язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.08.2019 й. 654-сон "Бухоро вилояти Қоракўл туманида "Халқаро математика мактаби"ни ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.08.2019 й.

N 654




БУХОРО ВИЛОЯТИ ҚОРАКЎЛ ТУМАНИДА

"ХАЛҚАРО МАТЕМАТИКА МАКТАБИ"НИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган ёш авлодни илмга кенг жалб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, математика фани учун бўлғуси кадрлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг:

Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган 1-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига "халқаро математика мактаби" (кейинги ўринларда халқаро мактаб деб аталади) мақомини бериш;

Бухоро вилояти, Қоракўл тумани, Улуғбек кўчаси, 5-уй манзилида жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда халқаро мактабга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар халқаро мактаб биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.


2. Қуйидагилар халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;

иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган, математика фанига қизиқувчи иқтидорли ўқувчилар шартнома асосида таълим олишига имконият яратилади;

халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилади;

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига бюджет маблағлари ҳисобига 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади;

Вазирлар Маҳкамасининг "Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 7 августдаги 173-сон қарори билан айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган таълим муассасалари раҳбар ва педагог ходимлари учун белгиланган устамалар халқаро мактаб ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда халқаро мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрларни жалб этилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида уни ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни ижодий танлов асосида саралаб олиш мақсадида математика ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказсин;

икки ой муддатда халқаро мактабнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.


6. Бухоро вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида моддий-техник воситалари, ўқув жиҳозлари ва бошқа мол-мулкидан фойдаланиш учун белгиланган тартибда топширилиши ва қабул қилинишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига халқаро мактаб биносини капитал таъмирлаш, 200 ўринли ётоқхона ва 50 ўринли меҳмонхона биносини қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари киритилишини таъминласин.


8. Халқаро мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш ва таъмирлаш бўйича:

Бухоро вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳачи ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин.


9. Бухоро вилояти ҳокимлиги 2020 йил 1 февралга қадар буюртмачи, бош лойиҳачи ташкилот билан биргаликда объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини ва ваколатли экспертиза органларидан белгиланган тартибда экспертиза хулосалари олинишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги объектда олиб бориладиган қурилиш-монтаж ишлари сифати юзасидан белгиланган тартибда давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида "Таълим" соҳасига ажратилган маблағлар доирасида халқаро мактабнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.


11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясига мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини оммавий ахборот воситаларида кенг кўламда ёритиш тавсия этилсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 август