язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Қимматли қоғозлар қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.08.2019 й. 650-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 августдаги

650-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини

ривожлантириш агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Агентлик қимматли қоғозлар бозори ва лотереялар ташкил этиш фаолиятини тартибга солиш, шунингдек, корпоратив бошқарувни ривожлантириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик ўз ваколатларини мустақил равишда ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил ҳолда олиб боради ва ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига бўйсунади ва ҳисобот беради.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари, хўжалик субъектлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан бажарилиши мажбурийдир.


5. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, банкларда ҳисоб-китоб ва, шу жумладан, валюта ҳисобрақамларига эга бўлади.


6. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, қисқартирилган номи - Капитал бозори агентлиги;

б) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The Capital Markets Development Agency of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - CMDA;

в) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство по развитию рынка капитала Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство рынка капитала.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ТУЗИЛМАСИ


7. Агентлик тузилмасига:

Агентликнинг марказий аппарати;

"Фонд бозорининг Ахборот-ресурс маркази" ДУК;

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари киради.



3-БОБ. АГЕНТЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БОШҚАРМАЛАРИНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


§ 1. Агентликнинг вазифалари ва функциялари


8. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

қимматли қоғозлар бозори ва корпоратив бошқарувни шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошираётган инвесторлар, шунингдек, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

мамлакат капитал бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари тўғрисида инвесторларни ва жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш;

инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этишга имкон берувчи молиявий воситаларнинг янги турларини татбиқ этишга кўмаклашиш;

фонд биржаларининг фаолияти, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолият ва лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни лицензиялаш;

капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш.


9. Агентлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) қимматли қоғозлар бозори ва корпоратив бошқарувни шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш соҳасида:

капитал бозорини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ушбу соҳада ягона давлат сиёсати йўналишларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори назорат қилиниши ва тартибга солинишини амалга оширади;

акциядорлик жамиятларида, шунингдек, қимматли қоғозлар эмитентлари фаолиятида корпоратив бошқарув стандартларининг ривожланиши ва ошишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида миллий ва хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларини чиқариш ва самарали муомалада бўлиши учун зарур шароитларни таъминловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

миллий эмитентлар қимматли қоғозларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро облигациялари бундан мустасно, чет элда ва хорижий эмитентлар қимматли қоғозларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалада бўлиши шартлари ва рухсат бериш тартибини белгилайди;

қимматли қоғозлар ва улар ҳосилаларининг чиқарилиши, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий эмитентлар амалга оширадиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилишини амалга оширади;

республикада рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар чиқаришларнинг, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари сифатида фаолиятга лицензия олган юридик ва жисмоний шахсларнинг Ягона давлат реестрини юритади ҳамда уларнинг рўйхатларини эълон қилади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Марказий депозитарий хизматлари учун тарифлар миқдорини тасдиқлайди;

қимматли қоғозлар билан битимларни амалга ошириш қоидаларини, қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш ҳисоби ва ҳисоботи стандартларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилишининг тўғрилигини назорат қилади ҳамда қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолияти устидан, хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозлари Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорига муомалага қўйилиши қоидалари ҳамда квоталарига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади ва ушбу қоидалар ва квоталарни бузувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллайди;

давлат рўйхати тартиботидан ўтган қимматли қоғозлар чиқарилишига идентификация тартиб рақамларини беради;

қимматли қоғозлар муомалада бўлишини ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш, тартибга солиш бўйича талабларни ишлаб чиқади ва белгилайди;

эмиссияли қимматли қоғозларни (давлат қимматли қоғозларидан ташқари) муомалага чиқариш қоидаларини, қимматли қоғозлар билан битимларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишни ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш стандартларини, қимматли қоғозлар эгалари реестрларини ва қимматли қоғозлар билан битимларни ҳисобга олиш регистрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

ўз маблағлари етарлилигининг мажбурий нормативларини ва қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича таваккалчиликларни чеклайдиган бошқа кўрсаткичларни, шунингдек, давлат қимматли қоғозларидан ташқари қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилайди;

депозитли сертификатлар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш тартибини келишади;

тегишли давлат органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфратузилмасини ташкил этишда кўмаклашади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари, уларнинг бирлашмалари (уюшмалари)нинг қимматли қоғозлар бозоридаги фаолиятини мувофиқлаштиради.


б) қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошираётган инвесторлар, шунингдек, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгаларининг корхонани (акциядорлик жамиятини) бошқаришда қатнашишдаги, дивидендлар олишдаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун бузилишлари аниқланганда қонунчиликка мувофиқ чора-тадбирларни қўллайди;

аҳоли молиявий саводхонлигининг даражаси ошишига ҳар томонлама кўмаклашади;


в) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасида:

қимматли қоғозлар бозори ва унинг иштирокчилари фаолиятини шакллантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини хабардор қилиб, қимматли қоғозлар бозорида тижорат банкларининг профессионал фаолияти доирасида улар устидан назорат қилишни амалга оширади;

қимматли қоғозлар бозорида суғурта компанияларининг профессионал фаолияти доирасида улар устидан назорат қилишни амалга оширади;

илғор хорижий тажриба асосида корпоратив бошқарувни қуриш ва такомиллаштиришнинг методологик принципларини ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган ҳолларда улар бўйича ижро этиш мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмалар беради, қонунни бузувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жарималарни ва бошқа таъсир чораларини қўллайди;


г) мамлакат капитал бозорининг ҳолати ва унинг профессионал иштирокчилари тўғрисида инвесторларни ва жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш соҳасида:

қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентлари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ очилиши ва унинг тушунарли бўлиши устидан назоратни амалга оширади;

ахборот тизимини ташкил этиш, қимматли қоғозлар билан ишлашни автоматлаштириш ва компьютерлаштириш чора-тадбирларини амалга оширади;

оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзининг расмий веб-сайтида қуйидаги ахборотни ўз ичига олган ҳар йиллик ҳисоботларни чоп этади:

рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларнинг чиқарилиши тўғрисида ва уларнинг чиқарилиши, жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши тўхтатиб турилган ҳамда қайта тикланган, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисида;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензияни бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисида;

эмитентлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, мансабдор шахсларнинг қимматли қоғозлар бозорида йўл қўйилган қонунни бузишлар муносабати билан уларга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чоралари ва қўлланилган жавобгарлик чораларининг турлари тўғрисида;

унинг даъволари бўйича чиқарилган суднинг қарорлари тўғрисида;


д) инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этишга имкон берувчи молиявий воситаларнинг янги турларини татбиқ этишга кўмаклашиш соҳасида:

қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфратузилмасини ташкил этишда кўмаклашади;

шу жумладан, жаҳон тажрибаси асосида қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига хизмат қилувчи механизмларни ишлаб чиқади ва жорий қилади;

капитал бозорида янги қарз, ҳосила ва бошқа молия воситаларини татбиқ этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозори ва бошқа молия воситаларининг конъюнктуравий таҳлили ва назоратини ўтказади;


е) фонд биржаларининг фаолияти, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолият ва лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни лицензиялаш соҳасида:

фонд биржалари ва қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятга, шунингдек, лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятга лицензия беради;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг реестрини юритади;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолияти масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштиради, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширишга ягона талабларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари мутахассисларига нисбатан малака талабларини белгилайди, уларни аттестациядан ўтказади, малака аттестатларини беради;

қимматли қоғозлар эгалари реестри ва ҳисобга олиш регистри юритилишига талабларни белгилайди, уларга риоя этилишини назорат қилади;

қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларнинг ижро этилишини таъминлаш, қимматли қоғозларнинг чиқарилиши, бозорга қўйилиши, муомалада бўлиши ва сақланишини бирхиллаштириш, қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишнинг ҳисоби ва ҳисоботи, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини назорат қилиш учун қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари бирлашмалари (уюшмалари) фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга лицензия олган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари мансабдор шахсларига нисбатан малака талабларини белгилайди;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун бузилишлари аниқлаганда қонунчиликка мувофиқ чораларни қўллайди;

лотереяларни ташкил этиш ва ўтказиш шартларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

лотереяларни амалга ошириш ва ўтказиш бўйича талабларнинг риоя қилинишини назорат қилади;

лотереяларни ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда лотереяларни ўтказувчи ташкилотлар учун жиноий фаолият, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мониторинг олиб боради ва ушбу қоидаларга риоя этилишини назорат қилади;

махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошираётган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари (банклар ва суғурта компаниялари бундан мустасно) ва юридик шахсларнинг жиноий фаолият, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этишлари текширувини ўтказади;

олинган материаллар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун белгиланган тартибда қарор қабул қилиш учун қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, лотереялар ташкилотчилари томонидан тайёрланаётган ёки содир этилган ноқонуний ҳаракатлар тўғрисида ахборот тайёрлайди;


ж) капитал бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ва халқаро институтлар билан самарали ҳамкорликни ўрнатиш соҳасида:

капитал бозорини тартибга солишнинг халқаро ва хорижий органлари ва халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш йўли билан халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда капитал бозори ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди;

қимматли қоғозларга оид қонунлар ва норматив ҳужжатлар ижросини назорат қилиш, қимматли қоғозлар ички ва ташқи бозорларида қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишни бирхиллаштириш, улар қатнашчилари фаолиятини назорат қилиш, шунингдек, корпоратив бошқарув тизими бўйича биргаликдаги фаолиятни мувофиқлаштириш соҳасида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солишнинг халқаро ва хорижий органлари билан ҳамкорлик қилади.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



§ 2. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий

бошқармаларининг вазифалари ва функциялари


10. Қуйидагилар Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошираётган инвесторлар, шунингдек, қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

мамлакат капитал бозорининг аҳволи ва унинг профессионал иштирокчилари тўғрисида инвесторларни ва жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш;

инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун зарур ресурсларни жалб этишга имкон берувчи молиявий воситаларнинг янги турларини татбиқ этишга кўмаклашиш.


11. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари уларга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) қимматли қоғозлар ва улар ҳосилалари чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилишини амалга оширади;

2) ҳудудий бошқармалар томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар чиқаришларнинг Ягона давлат реестрини юритади;

3) қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказилишининг тўғрилигини назорат қилади ҳамда қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолияти устидан назоратни амалга оширади ва ушбу қоидалар ва квоталарни бузувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни қўллайди;

4) давлат рўйхати тартиботидан ўтган қимматли қоғозлар чиқарилишига идентификация тартиб рақамларини беради;

5) тегишли давлат органлари билан биргаликда қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфратузилмасини ташкил этишда кўмаклашади;

6) инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгаларининг корхонани (акциядорлик жамиятини) бошқаришда қатнашишдаги, дивидендлар олишдаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

7) акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун бузилишлари аниқлаганда қонунчиликка мувофиқ чора-тадбирларни қўллайди;

8) аҳоли молиявий саводхонлигининг даражаси ошишига ҳар томонлама кўмаклашади;

9) қимматли қоғозлар ва уларнинг эмитентлари тўғрисидаги ахборотнинг тўлиқ очилиши ва унинг тушунарли бўлиши устидан назоратни амалга оширади;

10) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини хабардор қилиб, қимматли қоғозлар бозорида тижорат банкларининг профессионал фаолияти доирасида улар устидан назорат қилишни амалга оширади;

11) қимматли қоғозлар бозорида суғурта компанияларининг профессионал фаолияти доирасида улар устидан назорат қилишни амалга оширади;

12) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги ҳамда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган ҳолларда улар бўйича ижро этиш мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмалар беради, қонунни бузувчиларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ жарималар ва бошқа таъсир чораларини қўллайди;

13) оммавий ахборот воситалари ва (ёки) Агентликнинг расмий веб-сайтида қуйидаги ахборотни чоп этади:

ҳудудий бошқармалар томонидан рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозларнинг чиқарилиши тўғрисида ва уларнинг чиқарилиши, жойлаштирилиши ва муомалада бўлиши тўхтатиб турилган ҳамда қайта тикланган, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб эътироф этилган қимматли қоғозлар чиқарилиши тўғрисида;

эмитентлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, мансабдор шахсларнинг қимматли қоғозлар бозорида йўл қўйган қонунни бузишлар муносабати билан уларга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чоралари ва қўлланилган жавобгарлик чораларининг турлари тўғрисида;

унинг даъволари бўйича чиқарилган суднинг қарорлари тўғрисида;

14) қимматли қоғозлар бозорининг самарали инфратузилмасини ташкил этишда кўмаклашади;

15) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштиради;

16) малака аттестатларини бериш билан қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари раҳбарлари ва мутахассисларини аттестациядан ўтказишни ташкил этади;

17) қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлаш, қимматли қоғозларнинг чиқарилиши, бозорга қўйилиши, муомалада бўлиши ва сақланишини бирхиллаштириш, қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказишнинг ҳисоби ва ҳисоботи, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини назорат қилиш учун қимматли қоғозлар бозорининг профессионал қатнашчилари бирлашмалари (уюшмалари) фаолиятини мувофиқлаштиради ва йўналтиради;

18) махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошираётган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари (банклар ва суғурта компаниялар бундан мустасно) ва юридик шахсларнинг жиноий фаолият, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этишларини текширади, бузилишлар аниқлаганда қонун ҳужжатларида белгиланган чораларни қўллайди;

19) лотереяларни амалга ошириш ва ўтказиш бўйича талабларнинг риоя қилинишини назорат қилади;

20) лотереяларни ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

21) олинган материаллар асосида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун белгиланган тартибда қарор қабул қилиш учун қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, лотереялар ташкилотчилари томонидан тайёрланаётган ёки содир этилган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ахборот тайёрлайди.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатлари ва раҳбарият топшириқларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга оширади.



4-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


§ 1. Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


12. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

1) коррупцияни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш, ижро интизомини назорат қилиш, одоб-ахлоқ қоидалари ва ишбилармонлик одоб-ахлоқига риоя қилиш мақсадида инспекция ташкил этиш;

2) қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари томонидан ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидаларини белгилаш, давлат қимматли қоғозлари эмитентлари бундан мустасно;

3) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар, мутахассислар ва мансабдор шахслар, шунингдек, жисмоний шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни сўраш ва олиш;

4) ўз қимматли қоғозларини оммавий сотиш учун қўйган эмитент ва ҳар қандай шахсдан, қимматли қоғозлар бозори фаолиятини профессионал жиҳатдан таъминлайдиган ҳар қандай бошқа шахсдан, шунингдек, фонд биржаларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиш ва эълон қилиш мажбурий бўлган қоидалар, уставлар, регламентлар, йўриқномалар, намунавий ҳужжатлар нусхалари тақдим этилишини талаб қилиш;

5) Агентликка юкланган вазифаларни бажариш учун унинг ваколатига тегишли масалалар бўйича мансабдор шахслар ва фуқаролардан ёзма тушунтиришлар олиш;

6) қимматли қоғозлар тўғрисидаги ҳисобот шаклида эълон қилинган ва тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги юзасидан, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар бузилганлиги ёки бузилиши мавжудлиги ёки мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тушганда қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг (давлат қимматли қоғозлари эмитентларидан ташқари) бухгалтерия ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишни ўтказиш;

7) белгиланган талабларга риоя қилиш, ҳисобот шаклида эълон қилинган ва тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги юзасидан, шунингдек, қонун ҳужжатлари бузилиши мавжудлиги ёки мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тушганда лотереяларни ташкил этиш ва ўтказишга жалб қилинган шахсларнинг фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширишни ўтказиш;

8) инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгалари, лотереялар қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан Агентликнинг ваколатига тегишли масалалар бўйича судга даъво тақдим этиш;

9) эмитентларнинг рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларини текшириш ва қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб қилиш;

10) эмитентларнинг қимматли қоғозлар чиқарилишини рўйхатга олиш бўйича ҳужжатлари кўриб чиқилганлиги учун улардан Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида белгиланган тартибда йиғим ундириш;

11) фаолиятни лицензиялашда лицензия талабгорларидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун белгиланган тартибда йиғим ундириш;

12) қимматли қоғозлар бозори фаолият кўрсатиши ва ривожланиши, лотереялар ва корпоратив бошқарувни ташкил этиш бўйича фаолиятни тартибга солиш соҳасида халқаро даражада Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш;

13) малакали маҳаллий ва хорижий мутахассисларни контракт асосида маслаҳатчилар ва ходимлар сифатида ишга жалб қилиш;

14) фонд биржаларининг биржа кенгашлари, бошқа биржаларнинг фонд бўлимлари мажлисларида қатнашиш;

15) қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг профессионал уюшмалари фаолиятини ва уларнинг аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;

16) қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни қўшиб олиб бориш тартибини белгилаш;

17) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва бошқа иштирокчилари риоя қилиши мажбурий бўлган иқтисодий нормативларни белгилаш;

18) жисмоний шахсларга қимматли қоғозлар бозори мутахассисларининг малака аттестатларини бериш;

19) Агентлик томонидан аниқланган акциядорлик жамиятлари таъсис этилишининг эътирофи мавжуд эмаслигига доир маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органларига бериш;

20) белгиланган тартиб бузилган ва ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш;

21) Агентликнинг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича, шу жумладан, қимматли қоғозлар билан битимларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш ва/ёки қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари содир этилгунга қадар олдинги аҳволни тиклаш бўйича судга даъволар билан мурожаат қилиш, шунингдек, экспертлик қилиш;

22) Текширишларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш билан ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказилувчи, мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча ташкилотларда Агентликнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширишларни амалга ошириш;

23) махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларининг (банклар ва суғурта компаниялари бундан мустасно) жиноий фаолият, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этишини текшириш, қонун бузилишлари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

24) қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш аломатларини белгилаш;

25) қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари томонидан кафолат фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш, шунингдек, инвестиция воситачиси томонидан мижозларнинг пул маблағлари ҳисобини юритиш ва уларнинг бут сақланишини таъминлаш тартибини белгилаш;

26) ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасидаги махсус ваколатли орган билан биргаликда инвестиция воситачиси томонидан мижозларга депо ҳисобварақлар очиш, қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун уларнинг топшириқларини қабул қилиш, мижозларга бошқа хизматларни электрон шаклда ва бошқа алоқа воситалари орқали кўрсатиш тартибини белгилаш;

27) Қимматли қоғозлар комиссиялари халқаро ташкилоти аъзолари бўлган бошқа давлатларнинг қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органлари билан махфий ва бошқа турдаги ахборот билан белгиланган тартибда алмашиш;

28) қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг аниқланган ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

29) ваколатлари доирасида барча жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг мансабдор шахслари ва ходимлари кўриб чиқиши ва ижро этиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

30) қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ва лотереялар ташкилотчиларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар бўйича тергов ҳаракатлари ҳамда суд мажлисларида иштирок этиш;

31) қимматли қоғозлар бозорида тайёрланаётган ёки содир этилган ноқонуний ҳаракатлар тўғрисида Агентлик томонидан аниқланган маълумотларни ваколатли давлат органларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериш;

32) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчиларга нисбатан қуйидаги таъсир чораларини қўллаш:

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолият бузилганлиги учун хўжалик субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жарималарни ундириш;

фонд биржаларидан (фондли бўлимларни ташкил этган бошқа биржалардан) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва Агентлик талаблари уларнинг аъзолари томонидан бузилган тақдирда бир ёки бир нечта аъзоларни аъзоликдан чиқаришни ёки фаолиятдан четлатишни талаб қилиш;

белгиланган тартибда қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишсиз амалга оширилувчи қимматли қоғозлар очиқ савдосига таклиф бўйича реклама кампанияси тўхтатиб турилишини эмитентлардан талаб қилиш;

эмитентлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда эмитентларнинг қимматли қоғозлари эмиссияси ва муомалада бўлишини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ёки чеклаш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг унинг фаолияти тўхташига олиб келмайдиган айрим операцияларини тўхтатиб туриш;

фонд биржаларининг унинг фаолияти тўхташига олиб келмайдиган қимматли қоғозлар савдоси ва айрим операцияларини тўхтатиб туриш;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ёки лотереяларни ташкил этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бир неча марта ёки қўпол равишда бузилган ҳолларда тегишли равишда қимматли қоғозлар билан фаолиятни амалга оширишга, фонд биржаси фаолияти ёки лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширишга берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда уларнинг Агентлик томонидан берилган қимматли қоғозлар бозори мутахассислари малака аттестатлари амал қилишини тўхтатиб туриш ёки амал қилишини тўхтатиш;

биржа иши ва қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш қоидалари бузилган тақдирда фонд биржасида операцияларни, шу жумладан, клиринг операцияларини ва улар бўйича ҳисоб-китобларни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


13. Агентликнинг фаолият соҳасига кирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий тартибда Агентлик билан келишилиши лозим.


14. Агентлик:

1) унга юкланган вазифалар ва функцияларни талабга мувофиқ ва самарали бажариш, шунингдек, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалда рўёбга чиқариш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган, шунингдек, Агентлик томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг сифати;

3) капитал бозорини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирларнинг режалари, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

4) Агентлик ваколатига тегишли масалаларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



§ 2. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси,

вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий

бошқармаларининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги


15. Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун:

1) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахслардан, мутахассислар ва мансабдор шахслардан, шунингдек, жисмоний шахслардан Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни сўраш ва олиш;

2) ўз қимматли қоғозларини оммавий сотиш учун қўйган эмитент ва ҳар қандай шахсдан, қимматли қоғозлар бозори фаолиятини профессионал жиҳатдан таъминлайдиган ҳар қандай бошқа шахсдан, шунингдек, фонд биржаларидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиш ва эълон қилиш мажбурий бўлган қоидалар, уставлар, регламентлар, йўриқномалар, намунавий ҳужжатлар нусхалари тақдим этилишини талаб қилиш;

3) Агентликка юкланган вазифаларни бажариш учун унинг ваколатига тегишли масалалар бўйича мансабдор шахслар ва фуқаролардан ёзма тушунтиришлар олиш;

4) қимматли қоғозлар тўғрисидаги ҳисобот шаклида эълон қилинган ва тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги юзасидан, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар бузилганлиги ёки бузилиши мавжудлиги ёки мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тушганда қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг (давлат қимматли қоғозлари эмитентларидан ташқари) бухгалтерия ҳужжатларини ва бошқа ҳужжатларини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш;

5) белгиланган талабларга риоя қилиш, ҳисобот шаклида эълон қилинган ва тақдим этилган ахборотнинг ишончлилиги юзасидан, шунингдек, қонун ҳужжатлари бузилиши мавжудлиги ёки мумкинлиги тўғрисида маълумотлар тушганда лотереяларни ташкил этиш ва ўтказишга жалб қилинган шахсларнинг фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда текшириш;

6) шу жумладан, инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгалари, лотереялар қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан Агентликнинг ваколатига тегишли масалалар бўйича судга даъво тақдим этиш;

7) эмитентларнинг рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларини текшириш ва қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларга мувофиқ уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб қилиш;

8) эмитентларнинг қимматли қоғозлар чиқарилишини рўйхатга олиш бўйича ҳужжатлари кўриб чиқилганлиги учун улардан Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида белгиланган тартибда йиғим ундириш;

9) улар фаолиятини лицензиялашда лицензия талабгорларидан қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун белгиланган тартибда йиғим ундириш;

10) юқори малакали хорижий ва маҳаллий мутахассисларни контракт асосида маслаҳатчилар ва ходимлар сифатида ишга жалб қилиш;

11) фонд биржаларининг биржа кенгашлари, бошқа биржаларнинг фонд бўлимлари мажлисларида қатнашиш;

12) қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг профессионал уюшмалари фаолиятини ва уларнинг аъзолари фаолиятини мувофиқлаштириш;

13) Агентлик томонидан аниқланган акциядорлик жамиятлари таъсис этилишининг эътирофи мавжуд эмаслигига доир маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органларига бериш;

14) белгиланган тартиб бузилган ва ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаган тақдирда қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш;

15) Агентликнинг ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича, шу жумладан, қимматли қоғозлар билан битимларни ҳақиқий эмас деб эътироф этиш ва/ёки қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлари содир этилгунга қадар олдинги аҳволни тиклаш бўйича судга даъволар билан мурожаат қилиш, шунингдек, экспертлик қилиш;

16) Текширишларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш билан ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилишини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни хабардор қилиш тартибида ўтказилувчи, мулкчилик шаклларидан қатъи назар барча ташкилотларда Агентликнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича текширишларни амалга ошириш;

17) махсус ваколатли давлат органи билан биргаликда қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларининг (банклар ва суғурта компаниялари бундан мустасно) жиноий фаолият, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этишини текшириш, қонун бузилишлари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш;

18) қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш ва инсайдер ахборотдан фойдаланиш аломатларини белгилаш;

19) қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг аниқланган ҳолатлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига бериш;

20) ваколатлари доирасида барча жисмоний ва юридик шахслар, уларнинг мансабдор шахслари ва ходимлари кўриб чиқиши ва ижро этиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

21) Агентлик раҳбариятини олдиндан хабардор қилган ҳолда қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари ва лотереялар ташкилотчиларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишлар бўйича тергов ҳаракатлари ҳамда суд мажлисларида иштирок этиш;

22) қимматли қоғозлар бозорида тайёрланаётган ёки содир этилган ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар тўғрисида Агентлик томонидан аниқланган маълумотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органларига бериш;

23) қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузувчиларга нисбатан қуйидаги таъсир чораларини қўллаш:

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатларда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомаларни тузиш;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолият бузилганлиги учун хўжалик субъектлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жарималарни ундириш;

белгиланган тартибда қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишсиз амалга оширилувчи қимматли қоғозлар очиқ савдосига таклиф бўйича реклама кампанияси тўхтатиб турилишини эмитентлардан талаб қилиш;

эмитентлар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда эмитентларнинг қимматли қоғозлари эмиссияси ва муомалада бўлишини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ёки чеклаш тўғрисида судга мурожаат қилиш;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг унинг фаолияти тўхташига олиб келмайдиган айрим операцияларини тўхтатиб туриш;

биржа иши ва қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш қоидалари бузилган тақдирда фонд биржасида операцияларни, шу жумладан, клиринг операцияларини ва улар бўйича ҳисоб-китобларни ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш, ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Агентликнинг ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


16. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари:

1) юкланган вазифалар ва функцияларни талабга мувофиқ ва самарали бажариш, шунингдек, тегишли соҳада давлат сиёсатини амалда рўёбга чиқариш;

2) капитал бозорини ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирларнинг режалари, "йўл хариталари" ва бошқа ҳужжатларни самарали амалга ошириш;

3) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва риоя этилишини таъминлаш учун жавоб беради.



5-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ФУНКЦИОНАЛ

МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Қуйидагилар Агентлик директорининг асосий функционал мажбуриятлари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича комплекс дастурлар ва чора-тадбирлар ижросини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш;

4) Агентлик, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлган кўрсаткичларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бўлинмалари ҳамда Агентлик фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириқларини бажариш;

7) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилаш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Агентликнинг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилаш, Агентлик фаолиятининг алоҳида участкаларига раҳбарлик қилиш учун ўз ўринбосарлари ва бошқа мансабдор шахсларнинг шахсий масъулияти даражасини белгилаш;

8) Агентлик фаолияти режалаштирилишини ташкил этиш, Агентликнинг ҳар чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш ва мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини яратиш, ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, шунингдек, топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилот раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

10) Агентлик ходимларини тизимли қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

11) Агентлик тизимида кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, Агентликнинг кадрлар захирасини шакллантириш;

12) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси номенклатурасига кирадиган бўш лавозимларга таклиф этилган кадрларнинг, шунингдек, Агентликка ишга қабул қилинаётган бошқа кадрларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш;

13) фаолият соҳасига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш, уларни келишиш (виза қўйиш), уларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз вақтида киритилишини таъминлаш;

14) Агентлик ваколатига тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

15) Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, зарур бўлганда бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда тегишли қарорлар қабул қилиш;

16) Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда ташкил этиш;

17) Агентлик ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал қилиш, ўз ўринбосарларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолишининг мақсадга мувофиқлигига доир масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида таклифлар киритиш, уларнинг шахсий масъулиятини оширишга доир тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;

18) Агентлик ва унинг идоравий мансуб ташкилоти ходимлари томонидан Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

19) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларни аниқлаш, таҳлил қилиш, уларни юзага келтирувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

20) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

21) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш, Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг улар фаолиятида фаол иштирок этишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналаридан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

22) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

23) буйруқлар чиқариш, кўрсатмалар бериш ва уларнинг ижро этилишини назорат қилиш, Агентлик таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, қоидалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлаш;

24) зарурат бўлганда Агентлик марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;

25) Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармаларининг тузилмасини тасдиқлаш;

26) Агентлик ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони доирасида Агентлик ҳудудий бошқармаларининг бошқарув ходимлари сонини тасдиқлаш;

27) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига Агентликнинг бошқарув мутахассисларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;

28) маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни ходимлар ва маслаҳатчилар сифатида, уларга истисно тариқасида Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилаган ҳолда жалб қилиш;

29) Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига Агентлик ходимларига асосий эгаллаб турган лавозимлари бўйича лавозим маошлари (тариф ставкалари)га, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан қатъи назар устама ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни белгилаш;

30) Агентликка юкланган вазифаларни бажариш учун контракт асосида жалб этиладиган малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини халқаро амалиёт ва бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгилаш;

31) қонун ҳужжатлари томонидан унга юкланган бошқа фунцияларни бажариш.


18. Қуйидагилар директор ўринбосарларининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиш;

2) Агентлик раҳбари вақтинча бўлмаганида тегишли буйруқ асосида унинг вазифаларини бажариш;

3) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилоти фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва уларга бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

4) Агентлик фаолиятининг ўзи мутасаддилик қиладиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган Агентлик фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

5) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилот томонидан прогноз кўрсаткичларига эришишни сўзсиз таъминлаш чора-тадбирларини кўриш, улар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва ушбу кўрсаткичларга эришиш учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

6) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотнинг ҳар чорак режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни таъминлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни бажариш, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун улар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чораларини кўриш;

8) директорнинг қарорлари, буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш;

9) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича директорга таклифлар тақдим этиш, уларнинг профессионаллиги, ўз ишини билиши, амалий тажрибага, юксак даражада ишлаш хусусиятларига ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга эканлиги кафолатини таъминлаш, уларнинг касб малакасини ошириш чора-тадбирларини кўриш, Агентликнинг таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотда кадрлар захирасини шакллантириш чораларини кўриш;

10) ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ишлаб чиқилишини ташкил этиш, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқилиши ва имзоланиши (виза қўйилиши) учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, улар ўз вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлаш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилишида директорнинг топшириғи бўйича иштирок этиш;

11) хизмат сафарларини қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ равишда амалга ошириш;

12) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотнинг раҳбарлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам танқидий таҳлил қилиш, Агентлик ҳайъати мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, уларнинг якунлари бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

13) фаолият соҳасига тегишли масалалар бўйича Агентлик фаолиятини такомиллаштиришга доир амалий чора-тадбирлар кўриш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни Агентлик директорига киритиш;

14) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотнинг раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимда қолиши мақсадга мувофиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича Агентлик директорига таклиф киритиш, функционал вазифалар ва юкланган вазифалар бажарилиши учун уларнинг шахсий масъулиятини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш;

15) Агентлик таркибий бўлинмалари, ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотнинг раҳбарлари ва ходимлари томонидан Агентлик ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш;

16) Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ Агентлик тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф этиш;

17) давлат хизматлари самарадорлигини, улардан эркин фойдаланишни ва кўрсатилиши сифатини ошириш бўйича таклифларни директорга киритиш;

18) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишга доир самарали ишларни ташкил этиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ҳамкорлик қилишни ташкил этиш, Агентлик раҳбарлари ва ходимлари уларнинг фаолиятида фаол иштирок этишини, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхоналаридан тушган мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

22) давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

21) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа фунцияларни бажариш.



6-БОБ. АГЕНТЛИК РАҲБАРЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


19. Директор қонун ҳужжатларига мувофиқ:

Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва ўз вақтида бажарилиши учун;

ўз лавозим мажбуриятларини бажармаслик ва/ёки ўз вақтида бажармаслик учун;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот ошкор қилиниши учун жавоб беради.


20. Директорнинг ўринбосарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ:

ўз лавозим мажбуриятларини бажармаслик ва/ёки ўз вақтида бажармаслик учун;

давлат сирига киритилган маълумотлар ва махфий ахборот ошкор қилиниши учун жавоб берадилар.



7-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ҚИЛИШ


§ 1. Агентлик раҳбарияти


21. Агентликка Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади.


22. Агентлик директорининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


23. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш Агентликнинг директори томонидан тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда амалга оширилади.



§ 2. Агентлик марказий аппарати таркибий

бўлинмаларининг унинг ҳудудий бошқармалари

ва идоравий мансуб ташкилот билан ўзаро

ҳамкорлиги тартиби


24. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмаларининг унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлашни марказий аппарат таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари амалга оширади.


25. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилот билан ўз фаолияти йўналишлари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиб:

1) топшириқларни ҳудудий бошқармаларга ва идоравий мансуб ташкилотга етказади ҳамда уларнинг бажарилишини назорат қилади;

2) Агентликнинг ҳудудий бошқармаларига ва идоравий мансуб ташкилотга таркибий бўлинмаларнинг бевосита фаолияти масалалари бўйича сўровлар юборади ҳамда уларнинг ижро этилишини назорат қилади;

3) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот фаолияти амалиётини текширади ва ўрганади, умумлаштиради, уни такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

4) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот фаолиятини ташкил этиш ва фаолияти натижалари тўғрисида ҳисобот ва ахборот материаллари, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотлар ўрганилишини ташкил этади;

5) Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот иш режаларини таҳлил қилади, уларнинг фаолиятини режалаштиришни такомиллаштиришга доир чоралар кўради;

6) ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотдан тушган таклифларни кўриб чиқади;

7) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилот иштирокини ташкил этади, қимматли қоғозлар бозори ва корпоратив бошқарувни тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича улардан тушган таклифларни кўриб чиқади.


26. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот Агентлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, шу жумладан:

1) Агентлик раҳбарияти топшириқлари ижроси ҳақида ахборот беради;

2) белгиланган фаолият соҳасида қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича фаолият натижалари тўғрисида марказий аппаратга ахборот тақдим этади;

3) уларнинг фаолиятини текшириш ва ўрганиш натижасида ишда аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш натижалари тўғрисида ахборот беради;

4) ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни белгиланган тартибда ва муддатларда Агентликнинг марказий аппаратига тақдим этади.


27. Агентлик марказий аппарати таркибий бўлинмалари, унинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилот ўзаро ҳамкорлиги жараёнида юзага келадиган келишмовчиликлар директорнинг топшириғига биноан унинг тегишли ўринбосарлари томонидан кўриб чиқилади. Агар кўрсатилган кўриб чиқишдан кейин келишмовчиликларни тартибга солишнинг имконияти бўлмаса, улар бўйича қарор бевосита директор томонидан қабул қилинади.



§ 3. Агентликнинг бошқа давлат ва хўжалик

бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти

органлари ва бошқа ташкилотлар билан

ўзаро ҳамкорлиги тартиби


28. Агентлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


29. Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколати доирасида бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



§ 4. Агентлик ҳузурида тузиладиган кенгаш,

маслаҳат ва эксперт органлари


30. Агентлик республика капитал бозоринининг ривожланиш стратегияси ҳаракатларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва тузатиш киритиш мақсадларида Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари раҳбарлари ва/ёки ходимлари орасидан Мувофиқлаштирувчи кенгашни шакллантиради.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг вазифаси - Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини қайта қуришга йўналтирилган ислоҳотларни идоралараро мувофиқлаштириш.

Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг мақсади - республика капитал бозоринининг ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кўмаклашиш.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги лойиҳа гуруҳи фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш орқали Ўзбекистон Республикаси капитал бозори ривожланишини рағбатлантириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашади;

республика капитал бозори ривожланишининг мажмуавий стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга халқаро молия институтлари ва таклиф этилган маҳаллий ва халқаро маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради.


31. Агентлик ҳузурида капитал бозорини ривожлантириш бўйича таклифларни тайёрлаш ва муҳокама қилиш учун Жамоатчилик маслаҳат кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ташкил этилади.

Кенгаш аъзоларининг сони, шахсий таркиби ва Кенгаш тўғрисидаги низом директор томонидан тасдиқланади.

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифлари ҳисобланади:

мамлакат капитал бозорини ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

капитал бозори ва корпоратив бошқарувнинг келгуси ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни муҳокама қилиш;

мамлакат капитал бозоридаги ишларнинг ҳолатини тубдан яхшилашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини амалда рўёбга чиқариш механизмларини танқидий кўриб чиқиш;

қонунчилик базасини, шу жумладан, Агентликка кўриб чиқиш учун киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш йўли билан такомиллаштиришда иштирок этиш.


32. Агентлик республика капитал бозори ривожланишининг стратегиясини тайёрлаш ва рўёбга чиқариш учун директор бошчилик қиладиган Эксперт кенгашини ташкил этиш ҳуқуқига эга.

Эксперт кенгаши аъзоларининг сони, шахсий таркиби ва у тўғрисидаги низом директор томонидан тасдиқланади.



8-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ


33. Қуйидагилар:

директор фаолияти самарадорлигини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланадиган Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади;

директорнинг биринчи ўринбосари, директор ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари, Агентликнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, шунингдек, марказий аппарат, Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, идоравий мансуб ташкилотнинг раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолаш мезонлари асосида амалга оширилади.


34. Агентлик фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича Агентлик раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жавобгарликка тортиш чора-тадбирлари кўрилади.



9-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ХОДИМЛАРИНИ

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


35. Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети;

Агентлик ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


36. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантирувучи тўловлардан иборат.


37. Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда идоравий мансуб ташкилот ходимларини моддий рағбатлантириш директор томонидан белгиланади.


38. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Агентлик ҳузуридаги Капитал бозорини ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар иш ҳақи тўлаш ва Агентлик ходимларини моддий рағбатлантиришни амалга ошириш манбалари ҳисобланади.



10-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲИСОБОТЛАРИ


39. Агентлик тизимли равишда ўз фаолияти ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ва Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига ҳисобот беради.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


40. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 август