язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Таълим тўғрисида/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2019 й. 683-сон "Қўқон университетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.08.2019 й.

N 683




ҚЎҚОН УНИВЕРСИТЕТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда олий маълумотли рақобатбардош ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил этиш, ўқув жараёнининг илмий-тадқиқот фаолияти билан узвий боғлиқлигини кучайтириш, олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, мамлакат ҳудудларидаги ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОРИ ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда "Da Vinci" масъулияти чекланган жамиятининг (кейинги ўринларда Муассис деб аталади) Қўқон шаҳрида нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи Қўқон университетини (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

Университетда Ўзбекистон олий таълим дастурлари билан бирга дунёнинг нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг олий таълим дастурларини жорий этиш;

республика иқтисодиёти реал секторлари тармоқларининг эхтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш;

хорижнинг илғор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик асосида тажриба алмашиш дастурларини амалга ошириш;

ўқув режаларига замонавий фанларни киритиб бориш, инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилиш;

таълим жараёнига етакчи хорижий олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассисларини кенг жалб қилиш;

таълим жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, илм-фан ва техниканинг янги ютуқларини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан уларнинг стажировкасини нуфузли хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ташкил этиш.


3. Муассиснинг қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олиши тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

Университетни замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, ўқув ва илмий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси билан таъминлаш ҳамда ўқув жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

Университетнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш;

Университетни танлов асосида малакали профессор-ўкитувчилар таркиби билан тўлдириш;

ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли, иқтидорли ҳамда ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан танлов асосида бепул (Университет гранти асосида) 10 нафардан кам бўлмаган абитуриентларни ўқишга қабул қилиш.


4. Белгилансинки:

Университет нодавлат олий таълим ташкилоти хисобланади;

Университет таълим жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган малака талаблари, ўқув режа ва фан дастурлари асосида амалга оширади;

Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлон-контракт асосида амалга оширилади;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда Университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Университет томонидан белгиланади;

Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари Университет томонидан белгиланади;

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади;

Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Адлия вазирлиги Университетни ташкил этиш даврида унинг фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий, юридик, иқтисодий, ўқув-услубий, моддий-техник ва бошқа масалаларни ҳал этишда Муассисга кўмаклашсин.


6. Қўқон шаҳри, Туркистон кўчаси, 28-а уй манзилида жойлашган Қўқон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилсин ва кейинчалик ушбу жойда Университет текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

Белгилаб қўйилсиики, Қўқон сервис ва тадбиркорлик касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига берилаётган бино ва иншоотларда ўқув жараёнини давом эттирадилар.


7. Қуйидагилар Университет фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


8. Университетга ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар мавжуд талаб ва эҳтиёжни ҳамда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олиб, меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очишга рухсат берилсин.


9. Қўқон шаҳар ҳокимлиги Университет фаолиятини 2019/2020 ўкув йилидан бошлаб йўлга қўйиш учун унинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ҳамда капитал таъмирлаш бўйича зарур лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашда, ўқитувчи ва талабалар учун турар жой биносини қуришда, зарур ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва кутубхона фондлари билан таъминлашда Муассис билан ҳамкорлик қилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Университетда таълим сифатини ва қонунчиликка риоя этилишини белгиланган тартибда назорат қилсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртманомаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар таркиби ва маъмурий ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун давлат божи ундирилмасдан, белгиланган тартибда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш манзиллари бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда унинг муддати узайтирилишини таъминласин.


13. 2022 йил 1 августга қадар:

Университет барча турдаги солиқларни тўлашдан;

Университетга жалб этиладиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва мутахассислар ягона ижтимоий тўловни ва жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлашдан;

Университетни жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, электрон доскалар, проекторлар, мультимедиа маҳсулотлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарь божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируни йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда четдан олиб келинган товарлардан Университет томонидан мақсадли фойдаланилиши бўйича назорат ўрнатсин.

Белгилансинки, четдан олиб келинадиган товарлардан бошқа мақсадларда фойдаланилган тақдирда, имтиёзлар берилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган молиявий санкциялар қўлланилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириб олинади.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълими вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 август