язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.09.2019 й. 752-сон "2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.09.2019 й.

N 752




2019 ЙИЛ ПАХТА ҲОСИЛИНИ

ЙИҒИБ-ТЕРИБ ОЛИШ ИШЛАРИНИ

УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ЎТКАЗИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2019 йилда ғўзани навлари бўйича жойлаштириш ва пахта хомашёси етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида" 2018 йил 22 декабрдаги 1037-сон қарори ижросини таъминлаш, етиштирилган пахта хомашёсини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш, пахта йиғим-теримида иштирок этадиган теримчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ҳамда пахта етиштирувчи хўжаликларнинг молиявий ҳолатини янада мустаҳкамлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўзагросервис" акциядорлик жамияти, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2019 йил ҳосили учун етиштирилган пахта хомашёсини териб олишда:

пахта хомашёсининг машинада терилган 1 тоннаси учун 600 000 сўм хизмат ҳақи тўлаш;

пахта хомашёсининг қўлда терилган 1 килограмми учун биринчи теримда - 800 сўмдан, иккинчи теримда - 1 200 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш;

пахта йиғим-терими мавсумида (пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар фаолият юритаётган ҳудудлардан ташқари) вақтинчалик ишсиз фуқаролардан тайинланадиган терим отряди раҳбарларига ҳар ойда 2 млн сўмдан ҳамда тажриба тариқасида ташкил этилаётган пахта терим марказларининг раҳбарлари (менеджерлари)га ҳар ойда 3 млн сўмдан истисно тариқасида фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақи тўлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин;


2. Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерларга пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, етиштирилган пахта хомашёсини ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида ўзларига бириктирилган ҳудудда пахта хомашёсини қўлда териб олиш учун меҳнат ҳақини мазкур қарорда белгиланган нархлардан кам бўлмаган ҳолда эркин белгилаш тавсия этилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 4 апрелдаги ПҚ-4262-сон қарори асосида эксперимент тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан пахта териш ишларига жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизини қоплаб бериш тартибини жорий йил 15 сентябрга қадар тасдиқласин.


4. Белгилансинки:

отряд раҳбарлари терилган пахта хомашёси миқдоридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнат ҳақини ошириб бориш асосида рағбатлантирилади;

пахта йиғим-теримида иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлганда, туманлар ҳокимликлари, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар ҳамда туман ҳокимликлари буюртмаларига асосан туман (шаҳар) бандликка кўмаклашиш марказлари ва хусусий бандлик агентликлари томонидан қўшимча теримчилар ихтиёрий равишда жалб этилади;

иш кучи етишмовчилиги мавжуд бўлган ҳудудларга хусусий бандлик агентликлари хизматлари томонидан ҳар бир иш билан банд бўлмаган аҳолини пахта йиғим-теримига ихтиёрий равишда жалб қилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдоригача хизмат ҳақи меҳнат органлари томонидан Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.

Мазкур банд билан тўланадиган маблағлар пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар фаолият юритаётган ҳудудларга тадбиқ этилмайди.


5. "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар:

пахта йиғим-теримини механизациялаш даражасини ошириш, пахта териш машиналаридан кенг кўламда фойдаланишни рағбатлантириш, пахта хомашёси етиштирувчи хўжаликларнинг манфаатдорлигини ошириш учун қўлда ва машинада терилган пахта хомашёсининг навлари ва синфлари бўйича давлат томонидан кафолатланган нархларда харид қилинишини;

пахта хомашёсини қабул қилиб олишда ахборот-коммуникация технологияларидан ва электрон тарозилардан фойдаланган ҳолда пахта қабул қилиш жараёни шаффофлигини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти тизимидаги пахта тозалаш ташкилотлари ҳамда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар томонидан пахта хомашёсини қабул қилиш масканларидаги лабораторияларда пахта хомашёсини қабул қилишда соф (физик) вазн билан кондицион вазн ўртасидаги фарқларнинг ҳаққонийлиги ва чегирмаларнинг адолатли қўлланилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига ва кластерларга пахта хомашёсини териб олиш учун банклар томонидан йиллик 16 фоиз ставкада кредит ажратиш мақсадида жорий йил 15 сентябргача уч ой муддатда қайтариш шарти билан тижорат банкларига 1 трлн сўм депозит жойлаштирилишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Марказий банк, "Агробанк" АТБ ва тижорат банклари, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахта хомашёси учун теримчиларга меҳнат ҳақини ушбу қарорда белгиланган тариф ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар беш кунда, зарурат бўлганда ҳар куни тўлашни ташкил этсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 28 февралдаги ПҚ-3574-сон қарори талабларидан келиб чиқиб, 2019 йил пахта ҳосилини уюшқоқлик билан қисқа муддатда йиғиб-териб олишни ташкил этиш, теримчилар билан ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2020 йилда қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотлари ва кластерлар етказиб берилган пахта хомашёси ва уруғлик пахта учун тўланадиган устамалар учун фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари билан жорий йил 31 декабрга қадар тўлиқ ҳисоб-китоб қилинишини таъминласин.


11. Пахта хомашёси етиштирувчи хўжаликлар билан ҳисоб-китоблар тўғри ва ўз вақтида амалга оширилиши ҳамда ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши учун "Ўзпахтасаноат" акциядорлик жамияти, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси ва "Агробанк" акциядорлик тижорат банки раҳбарлари шахсан масъул этиб белгилаб қўйилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар жойлашган ётоқ жойларида сарфланадиган электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви харажатларини маҳаллий бюджет ҳисобидан қоплаб бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари уч кун муддатда 2019 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш, мавсумда қатнашаётган теримчиларга меҳнат ҳақи тўлаш ҳамда иш кучи етишмовчилиги мавжуд туманларга қўшимча теримчиларни жалб қилиш ва уларга кафолатланган ҳақ тўлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни тасдиқласин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Бош вазир маслаҳатчилари А.Д. Вахабов, Н.С. Отажонов, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.А. Хаитов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 сентябрь