язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Таълим тўғрисида/ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.08.2019 й. 694-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 августдаги

694-сон қарорига

ИЛОВА



Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим

муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган

курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини

бевосита амалиётда ўтказиши тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Миллий гвардиянинг Ҳарбий-техник институти ва Тошкент давлат юридик университетининг (кейинги ўринларда олий таълим муассасалари деб аталади) юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиши тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


юқори натижалар қайд этган курсантлар (талабалар) - ўтган ўқув йиллари бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 80 фоиз ва ундан юқори бўлган курсантлар (талабалар) (кейинги ўринларда курсантлар (талабалар) деб аталади);


курсантлар (талабалар) амалиёти - олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантларининг (талабаларининг) амалиёт ўташ учун тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларида, шу жумладан, суд, прокуратура, ички ишлар, миллий гвардия, адлия органлари ва адвокатура тузилмаларида назарий билимини мустаҳкамлаш, амалий кўникма ва маҳоратини оширишга йўналтирилган фаолият;


амалиёт ўтказувчи орган - ўқишнинг сўнги босқичида курсантлар (талабалар) амалиёт олиб борадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органи;


курсантларнинг (талабаларнинг) амалиёт органидаги фаолияти бўйича мураббий - қабул қилувчи органнинг курсантларни (талабаларни) амалий кўникмаларга ўргатиш ва уларнинг касбий фаолиятини мувофиқлаштириш масъулияти юкланган масъул ходими.


3. Курсантлар (талабалар) амалиёти уларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллаш бўйича касбий малакасини шакллантириш ва ошириш, келгусида хизмат фаолиятига тайёрлаш мақсадида ташкил этилади.


4. Курсантлар (талабалар) амалиётини ўтказиш жойи ва дастури ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олий таълим муассасаларининг хусусиятлари ҳамда назарий тайёргарлик даражаси инобатга олинган ҳолда белгиланади.


5. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ даврида ўқув режаси бўйича белгиланган малакавий амалиётни ўташдан озод этилади.


6. Курсантларнинг (талабаларнинг) амалиёт ўташи уларни олий таълим муассасаларидаги таълим жараёни доирасидаги мажбуриятлардан озод этмайди ва улар ўқув жараёнида белгиланган назорат турларини тўлиқ бажариб боришлари шарт.


7. Олий таълим муассасаларининг юқори натижалар қайд этган курсантлари (талабалари) ўқишининг сўнгги босқичини бевосита амалиётда ўтказиш тартиби ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. КУРСАНТЛАР (ТАЛАБАЛАР)

АМАЛИЁТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


8. Олий таълим муассасалари янги ўқув йили бошлангунга қадар ўқишнинг сўнгги босқичига ўтган курсантларнинг (талабаларнинг) ўртача ўзлаштириш кўрсаткичларини 100 баллик шкала асосида аниқлайди.

Бунда ўзлаштириш кўрсаткичи 5 баллик шкалада баҳоланадиган олий таълим муассасалари курсантларининг (талабаларининг) ўртача ўзлаштириш кўрсаткичлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланадиган баҳолашни 5 баллик шкаладан 100 баллик шкалага ўтказиш жадвали асосида аниқланади.


9. Таълимнинг якунловчи босқичига қадар ўтган ўқув йиллари бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 80 фоиз ва ундан юқори бўлган курсантлар (талабалар) рўйхати олий таълим муассасалари хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда амалиёт ўташ органига тақдим этилади.


10. Тошкент давлат юридик университетида юқори натижаларга эришган талабалар бевосита амалиётга уларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинган ҳолда юборилади.

Тошкент давлат юридик университетининг юқори натижаларга эришган талабаларини ўқишнинг якуний босқичини бевосита амалиётда ўтказиш бўйича уларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида суҳбат ташкил қилинади.

Ўқишнинг якуний босқичини бевосита амалиётда ўтказиш учун юборилган Тошкент давлат юридик университети талабаларига уларнинг хоҳишларини инобатга олиб вакант лавозимлар мавжуд бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги низомнинг 9-банди қоидалари татбиқ қилиниши мумкин.


11. Курсантлар (талабалар) амалиётини самарали ташкил этиш мақсадида уларга амалиёт ўташ органи томонидан мураббий бириктирилади.

Мураббий ўзига бириктирилган курсантлар (талабалар) амалиётини тўғри ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади.



3-БОБ. АМАЛИЁТ ОРГАНИ ВА МУРАББИЙЛАРГА

ҲАМДА КУРСАНТЛАР (ТАЛАБАЛАР) АМАЛИЁТИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


12. Амалиёт органи:

курсантлар (талабалар) амалиётини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уларнинг амалиёт ўташ дастурини тасдиқлайди;

курсантлар (талабалар) амалиётини самарали ва тўғри ташкил этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўради.


13. Мураббий:

курсантларга (талабаларга) хизмат (меҳнат) фаолияти ҳақида тушунтириш беради ва уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш чораларини кўради;

курсантларга (талабаларга) хавфсизлик чоралари ва амалиёт органининг ички тартиб-қоидалари тўғрисида йўриқнома беради;

курсантлар (талабалар) томонидан махфийлик тартибига риоя этилишини таъминлайди;

курсантлар (талабалар) амалиёти мониторингини олиб боради;

амалиёт органида хизмат фаолияти давомида юқори кўрсаткичларга эришган курсантларни (талабаларни) амалиёт ўтаган органда лавозимларга тайинлаш учун таклифлар киритади.


14. Курсантларни (талабаларни) амалиёт ўташ вақтида хизмат (меҳнат) фаолиятига боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажаришга жалб этишга йўл қўйилмайди.


15. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ давомида:

амалиёт ўташ вақтида амалиёт органи ходимлари учун белгиланган ички тартиб қоидаларига ва интизомга риоя этиши;

амалиёт ўташ дастурида назарда тутилган барча тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариши;

амалиёт органи ва мураббийларнинг қонуний талаб ва йўриқномаларига риоя этиши лозим.


16. Курсантлар (талабалар) амалиёт жараёнида хизмат (меҳнат) интизомини бузиш ҳолатларига йўл қўйган тақдирда, амалиёт ўташ тўхтатилади ва уларнинг амалиётни давом эттириш ёки эттирмаслик масаласи тегишлича Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Курсантлар (талабалар) амалиётини тўхтатиш ва давом эттирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинганда амалиёт органлари уларни олий таълим муассасаларига қайтариб юборади ҳамда бу ҳақда тегишли олий таълим муассасасига хабар юборади.

Олий таълим муассасалари томонидан амалиёт органларидан қайтариб юборилган курсантларга (талабаларга) нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилади.


17. Курсантларга (талабаларга) амалиёт органида хизматни ўташ даврида мустақил равишда мураббийларнинг назоратисиз хизмат вазифаларини бажариш тақиқланади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Курсантлар (талабалар) учун амалиёт ўташ даврида қонун ҳужжатларида белгиланган барча таъминот турлари сақлаб қолинади.


19. Курсантлар (талабалар) амалиёт ўташ органи томонидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.


20. Амалиётда юқори натижаларга эришган курсантларга (талабаларга) бириктирилган мураббийлар рағбатлантирилиши, шу жумладан, уларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган қўшимча устамалар тайинланиши мумкин.


21. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар олий таълим

муассасаларининг юқори натижаларни қайд этган

курсантлари (талабалари) ўқишнинг сўнгги

босқичини бевосита амалиётда ўтказиши

СХЕМАСИ

     

Босқичлар


Масъуллар


Чора-тадбирлар


Муддатлар

1-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза

қилувчи органлар, олий

таълиммуассасалари


1. Ўқишнинг сўнги босқичига ўтган курсантларнинг (талабаларнинг) ўзлаштириш кўрсаткичларини таҳлил қилишҳамда ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 80 фоиз ва ундан юқори бўлган курсантлар (талабалар) рўйхатини шакллантириш.


2. Тошкент давлат юридик университетида юқори натижаларга эришган талабаларни амалиётга юбориш бўйича уларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида суҳбат ташкил қилиш асосида рўйхат шакллантириш.


3. Рўйхатни тегишли амалиёт ўтказувчи органга тақдим этиш.


Ҳар йили

май-июнь

ойларида




2-босқич


Амалиётўтказувчи органлар


1. Рўйхат асосида курсантлар (талабалар) амалиётини ташкил этиш, уларни амалиёт ўташ жойларига тақсимлаш бўйича қарор қабул қилиш.


2. Курсантларнинг (талабаларнинг) амалиёт ўташ дастурларини тасдиқлаш.


3. Курсантлар (талабалар) амалиётини самарали ташкил этиш мақсадида уларга мураббий бириктириш.


Ҳар йили

август ойида




3-босқич


Мураббий


1. Курсантларга (талабаларга) хизмат (меҳнат) фаолияти ҳақида тушунтириш бериш ва уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича чоралар кўриш.


2. Курсантларга (талабаларга) хавфсизлик чоралари ва амалиёт органининг ички тартиб-қоидалари тўғрисида йўриқнома бериш.


3. Курсантлар (талабалар) амалиёти мониторингини олиб бориш.


4. Амалиётда юқори натижаларга эришган курсантларни (талабаларни) рағбатлантириш тўғрисида таклифлар киритиш.


5. Курсантлар (талабалар) хизмат (меҳнат) интизомини бузиш ҳолатларига йўл қўйган тақдирда, амалиёт ўташни тўхтатиш ва тегишли олий таълим муассасаларига қайтариб юбориш.


6. Олий таълим муассасалари томонидан амалиёт органларидан қайтариб юборилган курсантларга (талабаларга) тегишли чоралар кўриш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ва Адлия вазирлигига таклиф киритиш.


Амалиёт ўташ

даврида




4-босқич


Ҳуқуқни муҳофаза

қилувчи органлар, олий

таълиммуассасалари


Амалиёт натижаларини курсантлар (талабалар) дипломларининг баҳолаш иловаларига малакавий амалиёт ўташ натижаси сифатида қайд этиш.


Амалиёт

тугаганидан сўнг




5-босқич


Амалиёт ўтказувчи органлар


Амалиётда юқори натижаларга эришган курсантларни (талабаларни) амалиёт ўтаган органларга ишга (хизматга) қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш.


Белгиланган

муддатларда




Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 август