язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Тадбиркорлик/ Инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2019 й. 621-сон "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2019 й.

N 621



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИНВЕСТИЦИЯЛАР ВА ТАШҚИ САВДО ВАЗИРЛИГИ

ҲУЗУРИДАГИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТИЦИЯЛАРНИ

ЖАЛБ ЭТИШ АГЕНТЛИГИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 28 январдаги ПҚ-4135-сон қарорини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик манфаатларини ҳисобга олган ҳолда республика иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этишга, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ягона давлат инвестиция сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

хорижий инвесторларни ахборот билан, ҳуқуқий ва бошқа томондан қўллаб-қувватлаш, шунингдек давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий тадбиркорлар билан инвестиция фаолияти соҳасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишда уларга кўмаклашиш;

хорижий инвестициялар иштирокидаги истиқболли ва амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари маълумотларининг ахборот базасини шакллантириш ва юритиш, уларнинг амалга оширилиш ҳолати устидан доимий мониторинг олиб бориш;

республиканинг иқтисодий, ресурс ва инвестицион салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва илгари суришни, яратилган қулай шарт-шароитлар, хорижий инвесторларга бериладиган имтиёзлар, афзалликлар ҳақида чет эл ишбилармон доиралари орасида, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишлари олиб боришни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ижобий имижини шакллантириш ва юқори даражада ушлаб туришга ҳар томонлама кўмаклашиш.


2. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тугатилаётган Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг асосий воситалари (товар-моддий бойликлар) ва мажбуриятлардан ҳоли пул маблағлари бепул берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорни амалга ошириш доирасида Агентликнинг харажатларига асосланган ҳисоб-китоблар бўйича 2019 йил учун зарур маблағларни - Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида ажратсин ва 2020 йилдан бошлаб - ҳар йили тегишли йилга бюджет параметрларида назарда тутсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Агентликнинг инвесторларга кўмаклашиш бўйича ҳудудий вакилларини жойлаштириш, хоналарни мебель, зарур техник воситалар ва алоқа турлари билан билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 июль