язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.08.2019 й. 669-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 августдаги

669-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни

таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома

асосида туристлар ва туристик гуруҳларни

кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни (кейинги ўринларда туристлар деб аталади) кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Туристларни шартнома асосида кузатиб бориш хизмати (кейинги ўринларда кузатув хизмати деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида пиёда ва (ёки) махсус автотранспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.


3. Кузатув хизмати туристларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкини турли тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳамда улар транспорт воситаларида ҳаракатланишлари давомида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Туристлар транспорт воситаларида ҳаракатланаётган пайтда кузатув хизмати махсус жиҳозланган транспорт воситаларидан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда фойдаланади, бунда ҳаракатланиш давомида махсус товуш сигналлари ва чироқ-маёқчалардан фақатгина истисно ҳолатларда фойдаланилиши мумкин.


4. Кузатув хизмати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган тарифларга мувофиқ тўлов асосида амалга оширилади.


5. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КУЗАТУВ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШ

УЧУН МУРОЖААТ ҚИЛИШ ВА УНИ КЎРИБ

ЧИҚИШ ТАРТИБИ


6. Кузатув хизматини кўрсатиш учун жисмоний ёки юридик шахс тегишли ҳудудий ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади.


7. Мурожаатда жисмоний ёки юридик шахс (кейинги ўринларда буюртмачи деб аталади) тўғрисидаги маълумотлар, туристлар ва транспорт воситаларининг сони, уларни кузатиб бориш вақти ва қатнов йўли кўрсатилиши лозим.


8. Мурожаат ХТТБ томонидан қабул қилинган куннинг ўзида кўриб чиқилади ва натижаси ҳақида буюртмачига ёзма равишда маълум қилинади.


9. Мурожаатни кўриб чиқишда:

туристларнинг шахсига оид маълумотлар;

туристик хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг мурожаати бўйича унинг бундай фаолиятни олиб бориши учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли рухсатномаси мавжудлиги;

транспорт воситалари ва ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги;

кузатиб бориш қатнов йўли ва ташриф режалаштирилган ҳудудларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларнинг мавжудлиги каби масалалар ўрганилади.

Ушбу банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тақдим этилади.


10. Мурожаатни кўриб чиқиш натижасида кузатув хизматини кўрсатиш учун тўсқинлик қилувчи ҳолатлар аниқланмаса, ХТТБ ва буюртмачи ўртасида уч иш кунидан кечиктирмасдан туристлар ёки туристик гуруҳларни кузатиб бориш тўғрисида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) тузилади.

Шартнома шартлари буюртма талабларидан келиб чиққан ҳолда кузатув хизматини кўрсатишнинг белгиланган тарифлари асосида ҳамда қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ белгиланади.

Кузатув хизмати учун тўлов суммасини ҳисоблашда махсус автотранспорт воситасида кузатиб бориш ва ХТТБга тегишли транспорт воситаларида туристларни ташиш масофаси, хизмат кўрсатиш учун зарур ходимлар сони, уларни жалб қилиш вақти ва бошқа харажатлар инобатга олинади.

Кузатув хизмати шартнома суммаси олдиндан тўлиқ тўлангандан сўнг амалга оширилади.


11. Қуйидаги ҳолларда:

ушбу Низомнинг 7-банди ҳамда 9-бандининг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотлар буюртмачи томонидан тўлиқ тақдим этилмаганда;

буюртмачи томонидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиш натижаларига кўра қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги аниқланганда;

кузатув хизматини кўрсатиш қатнов йўли ва ташриф режалаштирилган ҳудудлар хавфсизлик талабларига жавоб бермаганда;

кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларни жалб қилиш имкони бўлмаганда;

шартномада назарда тутилган тўлов буюртмачи томонидан тўлиқ амалга оширилмаганда кузатув хизматини кўрсатиш рад этилади.


12. Мурожаатни кўриб чиқиш якунига кўра кузатув хизматини кўрсатиш рад этилганда, бу ҳақда сабаблари кўрсатилган ҳолда буюртмачига ёзма ёки электрон равишда хабар берилади.



3-БОБ. КУЗАТУВ ХИЗМАТИНИ КЎРСАТИШНИНГ

АСОСИЙ ШАРТЛАРИ


13. Кузатув хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.

Кузатув хизматини ташкил этишда туристлар ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинишига йўл қўйилмайди.


14. Кузатув хизматини кўрсатишдан олдин ХТТБ томонидан:

туристларга Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик талаблари ва умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларига риоя этишлари ҳамда хавфсизлик талаблари бўйича тушунтириш ўтказилади;

кузатуви амалга ошириладиган туристларнинг шахси ва сони шартномага мувофиқлиги текширилади;

кузатиб бориладиган транспорт воситасининг техник созлиги кўздан кечирилади, ҳайдовчида зарур ҳужжатлар мавжудлиги текширилади ҳамда у билан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш ва кузатиб бориш қатнов йўли бўйича тегишли йўриқнома ўтказилади.


15. Кузатув хизматини кўрсатиш якунида ХТТБ ва буюртмачи ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича уч иш куни мобайнида далолатнома тузилади ва унинг асосида шартнома суммаси белгиланган тарифлар бўйича қайта ҳисобланиб, ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилади.


16. Кузатув хизматини кўрсатиш шартномада белгиланган асосларда ва тартибда тўхтатилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Кузатув хизматини кўрсатишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.


18. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


19. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонун хужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.






Низомга

1-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни

таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома

асосида туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб

бориш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич


Буюртмачи (жисмоний ёки юридик шахс)


Мурожаатни (ариза) ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиш.


Заруратга қараб











2-босқич


Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси



1. Туристларнинг шахсига оид маълумотлар, туристик хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектининг мурожаати бўйича унинг бундай фаолиятни олиб бориши учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли рухсатномаси мавжудлиги, транспорт воситалари ва ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқлиги, кузатиб бориш қатнов йўли ва ташриф режалаштирилган ҳудудларнинг хавфсизлик талабларига жавоб бериши, кузатув хизматини амалга ошириш учун етарли куч ва воситаларнинг мавжудлиги каби масалаларни ўрганиш.


2. Ўрганиш натижаларига кўра кузатув хизматини кўрсатиш рад этилганда, сабаблари кўрсатилган ҳолда буюртмачига ёзма ёки электрон равишда хабар бериш.


Ариза қабул қилинган куннинг ўзида











3-босқич


Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва буюртмачи


Туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш тўғрисида шартнома тузиш.


Ариза қабул қилингандан кейин уч иш кунидан кечиктир-масдан











4-босқич


Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ва буюртмачи


Кузатув хизматини кўрсатиш якунида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузиш ва унинг асосида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш.


Далолатнома тузилгандан кейин уч иш кунида








Низомга

2-ИЛОВА



Туристлар ва туристик гуруҳларни кузатиб бориш тўғрисида

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

20____й. "___" ___________

_____-сон

______________ш.

(Ички ишлар органининг тўлиқ номи)

номидан


(лавозими, Ф.И.О.)

Низом асосида фаолият юритувчи (кейинги ўринларда "Ижрочи" деб юритилади)

бир томондан ҳамда

(тўлиқ номи)

номидан


(лавозими, Ф.И.О.)

асосида фаолият юритувчи

(кейинги ўринларда "Буюртмачи" деб юритилади) иккинчи томондан (биргаликда "Томонлар" деб юритилади) ушбу Шартномани қуйидагилар ҳақида туздилар:


1. Шартнома предмети


1.1. Ижрочи туристлар ва туристик гуруҳларни Буюртмачи томонидан белгиланган ҳудудларда пиёда ва/ёки автотранспорт воситасида кузатиб бориш ҳамда кузатув давомида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятини, Буюртмачи эса шартнома шартларига асосан кўрсатиладиган хизмат учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мажбуриятини олади.



2. Умумий шартлар

2.1. Ижрочи Буюртмачи томонидан белгиланган

(кузатув хизмати пиёда ва/ёки автотранспортда амалга оширилиши, туристлар сони, кузатув

қатнов йўли, манзиллари ва масофаси, хизмат кўрсатиш вақти, кузатиб бориладиган транспорт

воситалари сони ва параметрлари кўрсатилади)

шартларда кузатув хизмати кўрсатади.

2.2. Шартнома имзоланиб, олдиндан тўловлар тўланганидан сўнг Ижрочи туристлар/туристик гуруҳлар ва кузатиб бориладиган автотранспорт воситаларининг ҳайдовчилари билан йўриқнома ўтказиб, хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлайди.


2.3. Шартнома тузилганидан сўнг Ижрочи томонидан кузатиб бориладиган транспорт воситаси техник носозлиги ёки унинг ҳайдовчисида зарур ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган тақдирда, кузатув хизмати ушбу камчиликлар бартараф этилгунга қадар кўрсатилмайди.



3. Тўлов тартиби ва нархи


3.1. Шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар нархи белгиланган тарифларга мувофиқ, хизмат кўрсатишнинг ҳар бир соатига ________________________ сўмни ва/ёки ҳар бир километрига _____________________ сўмни, жами ____________________ сўмни ташкил этади.


3.2. Кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов Буюртмачи томонидан Ижрочининг ҳисоб рақамига олдиндан юз фоиз миқдорда амалга оширилади.


3.3. Кузатув хизматини кўрсатиш якунида Томонлар ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузилади ва унинг асосида шартнома суммаси белгиланган тарифлар бўйича қайта ҳисобланиб, ўзаро ҳисоб-китоб амалга оширилади.



4. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


4.1. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) кузатиб борувчилар томонидан шартнома шартларига мувофиқ хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

б) кузатиб бориш қатнов йўли ва манзилларига қўшимча ва ўзгартириш киритиш бўйича Ижрочига мурожаат қилиш;

в) кузатув хизматини кўрсатиш якунида Томонлар ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича тузилган далолатномага мувофиқ Ижрочидан кўрсатилмаган хизматлар учун амалга оширилган тўловни қайтаришни талаб қилиш;

г) Ижрочи томонидан хизматлар лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш.


4.2. Буюртмачининг мажбуриятлари:

а) кузатиб бориладиган транспорт воситаларининг хавфсизлик талабларига жавоб беришини таъминлаш;

б) кузатиб бориладиган туристлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига риоя этилишини таъминлаш;

в) кузатув хизматини кўрсатиш якунида Томонлар ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузилган куннинг ўзида ёки кейинги иш кунида Ижрочига кўрсатилган қўшимча хизматлар учун тўловни амалга ошириш.


4.3. Ижрочининг ҳуқуқлари:

а) кузатиб бориладиган туристлар ҳамда транспорт воситаларининг ҳайдовчиларидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига риоя этилишини талаб қилиш;

б) кузатув хизматини кўрсатиш якунида Томонлар ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузилган куннинг ўзида Буюртмачидан кўрсатилган қўшимча хизматлар учун тўловни амалга оширишни талаб қилиш.


4.4. Ижрочининг мажбуриятлари:

а) шартнома ижросини таъминлаш учун зарур куч ва воситаларни ажратиш;

б) кузатув хизматини кўрсатишда ходимларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажаришларини таъминлаш;

в) кузатуви амалга оширилаётган туристларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ва уларнинг хавфсизлигига таҳдид қилувчи бошқа ҳолатларнинг олдини олиш;

г) фавқулодда ҳолатларда туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун эвакуация, қутқарув ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;

д) кузатув хизматини кўрсатиш якунида Томонлар ўртасида кўрсатилган хизматларнинг ҳақиқий ҳажми бўйича далолатнома тузилган куннинг ўзида ёки кейинги иш кунида Буюртмачига кўрсатилмаган хизматлар учун амалга оширилган тўловни қайтариш.



5. Томонларнинг жавобгарлиги


5.1. Томонлар шартномада кўрсатилган мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлиги натижасида етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади.


5.2. Шартномада кўрсатилган мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлик учун белгиланган неустойкани (жарима, пеня) тўлаш ҳамда зарарни қоплаш Томонларни мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.



6. Низоларни ҳал қилиш тартиби


6.1. Шартномани ижро этиш, унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уни бекор қилишда юзага келадиган низолар Буюртмачи ва Ижрочи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



7. Форс-мажор


7.1. Томонлар шартнома бўйича мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бажармаганлиги учун, агар ушбу бажармаслик шартнома тузилгандан сўнг пайдо бўлган, енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар оқибати ҳисобланса, жавобгарликдан озод қилинади.


7.2. Форс-мажор ҳолатлари ва уларнинг оқибатлари юзага келганда Ижрочи ва Буюртмачи шартномани давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қиладилар ва Томонлар келишилган ечимга келмасалар, ҳар бир Томонга ҳеч қандай талабларсиз шартномани бекор қилиш ҳуқуқи берилади.



8. Якунловчи қоидалар


8.1. Шартноманинг тузилган вақти Томонларнинг имзолаган санасидан белгиланади.


8.2. Шартномага ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёзма шаклда тузилганда ҳамда Томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган тақдирдагина ҳақиқий ҳисобланиб, унинг ажралмас қисми ҳисобланади.


8.3. Шартноманинг амал қилиш муддати Томонлар имзолагандан сўнг ва барча мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунга қадар белгиланади.


8.4. Шартнома томонларнинг ўзаро келишувига кўра ёки улардан бири томонидан шартнома шартларини бошқа томон жиддий бузган тақдирда бекор қилиниши мумкин.


8.5. Тарафларнинг юридик манзиллари, телефон, факс, банк реквизитлари ўзгарган тақдирда, улар бир кун муддатда бир-бирларини бу ҳақда хабардор қилишлари шарт.


8.6. Шартнома бир хил юридик кучга эга икки нусхада расмийлаштирилади.



9. Томонларнинг манзили ва реквизитлари

Ижрочи

Буюртмачи


(тўлиқ номи)

(ташкилот номи)

Юридик манзили:

Юридик манзили:



Банк реквизитлари:

Банк реквизитлари:


МФО:

МФО:

СТИР:

СТИР:

ХХТUT:


ХХТUT:


(лавозими, Ф.И.О.)

(лавозими, Ф.И.О.)


(имзо, муҳр)

(имзо, муҳр)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 август