларга асосланган таълим, меҳнат, дам олиш ва турли тадбирлар уйғунлигини таъминловчи кун тартиби ўқувчилар кечаю-кундуз "Темурбеклар мактаби"да бўлишини ҳисобга олиб тузилади ва Илмий-педагогик кенгаш қарори билан тасдиқланади.


12. Мансабдор шахсларнинг вазифа ва функционал мажбуриятлари, шунингдек, ўқувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари "Темурбеклар мактаби"нинг Устави билан белгиланади.


13. Биринчи курсда ўқиш якунланганидан сўнг якуний назорат натижалари асосида "Темурбеклар мактаби" ўқувчиларини кейинги курсга ўтказиш тўғрисида директорнинг буйруғи чиқарилади.


14. Халқаро ва республика фан олимпиадаларида 1-3-ўринларни эгаллаган "Темурбеклар мактаби" ўқувчиларини ҳамда уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантириш (мукофотлаш) республика умумтаълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчиларини ва уларнинг ўқитувчиларини рағбатлантиришни (мукофотлашни) тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилади.



4-БОБ. "ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"

ЎҚУВЧИЛАРИНИ САРАЛАШ ТАРТИБИ


15. "Темурбеклар мактаби"га жорий йилда умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаб-интернат мактабларининг (кейинги ўринларда - умумтаълим мактаблар) 9-синфини тамомлаганлик тўғрисидаги шаҳодатномага эга, соғлиғининг ҳолатига кўра ўқишга яроқли деб топилган ҳамда ҳаққоний ва шаффофлик тамойилларига асосланган саралаш танловидан муваффақиятли ўтган, эркак жинсли Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўқишга қабул қилинади.


16. Саралаш танлови дастлабки танлаш, ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан иборат.

Саралаш танловини ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан белгиланади.


17. Номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари билан ишлаш, ташкилий ишларни бажариш, зарур материал ва ҳисоботларни тайёрлаш учун "Темурбеклар мактаби"да қабул комиссияси тузилади, унинг таркиби ҳар йили тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг буйруғи билан тасдиқланади.

Қабул комиссияси ўз фаолиятини "Темурбеклар мактаби"нинг Устави асосида амалга оширади.


18. Ҳарбий-касбий танлов тадбирларини ўтказиш учун ҳарбий округларда вазирлик ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг вакилларидан иборат таркибда тегишли ҳарбий округ қўмондони раислигида махсус идоралараро комиссия тузилади. Идоралараро комиссиянинг таркиби ҳар йили вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

Идоралараро махсус комиссиянинг ишини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан тасдиқланади.


19. Дастлабки танловни ўтказишдан асосий мақсад номзодларнинг кейинчалик олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга кириш, давлат хизматчиси бўлиш истагида бўлган шахсларга соғлиғи, шахсий-психологик сифатлари, жисмоний тайёргарлиги бўйича қўйиладиган талабларга мувофиқлигини, шунингдек, юқори интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга номзодларни аниқлаш ҳисобланади.


20. Қуйидагилар дастлабки танловнинг асосий тадбирлари ҳисобланади:

номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш;

номзод тўғрисидаги турли маълумотларни (оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ҳарбий хизматга муносабати ва шу кабилар), номзоднинг "Темурбеклар мактаби"га ўқишга киришини танлашига асослар ва сабабларни аниқлаштириш;

умумтаълим фанлари бўйича ўзлаштириши, соғлиғи ва жисмоний тайёргарлик ҳолатини ҳар томонлама ва холисона баҳолаш;

номзодларнинг шахсий-психологик хусусиятларини ўрганиш.


21. Номзодлар учун дастлабки танлов "Темурбеклар мактаби"га ўқишга кириш истагини билдирган номзодларнинг аризалари асосида яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бўйича бўлимларда ўтказилади.


22. Қуйидагилар "Темурбеклар мактаби"га кириш учун рад жавобини берилишига асос бўлади:

номзоднинг Ўзбекистон Республикаси фуқароси эмаслиги;

номзодга нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги, дастлабки тергов ёки суриштирув ўтказилаётганлиги, жиноят иши судда кўриб чиқилаётганлиги;

жазо чораси туридан ёки амнистия қарори қўлланилганлигидан қатъи назар содир этилган жиноят учун айблов ҳукми чиқарилганлиги;

яшаш жойидан ва ички ишлар органларидан салбий тавсияномалар мавжудлиги.


23. Номзодлар томонидан мудофаа ишлари бўйича бўлимларга тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати "Темурбеклар мактаби" Устави билан белгиланади.


24. Номзодлар тиббий кўрикдан (дастлабки ва якуний) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ўтказилади.

25. Дастлабки тиббий кўрик натижаларига асосан номзоднинг "Темурбеклар мактаби"га ўқишга киришга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Ўқишга киришга яроқсиз деб топилган номзодлар ҳарбий-касбий танловга қўйилмайди.

26. Дастлабки танлов натижалари бўйича "Темурбеклар мактаби"га ўқишга кириш учун тавсия қилинган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўйича бўлимлари томонидан мудофаа ишлари бошқармаларига топширилади.


27. Ҳарбий-касбий танловнинг бош мақсади ўзининг психофизиологик хусусиятлари ва соғлиғининг ҳолати бўйича замонавий талабларга жавоб берадиган, етакчилик сифатларига, ички ишончга, мустаҳкам маънавий-ахлоқий ва интеллектуал салоҳиятга эга, келгусида муносиб Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда давлат хизматчилари бўла оладиган номзодларни аниқлашдир.


28. Ҳарбий-касбий танловнинг асосий тадбирлари қуйидагилардан иборат:

тақдим қилинган номзодга тегишли ҳужжатлар ва уни тавсифловчи маълумотларни ўрганиш;

номзодларни якуний тиббий текширувдан ўтказиш;

номзоднинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш;

номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш;

номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш;

номзод билан якка тартибда якуний суҳбат ўтказиш ва номзодларни тест синовларига қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилиш.


29. Ҳарбий-касбий танлов номзоднинг яшаш жойи бўйича мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади.

31. Якуний тиббий кўрик натижаларига асосан номзоднинг "Темурбеклар мактаби"га ўкишга киришга яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқарилади.

Ўқишга киришга яроқсиз деб топилган номзодлар саралашнинг кейинги тадбирларига қуйилмайди.

32. Номзодларнинг саводхонлик даражасини (орфография ва пунктуация) баҳолаш диктант ёздириш йўли билан аниқланади.

Диктант ўтказиш тартиби ва уни баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Диктант натижасида қониқарсиз баҳо олган номзодлар саралашнинг кейинги тадбирларига қўйилмайди.


33. Номзодларнинг психофизиологик хусусиятларини ўрганиш тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда психологик тестлар ўтказиш орқали ҳарбий округлар томонидан ташкиллаштирилади ва ўтказилади. Психологик тестларни ўтказиш тартиби ва психологик тестлар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижалари якка тартибдаги якуний суҳбат давомида қарор қабул қилишда ҳисобга олинади.


34. Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижаларига кўра қуйидаги хулосалар чиқарилади:

ўқишга кириш учун тавсия этилади;

ўқишга кириш учун тавсия этилмайди.

Психофизиологик хусусиятларни ўрганиш натижалари бўйича ўта олмаган ҳамда ўқишга кириш учун тавсия этилмаган номзодлар саралашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.


35. Номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси мудофаа ишлари бошқармаси томонидан аниқланади.

Жисмоний тайёргарлик даражаси бўйича талабларга жавоб бермайдиган номзодлар саралашнинг кейинги босқичига қўйилмайди.


36. Якка тартибдаги якуний суҳбат идоралараро махсус комиссия томонидан номзоднинг етакчилик сифатлари, мантиқий фикрлаш даражаси, саводхонлиги, ақлий қобилиятлари ҳамда бошқа ҳарбий хизматчи ва давлат хизмати ходими учун муҳим касбий сифатларини аниқлаш мақсадида психофизиологик хусусиятларини ўрганиш ва диктант натижалари асосида мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилади.


37. Якка тартибдаги якуний суҳбат натижаларига кўра номзодни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларини топширишга қўйиш тўғрисида якуний қарор қабул қилинади.


38. Якка тартибдаги якуний суҳбатдан ўта олмаган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (ва бошқа ҳужжатлари) далолатнома асосида номзоднинг яшаш жойи бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқармаси вакилига топширилади.


39. Мудофаа ишлари бошқармалари томонидан расмийлаштирилган номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари мудофаа ишлари бошқармаси орқали тегишли "Темурбеклар мактаби"нинг қабул комиссиясига юборилади.

"Темурбеклар мактаби" қабул комиссиясига номзодларнинг шахсий йиғмажилдларини ушбу мақсадлар учун ваколатга эга бўлмаган бошқа шахслар орқали топшириш қатъиян ман этилади.


40. Тест синовларига рухсат этилган номзодларга мудофаа ишлари бошқармалари томонидан маълумотнома берилади. Маълумотнома ўрта умумтаълим мактабидан умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномани олиш учун асос бўлиб хизмат қилади.


41. Шахсий йиғмажилдларини ўрганиш натижаларига кўра тест синовларига рухсат этилган номзодларнинг рўйхатларини мудофаа ишлари бошқармаларигача етказиш учун "Темурбеклар мактаби"нинг қабул комиссияси масъул ҳисобланади.


42. Номзодларнинг тест синовларида иштирок этиш учун ўз вақтида "Темурбеклар мактаби"га етиб келиши учун жавобгарлик мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқларига юклатилади.


43. "Темурбеклар мактаби"га келиб-кетиш, тест синовларига тайёрланиш ва топшириш даврида жойлашиш ҳамда овқатланиш билан боғлиқ харажатлар номзодларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қопланади.


44. Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади.


45. Тест синовлари ўтказиладиган умумтаълим фанлари блоки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрига кўра уч тилдан - ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларидан бирида топширадилар.


46. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовларининг натижалари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси белгилаган муддатларда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига ҳамда тегишли "Темурбеклар мактаби" қабул комиссиясига тақдим этилади.


47. Тест синовларига белгиланган муддатда келмаган номзодлар учун такрорий тест синовлари ўтказилмайди.


48. "Темурбеклар мактаби"га қабул қилинмаган (саралашдан ўтмаган) номзодларнинг шахсий йиғмажилдлари (ва бошқа ҳужжатлари) далолатнома асосида кейинчалик номзодларнинг яшаш жойи бўйича Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бошқармаларига топшириш учун мудофаа ишлари бошқармаси вакилига берилади.


49. Тест синовларини ўтказиш санаси, жойи ва вақтини вазирлик ва идоралар Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда белгилайди.


50. Тест топшириқлари умумий ўрта таълими фанлари (5-9 синфлари кесимида)нинг Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.


51. Тест синовлари натижасидан норози бўлган номзод, унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар (васийлар) тест синовлари натижаси эълон қилингандан кейин икки иш куни давомида тест синови ўтказилган "Темурбеклар мактаби"да ташкил этилган апелляция комиссиясига ёзма равишда тест натижалари бўйича апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эга бўлиб, уларнинг шикояти қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


52. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ дастлабки ва ҳарбий-касбий танловдан муваффақиятли ўтган қуйидаги номзодлар "Темурбеклар мактаби"га тест синовларисиз танловдан ташқари ўқишга қабул қилинади:

халқаро ва республика фан олимпиадаларининг ғолиблари - белгиланган қабул квотаси доирасида;

ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланиш (шикастланиш) натижасида ногирон бўлиб қолган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарув бўлинмалари хизматчиларининг фарзандлари - квотадан ташқари;

етим, ота-она қаровисиз қолган, ижтимоий носоғлом оилаларда яшаётган, давлат ва жамият кўмагига муҳтож бўлган, жорий йилда умумтаълим мактабларининг 9-синфини тамомлаган Вояга етмаган ёшлар билан ишлаш бўйича ҳудудий идоралараро комиссия тавсияси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларининг қарорлари асосида - квотадан ташқари, белгиланган квотанинг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда.


53. Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилаётган республика ва халқаро спорт мусобақаларининг ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан "Темурбеклар мактаби"га кириш учун ўтказилаётган тест синовларида улар тўплаган балларнинг 20 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.


5-БОБ. "ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"

ЎҚУВЧИЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ТАРТИБИ


54. Номзодларни "Темурбеклар мактаби" ўқувчилари сафига қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра амалга оширилади.

Мазкур Низомнинг 52-бандида кўрсатилган имтиёзларга эга бўлган номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан ўқишга қабул қилинади.


55. Дастлабки ва ҳарбий-касбий танлашдан ўтган номзодлар сони белгиланган қабул квоталаридан кам бўлган тақдирда тест синовлари ўтказилмайди ва номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танлаш натижаларига асосан қабул қилинади.


56. Бир нечта номзодларнинг ўтиш рейтинг баллари тенг бўлган ҳолларда улар орасида биринчи блок фанидан тест натижалари юқори бўлган номзод қабул қилинади, шунда ҳам баҳолар тенг бўлиб қолган тақдирда, умумий ўрта таълим тўғрисидаги шаҳодатномадаги математика, физика, она-тили ва адабиёт фанларидан олган якуний баҳолари йиғиндиси бошқаларникидан юқори бўлган номзод ўқишга қабул қилинади.


57. Тест натижалари тақдим этилгандан сўнг "Темурбеклар мактаби"нинг қабул комиссияси номзодлар рўйхатини тузади ҳамда баённомани расмийлаштиради. Мазкур ҳужжатлар қабул комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланиб, "Темурбеклар мактаби"нинг муҳри билан тасдиқланади.


58. Қабул комиссиясининг баённомаси номзодларни "Темурбеклар мактаби"га ўқувчилар сафига қабул қилиш тўғрисида "Темурбеклар мактаби" директорининг буйруғини чиқариш учун асос бўлади.


59. "Темурбеклар мактаби"га ўқишга қабул қилинадиган шахслар ўқувчи деб аталади, уларга белгиланган намунадаги ўқувчи билети ва рейтинг дафтарчаси берилади.


60. "Темурбеклар мактаби"нинг ташкилий-штат тузилишига мувофиқ ўқув курслари бўйича академик гуруҳлар взводларга бирлашади.

Алгебра, геометрия, физика, хорижий тиллар, информатика, рус тили, она тили ва адабиёт фанлари бўйича машғулотларни ўтказиш вақтида ўқувчилар гуруҳи иккита кичик гуруҳларга бўлиниши мумкин.


61. "Темурбеклар мактаби"ни тамомлагандан кейин битирувчиларга белгиланган намунадаги диплом ва кўкрак нишони берилади.

"Темурбеклар мактаби"ни тамомлаганлик тўғрисидаги кўкрак нишонининг ягона намунаси вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори билан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. Кўкрак нишони китель кўкрак қисмининг ўнг томонига тақилади.



6-БОБ. "ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"

ЎҚУВЧИЛАРНИ ЎҚИШДАН

ЧЕТЛАТИШ ТАРТИБИ


62. Ўқувчиларни "Темурбеклар мактаби"дан четлатиш қуйидагиларга асосланиб амалга оширилади:

соғлиғи туфайли (тиббий комиссия хулосаси асосида);

ўқувчининг аризасига мувофиқ, унинг ота-онаси ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг ташаббусига кўра;

академик ўзлаштиришдан ортда қолиш, бир семестр мобайнида икки ҳафта давомида (72 ва ундан кўп соат) узрли сабабларсиз машғулотларда қатнашмаслик;

"Темурбеклар мактаби"нинг Уставида белгиланган ички тартибни қўпол равишда бузиш;

суднинг қарорига кўра жиноят содир этганликда айбдор деб топилиши;

вафот этганлиги муносабати билан.


63. Ўқувчиларни "Темурбеклар мактаби"дан четлатиш Илмий-педагогик кенгашнинг қарорига мувофиқ директорнинг буйруғи билан амалга оширилади.

Ўқишдан четлатилган ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар йиғмажилди Илмий-педагогик кенгашнинг қарори қабул қилингандан сўнг "Темурбеклар мактаби" директорининг буйруғи имзоланган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда унинг бошқа ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиришини ташкиллаштириш учун Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этилади.


64. Шахсий ҳужжатлар йиғмажилди (ва бошқа ҳужжатлар) Халқ таълими вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан ўқувчининг аниқ ўрта ва ўрта махсус таълим муассасасида таҳсил олиши тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабарнома олингандан сўнг далолатнома асосида ота-онасининг иштирокида унга қайтариб берилади.


65. Ўқишдан четлатилган ўқувчиларни тиклаш, ўқувчиларни бир "Темурбеклар мактаби"дан бошқа "Темурбеклар мактаби"га ўтказиш, шунингдек, бошқа таълим муассасаларидан "Темурбеклар мактаби"га ўтказиш тақиқланади.


66. Ўқувчиларни "Темурбеклар мактаби"дан четлатишдан норози бўлган шахслар белгиланган тартибда юқори турувчи давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.



7-БОБ. РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАР,

"ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"НИ БОШҚАРИШ


67. Раҳбар ва педагог кадрлар ҳамда контракт бўйича ҳарбий хизматчилар лавозимларини бутлаш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


68. "Темурбеклар мактаби"га қонунчиликда белгиланган тартибда вазирлик ва идоралар раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


69. Директор "Темурбеклар мактаби"нинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, ўқувчиларга сифатли таълим бериш ва тарбиялаш, ўқув режа ва дастурларининг бажарилиши, "Темурбеклар мактаби"нинг ўқув-услубий ва молия-хўжалик фаолияти лозим даражада амалга оширилиши учун жавоб беради. Директор ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади, ўз ваколати доирасида қонунчиликда белгиланган тартибда "Темурбеклар мактаби" бўйича буйруқлар чиқаради.


70. "Темурбеклар мактаби" директори тасарруфида "Темурбеклар мактаби" бўлган тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича республика ва хорижий таълим муассасалари билан халқаро меморандум ва битимлар тузиш ҳуқуқига эга.


71. "Темурбеклар мактаби"да педагогик фаолият билан шуғулланишга тегишли маълумотга ва профессионал тайёргарликка ҳамда юксак ахлоқий сифатларга эга шахслар ҳақлидир.


72. "Темурбеклар мактаби"да директор ҳузурида ўқув-тарбия жараёнини ташкил қилиш ва такомиллаштиришга кўмаклашувчи, коллегиал орган ҳисобланадиган Илмий-педагогик кенгаш тузилади.

Илмий-педагогик кенгашнинг вазифа ва функциялари "Темурбеклар мактаби" Устави билан белгиланади.



8-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ

"ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"НИ БОШҚАРИШ

БЎЙИЧА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


73. Қуйидагилар вазирлик ва идораларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

"Темурбеклар мактаби"га бириктирилган олий, олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари билан ўзаро самарали ҳамкорликни ташкил этиш, ўқувчиларнинг олий ҳарбий, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун сифатли тайёрлашда уларнинг роли ва масъулиятини ошириш, шунингдек, бевосита иштирокини таъминлаш;

таълим дастурлари ва ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш;

"Темурбеклар мактаби"ни ҳарбий хизматга чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик учун мўлжалланган ўқув воситалари, махсус адабиётлар, спорт жиҳозлари, замонавий компьютер техникаси, ўқув мақсадлари учун мўлжалланган қурол-аслаҳа ва ҳарбий-техник мулкларнинг замонавий намуналари билан таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ёшларини ҳарбий хизматга чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик дастурига мувофиқ ўқув ва кўргазмали қўлланмалар билан таъминлаш;

"Темурбеклар мактаби" ўқувчилари билан ҳарбий ва ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг дала ўқув майдонлари базаларида чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик амалий машғулотларини ўтказиш;

"Темурбеклар мактаби" ўқувчиларининг олий ҳарбий таълим муассасаларига, ҳарбий қисмлар ва муассасаларга ташрифларини ташкил этиш;

"Темурбеклар мактаби" ҳарбий хизматчиларини олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари малака ошириш факультетларида ҳамда Қуролли Кучлар Академияси (Мудофаа вазирлиги ҳарбий таълим муассасалари ўқитувчи кадрлари малакасини ошириш маркази)да малака оширишини ташкил қилиш;

ўқувчиларни ҳарбий-ватанпарварлик, ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий ва эстетик тарбиялашни таъминлайдиган комплекс маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ўтказиш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда "Темурбеклар мактаби"га муносиб номзодларни танлаб олиш учун ўрта умумтаълим мактабларининг 5-6 синф ўқувчиларининг билими, жисмоний қобилиятлари ва шахсий сифатларини доимий равишда ўрганиш ва улар бўйича ягона маълумотлар базасини тузиш, ҳамда умумтаълим мактабларида "Темурбеклар мактаблари"нинг фаолияти, қабул шартлари ва тақдим қилинаётган имтиёзлар тўғрисида ўқувчиларни хабардор қилиш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини мунтазам равишда олиб борсин.


74. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

вазирлик ва идоралар томонидан давлат таълим стандартларига мувофиқ ишлаб чиқилган "Темурбеклар мактаби"нинг ўқув режалари ва ўқув дастурларини ўрганиш ва келишиш;

соҳадаги олий таълим муассасалари негизида ва малака ошириш муассасаларида "Темурбеклар мактаби" педагог ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнини ташкиллаштириш учун "Темурбеклар мактаби"ни барча зарур расмий ҳужжатлар ҳамда ўқув муассасасини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги диплом ва сертификатлар билан таъминлаш;

"Темурбеклар мактаби"ни зарур ўқув ва илмий адабиётлар билан таъминлаш.


75. Қуйидаги масалаларда кўмаклашиш "Темурбеклар мактаби"га бириктирилган олий ҳарбий, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқув-тарбиявий жараённи ташкил қилиш, таълим дастурлари ва ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш, шунингдек, таҳсил олаётган ёшларни олий таълим муассасасига қадар касбга йўналтириш ва педагог кадрлар малакасини оширишни самарали ташкиллаштириш;

ўқувчиларнинг билим даражаси ва интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш, уларни аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда олий таълим муассасаларда ўқишни давом эттиришга тайёрлаш;

миллий ва хорижий таълим муассасаларининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда таълим жараёнини ташкиллаштиришнинг замонавий методларини жорий этиш, шунингдек, унинг мазмунини доимий равишда янгилаш;

юқори билим даражаси, интеллектуал салоҳият ва профессионал маҳоратга ҳамда камида 5 йил узлуксиз педагогик иш стажига эга бўлган ўқитувчиларни "Темурбеклар мактаби"да ишлаш учун танлаб олиш.



9-БОБ. "ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ"НИНГ

МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК

ТАЪМИНОТИ


76. "Темурбеклар мактаби" фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети;

вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлар;

ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий хайриялари ҳамда мақсадли бадаллари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалари.


77. Молиялаштириш маблағлари "Темурбеклар мактаби" ихтиёрида бўлиб, улардан қонунчилик ва "Темурбеклар мактаби" Уставига мувофиқ мустақил равишда фойдаланилади.

Ҳар бир "Темурбеклар мактаби"да тасарруфида ушбу мактаблар бўлган вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, тегишли ҳарбий-маъмурий секторларнинг маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари ҳисобидан шакллантириладиган "Темурбеклар мактаби"нинг ишчи ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдоридаги директор фонди ташкил этилади.

Ушбу фонднинг маблағларидан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардияси томонидан мустақил белгиланади.

"Темурбеклар мактаби" директори фондининг жорий йилда ўзлаштирилмаган молиявий маблағларини кейинчалик мақсадли фойдаланиш учун келаси йилга ўтказишга рухсат этилади.


78. "Темурбеклар мактаби" белгиланган тартибда ўз ишининг натижаларини оператив ва бухгалтерия ҳисоб-китобларини амалга оширади, статистик ва бухгалтерлик ҳисобини юритади.

"Темурбеклар мактаби"да хўжалик ва молия интизомига риоя қилиниши устидан назорат ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


79. "Темурбеклар мактаби"ни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан амалга оширилади.


80. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор деб топилган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 июнь