язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Карор расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 24.07.2019 й. 624-сон "Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

24.07.2019 й.

N 624




ТУНГИ ВАҚТДА ФАОЛИЯТ ЮРИТУВЧИ

УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ КОРХОНАЛАРИ

ВА КЎНГИЛОЧАР ОБЪЕКТЛАРДА ЖАМОАТ

ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармони ижросини таъминлаш ҳамда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 19 июндаги ПҚ-3786-сон қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида эксперимент тариқасида жорий этилган жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича "Хавфсиз пойтахт" концепцияси доирасида куну тун уч сменали патруль режими республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этилганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳа бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 29 августдаги ПҚ-3245-сон қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Жамоат жойларида видеокузатув тизимини қўллаш ва фойдаланиш методикаси тасдиқланганлиги;

в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 11 октябрдаги ПФ-5552-сон Фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларига ички ишлар органлари ва Миллий гвардиянинг жамоат тартибини сақлаш кучларининг уч сменали режимдаги патрулини таъминлаш орқали сайёҳлар учун дам олишни ташкил этиш дастурларини тасдиқлаган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар марказлари ва сайёҳлар ташриф буюрадиган бошқа жойларда савдо-кўнгилочар ва умумий овқатланиш объектлари фаолияти тунги вақтда чекланишига йўл қўйилмайдиган зоналарни аниқлаш ҳуқуқи берилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 15 октябрдан бошлаб жамоат хавфсизлиги бўйича умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда қуйидаги талабларни белгилаган ҳолда уларнинг 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритишини таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

"Хавфсиз шаҳар" концепцияси доирасида умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг ички қисмига, шу жумладан, хизмат кўрсатиш хоналари, кириш ва чиқиш жойларига тасвирни камида ўттиз кун давомида сақлаш имконини берувчи видеокузатув тизимини ўрнатиш;

биноларнинг ён-атрофи, автотураргоҳ ва уларга тегишли бошқа ҳудудларни етарли даражада (камида 10 метр масофада) ёритиш;

бинода шовқиннинг рухсат этиладиган шовқин меъёрларига қўйиладиган санитария қоидалари ва нормаларидан ошмаслигини таъминлаш, шу жумладан, объектларни тўлиқ товуш ўтказмайдиган этиб жиҳозлаш ёки тунги вақтда мусиқа ва товуш кучайтиргич асбоб-ускуналаридан фойдаланмаслик;

ёнғин ўчириш воситалари ҳамда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар тўплами солинган тиббий ёрдам қутичалари билан таъминлаш;

бинонинг барча учун кўринарли жойларига ёнғин ва бошқа фавқулодда (тезкор) вазиятлар юз берган тақдирда ҳаракатланиш ва фуқароларни эвакуация қилиш чизмаси ҳамда тезкор ва қутқарув хизматларининг телефон рақамлари кўрсатилган маълумотларни ўрнатиш.


3. Белгилансинки:

умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар раҳбари томонидан ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талаблар бажарилганлиги ҳақида ҳудудий ички ишлар органларига тегишли маълумот тақдим этилади;

ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талабларга риоя этмаган ҳолда тунги вақтда фаолият юритиш тақиқланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади;

ушбу қарорнинг 2-бандида белгиланган талабларга риоя этган ҳолда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг қонуний фаолиятига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аралашиш тақиқланади;

видеокузатув тизимини ўрнатиш ва ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш тегишли умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларнинг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

тунги вақтда фаолият юритаётган умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан мазкур қарорнинг 2-бандида назарда тутилган талаблар бузилса ёки уларнинг тунги фаолияти юзасидан жамоатчилик томонидан мунтазам равишда эътирозлар билдирилса, уларнинг тунги вақтда фаолият юритиш ҳуқуқи маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бекор қилиниши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлардаги видеокузатув тизимларини "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексига интеграция қилишда уларга ҳар томонлама кўмаклашсин;

Миллий гвардия билан биргаликда патруль гуруҳлари томонидан тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар жойлашган йўналишларда доимий назорат ўрнатилишига алоҳида эътибор қаратсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда:

белгиланган тартибда тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар рўйхатини шакллантирсин ва унинг доимий равишда янгилаб ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилишини;

ушбу қарорнинг мақсади, моҳияти ва аҳамияти тадбиркорлик субъектлари орасида тушунтирилишини таъминласинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М. Садиков ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 29 июль, 30-сон, 529-модда