язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.08.2019 й. 669-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 августдаги

669-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни

таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома

асосида туризм намойиши объектларида жамоат

тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар

кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар шартнома асосида ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан туризм намойиш объекти унга мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган туристик фаолиятни ташкил этишга ваколатли юридик ёки жисмоний шахс (кейинги ўринларда ваколатли шахс деб аталади) билан тузиладиган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


3. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тарифлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан келишган ҳолда белгиланади.


4. Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ТУРИЗМ НАМОЙИШИ ОБЪЕКТИДА

ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ТЎҒРИСИДА

ШАРТНОМА ТУЗИШ ТАРТИБИ


5. Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома (кейинги ўринларда шартнома деб аталади) ваколатли шахснинг ҳудудий ички ишлар органининг Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасига (кейинги ўринларда ХТТБ деб аталади) қилган мурожаати асосида кўриб чиқилади.


6. Мурожаат тушган кундан бошлаб ўн беш кунлик муддатда ХТТБ томонидан ўрганиб чиқилади ва натижаси ҳақида мурожаат муаллифига ёзма равишда маълум қилинади.


7. Мурожаатни кўриб чиқиш давомида юридик шахснинг вакили ёки жисмоний шахс билан биргаликда туризм намойиши объектининг ҳудуди кўздан кечирилади ва бу ҳақда далолатнома тузилади.

Далолатномада объект ҳудудининг чегараси, объектда жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этиш учун талаб этиладиган ХТТБ ходимлари сони ва хизмат хоналари, хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари белгиланади.


8. Шартнома тузиш ва унга мувофиқ ХТТБга қўшимча штат бирликлари ажратиш тўғрисида ҳудудий ички ишлар органи томонидан мурожаат тушган кундан бошлаб беш кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритилади.


9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тақдимномани тушган кундан бошлаб беш кун муддатда кўриб чиқади ва қўшимча штат бирликлари ажратиш ёки ажратмаслик ҳақида қарор қабул қилади.

Қўшимча штат бирликлари ажратилган тақдирда, тузилган далолатнома асосида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда ХТТБ ва ваколатли шахс ўртасида шартнома тузилади.

Шартнома бир йил муддатга тузилади.

Туризм намойиши объектининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда далолатнома ва шартнома лойиҳасида жамоат тартибини сақлаш фаолиятини ташкил этишнинг алоҳида шартлари кўрсатилиши мумкин.


10. Шартномада белгиланган ХТТБ мажбуриятлари қўшимча штат бирликлари ажратилган ва жамлангандан сўнг бажарилади.



3-БОБ. ТУРИЗМ НАМОЙИШИ ОБЪЕКТЛАРИДА

ЖАМОАТ ТАРТИБИНИ САҚЛАШ ХИЗМАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Туризм намойиши объектларида жамоат тартибини сақлаш хизмати ХТТБ нарядларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида ташкил этиш орқали амалга оширилади.


12. Жамоат тартибини сақлаш хизматини кўрсатиш давомида ХТТБ ходимлари қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишлари шарт.


13. Шартнома асосида хизмат олиб бораётган ХТТБ ходимларининг фаолиятини молиялаштириш ва уларни моддий-техник воситалар билан таъминлаш шартномалардан тушган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


14. Туризм намойиши объектида ХТТБ ходимларининг хизмат олиб бориш тартиби, ҳудуди ва патруллик йўналишлари ХТТБ бошлиғи томонидан ваколатли шахс билан келишган ҳолда тасдиқланади.


15. Шартнома асосида жорий этилган штат бирликлари лавозимларига ХТТБ ходимлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган кадрларни танлаш, жамлаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.


16. ХТТБнинг шартномалар асосида киритилган штат бирликлари белгиланган тартибда қисқартирилиши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


17. Шартнома асосида хизмат кўрсатишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Хавфсиз туризмни таъминлаш жамғармасига ўтказилади.


18. Шартномада назарда тутилмаган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


19. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликни келтириб чиқаради.






Низомга

1-ИЛОВА



Ички ишлар органларининг хавфсиз туризмни

таъминлаш бўлинмалари томонидан шартнома асосида

туризм намойиши объектларида жамоат тартибини

сақлаш бўйича пулли хизматлар кўрсатиш тартиби

СХЕМАСИ

   

Босқичлар


Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар








1-босқич


Туристик фаолиятни ташкил этишга ваколатли шахс


Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида мурожаат тақдим этиш.


Заруратга қараб









2-босқич


Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси


Мурожаатни кўриб чиқиш, ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш, туризм намойиши объектини кўздан кечириш ҳамда натижаси бўйича далолатнома ва шартнома лойиҳасини тузиш учун ҳужжатларни ҳудудий ички ишлар (бош) бошқармаси бошлиғига тақдим қилиш.


Беш иш кунида











3-босқич


Ҳудудий ички ишлар (бош) бошқармаси


Ҳужжатларни кўриб чиқиш, ваколатли шахс билан шартнома тузиш ва ХТТБга қўшимча штат бирликларини ажратиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тақдимнома киритиш.


Беш иш кунида











4-босқич


Ички ишлар вазирлиги


Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва ХТТБга қўшимча штат бирликларини ажратиш ёки рад этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлигининг қарорини қабул қилиш.


Беш иш кунида










5-боқич


Туристик фаолиятни ташкил этишга ваколатли шахс ва Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси


Туризм намойиши объектида жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида шартнома тузиш ва хизмат кўрсатиш.


Тегишли буйруқ қабул қилингандан кейин








Низомга

2-ИЛОВА



Туризм намойиши объектида жамоат тартибини

сақлаш бўйича хизмат кўрсатиш тўғрисида

НАМУНАВИЙ ШАРТНОМА

  

20____й. "___" ___________

_____-сон

______________ш.

(Ички ишлар органининг тўлиқ номи)

номидан


(лавозими, Ф.И.О.)

Низом асосида фаолият юритувчи (кейинги ўринларда "Ижрочи" деб юритилади)

бир томондан ҳамда


(тўлиқ номи)

номидан


(лавозими, Ф.И.О.)

асосида фаолият юритувчи

(кейинги ўринларда "Буюртмачи" деб юритилади) иккинчи томондан (биргаликда "Томонлар" деб юритилади) ушбу Шартномани қуйидагилар ҳақида туздилар:



1. Шартнома предмети


1.1. Ижрочи жавобгарлик ҳудудлари ва патруллик йўналишларида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш хизматини кўрсатиш мажбуриятини, Буюртмачи эса шартнома шартларига асосан кўрсатилган хизмат учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш мажбуриятини олади.



2. Умумий шартлар


2.1. Ижрочи бир йил муддат давомида Буюртмачига қарашли


(туризм намойиши объектининг (кейинги ўринларда объект деб юритилади) номланиши, манзили)

воситалари сони ва параметрлари кўрсатилади)

____________________________ да ҳафтанинг ______________________________ кунлари соат ____ дан ____ га қадар жамоат тартибини сақлаш бўйича хизматни амалга оширади.


2.2. Ижрочи томонидан жамоат тартибини сақлаш бўйича хизмат шартномага иловага мувофиқ белгиланган объектнинг ҳудуди ва патруллик йўналишларида олиб борилади.


2.3. Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасидан объектда жамоат тартибини сақлаш хизматини кўрсатиш учун жами ____ нафар ходим ушбу шартнома имзоланган кундан бошлаб ____ иш куни ичида жалб қилинади.


2.4. Объектни муҳандислик-техник ва хавфсизлик тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган ходимлар учун хизмат хоналарини ажратиш ва уларни жиҳозлаш Буюртмачи томонидан амалга оширилади.



3. Тўлов тартиби ва нархи


3.1. Шартнома асосида жамоат тартибини сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар нархи белгиланган тарифларга мувофиқ бир ой учун _______________ сўмни, бир йил учун _______________ сўмни ташкил этади.


3.2. Кўрсатилган хизматлар учун тўлов Буюртмачи томонидан Ижрочининг ҳисоб рақамига ҳар ой, ойлик тўловнинг юз фоизи миқдорида кейинги ой бошланишидан 10 кун олдин амалга оширилади.


3.3. Хизматлар турига янги тарифлар тасдиқланган ҳолларда Ижрочи томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдори қайта кўриб чиқилиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзгартиришлар киритилади.



4. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


4.1. Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) хизмат кўрсатиш жараёнида шартнома шартларига мувофиқ хизмат кўрсатилишини талаб қилиш;

б) Ижрочининг хизматни ташкил қилиш ва амалга оширишини назорат қилиш;

в) Ижрочи томонидан интизом ва шартнома шартлари бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли чоралар кўриш мақсадида Ижрочининг вакили иштирокида икки нусхада далолатнома тузиш;

г) Ижрочи томонидан хизматлар лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида етказилган зарарни ундириш;


4.2. Буюртмачининг мажбуриятлари:

а) ушбу Шартноманинг ажралмас қисми ҳисобланган 20___ йил "___" __________ даги кўздан кечириш тўғрисидаги далолатномага асосан объектнинг муҳандислик-техник мустаҳкамлиги бўйича тадбирларни амалга ошириш ва Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларига хизмат олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

б) объектнинг муҳандислик-техник, ёнғинга қарши, коммуникация тизимлари ва иншоотларининг хавфсизлик талабларига жавоб беришини таъминлаш;

в) бино ва иншоотларда режалаштирилаётган капитал таъмирлаш ишлари, объектларни қайта жиҳозлаш, шунингдек, хизмат кўрсатиш ва патруллик йўналишларига ўзгартиришлар киритиш ёки хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшимча муҳандислик-техник воситаларни ўрнатиш зарурати юзага келганда, Ижрочини бундай ишлар бошланишидан камида ______ кун олдин огоҳлантириш;

г) объектда жамоат тартибини сақлаш учун жалб этилган ходимлар сони, хизматни ташкил этиш тартиблари, патруллик йўналишларининг жойлашиши, хавфсизликни таъминловчи муҳандислик-техник тизимларнинг жойлашуви, шунингдек, объектда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бошқа маълумотларни ошкор қилмаслик;

д) Ижрочи вакилларини объектдаги ички тартиб ва техника хавфсизлиги қоидалари билан таништириш;


4.3. Ижрочининг ҳуқуқлари:

а) Буюртмачидан объектда белгиланган ички режим тартибига риоя қилинишини талаб қилиш;

б) объектни кўздан кечириш далолатномаси асосида татбиқ этилиши зарур бўлган хавфсизликни таъминловчи муҳандислик-техник воситалар билан объектни жиҳозлаш юзасидан Буюртмачига тавсиялар бериш;


4.4. Ижрочининг мажбуриятлари:

а) шартномада белгиланган шахсий таркиб сонини ажратиш, объектда нарядларни патруллик йўналишлари жойлашишига мувофиқ жойлаштириш;

б) шартнома ва унинг иловаларига мувофиқ ходимларнинг ўз вазифаларини тўлақонли бажаришларини таъминлаш;

в) объект ҳудудида патрулликни амалга ошириш, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган ҳаракатларнинг олдини олиш, уларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни ушлаш чораларини кўриш;

г) объектда ёнғин хавфсизлиги, санитария қоидалари ва нормаларини таъминлашга қаратилган ишларни олиб бориш;

д) фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда зудлик билан ҳудудий ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Буюртмачи вакилини хабардор қилиш, шунингдек, махсус бўлинмалар етиб келгунга қадар объектни бирламчи тўсиб олиш ва қўриқлаш бўйича зарур чораларни кўриш, эвакуация, қутқарув ва бошқа тадбирларни амалга ошириш.



5. Томонларнинг жавобгарлиги


5.1. Шартнома суммаси Буюртмачи томонидан ўз вақтида тўланмаганида, Буюртмачи Ижрочига ҳар бир кечиктирилган кун учун тўлов суммасининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди, бунда пенянинг миқдори муддати ўтган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги лозим.


5.2. Ижрочи шартномада кўрсатилган мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлиги натижасида Буюртмачига етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади.


5.3. Шартномада кўрсатилган мажбуриятларни лозим даражада бажармаганлик учун белгиланган неустойкани (жарима, пеня) тўлаш ҳамда зарарни қоплаш Томонларни шартномада кўрсатилган мажбуриятларни бажаришдан озод этмайди.



6. Низоларни ҳал қилиш тартиби


6.1. Шартномани ижро этиш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳамда уни бекор қилишда юзага келадиган низолар Буюртмачи ва Ижрочи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



7. Форс-мажор


7.1. Томонлар шартнома бўйича мажбуриятларни қисман ёки тўлиқ бажармаганлиги учун, агар ушбу бажармаслик шартнома тузилгандан сўнг пайдо бўлган, енгиб бўлмайдиган куч, яъни фавқулодда ва муайян шароитларда олдини олиб бўлмайдиган вазиятлар оқибати ҳисобланса, жавобгарликдан озод қилинади.


7.2. Форс-мажор ҳолатлари ва уларнинг оқибатлари юзага келганда Ижрочи ва Буюртмачи шартномани давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қиладилар ва Томонлар келишилган ечимга келмасалар, ҳар бир Томонга ҳеч қандай талабларсиз шартномани бекор қилиш ҳуқуқи берилади.


7.3. Шартномада кўрсатилган вазиятларга кўра ўз мажбуриятини бажара олмайдиган Томон енгиб бўлмайдиган куч юзасидан бошқа Томонни ҳолат бошланган кундан бошлаб беш кун муддатда ёзма равишда хабардор қилади.



8. Якунловчи қоидалар


8.1. Шартнома қайд этилган барча камчиликлар Буюртмачи томонидан бартараф этилганлиги тўғрисида кўздан кечириш далолатномаси тузилганидан сўнг кучга киради. Шартноманинг тузилган вақти Томонларнинг имзолаган санасидан белгиланади.


8.2. Шартномага ҳар қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёзма шаклда тузилганда ҳамда Томонларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган тақдирдагина ҳақиқий ҳисобланиб, унинг ажралмас қисми ҳисобланади.


8.3. Шартнома бир йил муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тугаш вақтидан камида 30 кун олдин Томонлардан бирортаси уни бекор қилиш ҳақида маълум қилмаган тақдирда, ушбу Шартноманинг амал қилиши худди шу муддат ва шартларда узайтирилган ҳисобланади.


8.4. Ушбу Шартномани бекор қилишдан манфаатдор бўлган Томон бошқа Томонни исталган муддатдан бир ой олдин ёзма равишда хабардор қилади.


8.5. Агар хавфсизликни таъминловчи техника воситалари ишдан чиқиб, таъмирлашни талаб қилса, бироқ Буюртмачи ушбу камчиликларни бартараф этишни рад этса, унда Ижрочи етти кун олдин Буюртмачини ёзма равишда огоҳлантириб, шартномани бир томонлама бекор қилишга ҳақлидир.


8.6. Шартнома бир хил юридик кучга эга икки нусхада расмийлаштирилади.


8.7. Объектнинг хусусиятидан келиб чиқиб Томонлар ўзаро келишуви бўйича ушбу Шартномага қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимчалар киритишга ҳақли.



9. Томонларнинг манзили ва реквизитлари

Ижрочи

Буюртмачи


(тўлиқ номи)

(ташкилот номи)

Юридик манзили:

Юридик манзили:



Банк реквизитлари:

Банк реквизитлари:


МФО:

МФО:

СТИР:

СТИР:

ХХТUT:


ХХТUT:


(лавозими, Ф.И.О.)

(лавозими, Ф.И.О.)


(имзо, муҳр)

(имзо, муҳр)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 август