язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.08.2019 й. ПҚ-4426-сон "Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.08.2019 й.

N ПҚ-4426



ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ ҲАМДА МАҲАЛЛИЙ

ИЖРОИЯ ҲОКИМИЯТИ ОРГАНЛАРИНИНГ ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ВА САНОАТ

ТАРМОҚЛАРИДА КООПЕРАЦИЯ АЛОҚАЛАРИНИ

ЖАДАЛЛАШТИРИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ БЎЙИЧА МАСЪУЛИЯТИНИ

ЯНАДА ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва турларини кенгайтириш, аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, республикада саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмаслиги ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаётганлигига ҳамда маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш даражасининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, республикада ишлаб чиқарилаётган товарларга ўхшаш бўлган товарларни четдан импорт қилиш "Ўзавтосаноат" АЖ, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, "Ўзметкомбинат" АЖ, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси, "Ўзчармсаноат" уюшмаси корхоналари ҳамда Бухоро, Наманган, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Республикада саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ягона тизим яратиш, тармоқ ва ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш орқали бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ва импорт ҳажмини оптималлаштириш мақсадида:


1. Вазирлар Маҳкамаси, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятининг инвестициялар жалб қилинишини ва экспортни рағбатлантириш билан биргаликда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнига илмий изланиш натижаларини ва замонавий инновацион технологияларни жорий қилиш орқали маҳаллий хом ашё ҳамда саноат кооперацияси негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштириш энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгилансин.


2. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тузилмаларига ҳокимнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозими (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчиси) жорий этилсин. Ҳоким ёрдамчисининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

республика импорт ҳажми ва номенклатурасини чуқур таҳлил қилиш асосида ҳамда ҳудуддаги мавжуд ресурсларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудда маҳаллийлаштириладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш;

хорижий компаниялар ва ташкилотларнинг таклифлари ва салоҳиятини ўрганиш асосида импорт ўрнини босадиган маҳсулотларнинг энг кўп талаб қилинадиган турларини ўзлаштириш бўйича хорижий шерикларни саноат кооперациясига кенг жалб этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудий маҳаллийлаштириш дастурлари лойиҳаларини шакллантириш, уларнинг амалга оширилишини ташкил этишда, шунингдек ҳамкорлар топиш, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда лойиҳа ташаббускорларига доимий равишда амалий ёрдам кўрсатиш;

ҳудудий маҳаллийлаштириш дастуридаги лойиҳаларда белгиланган мақсадли параметрларга эришишнинг тизимли мониторингини олиб бориш;

мониторинг натижалари бўйича аниқланган тизимли муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига киритиб бориш;

ҳудудда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг ҳажми ва техник параметрлари юзасидан ахборотларни электрон кооперация порталига жойлаштириб ва янгилаб бориш;

ҳудуддаги хўжалик юритувчи субъектларга республикада ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг турлари, техник тавсифлари ва сифат кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумот бериш орқали ҳудудий саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ва мунтазам равишда ҳудудий саноат ярмаркаларини ташкил этиш.


3. Белгилансинки, ҳоким ёрдамчиси:

белгиланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ва вилоят ҳокимининг ўринбосари - вилоятлар ва Тошкент шаҳар инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи билан ҳамкорликда ишларни амалга оширади;

меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўринбосарига тенглаштирилади;

битта штат бирлигидан иборат ўзининг алоҳида котибиятига эга бўлади.


4. Ҳоким ёрдамчиси раҳбарлигида маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ ташкил этилсин ва унинг намунавий таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши тузилмасини ушбу қарорда белгиланган талабларга мувофиқ қайта кўриб чиқиб, янги тузилма ва бошқарув ходимларининг штат бирлигини тасдиқлаш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, вазирлик ва идоралар икки ой муддатда устав фондида (капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар (кейинги ўринда - давлат улуши юқори бўлган корхоналар), шунингдек устав фондининг (капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат улуши юқори бўлган корхоналарга тегишли юридик шахслар бошқарув органлари йиғилишларида:

корхона раҳбарининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот технологиялари масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини киритиш ҳамда унинг фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигининг асосий кўрсаткичларини тасдиқлаш;

маҳсулотлар сотиб олиш бўйича импорт шартномалари (уларга қўшимча шартномалар) ва уларнинг техник талабларини корхона раҳбарининг маҳаллийлаштириш, саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда ахборот-технологиялари масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан келишиш;

харидлар жараёни шаффофлиги ва асослилиги, шу жумладан маҳаллий маҳсулотларнинг сифат ва нарх бўйича белгиланган параметрларга мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда импорт харидларини, шунингдек валюта ресурсларидан самарали фойдаланилишини ҳар чоракда ташқи аудитдан ўтказиш механизмини жорий этиш;

корхоналарда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари натижадорлиги юзасидан раҳбар ва ходимлар томонидан амалга оширилган ишлар самарадорлигидан келиб чиқиб, уларни рағбатлантириш ёки жазо чораларини кўриш мақсадида, бошқарув органлари йиғилишларида ҳисоботларни тинглаш амалиётини жорий этиш масалаларини кўриб чиқиш;

корхоналарда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга қаратилган дастурий таъминотларни жорий қилиш ташаббуси билан чиқсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ҳар йили янгиланиб бориладиган мазкур қарорнинг 6-банди талаблари жорий этиладиган юридик шахслар (кейинги ўринларда - мониторинг юритиладиган корхоналар) рўйхатини шакллантирсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида импортни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш йўналишида белгиланган штатлар сони доирасида 6 та штат бирлигидан иборат алоҳида таркибий тузилма ташкил этилсин ва унинг асосий функциялари этиб қуйидагилар белгилансин:

бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан, шунингдек мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан амалга оширилган импорт ҳажмлари ва номенклатурасини доимий таҳлил қилиш;

бюджет ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар ва мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан давлат харидлари доирасида сотиб олинган маҳсулотларнинг асосланганлигини, импортдан олинган маҳсулотларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари - резидентлардан харид қилинган импорт маҳсулотларининг нарх бўйича белгиланган параметрларга мувофиқлигини ўрганиш;

ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижалари бўйича маҳаллийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан тайёрланган маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб бориш.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти тузилмасида 3 та штат бирлигидан иборат Иқтисодиёт тармоқларида ва ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари шўъбаси ташкил қилинсин.


10. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (Гулямов Р.А.) вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллийлаштиришни ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш йўналишидаги фаолиятларини мувофиқлаштиради;

мазкур қарорнинг 2, 3 ва 9-бандларида назарда тутилган штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимидаги 10 та ва Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги 21 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича ваколатли орган сифатида белгилансин ва вазирликка қуйидаги қўшимча вазифалар юклансин:

тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича тармоқ ва ҳудудий корхоналар томонидан амалга оширилаётган тадбирларни мувофиқлаштириш;

импорт товарларига бўлган республика эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали республикада мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

ўзлаштирилиши тавсия этиладиган талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг электрон рўйхатини янгилаб бориш орқали тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш;

иқтисодиёт тармоқлари бўйича маҳаллийлаштириш дастурлари лойиҳаларини шакллантириш, уларни амалга оширишни ташкил этишда, саноат кооперацияси асосида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш;

маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг мақсадли кўрсаткичлари бажарилишини тизимли мониторинг қилиб бориш ва ҳисоботини юритиш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларни ваколатли идоралар билан биргаликда жойига чиққан ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш.

Белгилаб қўйилсинки, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этишдаги устувор вазифаларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширади.


12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 10 кун муддатда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш, амалга ошириш ва ҳисобот тизимини юритиш ҳамда ушбу жараёнда давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб, давлат харидларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш юзасидан, шу жумладан очиқлик, шаффофликни таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кенг жалб этиш ҳамда самарадорлик ва натижадорлик таҳлили борасидаги талабларни стратегик аҳамиятга эга бўлган, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланган хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга ошириладиган давлат харидларининг барча турларига нисбатан татбиқ этишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини киритсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда икки ой муддатда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини 2020-2021 йиллар давомида камида 20 фоизга оширишни, хусусан импорт улуши юқори бўлган товарларнинг республикада ўзлаштирилишини йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш бўйича дастурлар тасдиқланишини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасини киритсин.

Қарор лойиҳасида республикада мавжуд полимер, ип-калава, чарм, жун, ипак, мис, табиий тош, қишлоқ хўжалиги ва бошқа бирламчи хомашёларни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳамда технологик асбоб-ускуналарнинг тез ишдан чиқувчи бутловчи буюмлари, эҳтиёт қисмлари ва материалларини маҳаллийлаштириш назарда тутилсин.


15. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ички бозорда талаб юқори бўлган импортнинг ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг истиқболли лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ҳисобидан кафиллик ва кредит фоиз тўловларини компенсация қилиш шаклида молиявий қўллаб-қувватланиши маълумот учун қабул қилинсин.

Бунда, молиявий қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сон "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги Фармонида белгиланган тартибда Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш томонидан маъқулланган лойиҳаларга ажратилади.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                          Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 24 августдаги

ПҚ-4426-сон қарорига

ИЛОВА



Маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация

алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича

доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳнинг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

лавозимига кўра

-

вилоят (Тошкент шаҳри) ҳокимининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича ёрдамчиси, ишчи гуруҳ раҳбари


лавозимига кўра

-

ҳудудий иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


лавозимига кўра

-

вилоят ҳокимининг ўринбосари - ҳудудий инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, ишчи гуруҳ раҳбарининг ўринбосари


лавозимига кўра

-

ҳудудий статистика бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

ҳудудий монополияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

ҳудудий давлат солиқ бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

ҳудудий ғазначилик бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

Марказий банк ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

"Ўзстандарт" агентлиги ҳудудий инспекторлари


лавозимига кўра

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳудудий бошқармаси бошлиғи


лавозимига кўра

-

ҳудудий иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бўлим бошлиғи - ишчи гуруҳ котиби.


            

Изоҳ: Ишчи гуруҳ аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимга янгидан тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 31 август, 35-сон, 629-модда