язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Конун расмий эълон килинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикасининг 29.07.2019 й. ЎРҚ-550-сон "Қурол тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.05.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 21.06.2019 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.07.2019 й.

N ЎРҚ-550



ҚУРОЛ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мулкни ҳимоя қилишга ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.



2-модда. Қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


газли қурол - кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддаларни қўллаш йўли билан жонли нишонга вақтинчалик шикаст етказиш учун мўлжалланган қурол;


калта стволли қурол - стволининг узунлиги уч юз миллиметрдан ва умумий узунлиги олти юз миллиметрдан ошмайдиган қурол;


пневматик қурол - сиқилган, суюлтирилган ёки қотирилган газсимон модданинг қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келадиган аслаҳа билан нишонни масофадан туриб уриш учун мўлжалланган қурол;


сигнал берувчи қурол - тузилиши жиҳатидан фақат ёруғлик, тутунли ёки товушли сигналлар бериш учун мўлжалланган қурол;


совуқ қурол - шикаст етказиладиган объект билан бевосита тўқнашиш чоғида одамнинг жисмоний кучи ёрдамида нишонни уриш учун мўлжалланган қурол;


улоқтириш қуроли - нишонни аслаҳа билан масофадан туриб уриш учун мўлжалланган, одамнинг жисмоний кучи ёки механик қурилма ёрдамида йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келадиган қурол;


ўқ-дорилар - қуролнинг жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш учун мўлжалланган ҳамда таркибида портловчи, порохли, улоқтирувчи, пиротехник ёки уриб чиқарадиган моддалар ёхуд уларнинг бирикмаси мавжуд бўлган қурол-яроғ ашёлари ва улоқтириладиган аслаҳаси;


ўқотар қурол - порох ёки бошқа модда қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракатга келувчи аслаҳа билан нишонни масофадан туриб механик уриш учун мўлжалланган қурол;


ўқотар қуролнинг асосий қисмлари - ствол, затвор, ўқдон (барабан), рамка, ствол қутиси;


қурол - тузилишига кўра жонли нишонни ёки бошқа нишонни уриш, сигналлар бериш учун мўлжалланган қурилмалар ва ашёлар. Тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган хўжалик-маиший ва ишлаб чиқариш мақсадидаги буюмлар сифатида сертификатланган буюмлар, шунингдек тузилиши жиҳатидан қуролга ўхшаш бўлган спорт аслаҳалари қурол жумласига кирмайди;


қурол муомаласи - қуролни ва унинг ўқ-дориларини, ўқотар қуролнинг асосий қисмларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш, олиш, ҳисобга олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, уларни олиб қўйиш, йўқ қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш;


қурол эгаси - ушбу Қонун талабларига мувофиқ олинган қурол кимнинг эгалигида турган бўлса, ўша жисмоний ёки юридик шахс.



4-модда. Қурол ва унинг ўқ-дорилари

муомаласининг асосий принциплари


Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ҳамда сақлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш устуворлиги;

Ўзбекистон Республикасининг қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасидаги халқаро мажбуриятларининг виждонан бажарилиши;

қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи масалаларига доир ахборотнинг ошкоралиги ҳамда ундан фойдалана олиш.



2-БОБ. ҚУРОЛНИНГ ТАСНИФИ


5-модда. Қуролнинг турлари


Қурол мўлжалланилган мақсади ҳамда асосий параметрлари ва тавсифларига кўра фуқаровий қурол, хизмат қуроли ва жанговар қурол турларига бўлинади.



6-модда. Фуқаровий қурол


Ов ва спорт билан шуғулланиш учун, шунингдек ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол фуқаровий қурол жумласига киради.

Фуқаровий қурол қуйидагиларга бўлинади:

1) ов қуроли:

сойли стволли ўқотар қурол;

силлиқ стволли ўқотар қурол, шу жумладан сойли қисмининг узунлиги бир юз қирқ миллиметрдан ошмайдиган ўқотар қурол;

комбинацияланган (сойли стволли ва силлиқ стволли) ўқотар қурол, шу жумладан алмаштириладиган ва жойлаштириладиган сойли стволли ўқотар қурол;

оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қурол;

тиғли совуқ қурол (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлар);

сигнал берувчи қурол;

2) спорт қуроли:

сойли стволли ўқотар қурол;

силлиқ стволли ўқотар қурол;

тиғли совуқ қурол (рапиралар, шпагалар ва қиличлар);

улоқтириш қуроли (камонлар, арбалетлар ва найзалар);

оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори бўлган пневматик қурол;

сигнал берувчи қурол;

3) ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли:

газли қурол - кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган газли баллончалар, механик пуркагичлар, аэрозолли қурилмалар ва бошқа қурилмалар;

электрошок қурилмалари, учқун чиқаргичлар ва шикаст етказувчи таъсири электр энергиясидан фойдаланишга асосланган бошқа қурилмалар.

Фуқаровий ўқотар қурол қаторасига ўқ узишни истисно этиши ва ўқдон (барабан) сиғими ўн дона патрондан ортиқ бўлмаслиги керак.



7-модда. Хизмат қуроли


Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкни ҳимоя қилишга, табиатни ва табиий ресурсларни, қимматбаҳо ва хавфли юкларни, махсус хат-хабарларни муҳофаза қилишга доир вазифаларни бажариш чоғида юридик шахсларнинг (бундан буён матнда махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар деб юритилади) ходимлари томонидан, шунингдек давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан шахсий хавфсизликни таъминлаш мақсадида фойдаланиш учун мўлжалланган қурол хизмат қуроли жумласига киради.

Хизмат қуроли қаторасига ўқ узишни истисно этиши, ўқдон (барабан) сиғими ўн дона патрондан ортиқ бўлмаслиги, калибри силлиқ стволли қурол учун йигирма беш миллиметрдан ва оғиз қисмидаги қувват уч юз эллик жоулгача бўлган сойли калта стволли қурол учун тўққиз миллиметрдан ошмаслиги керак.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ва хизмат қуролини сақлаш, олиб юриш, ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органлари мансабдор шахсларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



8-модда. Жанговар қурол


Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳарбий тузилмалари (бундан буён матнда махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар деб юритилади) қуроллантирилган, жанговар ҳаракатларни олиб бориш ҳамда хизмат вазифаларини бажариш учун мўлжалланган қурол жанговар қурол жумласига киради.

Жанговар қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш, сақлаш ва улардан фойдаланиш фақат махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар томонидан, шунингдек ушбу Қонун 12-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган, махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Жанговар қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг муомаласи тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.



3-БОБ. ҚУРОЛ ВА УНИНГ ЎҚ-ДОРИЛАРИ МУОМАЛАСИ


9-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг

ўқ-дорилари муомаласига белгиланадиган чекловлар


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

1) фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари сифатида қуйидагиларнинг муомаласи:

ўқдон (барабан) сиғими ўн дона патрондан ортиқ, ствол узунлиги ствол қутиси билан беш юз миллиметрдан ва қуролнинг умумий узунлиги саккиз юз миллиметрдан кам бўлган узун стволли ўқотар қурол, шунингдек тузилиши ўқ отиш имкониятини йўқотмаган ҳолда уни саккиз юз миллиметрдан кам узунликкача буклаш, силжитиш ёки қисмларга ажратиш имконини берадиган қуролнинг;

бошқа ашёларнинг шаклини такрорловчи ўқотар қуролнинг;

сойли стволли ўқотар қуролнинг патронларига мослаб тайёрланган силлиқ стволли ўқотар қуролнинг;

стволсиз ўқотар қуролнинг (патрон гильзаси ствол сифатида фойдаланиладиган қуролнинг);

3D-принтерида полимер ва композит материаллардан чиқарилган ўқотар қуролнинг;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган нормаларга мувофиқ бўлмаган чиқиш параметрларига эга бўлган электрошок қурилмаларининг, учқун чиқаргичларнинг ва бошқа қурилмаларнинг;

қўлланилишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан рухсат этилмаган, асабни фалажлайдиган, заҳарли ва бошқа кучли таъсир кўрсатувчи моддалар билан тўлдирилган газли қуролнинг;

шикастловчи таъсири радиоактив нурланиш, кимёвий ва биологик (бактериологик) омиллардан фойдаланишга асосланган қуролнинг;

шикастловчи таъсири электромагнит, нур, иссиқлик, инфратовуш ёки ультратовуш нурланишдан фойдаланишга асосланган қурол ва бошқа анжомларнинг;

тиғининг ёки кескичининг (дамининг) узунлиги тўқсон миллиметрдан ортиқ бўлган, тугмаси ёки пишанги босилганда сопидан автоматик равишда чиқариладиган ва маҳкамланадиган ёхуд оғирлик кучи ёки тезкор ҳаракат ҳисобига сурилиб чиқадиган ҳамда автоматик равишда ўрнашадиган тиғли совуқ қурол ва пичоқларнинг;

улоқтириладиган анжоми зирҳтешар, ёндирувчи, ҳавода из қолдирувчи ёки портловчи таъсирга эга ўқ-дориларнинг, шунингдек газли тўппончалар ва револьверлар учун сочма ўқ-дорили патронларнинг;

қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган зарб бериб-парчаловчи ва улоқтирувчи таъсирга эга ашёларнинг (гурзилар, кастетлар, сурикенлар, бумеранглар ва бошқа ашёларнинг), бундан спорт аслаҳаларидан фойдаланиш мустасно;

2) фуқаровий қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари сифатида қуйидагиларнинг муомаласи:

оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик калта стволли қуролнинг, бундан унинг спорт объектларида сақланиши ва ундан фойдаланилиши мустасно;

чекланган шикаст етказувчи ўқотар қуролнинг (порохли ёки бошқа модда қуввати ҳисобига йўналтирилган ҳолда ҳаракат олувчи ва одамни ўлдириш учун мўлжалланмаган, жароҳат етказувчи таъсир кучига эга бўлган патроннинг отиладиган анжоми билан масофадан туриб жонли нишонга механик шикаст етказиш учун мўлжалланган калта стволли ўқотар қуролнинг ва стволсиз ўқотар қуролнинг);

газли калта стволли қуролнинг;

ҳаракатга келтирувчи воситаларни, улоқтирувчи моддани ва шикаст етказувчи таъсир кучига эга бўлган отиладиган анжомни гильза ёрдамида яхлит ҳолда бирлаштирадиган силлиқ стволли ўқотар қуролдан ёки чекланган шикаст етказувчи ўқотар қуролдан ўқ узиш учун мўлжалланган ва одамни ўлдириш учун мўлжалланмаган, жароҳат етказувчи таъсир кучига эга бўлган патронларнинг;

кўздан ёш оқизадиган ёки ачиштирадиган моддалар билан тўлдирилган ҳаракатга келтирувчи воситаларни гильза ёрдамида яхлит ҳолда бирлаштирадиган, газли қуролдан ёки чекланган шикаст етказувчи ўқотар қуролдан ўқ узиш учун мўлжалланган ва одамни ўлдириш учун мўлжалланмаган, газли таъсир кучига эга бўлган патронларнинг;

ҳаракатга келтирувчи воситаларни, нур-товушли таъсирга эга анжомларни гильза ёрдамида яхлит ҳолда бирлаштирадиган, ўқотар қуролдан, газли ёки сигнал берувчи қуролдан ўқ узиш учун мўлжалланган ва жонли нишонга ёки бошқа нишонга шикаст етказиш учун мўлжалланмаган нур-товушли таъсирга эга бўлган патронларнинг;

пўлат ўзакли аслаҳаси бўлган, жонли нишонга ёки бошқа нишонга шикаст етказиш учун мўлжалланган ўқотар қуролдан ўқ узиш учун мўлжалланган патронларнинг;

3) сойли стволли спорт ўқотар қуролини ёки оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуролини, шунингдек тиғли совуқ спорт қуролини ҳамда улоқтириш қуролини спорт объектларидан ташқарида сақлаш ва улардан фойдаланиш, бундан ҳайвонот дунёси объектларини ҳаракатсизлантириш ва эмлаш билан боғлиқ илмий-тадқиқот ҳамда профилактика ишларини амалга ошириш учун камонлар ва арбалетлардан фойдаланиш мустасно;

4) фуқаровий ва хизмат қуролига товушсиз ўқ узиш мосламаларини ва тунда кўриш мўлжаллагичларини ўрнатиш, бундан ов қилиш учун мўлжаллагичлар мустасно;

5) қуролни ва унинг ўқ-дориларини жўнатиш;

6) ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни олиб юриш;

7) митинглар, кўча юришлари, намойишлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилганда, кўнгилочар ва ҳордиқ чиқариш учун мўлжалланган, алкоголли маҳсулотлар реализация қилинадиган жойларда, таълим, тиббиёт муассасаларида ҳамда қурол олиб юриш тақиқланган бошқа жамоат жойларида бўлган вақтда, шунингдек алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда фуқаровий қуролни олиб юриш;

8) жамоат жойларида, шу жумладан шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда қуролни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш;

9) касбий ёки спорт фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни (бейсбол биталарини (чиллакларини), софтбол ўйини учун биталарни (чиллакларни), пичоқларни, шу жумладан терини ажратиб оладиган (шилиб оладиган) пичоқларни ҳамда сопол, пластмасса ва бошқа нометалл материаллардан ясалган пичоқларни жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш;

10) фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга ошираётган юридик шахсларнинг ихтисослаштирилган дўконларидан ташқарида фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш;

11) фуқаровий қуролга қонуний асосда эгалик қилмайдиган шахсларга бундай қуролнинг патронларини реализация қилиш, бундан спорт ташкилотларида ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ спорт турлари билан шуғулланувчи ёки таълим муассасаларида ўқ отиш бўйича тайёргарликдан ўтаётган шахсларга патронлар бериш мустасно.



10-модда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини

олиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар;

махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар;

қурол ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи юридик шахслар;

қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар;

овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар;

қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

чет эл фуқаролари;

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар.



11-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг

ўқ-дориларини олиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби


Ушбу Қонун 10-моддасининг учинчи - ўнинчи хатбошиларида кўрсатилган субъектлар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органларининг (бундан буён матнда Миллий гвардия органлари деб юритилади) амал қилиш муддати уч ойлик бўлган рухсатномалари асосида фуқаровий ва хизмат қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома унда кўрсатилган қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш, Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилгунига қадар уларни ташиш ва сақлаш ҳуқуқини беради.

Фуқаровий ва хизмат қуролини олишга доир рухсатнома қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш ва қўллаш ҳуқуқини бермайди.

Қуйидагиларни олиш Миллий гвардия органларининг рухсатномаларисиз амалга оширилади:

сигнал берувчи қуролни ва тиғли совуқ ов қуролини - махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар ҳамда овчилик соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

сигнал берувчи қуролни, тиғли совуқ ов қуролини ҳамда тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини - қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини - отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан олиш;

тиғли совуқ ов қуролини, ўқотар ов қуролининг ва оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ҳамда калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қуролнинг ўқ-дориларини - Ўзбекистон Республикасининг ов қилиш ҳуқуқи берилган фуқаролари томонидан олиш;

оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан кам ва калибри 4,5 миллиметрга қадар бўлган пневматик ов қуролини ҳамда оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан кам бўлган пневматик спорт қуролини олиш.

Фуқаровий ва хизмат қуроли олинган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилиши керак, бундан Миллий гвардия органларининг рухсатномасисиз олинадиган қурол ва унинг ўқ-дорилари мустасно.

Қурол Миллий гвардия органлари томонидан рўйхатдан ўтказилганда қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахснинг реализация қилинган қурол белгилари (тури, хили, модели, завод серияси ва рақами, чиқарилган йили) кўрсатилган ҳолда қуролни олишга доир рухсатнома асосида амал қилиш муддати уч йил бўлган рухсатномалар қуйидагиларга берилади:

махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларга, овчилик ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларга - қуролни сақлаш учун;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига - қуролни сақлаш ва олиб юриш учун;

қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш билан шуғулланувчи юридик шахслар ва фуқароларга - қуролни коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш учун.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олишга, сақлашга, сақлашга ва олиб юришга, коллекциялашга, кўргазмага қўйишга доир рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш мазкур рухсатномани олиш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Тиғли совуқ ов қуролини ва сигнал берувчи қуролни, ўқотар ов қуролининг ҳамда оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қуролнинг ўқ-дориларини рўйхатдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномасида амалга оширилади. Овчилик гувоҳномасидаги рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги маълумотлар мазкур қуролни олиш қонуний эканлигининг тасдиғи бўлади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқаросига уни сақлаш, олиб юриш, ташиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини беради.



12-модда. Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар

томонидан қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш


Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар қуролни олишга доир рухсатнома олиш учун Миллий гвардия органларига қуйидагиларни тақдим этади:

қуролни олишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза уни олишдан кўзланган мақсад, олинадиган қурол ва унинг ўқ-дорилари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш учун махсус жиҳозланган бино (қуролхона) жойлашган ер кўрсатилган ҳолда;

қуролни ва унинг ўқ-дориларини етказиб беришга доир контракт (шартнома);

аризани кўриб чиққанлик учун йиғим киритилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари бут сақланишини, берилиши-қабул қилиб олинишини, ҳисобга олинишини ҳамда улардан фойдаланилишини таъминлаш мажбурияти зиммасига юклатилган юридик шахс ходими тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ёки фармойиш тусидаги бошқа ҳужжат;

қуролга ва унинг ўқ-дориларига бўлган талаб миқдорининг ҳисоб-китоби, қурол ва унинг ўқ-дорилари билан таъминлаш нормалари ҳисобга олинган ҳолда.

Қуролнинг сарфланган, йўқотилган ёки йўқ қилиш учун топширилган ўқ-дорилари ўрнига ўқ-дорилар олиш учун ўқ-дорилар ҳисобдан чиқарилганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (ўқ-дориларни ҳисобдан чиқариш далолатномалари, ўқув-машқ отишлари ва бошқа отишларни ўтказиш чоғида сарфланган ўқ-дориларга доир тарқатиш-топшириш қайдномалари, ўқ-дориларни йўқ қилиш учун қабул қилиб олиш (топшириш) далолатномалари) қўшимча равишда тақдим этилади.

Қуролни олишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза Миллий гвардия органлари томонидан ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан ўттиз иш куни ичида кўриб чиқилади.

Қуролни олишга доир рухсатномани бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатларнинг тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги;

қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг ишончли ҳисобга олиниши ва бут сақланишини таъминлаш имконияти йўқлиги ёки ушбу шароитлар лозим даражада таъминланмаганлиги;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

зиммасига қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини, берилиши-қабул қилиб олинишини, ҳисобга олиниши ҳамда улардан фойдаланилишини таъминлаш мажбурияти юклатилган юридик шахс ходимининг ушбу Қонун 13-моддасининг тўққизинчи қисмида белгиланган талабларга номувофиқлиги.

Қуролни олишга доир рухсатномани бериш рад этилган тақдирда, Миллий гвардия органлари бу ҳақда аризачини рад этиш сабабларини, қонун ҳужжатларининг аниқ нормаларини ва аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда, қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари учун мўлжалланган қуролнинг ва унинг ўқ-дориларининг турлари, хиллари, моделлари ҳамда сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахслар қурол, унинг ўқ-дорилари ишлаб чиқариладиган ва сақланадиган объектларни, жанговар техникани, экологик жиҳатдан ўта хавфли ишлаб чиқаришларни, радиоактив чиқиндилар кўмиладиган жойларни, пул маблағлари ҳамда қимматликлар тайёрланадиган ва сақланадиган, қимматбаҳо металлар ҳамда қимматбаҳо тошлар қазиб олинадиган, қайта ишланадиган ва сақланадиган жойларни, шунингдек хавфли юкларни, пул маблағларини ва қимматликларни, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар жумласига киритилган маълумотлар кўрсатилган хат-хабарлар ва юкларни қўриқлаш бўйича қонун ҳужжатлари билан зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажариш учун жанговар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларининг айрим хиллари ва моделларини олиш ҳуқуқига эга. Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг жанговар қуролдан ва унинг ўқ-дориларидан бошқа мақсадларда фойдаланиши тақиқланади.

Махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахснинг ходимига қурол ва унинг ўқ-дорилари мазкур ходим тасдиқланган дастурларга мувофиқ ҳар йилги хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, ахлоқий-психологик ҳамда жисмоний тайёргарлик курсларидан ўтганидан сўнг ва ушбу Қонун 13-моддасининг тўққизинчи қисмида белгиланган асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, юридик шахс раҳбарининг қарорига ҳамда Миллий гвардия органларининг қуролни олиб юришга доир рухсатномасига биноан берилади.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан

фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш


Йигирма бир ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга.

Ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари фуқаровий спорт қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Ов қуроли ва унинг ўқ-дорилари ов қилиш ҳуқуқи берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан олиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси олган, унинг эгалигида турган сойли стволли ўқотар ов қуролининг умумий сони учтадан, силлиқ стволли ўқотар қуролнинг умумий сони бештадан ошмаслиги керак, бундан мазкур қурол турлари коллекциялаш ёки кўргазмага қўйиш объектлари бўлган ҳоллар мустасно.

Ов қилиш ҳуқуқи берилган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овчиликка боғлиқ касбий фаолият билан шуғулланаётган ёки камида беш йил давомида мулкида силлиқ стволли ўқотар ов қуролига эга бўлган бўлса, ҳамда уларда ов қилиш қоидаларини ёки қурол муомаласини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар мавжуд бўлмаса, сойли стволли ўқотар ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини, шу жумладан аралаш ўқотар қуролни, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатномани олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароси доимий яшаш жойи бўйича Миллий гвардия органига қуйидагиларни тақдим этиши шарт:

ариза;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт);

қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига оид билими текширувдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар;

қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тиббий хулоса;

аризани кўриб чиққанлик учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси (ов қуролини олиш учун);

овчилар жамоат бирлашмасининг тавсияномаси (сойли стволли ўқотар ов қуролини, шунингдек оғиз қисмидаги қувват олтмиш беш жоулдан юқори ва калибри тўққиз миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини олиш учун);

отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахс томонидан берилган спортчи гувоҳномаси (спорт қуролини олиш учун).

Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза Миллий гвардия органлари томонидан ариза барча зарур ҳужжатлар билан олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, янги доимий яшаш жойи бўйича прописка қилинган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида тегишли Миллий гвардия органига ўзига тегишли фуқаровий қуролни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг қуйидаги фуқароларига фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома берилмайди:

ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган ёшга тўлмаганларга;

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганларга;

ушбу модданинг олтинчи қисмида санаб ўтилган ҳужжатларни тақдим этмаганларга ёки тақдим этилган ҳужжатларида нотўғри ёхуд бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

қасддан жиноят содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаганларга ёки судланганлиги олиб ташланмаганларга;

жиноий жазони ўтаётганларга;

доимий яшаш жойига ёки қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини таъминлайдиган сақлаш шароитларига эга бўлмаганларга;

ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилганларга;

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185, 220, 221 ва 222-моддаларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилганларга;

жамоат тартибига, бошқарувнинг белгиланган тартибига тажовуз қилувчи ҳуқуқбузарликларни содир этганлик ёки ов қоидаларини бузганлик, шунингдек баданга енгил шикаст етказганлик ва гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни оз миқдорда ғайриқонуний равишда тайёрлаганлик, олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёки жўнатганлик учун бир йил давомида такроран маъмурий жавобгарликка тортилганларга;

қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар мавжуд бўлганда.

Қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ва жисмоний нуқсонлар рўйхати, шунингдек фуқароларнинг тиббий текширувдан ўтиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатнома бериш рад этилган тақдирда, Миллий гвардия органлари бу ҳақда аризачини рад этиш сабабларини, қонун ҳужжатларининг аниқ нормаларини ва аризачи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда, қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно) биринчи марта олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари овчилар жамоат бирлашмасида (ов қуроли учун) ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларда (спорт қуроли учун) қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билиши юзасидан текширувдан ўтиши шарт, ушбу бирлашма ва юридик шахслар қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билиш юзасидан тегишли текширувдан ўтказилганлик тўғрисидаги ҳужжатларни беради.



14-модда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига

эга бўлган бошқа субъектлар томонидан қуролни

ва унинг ўқ-дориларини олиш


Ушбу Қонун 10-моддасининг тўртинчи - еттинчи хатбошиларида кўрсатилган юридик шахслар хизмат ва устав вазифаларини бажариш учун зарур бўлган тегишли қуролни ва унинг ўқ-дориларини мазкур Қонун 12-моддасининг биринчи - бешинчи қисмларида белгиланган тартибда олиш ҳуқуқига эга.



15-модда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш,

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва

Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш


Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг рухсатномаларига кўра амалга оширилади.

Учинчи мамлакатларнинг қуролли кучларини таъминлаш учун мўлжалланган қуролни ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ҳамда уларга биноан қабул қилинган халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.



16-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда

унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш


Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқаришни амалга оширувчи юридик шахслар бундай турдаги қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлиши, ишлаб чиқариш хавфсизлиги талабларини, ишлаб чиқариш устидан назоратни, шунингдек ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг сифатини ва бут сақланишини таъминлаши шарт.

Силлиқ стволли ов қуроли учун патронларнинг анжомлари силлиқ стволли ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир рухсатнома асосида шу қурол эгаси томонидан шахсий фойдаланиш учун ишлаб чиқарилиши мумкин. Ўқотар қуролни таъмирлаш ва унинг бутловчи қисмларини алмаштириш шу қуролнинг эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилиши мумкин, бундан ўқотар қуролнинг асосий қисмлари мустасно.



17-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда

унинг ўқ-дориларини реализация қилиш


Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилишни амалга оширувчи юридик шахслар:

фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш учун лицензияга эга бўлиши;

фуқаровий ва хизмат қуролининг ҳамда унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини, уларни сақлаш хавфсизлигини таъминлаши;

харидордан муайян қурол турини олишга доир рухсатномани кўрсатишини талаб қилиши;

олинаётган ва реализация қилинаётган фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари ҳисобга олинишини, шунингдек ҳисобга олиш ҳужжатлари ўн йил мобайнида сақланишини таъминлаши;

реализация қилинаётган ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини, тиғли совуқ ов қуролини ва сигнал берувчи қуролни, ўқотар ов қуролининг ҳамда оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик қуролнинг ўқ-дориларини рўйхатдан ўтказиши;

лицензиялаш битимига мувофиқ қуролни ва унинг ўқ-дориларини реализация қилиш тўғрисидаги маълумотларни Миллий гвардия органларига тақдим этиши шарт.

Муайян қурол турини олишга доир рухсатномани тақдим этмаган жисмоний ва юридик шахсларга фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек рақами ва ишлаб чиқарувчининг тамғаси мавжуд бўлмаган қуролни реализация қилиш тақиқланади.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг битта савдо залида қуролни ва бошқа турдаги товарларни реализация қилиши тақиқланади, бундан спорт, ов ва балиқ овлаш ашёлари, қуролнинг эҳтиёт қисмлари ва пиротехника буюмлари мустасно.



18-модда. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари,

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар

томонидан фуқаровий қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини

сотиш, мерос қилиб олиш ва ҳадя этиш


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз мулкидаги фуқаровий қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини Миллий гвардия органларининг фуқаровий қуролни реализация қилишга доир рухсатномалари асосида, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали сотиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини мерос қилиб олиш ҳамда ҳадя этиш меросхўрда ёки ҳадя берилаётган шахсда мазкур турдаги қуролни олишга доир рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда, қурол Миллий гвардия органларида қайта рўйхатдан ўтказилганидан сўнг амалга оширилади. Фуқаровий қуролни олишга доир рухсатномани олиш рад этилган тақдирда, меросхўр ёки ҳадя берилаётган шахс ушбу қуролни фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали сотиши ёки Миллий гвардия органларига текин топшириши ёхуд уни совға қилиши керак.



19-модда. Қурол билан мукофотлаш


Махсус органларнинг ва ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимлари уларнинг раҳбарлари буйруқлари асосида олган қурол, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, чет давлатлар раҳбарларининг ҳамда чет давлатлар ҳукуматлари раҳбарларининг мукофотлашга оид ҳужжатлари асосида олинган қурол мукофот қилинган қуролдир. Мукофот қилинган қуролни сақлашга ва олиб юришга доир рухсатнома Миллий гвардия органлари томонидан берилади.

Мукофот қилинган қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатноманинг амал қилиш муддати чекланмайди.

Қаторасига ўқ узиш имкониятини берадиган, шунингдек ушбу Қонуннинг 9-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган қурол мукофот қилинадиган қурол бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси қаторасига ўқ узиш имкониятини берадиган, шунингдек ушбу Қонуннинг 9-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган қурол билан мукофотланган тақдирда, ушбу қурол олинган кундан эътиборан бир кунлик муддатда Миллий гвардия органига топширилиши лозим.

Мукофотга берилган жанговар ёки хизмат қуролини сотишга, ҳадя этишга ва мерос қилиб олишга, шунингдек унинг ўқ дориларини олишга йўл қўйилмайди.



20-модда. Юридик шахслар томонидан фуқаровий

ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини

реализация қилиш


Ушбу Қонун 10-моддасининг учинчи, тўртинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошиларида кўрсатилган юридик шахслар ўзида қонуний асосларда турган фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Миллий гвардия органларининг қуролни ва унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир рухсатномалари асосида, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали, ушбу қуролни ва унинг ўқ-дориларини кейинчалик Миллий гвардия органларида қайта рўйхатдан ўтказиш шарти билан реализация қилиш ҳуқуқига эга.



21-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини

ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш


Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари, фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Миллий гвардия органларининг қуролни сақлашга ёки сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномалари асосида фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ва унинг ўқ-дориларини сақлаш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари уларнинг бут сақланишини, хавфсиз сақланишини таъминлайдиган ҳамда улардан бегона шахслар фойдаланишини истисно этадиган шароитларда, қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда сақланиши керак.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш юридик шахслар томонидан алоҳида ажратилган, махсус жиҳозланган ва техник жиҳатдан мустаҳкамланган, қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси, қўриқлаш ва жисмоний ҳимоянинг бошқа техник воситалари билан жиҳозланган қуролхоналардаги қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади.

Спорт ўқотар қуролини ва унинг ўқ-дориларини, шу жумладан сойли стволли спорт қуролини ёки оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуролини, шунингдек тиғли совуқ ва улоқтириш спорт қуролини сақлаш спорт объектлари ҳудудида жиҳозланган қуролхоналардаги қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади.

Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан уларнинг доимий яшаш жойида амалга оширилади.

Ов ёки отиш спорти билан шуғулланишни амалга ошириш чоғида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш бегона шахсларнинг қуролдан фойдаланишини истисно этадиган шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилиши керак.

Чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш даврида олинган фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлашга фуқаровий қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари олингандан кейин беш кун мобайнида рухсат этилади.

Чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ов қилиш, спорт тадбирларида иштирок этиш ёки кўргазмага қўйиш мақсадларида олиб кирилган фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини вақтинча сақлаш чет эл фуқароларига таклифномани расмийлаштирган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзи топиб олган ёки ўзига топширилган, лекин ўзи мулкдори бўлмаган қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаши ва улардан фойдаланиши тақиқланади. Бундай қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари дарҳол, бироқ бир суткадан кечиктирмай Миллий гвардия органларига топширилиши лозим.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан топширганлик учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдирлаш чоралари белгиланиши мумкин.

Ўқотар қуролни ва унинг ўқ-дориларини ихтиёрий тартибда топширган шахсларга уни олиш бўйича имтиёзли ҳуқуқ берилади.



22-модда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини

коллекциялаш ҳамда кўргазмага қўйиш


Жисмоний ва юридик шахслар Миллий гвардия органларининг рухсатномалари асосида қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан илмий-техникавий, бадиий, криминалистик, тарихий, ахборот, билим орттириш мақсадларида ҳамда бошқа мақсадларда тўпламлар тузиш учун қуролни ва унинг ўқ-дориларини йиғиш ҳамда сақлаш коллекция деб эътироф этилади.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини музейбоп тарзда коллекциялаш юридик шахслар томонидан ана шу мақсадлар учун мўлжалланган алоҳида, махсус биноларда амалга оширилади.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини музей биноларида сақлаш уларнинг бут сақланишини, сақлаш хавфсизлигини таъминлайдиган ва уларга бегона шахслар киришини истисно этадиган шароитларда амалга оширилиши керак.

Қуролни музей биноларидан ташқарида кўргазмага қўйишга фақат сигнализация билан жиҳозланган ёпиқ витриналар ва стендларда йўл қўйилади.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини коллекциялаш жисмоний шахслар томонидан ўзининг доимий яшаш жойида, уларнинг бут сақланишини, сақлаш хавфсизлигини таъминлайдиган ва уларга бегона шахслар киришини истисно этадиган шартларга риоя этган ҳолда, қулфланадиган сейфларда ёки металл шкафларда амалга оширилади.

Қуролнинг ўқ-дорилари фақат ўқсизлантирилган ҳолда кўргазмага қўйилиши мумкин.

Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилмаган қуролдан кўргазмага қўйиш учун фойдаланиш тақиқланади.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини кўргазмага қўйишга доир рухсатномага эга бўлган жисмоний ва юридик шахслар кўргазмани ташкил этиш чоғида:

биноларни ижарага олиш, қуролни ва унинг ўқ-дориларини кўргазмага қўйиш тартиби, уларнинг бут сақланишини таъминлаш тўғрисида шартномалар тузиши;

чет эллик иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг уларга тегишли қуролни ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга доир рухсатномасини, шунингдек уларни ташишга доир рухсатномасини олиши;

кўргазмага қўйиш режаларини ва экспозицияларни жойлаштириш схемаларини кўргазма ўтказиладиган жойдаги Миллий гвардия органларига келишиб олиш учун тақдим этиши;

кўргазмага қўйилган қурол ва унинг ўқ-дорилари жойлаштириладиган ҳамда сақланадиган жойларга бегона шахсларнинг рухсатсиз киришига йўл қўймаслиги;

қурол ва унинг ўқ-дорилари экспозициялари очиқ витриналар ва стендларда жойлаштирилган тақдирда, қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини ҳар куни кўргазма иши тугагач сақлаш учун улар бут сақланишини таъминлашга доир талабларга биноан жиҳозланган хоналарда сақлаш учун топшириши шарт.



23-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини

ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш


Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб юриш муайян турдаги, хилдаги ва моделдаги қуролни олиб юриш, сақлаш ҳамда олиб юриш учун Миллий гвардия органлари томонидан берилган рухсатномалар асосида қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари томонидан - хизмат мажбуриятларини бажариши чоғида;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан - ов қилинадиган, спорт тадбирлари ёки отиш машқлари ўтказиладиган жойларда, ўқув мақсадида, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ўзларига тегишли фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ов ёки спорт тадбирлари ўтказиладиган жойларда олиб юриши мумкин.

Узун стволли ўқотар қуролни олиб юриш ғилофидан олинган ҳолатда, ҳимоялагичга қўйилган ўқланган ўқдон (барабан) билан, калта стволли ўқотар қуролни олиб юриш эса худди шундай ҳолатда ғилофда амалга оширилади.

Патронни ўқдонга юборишга фақат қуролни қўллаш зарурати бўлганда ёхуд зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ҳамда мол-мулкини, шунингдек юридик шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш учун рухсат этилади.

Яроқлилик, сақлаш ёки фойдаланиш муддати ўтган техник жиҳатдан носоз фуқаровий ва хизмат қуролидан ҳамда унинг ўқ-дориларидан, шу жумладан газли қуролдан фойдаланиш тақиқланади, бундан тадқиқот ишларини ва синовларни ўтказиш ёхуд қуролнинг ҳамда унинг ўқ-дориларининг техник ҳолатини текшириш ҳоллари мустасно.

Жисмоний шахслар ов вақтида ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиб юрганда шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномасини, ов қилиш ҳуқуқига доир ҳужжатларни, қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномани ёнида олиб юриши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар улардан хавфсиз фойдаланишга доир белгиланган қоидаларни бажариши шарт.



24-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини

ҳамда унинг ўқ-дориларини ташиш


Юридик шахслар ўзларига тегишли фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Миллий гвардия органларининг фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташиш учун амал қилиш муддати уч ой бўлган рухсатномалари асосида ташиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташиш учун юридик шахслар:

ташиш учун тузилиши юкни бегона шахсларнинг кўриши ва унга кириши имкониятини истисно этадиган техник жиҳатдан соз транспорт воситаларини ажратиши;

қуролни ва унинг ўқ-дориларини завод ўровида ёхуд сўрғичланган ёки пломбаланган махсус идишда ташиши;

ўн донадан кўп миқдордаги ўқотар қурол ёки унинг беш юз донадан ортиқ миқдордаги ўқ-дорилари туркуми олиб борилаётган йўлда Миллий гвардия органларининг ёки идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш органларининг қуролли қўриқчилари томонидан кузатиб борилишини таъминлаши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ташиш чоғида ўқ-дорилардан алоҳида, ўқи чиқариб олинган ҳолатда бўлиши керак.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташиётган транспорт воситасининг очилганлиги, идишнинг шикастланганлиги, муҳрларнинг излари ёки пломбалар бузилганлиги аломатлари аниқланган тақдирда, қуролли қўриқчилар бошлиғи бу ҳақда дарҳол Миллий гвардия органларига хабар қилиши, далолатнома тузиши, содир бўлган ҳолатнинг сабабларини аниқлаш юзасидан зарур чоралар кўриши ҳамда ҳодиса жойи қўриқланишини таъминлаши шарт.

Миллий гвардия органларининг фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташишга доир рухсатномаларисиз:

юридик шахслар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудуди доирасида, мазкур қуролларни ва унинг ўқ-дориларини Миллий гвардия органлари рўйхатга олган жойда;

жисмоний шахслар томонидан ов қуроли, силлиқ стволли спорт қуроли ва унинг ўқ-дориларини овда ҳамда спорт тадбирларида иштирок этиш учун Миллий гвардия органларининг мазкур турдаги қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномалари асосида;

жисмоний шахслар томонидан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини Миллий гвардия органларининг мазкур турдаги қуролни сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномалари асосида;

ушбу Қонун 11-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказилмайдиган фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташиш амалга оширилади.

Жисмоний шахсларга тегишли фуқаровий ва хизмат қуролини ташиш жилдларда, қинларда ёки махсус ғилофларда амалга оширилади.



25-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини

ҳамда унинг ўқ-дориларини ҳисобга олиш


Юридик шахслар фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари ҳисобини юритиши, уларнинг бут сақланишини, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш хавфсизлигини таъминлаши шарт.



26-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролининг қўлланилиши


Фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки охирги зарурат ҳолатида ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин. Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилишидан аввал бу ҳақда ўзига қарши қурол қўлланилаётган шахс аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантирилиши керак, бундан шундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд қуролнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қурол эгасининг ҳаётига бевосита хавф туғдирадиган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар мустасно. Бунда зарурий мудофаа ҳолатида қуролнинг қўлланилиши учинчи шахсларга зарар етказмаслиги керак.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахсларга, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади, бундан уларнинг қуролли қаршилик кўрсатганлиги, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилганлиги ҳоллари мустасно.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилган, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишига олиб келган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол эгаси қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар органига дарҳол хабар қилиши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг соғлиғига зарар етказилган тақдирда, мазкур қурол эгаси баданига шикаст етган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатиши, шунингдек уларга имкон қадар қисқа муддатда биринчи тиббий ёрдам берилиши чораларини кўриши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуроли қўлланилганлиги натижасида фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ҳамда мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида ички ишлар органлари дарҳол прокурорга хабар қилади.

Фуқаровий қуролни ов ва спорт билан шуғулланиш учун қўллаш, шунингдек хизмат қуролини қўллаш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



27-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг

ўқ-дорилари эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари эгалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилиш, коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш;

фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя қилиш ҳамда мерос қилиб олиш;

фуқаровий ва хизмат қуролидан ҳамда унинг ўқ-дориларидан ўз мўлжалланган мақсади бўйича фойдаланиш;

тегишли рухсатнома бўлган тақдирда, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш ва олиб юриш.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари эгалари:

ўз мулкидаги фуқаровий қуролни Миллий гвардия органларида рўйхатдан ўтказиши (қайта рўйхатдан ўтказиши), бундан ушбу Қонун 11-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар мустасно;

фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ташишнинг ушбу Қонунда белгиланган тартибига риоя этиши;

фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари бут сақланишини таъминлаши;

қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилишини текшириш учун Миллий гвардия органлари ходимларининг фуқаровий ва хизмат қуроли сақланадиган объектлар ҳудудига ҳамда жойларга соат 6-00 дан 22-00 гача монеликсиз киришини таъминлаши, танишиб чиқиш учун уларга зарур ҳужжатларни тақдим этиши;

овчиларнинг жамоат бирлашмасида (ов қуроли учун) ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларда (спорт қуроли учун) қурол билан хавфсиз муомалада бўлиш қоидаларига оид билимларининг текширувидан ўтиши;

мерос қилиб олинган фуқаровий қуролни фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали реализация қилиши ёки мазкур қуролни олиш учун рухсатнома олиш рад этилган тақдирда, уни Миллий гвардия органларига топшириши;

доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, янги доимий яшаш жойида рўйхатга турган кундан эътиборан ўн кунлик муддат ичида тегишли Миллий гвардия органига ўзига тегишли фуқаровий қуролни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши шарт.



28-модда. Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш


Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш Миллий гвардия органлари томонидан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи қоидалари жисмоний ва юридик шахслар томонидан бузилганда;

қуролнинг мулкдори бўлган фуқаро вафот этганда мол-мулкни мерос қилиб олиш масаласи ҳал бўлгунига қадар, шунингдек қонуний асосларда жанговар ёки хизмат қуролига эга бўлган фуқаро вафот этганда;

қуролнинг мулкдори бўлган фуқаро бедарак йўқолган деб топилганда, шунингдек мол-мулкни мерос қилиб олиш тўғрисидаги масала ҳал бўлгунига қадар фуқаро вафот этган деб эълон қилинганда;

лицензиат ёки қурол муомаласига доир рухсатнома эгаси бўлган юридик шахс тугатилганда;

фуқаровий ва хизмат қуроли муомаласи соҳасидаги рухсатномалар тўхтатиб туриш учун асос бўлган масала ҳал этилгунга қадар тўхтатиб турилганда;

фуқаровий ва хизмат қуроли муомаласи соҳасидаги лицензиялар ҳамда рухсатномалар тугатилганда, бекор қилинганда;

аниқ ҳолатларга боғлиқ равишда фавқулодда ҳолат жорий этилганда.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш қуйидагилар томонидан ҳам амалга оширилади:

табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда, ов, балиқ овлаш, табиатни ва табиий бойликларни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширувчи органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида, кейинчалик қурол ва унинг ўқ-дорилари ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдаги Миллий гвардия органларига топширилган ҳолда;

божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда, божхона органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида, кейинчалик қурол ва унинг ўқ-дорилари ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдаги Миллий гвардия органларига топширилган ҳолда;

бошқа органлар томонидан ўз ваколатлари доирасида.

Олиб қўйилган, шунингдек мусодара қилинган қурол ва унинг ўқ-дорилари Миллий гвардия органларига топширилиши лозим. Бунда олиб қўйилган, жиноят ишлари бўйича ашёвий далил деб топилган қурол ва унинг ўқ-дорилари жиноят-процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда топширилади.

Олиб қўйилган, техник жиҳатдан фойдаланишга яроқли бўлган қурол ва унинг ўқ-дорилари қуролни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик шахслар орқали реализация қилиниши лозим.

Олиб қўйилган, техник жиҳатдан фойдаланиш учун яроқсиз бўлган, шунингдек ясама, қайтадан ясалган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган қурол ҳамда унинг ўқ-дорилари Миллий гвардия органлари томонидан йўқ қилиб ташланади ёки махсус органлар ва ҳарбий тузилмалар коллекциясига топширилади.

Техник жиҳатдан носоз ёхуд яроқлилик, сақлаш ёки фойдаланиш муддати ўтган олиб қўйилган газли қурол Миллий гвардия органларига йўқ қилиб ташлаш учун текин топширилади.

Қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб қўйиш ҳақида баённома (далолатнома) тузилиб, унда олиб қўйилаётган қуролнинг тури, хили, модели, калибри, серияси ва рақами, шунингдек ўқ-дориларнинг тури ҳамда миқдори кўрсатилади ёхуд бу ҳақда тегишли ёзув ёзиб қўйилади.



4-БОБ. ЧЕТ ДАВЛАТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДА АККРЕДИТАЦИЯ ҚИЛИНГАН

ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИ, КОНСУЛЛИК

МУАССАСАЛАРИ ВА УЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН

ТАШКИЛОТЛАР, ШУНИНГДЕК ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ

ВА  ФУҚАРОЛИГИ  БЎЛМАГАН  ШАХСЛАР  ҚУРОЛИ

ҲАМДА УНИНГ ЎҚ-ДОРИЛАРИ МУОМАЛАСИНИНГ

ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ


29-модда. Фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини

чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган

шахслар томонидан олиш


Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ўзлари фуқароси бўлган чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг илтимосномалари асосида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан берилган қурол олишга доир рухсатномалар бўйича Ўзбекистон Республикасида фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга. Олинган фуқаролик қуроли ва унинг ўқ-дорилари улар олинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши лозим.



30-модда. Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида

аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари, консуллик

муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар томонидан

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролни ва унинг ўқ-дориларини

олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб

чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш,

олиб юриш ва улардан фойдаланиш


Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг бинолари ҳамда ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Чет давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Мазкур қуролни ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказиш, сақлаш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.



31-модда. Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган

шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига

фуқаровий қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб кириш

ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш, Ўзбекистон

Республикаси ҳудудида сақлаш, олиб юриш ва улардан фойдаланиш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензияси мавжуд бўлган юридик шахснинг таклифномаси, ушбу юридик шахс билан ов қилиш учун тузилган шартнома ёки спорт тадбирларида иштирок этиш учун таклифнома мавжуд бўлган ҳамда фуқаровий қурол муомаласига ушбу Қонунда назарда тутилган чекловларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан бериладиган тегишли рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ов ва спорт қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб кириши мумкин. Олиб кирилган ов ва спорт қуроли ҳамда унинг ишлатилмаган ўқ-дорилари шартномада ёки таклифномада белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида турган даврда фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан қурол олиш учун берилган рухсатномаларга кўра сақлаши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини олиб кириш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан фуқаровий қуролни ва унинг ўқ-дориларини олиб чиқиш муддатларининг, шунингдек уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда улардан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланиш тартибининг бузилиши уларнинг олиб қўйилишига сабаб бўлади.



5-БОБ. ФУҚАРОВИЙ ВА ХИЗМАТ ҚУРОЛИ ҲАМДА

УНИНГ ЎҚ-ДОРИЛАРИ МУОМАЛАСИ СОҲАСИДА

ЛИЦЕНЗИЯЛАР ВА РУХСАТНОМАЛАР БЕРИШ


32-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли

ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласининг

лицензиялаш-рухсат бериш тизими


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш, реализация қилиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйишга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишга, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга доир рухсатномалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда Миллий гвардия органлари томонидан берилади.



33-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли муомаласи

соҳасида рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза

кўриб чиқилганлиги, унинг амал қилиш

муддати узайтирилганлиги учун йиғим


Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш, реализация қилиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйишга, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга доир рухсатнома (бундан буён матнда рухсатнома деб юритилади) бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги ва рухсатноманинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун йиғим ундирилади.

Рухсатнома бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун йиғим суммалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳисобварағига ўтказилади.



34-модда. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш


Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

рухсат беришга доир талаблар ва шартлар рухсатноманинг эгаси томонидан бузилганлиги аниқланганда;

рухсатнома эгаси зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи суд қарори ёки Миллий гвардия органининг кўрсатмаси бажарилмаганда.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд тартибида амалга оширилади, рухсатноманинг амал қилиши қурол ва унинг ўқ-дорилари йўқолиши ёки талон-торож қилиниши хавфининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилган тақдирда эса Миллий гвардия органи томонидан ҳам амалга оширилади.

Миллий гвардия органининг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори унинг эгасига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда ёзма ёки электрон (мавжуд бўлган тақдирда) шаклда етказилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суднинг қарори унинг эгасига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Миллий гвардия органи ёки суд рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларнинг рухсатнома эгаси томонидан бартараф қилиниши муддатини белгилаши шарт. Бунда рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун белгиланган муддат беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати унинг умумий амал қилиш муддатига кирмайди.

Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар рухсатнома эгаси томонидан бартараф этилган тақдирда, Миллий гвардия органи ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги ҳақида тасдиқнома олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида рухсатноманинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.

Миллий гвардия органининг рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, Миллий гвардия органи рухсатнома эгаси олдида у кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади.



35-модда. Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш


Рухсатноманинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

рухсатнома эгаси унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганда;

юридик шахс бўлган рухсатнома эгаси тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши мустасно, шунингдек қўшилиш натижасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда янгидан пайдо бўлган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида айни ўша ҳаракатни ва (ёки) фаолиятни бажариш ва (ёки) амалга оширишга доир рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат мавжуд бўлганда;

овчилик гувоҳномасининг амал қилиши тугатилганда (ов қуролига доир рухсатномаларга нисбатан);

жисмоний шахс бўлган рухсатнома эгаси вафот этганда, унинг муомала лаёқати чекланганда, у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

ушбу Қонун 13-моддаси тўққизинчи қисмининг учинчи - ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган, рухсатнома олиш имкониятини истисно этадиган ҳолатлар юзага келганда;

рухсатнома эгаси рухсат беришга доир талаблар ва шартларни бир йил давомида мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказилишига олиб келган бўлса;

рухсатнома эгаси рухсатноманинг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларни Миллий гвардия органи ёки суд томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;

Миллий гвардия органининг рухсатнома бериш тўғрисидаги қарори қонунга хилоф эканлиги аниқланганда;

рухсатноманинг амал қилиш муддати ўтганда;

бажарилиши учун рухсатнома берилган бир марталик ҳаракат бажарилганда.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи, тўртинчи, бешинчи, ўнинчи ва ўн биринчи хатбошиларида кўрсатилган ҳоллар юзага келиши билан рухсатноманинг амал қилиши тугатилган ҳисобланади.

Рухсатноманинг амал қилиши ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва олтинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда Миллий гвардия органи томонидан, шунингдек ушбу модда биринчи қисмининг еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда эса суд томонидан тугатилади.

Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суднинг қарори рухсатноманинг эгасига ва Миллий гвардия органига қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Миллий гвардия органининг рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори рухсатнома эгасига қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай ёзма ёки электрон (мавжуд бўлган тақдирда) шаклда етказилади. Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор рухсатнома эгаси томонидан олинган кундан эътиборан ўн кун ичида рухсатнома Миллий гвардия органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Рухсатноманинг амал қилиши унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

Миллий гвардия органининг рухсатноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Рухсатноманинг амал қилишини тугатиш суд томонидан асоссиз деб топилган тақдирда, Миллий гвардия органи рухсатнома эгаси олдида у кўрган зарар миқдорида жавобгар бўлади.



36-модда. Рухсатномани бекор қилиш


Рухсатнома:

эгасининг уни бекор қилиш тўғрисидаги аризаси;

сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги асосида бекор қилинади.

Рухсатнома ушбу модданинг биринчи қисми иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолда Миллий гвардия органи томонидан, ушбу модданинг биринчи қисми учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолда суд томонидан бекор қилинади.

Рухсатнома эгаси томонидан суднинг уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори олинган кундан кейин ўн кун ичида рухсатнома Миллий гвардия органига қайтарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

Суднинг рухсатномани бекор қилиш тўғрисидаги қарори берилган санадан эътиборан амал қилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


37-модда. Фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг

ўқ-дориларини, шунингдек тузилиши жиҳатидан қуролга

ўхшаш бўлган буюмларни сертификатлаштириш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилаётган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари, шунингдек тузилиши жиҳатидан қуролнинг мазкур турларига ўхшаш бўлган буюмлар сертификатлаштирилиши шарт.

Фуқаровий ва хизмат қуролига ҳамда унинг ўқ-дориларига доир техник талаблар, ушбу қурол ва ўқ-дориларни тамғалаш, ўраш-жойлаш қоидалари ва уларнинг мувофиқлигини баҳолаш учун синов усуллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.



38-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда

унинг ўқ-дорилари давлат кадастри


Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари давлат кадастри (бундан буён матнда Қурол кадастри деб юритилади) Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан юритилади ва нашр этилади ҳамда у фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари тўғрисидаги тизимлаштирилган маълумотларни ўз ичига оладиган расмий тўпламдир.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари тўғрисидаги маълумотлар сертификатлаштиришнинг ижобий натижалари асосида Қурол кадастрига киритилади.

Қурол кадастрига тиғли совуқ қурол ва улоқтириш қуроли тўғрисидаги, ягона нусхалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиладиган фуқаровий ва хизмат ўқотар қуроли ҳақидаги маълумотлар киритилмайди.



39-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Давлат ўқ-гильзотекасини ташкил этиш


Ҳодиса содир бўлган жойдан олинган, шунингдек сойли стволли фуқаровий ва хизмат ўқотар қуролидан назорат тартибида отилган, қурол излари тушган ўқлар, гильза ва патронлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекасини шакллантириш учун юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат ўқ-гильзотекаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан юритилади.



40-модда. Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг

ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

Миллий гвардия органлари ўз ваколатлари доирасида:

фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида лицензиялар ва рухсатномалар бериш;

лицензиялар ва рухсатномалар талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини текшириш;

лицензиялар ва рухсатномаларнинг талаблари ҳамда шартларига риоя этилишини текширишлар чоғида юзага келадиган масалалар бўйича зарур ахборотни сўраб олиш;

қурол ва унинг ўқ-дорилари ишлаб чиқариладиган, таъмирланадиган, реализация қилинадиган, сақланадиган ҳамда йўқ қилинадиган жойларда уларни кўздан кечириш;

текширишлар натижалари асосида лицензиялар ва рухсатномалар талаблари ҳамда шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар тузиш;

лицензиялар ва рухсатномалар эгалари зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиялар ва рухсатномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уларни бекор қилиш ҳуқуқига эга.

Фуқаровий ва хизмат қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари муомаласи устидан давлат назорати бошқа органлар томонидан ҳам ўз ваколатлари доирасида амалга оширилиши мумкин.



41-модда. Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи

соҳасида халқаро ҳамкорлик


Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида, шу жумладан уларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, уларга чек қўйиш ҳамда уларни фош этишда чет давлатлар билан ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.



42-модда. Низоларни ҳал этиш


Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



43-модда. Қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик


Қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



44-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



45-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



46-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 5 август, 31-сон, 536-модда