язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2019 й./ Таълим тўғрисида/ Мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.09.2019 й. 746-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 сентябрдаги

746-сон қарорига

ИЛОВА



Мактабгача таълим муассасалари учун

ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш,

танлаш ва экспертизадан ўтказиш, уларни нашр

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом мактабгача таълим муассасалари учун ошкоралик, сифат, самарадорлик ва тезкорлик принциплари асосида ўқув-методиква дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларни нашр қилиштартибини белгилайди.

Мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш, экспертизадан ўтказиш ва уларни нашр қилиш тартиби иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


2.Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ижодий жамоалар - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ўқув-методик ва дидактик адабиётларни белгиланган талаблар асосида чоп этиш учун тайёр маҳсулот (оригинал макет) кўринишида тақдим этувчилар, мактабгача таълим тизимида фаолият юритиб келаётган тажрибали мутахассислар, тузувчилар, давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар, нашриёт ва матбаа ташкилотлари;


ишчи орган - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги муассислигидаги "Ахборот ва педагогика технологиялари инновацион маркази" масъулияти чекланган жамияти;


оригинал макет - чоп этиш учун босмахонага топширишга тўлиқ тайёр бўлган, барча матн ва график ахборотлар чоп этишгача бўлган тайёргарликдан ўтказилиб, ташқи кўриниши ва тузилиши жиҳатидан якуний босқичга етказилган маҳсулотнинг (нашрнинг) чоп этилган ёки электрон кўринишдаги асл нусхаси;


ўқув-методик ва дидактик адабиётлар - муайян йўналишнинг мавзулари тизимли, чуқур ва тўлиқ ёритилган, тегишли йўналиш мазмунини белгиланган ҳажмда мукаммал ўзлаштиришга қаратилган, мазмунан ва шаклан таълим турларига мослаштирилган, тингловчи, талаба, педагог ва тарбияланувчиларга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига, ижодий қобилиятлар ривожланишига хизмат қиладиган методик қўлланмалар;


ўқув-методик қўлланма (босма ва электрон) - ўқув-методик мажмуани қисман тўлдирувчи, муайян йўналиш дастури бўйича тузилган ва мавзуларни зарурий ҳажмда тизимли ёритиб берадиган, йўналиш асосларининг мукаммал ўзлаштирилишини таъминловчи, мазмунан ва шаклан таълим турларига мослаштирилган, назарий ёки амалий машғулотларга мўлжалланган, тингловчи, педагог ва тарбияланувчиларга тааллуқли билим, кўникма ва малакалар шаклланишига хизмат қиладиган методик қўлланмалар;


экспертлар гуруҳи - Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги муассислигидаги "Ахборот ва педагогика технологиялари инновацион маркази" масъулияти чекланган жамиятидаги турли йўналишлари бўйича ташкил этиладиган оригинал макетларни баҳоловчи мутахассислардан иборат гуруҳ.



2-БОБ. ЎҚУВ-МЕТОДИК ВА ДИДАКТИК

АДАБИЁТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ


3. Ўқув-методик ва дидактик адабиётларни тайёрлашга қўйиладиган талаблар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги (кейинги ўринларда вазирлик деб аталади) томонидан ишлаб чиқилади.


4. Вазирлик ҳар йили феврал ойида кейинги ўқув йилларида мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун педагогларга ва тарбияланувчиларга фойдаланиш учун тавсия этиладиган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини шакллантиради.


5. Вазирлик шакллантирилган рўйхат асосида ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратиш бўйича оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади.

Эълонда тайёр оригинал макетларга қўйиладиган талаблар, уларни топшириш муддатлари кўрсатилади.


6. Эълонда кўрсатилган талаблар ва муддатларда ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) оригинал макетларини яратиш бўйича ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини вазирликка расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал макетларини тайёрлайди.

Ижодий жамоалар ишлаш давомида, лекин 4 ойдан ошмаган муддатга вазирлик томонидан асосий иш ҳақининг 0,25% миқдорида қўшимча моддий рағбатлантирилади.

Муаллифлик ҳуқуқини олиш бўйича вазирлик ва ўқув-методик, дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмалар яратувчилари ўртасида нашрга ажратилган маблағларга нисбатан 1 % миқдорида муаллифлик ҳуқуқи асосида шартнома имзоланади, ўқув-методик ва дидактик адабиётларнинг оригинал макетларини яратиш бўйича тузилган ижодий жамоалар бундан мустасно.


7. Ижодий гуруҳ тайёрланган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) оригинал макет ҳолатида ишчи органга кўриб чиқиш учун эълонда кўрсатилган муддатларда расман тақдим этади.


8. Ишчи орган тақдим этилган оригинал макетларни қабул қилади ва ўрнатилган тартибда расмийлаштиради.



3-БОБ. ЎҚУВ-МЕТОДИК ВА ДИДАКТИК АДАБИЁТЛАРНИНГ

ОРИГИНАЛ МАКЕТЛАРИНИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


9. Ишчи орган қабул қилиб олинган оригинал макетларни қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун давомида экспертлар гуруҳига тақдим этади.


10. Экспертлар гуруҳи тақдим этилган оригинал макетларнинг чоп этилган варианти ҳамда электрон нусхаларини қабул қилинган кундан бошлаб 2 ой муддатда экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларини Ишчи органга тақдим этади.


11. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратишда мактабгача таълим тизимидаги педагоглар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш, амалдаги ўқув-методик мажмуаларни мазмунан такомиллаштириш мақсадида вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида 2 ҳафта давомида муҳокамалар ташкил қилинади.


12. Ишчи орган 10 кун давомида тақдим этилган оригинал макетларни ўрганиб чиқиб, муҳокама қилади ва танлаб олинган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини тасдиқлайди.


13. Ишчи орган рўйхат тасдиқлангандан сўнг уч кун муддат ичида нашрга тавсия этилаётган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга (босма ва электрон) Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлигининг грифини бериш бўйича қарор қабул қилади.



4-БОБ. ЎҚУВ-МЕТОДИК ВА ДИДАКТИК

АДАБИЁТЛАРНИ НАШРГА ТАЙЁРЛАШ


14. Нашрга тавсия этилган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон)нашр этиш учун Ишчи орган томонидан 2 ҳафта давомида техник топшириқлар ишлаб чиқилади ва оммавий ахборот воситалари ҳамда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида энг мақбул нархлар таклиф этадиган нашриётларни танлаб олиш учун эълон берилади.


15. Энг мақбул нархлар таклиф этган нашриётларни танлаб олиш учун бир ой муддатда, Ишчи органтомонидан танлов ўтказилади.


16. Вазирлик томонидан танлов натижасига кўра ғолиб бўлган нашриётлар билан 10 кун давомида шартномалар имзоланади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Ушбу Низом юзасидан келиб чиқадиган низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

ИЛОВА



Мактабгача таълим муассасалари учун ўқув-методик

ва дидактик адабиётлар тайёрлаш, танлаш,

экспертизадан ўтказиш ва уларни

нашр қилиш тартиби

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар







1-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги


1. Мактабгача таълим муассасаларидаги таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш учун педагогларга ва тарбияланувчиларга фойдаланиш учун тавсия этиладиган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) рўйхатини шакллантиради.


2. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) яратиш бўйича оммавий ахборот воситалари ва вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади.

   


Ҳар йили

февраль ойида







2-босқич

Ижодий жамоалар


1. Ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг (босма ва электрон) оригинал макетларини яратишда иштирок этиш таклифини Ишчи органга расмий хат билан мурожаат этади.


2. Тайёрланган ўқув-методик ва дидактик адабиётлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларни (босма ва электрон) оригинал макет ҳолатида ишчи органга кўриб чиқиш учун тақдим этади.


Эълонда

белгиланган

муддатларда







3-босқич

Ишчи орган


Қабул қилиб олинган оригинал макетларни экспертлар гуруҳига тақдим этади.


Қабул қилинган

кундан бошлаб

3 кун муддатда







4-босқич

Экспертлар гуруҳи


Тақдим этилган оригинал макетларини экспертизадан ўтказади ҳамда тегишли хулосаларини Ишчи органга тақдим этади.


2 ой муддатда







5-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги


Жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиш мақсадида вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида жойлаштиради.


2 ҳафта

давомида







6-босқич

Ишчи орган


1. Макетларини ўрганиб чиқиб, муҳокама қилади, уларнинг рўйхатини тасдиқлайди ва Мактабгача таълим вазирлигининг грифини бериш бўйича қарор қабул қилади.



10 кун

давомида


2. Нашрга тавсия этилган ўқув-методик ва дидактик адабиётларни нашр этиш учун техник топшириқлар ишлаб чиқади.


2 ҳафта

давомида







7-босқич

Мактабгача таълим вазирлиги


   

1. Мақбул нархлар таклиф этадиган нашриётларни танлаб олиш учун оммавий ахборот воситалари ҳамда вазирликнинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти орқали эълон беради ва танловни ўтказади.



1 ой

давомида


2. Танлов ўтказиш бўйича комиссия қарорига кўра ғолиб бўлган нашриётлар билан шартномалар имзолайди.


10 кун

давомида

      


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 9 сентябрь