язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2019 й./ Банк қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.09.2019 й. 761-сон "Осиё тараққиёт банки иштирокида "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.09.2019 й.

N 761



ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

"МЕВА-САБЗАВОТЧИЛИК ТАРМОҒИДА ҚЎШИЛГАН

ҚИЙМАТ   ЗАНЖИРИ   ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ" ЛОЙИҲАСИНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 29 июлдаги ПҚ-4406-сон қарорига мувофиқ ҳамда агросаноат мажмуи маҳсулотларини комплекс қайта ишлаш, сақлаш ва сотишнинг замонавий технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мавсумдан қатъи назар, етказиб бериш, шу жумладан экспорт қилиш ҳажмларини ошириш, шунингдек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Вазирлар маҳкамаси қарор қилади:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда ОТБ деб аталади) ўртасида "Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) босқичма-босқич амалга оширишни молиялаштириш учун 2019 йил 4 майда йиллик 2 фоиз ставкада, шу жумладан 5 йил имтиёзли даврга 25 йилда қоплаш муддати билан қиймати 197,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз битими имзолангани;

б) лойиҳанинг умумий қиймати 244,75 млн АҚШ доллари эквивалентини, улардан:

197 млн АҚШ долларини ОТБ қарзи ташкил этиши;

Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишдаги улуши 47,75 млн АҚШ долларини, шу жумладан солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш шаклида - 39,15 млн АҚШ долларини ва инвестиция даврида молиявий харажатларни тўлаш шаклида - 8,6 млн АҚШ долларини ташкил этиши;

в) лойиҳани амалга ошириш доирасида Тошкент, Андижон, Самарқанд вилоятларида янги мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва сақлаш, ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича агрологистика комплексларини (кейинги ўринларда агрокомплекслар деб аталади) қуриш назарда тутилгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лойиҳа буюртмачиси;

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) лойиҳани амалга ошириш даврида мувофиқлаштириш, шунингдек, мониторинг ва ҳисоботни юритиш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади;

агрокомплексларни бошқариш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Агентлик томонидан таъсис этиладиган ихтисослаштирилган ташкилот томонидан амалга оширилади;

2019-2023 йилларда лойиҳани амалга ошириш даврида фоизлар Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг маҳаллий бюджетлари ҳисобидан тўланади ва кейинчалик улар агрокомплексларни бошқариш бўйича ихтисослаштирилган ташкилот томонидан, шу жумладан агрокомплексларни тадбиркорлик субъектларига сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан тўлиқ қопланади;

лойиҳани амалга ошириш якунлангандан сўнг (2024 йилдан бошлаб) қарзни қоплаш ва фоизларни тўлаш агрокомплексларни бошқариш бўйича ихтисослаштирилган ташкилот томонидан, шу жумладан агрокомплексларни тадбиркорлик субъектларига сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг агрокомплексларни қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини жаҳон стандартларига мувофиқ тайёрлаш учун "Ранжис-Самарис" (Франция) компанияси билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳамда тузилган шартнома доирасида харажатлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


4. Қуйидагилар:

"Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳаси техник-иқтисодий асосининг асосий параметрлари 1-иловага* мувофиқ;

Осиё тараққиёт банкининг "Мева-сабзавотчилик тармоғидаги қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасини молиялаштириш учун жалб қилинадиган қарзига хизмат кўрсатиш схемаси 2-иловага* мувофиқ;

Осиё тараққиёт банкининг "Мева-сабзавотчилик тармоғидаги қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасини молиялаштириш учун жалб қилинадиган қарзини қоплаш, шунингдек, ушбу қарз бўйича фоизлар тўлашнинг прогноз жадвали 3-иловага* мувофиқ;

"Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат занжири инфратузилмасини ривожлантириш" лойиҳасини амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Агентлик билан биргаликда:

агрокомплексларнинг жойлашуви ва экспортга етказиб беришни ривожлантиришда уларнинг аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида ОТБнинг қарз маблағларини жадал ўзлаштиришни назарда тутган ҳолда, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосига киритиладиган тузатишларни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

лойиҳанинг амалга оширилиши тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда тақдим этсин.


6. Агентлик қарз битими параметрлари доирасида лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил қилсин ва агрокомплексларни фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартлари асосида қуриш, жумладан, уларни янги мева-сабзавотларни қайта ишлаш, саралаш, сақлаш ва қадоқлаш бўйича замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек, ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш учун транспорт воситалари билан таъминлаш учун консалтинг ва пудрат ташкилотларини танлаш бўйича халқаро танлов савдоларини ўтказсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда 3-иловага* мувофиқ схема асосида агрокомплексларни бошқариш бўйича ихтисослаштирилган ташкилотни таъсис этсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

агрокомплексларни қуриш ва кейинчалик улардан самарали фойдаланишни назорат ва мониторинг қилиш;

янги мева-сабзавотларни қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш, сақлаш ҳамда ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга етказиб бериш, шу жумладан экспорт қилиш бўйича замонавий линияларни ташкил қилишни назарда тутувчи лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида агрокомплексларга хусусий секторни жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

агрокомплекслар ҳудудида миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ лабораториялар, санитария-эпидемилогия, фитосанитария назорати ва маҳсулотларни сертификатлаш пунктларини ташкил этиш;

агрокомплексларда хусусий сектор, транспорт-логистика ташкилотлари, давлат божхона хизмати органлари, хизмат кўрсатувчи тижорат банклари, санитария-эпидемилогия, фитосанитария назорати ва маҳсулотларни сертификатлаш органларининг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш.


8. Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари лойиҳани амалга ошириш доирасида икки ой муддатда:

қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи етакчи ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳни шакллантириш ва уларни агрокомплексларни қуриш лойиҳаларини ишлаб чиқишга жалб қилишни, халқаро консалтинг компанияларидан агрокомплекслар қурилиши тўғрисида зарур маълумотларни олиш, шунингдек, агрокомплексларни ташкил этишнинг барча босқичларида, шу жумладан лойиҳалаштириш босқичида таклифлар киритилишини;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Энергетика вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан биргаликда агрокомплекслар ва ёрдамчи объектлар қурилиши учун ер участкалари ажратилиши, шунингдек, агрокомплексларни муҳандислик, йўл ва транспорт инфратузилмасига улаш учун техник шартлар берилишини таъминласинлар.


9. Қуйидагилар:

лойиҳани амалга ошириш доирасида Осиё тараққиёт банкининг қарзи ҳисобидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари - божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) ҳамда қўшилган қиймат солиғидан;

лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси норезидентлари - жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

а) Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июлигача бўлган муддатда:

агрокомплексларни тадбиркорлик субъектларига сотиш бўйича қарзга ўз вақтида хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш механизмини ўз ичига олган тартибни;

инвесторлар, шу жумладан хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда, электрон товар-хомашё биржасини ҳамда унинг фаолият кўрсатишини ташкил қилиш бўйича амалий чора-тадбирларни;

б) Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда унга лойиҳанинг белгиланган тартибда киритилишини ўз ичига олган ҳукумат қарорининг лойиҳасини киритсин.


11. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ганиевга - ОТБ қарз маблағлари ўз вақтида ва самарали ўзлаштирилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги бош директори Ш.Ш. Шоаҳмедовга - Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида лойиҳанинг самарали амалга оширилиши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, агрокомплекслар қурилишини жадаллаштириш ва уларнинг тез ишга туширилишини таъминлаш;

Андижон (Ш. Абдураҳмонов), Самарқанд (Э. Турдимов) ва Тошкент (Р. Холматов) вилоятлари ҳокимларига - лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайдиган барча ташкилий-техник тадбирлар ўтказилиши, шу жумладан ер участкалари ажратилиши, муҳандислик ва йўл транспорт инфратузилмасига улаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев ҳамда инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 12 сентябрь